Қайднома

Қидирув

Марҳамат дунёнинг энг бебош дарвозабони билан танишинг!

Марҳамат дунёнинг энг бебош дарвозабони билан танишинг!

  09.04.2017 10:13
  0
  451
Марҳамат дунёнинг энг бебош дарвозабони билан танишинг!

Бу йигит инсон зотига тааллуқли бўлган барча ижобий ва салбий хусусиятларни ўзида жамлаган. Бир қарасангиз, ўз ватандошлари ва ҳомиладор аёлни Глазгодаги Элдер-Паркда ширакайф безорилар чангалидан халос этаётган, бошқа куни эса мураббий билан пивохўрлик қилаётган бўлади. Таажжубки чекиш ва ичкиликдек зарарли иллатдан фориғ бўла олмаган футболчига шунчаки ўртамиёна нашр­лар эмас, La Gazetta Dello Sportдек обрўли газета дунёнинг энг моҳир дарвозабонлари учлигидан жой берганди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, юксак баҳога муносиб эканлигини амалда исботлади. Марҳамат дунёнинг энг бебош дарвозабони бўлмиш Артур Боруц ва унинг фаолияти билан танишинг.

Дарҳақиқат, польшалик посбон Шотландияда ўта ёрқин ўйинларни намойиш этганди. Жумладан, 2007 йили августда бўлиб ўтган «Спартак»­ка қарши бўлиб ўтган баҳсда айнан «Қирол Артур»нинг маҳорати эвазига «Селтик» ЕЧЛдаги фаолиятини давом эттирганди. Жамоалар танаффусга йўл олган пайтда Артур Владимир Бистровга қарши ҳаракат қилган жамоадоши - Ли Нэйлорнинг боплаб таъзирини берган, ҳатто юзига тарсаки тортиб юборганди. Чунки айнан шу ҳимоячининг бўшанглиги оқибатида «Селтик» дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятлар юзага келган. Боруц танг аҳволга тушиб қолганди.

Жамоадошлари бир амаллаб Нэйлорни ажратиб олган бўлсаларда, Артур анчагача тинчлана олмади. Хуллас, Москвадаги беллашувни пенальтилар сериясигача олиб борган дарвозабон Титов ҳамда Калиниченко зарбаларини қайтаргач, муваффақиятни қанот қоқаётган қушча ҳаракатини тасвирлаш орқали нишонлашга киришди. Чунки Роман Павлюченконинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устинига тегиб, ортга қайтганди. Шундан сўнг глазголик мухлислар Боруцни навбатдаги олий унвон - «Авлиё дарвозабон» тахаллуси билан тақдирлашди. Улар польшалик посбонда қандайдир ғайри-табиий қудрат борлигига 100 фоиз амин эдилар. Қизиғи, Артурнинг ўзи ҳам буни инкор этмасди: «Сўнгги пайтларда болалик йилларим тушимга кирадиган бўлиб қолди. Гўё лифтда 10-қаватга кўтарилаётган бўламан. Шунда тўсатдан қандайдир жин пайдо бўлиб, мени қува бошлайди. Бақирганимча ундан узоқлашишга уринаман. Аммо у тезда етиб олади. Менга зиён етказмаган ҳолда эркалаб қитиқлайди».

Седльце Варшавадан 100 км. узоқликда жойлашган миттигина шаҳарча. Шарқий Европа анъаналари асосида бунёд этилган кўп қаватли ўйлардан бошқа иншоотлар бўлмаган бу масканда яшаш жуда зерикарли. Хоккейчининг ўғли бўлган Артур учун зерикмасликнинг агона воситаси спорт бўлди. Аввалига баскетболга қизиққанди. 9 ёшга чиққанида акаси Херберт билан маҳаллий «Погонь» ФКнинг машғулотларига ташриф буюурди. Қисқаси, футбол оламига ажойиб дарвозабонни ҳадя этган икки кишининг бири - Харберт бўлди.

Иккинчиси - мураббий Йозеф Топчевски бўлиб, Боруцни даст­аввал ҳужум чизиғида синаб кўрганди. Тез орада Артурдаги юксак реакция ва тупроққа қоришишга бўлган кучли иштиёқ қарорни ўзгартиришга мажбур этди. Ака-ука Боруцлар ташқи кўриниш бўйича ўхшаш бўлсалар-да, Херберт ўта қайсар, Артур эса итоатгўй, ювош табиатли эди. Шу боис онаси - Ядвиганинг азалий орзусини рўёбга чиқаришни Херберт чўрткесарлик билан рад этди. Укаси эса она истагига кўра «Ходовяци» рақс тўгарагига қатнай бошлади. Илк машғулотга онаси ҳамроҳлигида борган Боруц бир қатор рақсларни ўзлаштирди. Кейинчалик «Погонь» таркибига қайтди. У пайтда тенгдошлари икки ёш тоифасини ортда қолдиришганди. 13 ёшли Артур ўзининг дастлабки халқаро мусобақасини Даниянинг Хёрнинг шаҳрида ўтказиб, турнир ғолиблигини қўлга киритганди.

16 ёшли Боруц «Погонь» таркибидан жой олиб, жамоаси каби клубларга қарши майдонга туша бошлади. Бу йўл билан тирикчилик қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайдиган бувиси қистови билан енгил автомобиллар чилангари ихтисоси бўйича ўқишга кирди. Маълум муддатдан сўнг яна «Погон»га қайтди. Икки йил ўтгач, ёш дарвозабонга омад кулиб боқди - Варшавада таниқли «Легия»га қарши майдонга тушди. Рақиб ҳужумчиларини бартараф этган Артур Польша гранди мураббийларининг эътиборини тортди. Ярим йилдан кейин пойтахт клуби билан Сицилия йиғинига йўл олди. Лекин «Легия» таркибидан жой олиш Боруцга насиб этмади.

Асосий посбон лавозими Гжегохи Шамотульски томонидан банд этилган, Войцих Ковалевскининг рақобатини синдириш ҳам осон эмасди. Оқибатда Артур 1,5 йил захирада юрди, кейин «Дольцан» клубига ижарага берилди. «Сургун»даги 10-15та учрашувдан кейин пойтахтга қайтган кипер бир неча йилдан кейин «Легия» рамзий термасидан жой олишга муваффақ бўлди. Артур Боруц Шотландияга футболчи сифатида эмас, шунчаки сайёҳ бўлиб борганида ҳам «Рейнжерс»нинг ашаддий рақибига айланиши ҳеч гап эмасди - протестант ва католик дини вакиллари азалдан чиқиша олишмаган. «Кўҳна фирма» номи билан машҳур бўлган «Селтик»-«Рейн­жерс» қарама-қаршилигининг асосий кучи ҳам диний зиддиятнинг маҳсули: «Селтик» - католиклар клуби, «Рейнжерс» эса - протестантларники.

Табиийки, Боруц ҳам «Рейнжерс»га қарши илк учрашувдаёқ чинакам душманга айланди. Рақиб мухлислари сектори қаршисида уларни чўнқинтиргандек қилган ҳаракати учун Шотландия прокуратураси томонидан 500 еврога жаримага тортилди. Можарога Ватикан ҳам аралашди: «Энди Шотландия ҳам одатий диний ҳаракатни жиноят деб қабул қиладиган мамлакатга айланди».

Боруцнинг айбдор эканлигини видео орқали исботлашнинг иложи бўлмади, у «Рейнжерс» мухлисларининг оғзаки кўрсатмаларига асосан ноҳақ жазолангани ойдинлашди. Шу тариқа Артур ҳам ашаддий ғанимга айланди. Трибунадан ёғилаётган ҳақоратларга эътибор бермасликка одатланди. Фақат бир марта ўзини оқлашга уриниб кўрди: «Хўп, ўрта бармоғимни кўрсатганим одобсизлик дейлик. Унда оила аъзоларим шаънига айтилаётган ҳақоратлар нима? Бу одобдан-ми?».

Австрия-Швейцария майдонларида ўтказилган Европа чемпионатида Артур Боруц жуда ишончли ўйнади. Натижада «ўлик» тўпларни қайтаришга эришган польшалик дарвозабонни германиялик ва австриялик касбдошларимиз «ўзга сайёралик» тахаллуси билан сийлашганди. Футболчи эса «Ювентус»га ўтиши хусусидаги миш-мишларни ҳазил аралаш инкор этарди: «Битта жамоага 2та Буффоннинг нима кераги бор?». Албатта, майдонда у ўта қувноқ ва ҳозиржавоб йигит эди бироқ стадионни чуқур ўйга толган ҳолда тарк этарди. Бунинг сабаби эса фақат Артур ва Польша терма жамоасининг бош мураббийи Лео Бенхаккерга маълум эди...

21 ёшли пайтида Артур Катаржина исмли қиз билан танишиб, уни Шотландияга олиб кетди. 2008 йил июнда ёш оила тўнғич фарзандини кутаётганди. Бир ой аввалроқ Катаржина буюмларини йиғиштириб, уйига қайтиб кетди: «Бундай ҳаёт жонимга тегди». Катаржина руҳшунос бўлиб, Боруцни руҳий хаста ва ичувчи, деб ҳисобларди. Шу боис, туғилажак фарзандини ноқобил отадан ҳимоя қилмоқчи бўлганди. Бироқ ўғлининг ота меҳридан жудо бўлиши ҳақида ўйламади. Шўрлик Артур Евро даврида мураббийлар штабидан рухсат олиб, Польшага йўл олди, кўз ёраётган рафиқасининг ёнида бўлди, ҳаммаси изга тушиб кетишига ишонтиришга уринди. Охир-оқибат, тўнғич фарзанди билан кўришиб туриш учун Варшавадаги 5 хонали ўйини хатлаб берди. Зеро ҳар бир учрашув унинг учун азобга айланди. «Ўғлимни сайрга олиб чиққанимда қайнонам бизни кузатиб юрарди. Афтидан, қочиб кетади деб, қўрқишган бўлишса керак.

Тўғри, мен ичиб турардим, лекин хотинимнинг асоссиз жанжаллари кўпроқ ичишимга сабаб бўларди», - дейди Боруц. Оилавий можаролар дарвозабон фаолиятига жиддий зарар етказди. Натижада ичкилик унинг яқин дўстига айланди. 2008 йил августда терма жамоа Украинага, Артур эса ҳасратини дардлашиш учун қадрдони - Дариуш Дудка ҳузурига йўл олди.

Тонгга яқин ичкиликдан қизариб кетган футболчи жамоадан четлатилгани ҳақидаги хабарни олди. Орадан уч ой ўтгач, тиззасидан жароҳатланиб, уйга қамалиб олди - энди бор аламини сигарета ва ичкиликдан олишдан бошқа чора қолмаганди. Аксига олиб, терма жамоага қайтган посбонни Шимолий Ирландияга қарши баҳсда навбатдаги омадсизлик кутиб турганди: ҳимоячи Михал Жевлаков тўпни унга узатганди. Тўп кичик кўлмакка тушганидан кейин йўналишини ўзгартириб, дарвозадан жой олди. Ана шу кутилмаган автогол Польшанинг мағлубиятига сабаб бўлди. Шундан кейин Артур олдига мақсад қўйди: «Чекиш, ичишни ташлашим, 20 кг.га озишим керак».

Ўғлини тушкун кайфиятдан олиб чиқиш учун Владислав Глазгога йўл олди. Ота-боланинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари самара бериб, кипер яна футболга қайтди. Қўшимчасига, Сара исмли қиз билан танишиб, турмуш қурди. Ҳозир 2 нафар фарзанднинг отаси. Футболчилик фаолияти ҳам аста-секин изга тушди. Синиша Михайловичнинг «Фиорентина»сида кўп ўйнамаган бўлсада, «Бавария»дан таклиф олди. Аммо ўз одатига кўра уни рад этди: «Битта жамоага 2та Нойернинг нима кераги бор?!» Шу тариқа чемпионшипга йўл олган посбон ҳозирда «Борнмут» сафида АПЛда тўп сурмоқда. Яқинда Ибрагимовичнинг «нуқта»дан йўллаган зарбасини қайтарди. «Қирол Артур»нинг нав-батдаги орзуси - қачондир «Легия» таркибида майдонга тушиш!

Артур Боруц

Ким: «Борнмут» дарвозабони

Қайси жамоаларда ўйнаган: «Легия», «Селтик», «Фиорентина», «Саутгемптон».

2016|2017 йиллар мавсумидаги натижаси: 27та ўйин, 51та гол ўтказиб юборган.

Хоббиси: «Рейнжерс» мухлислари жиғига тегиш.

Дўстлари: «Селтик» мухлислари

Душманлари: «Рейнжерс», Франтишек Сиуда, Эйден Макгиди.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz