Қайднома

Қидирув

Россияликлар Осиёдан фақат бизни кутишмоқда

Россияликлар Осиёдан фақат бизни кутишмоқда

  10.04.2017 13:41
  0
  1758
Россияликлар Осиёдан фақат бизни кутишмоқда

Россиянинг «Советский спорт» нашри ходимлари ЖЧ саралашининг сўнгги ўйинларини таҳлил қилиб, собиқ иттифоқ мамлакатларидан қайси терма жамоалар 2018 йили бўлиб ўтадиган мундиалга келиши мумкинлигини тахмин қилиб кўришди. Эътиборлиси, мақолада Ўзбекистон терма жамоасининг имкониятлари ҳали мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Осиёдан – фақатгина Ўзбекистон

Кўпчиликка яхши маълум, Осиё минтақасидан жаҳон чемпионатига чиқиш учун учта саралаш босқичидан ўтиш талаб қилинади. Собиқ иттифоқ таркибида бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон терма жамоалари мундиал учун курашни иккинчи саралаш босқичида тўхтатишганди. Ўзбекистонликлар эса учинчи босқичга ишонч билан етиб келиб, Эрон, Жанубий Корея, Сурия, Қатар ва Хитой терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олишди.

Сўнгги босқич якунланишига учтагина тур қолган ҳозирги пайтда Ўзбекистон гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Аниқроқ айтсак, Самвел Бабаян шогирдлари иккинчи ўриндаги Жанубий Кореядан бир очко, пешқадам - Эрондан эса беш очко кам жамғаришган. ЖЧга тўғридан-тўғри йўлланма юқори ўринни эгаллаган иккита термага насиб қилади.

Гуруҳдаги учинчи ўрин соҳиби эса нариги гуруҳдаги қисматдоши билан ўтиш ўйинида тўқнаш келади. Ҳозирги натижаларни инобатга олсак, бу - Австралия термаси бўлиши эҳтимоли юқори. Чунончи, «кенгурулар» кейинги учрашувларда Япония ва Саудия Арабистонини қувиб етишлари қийин. «Ўтиш ўйини»да ғалаба қозонган жамоа эса ЖЧ-2018да иштирок этиш учун ҳал қилувчи учрашувда КОНКАКАФ вакили билан куч синашади.

Умуман олганда, ҳозирча ҳаммаси Ўзбекистон терма жамоасининг ўз қўлида. Бироқ қолган уч рақибнинг иккитаси ўта жиддий - Эрон ва Жанубий Корея. Демак, ўзбеклар учун биргина йўл бор: ғалабага эриш ва мундиал орзуси ушалади...

Европадан - кўпчилик

«А» гуруҳи

Франция, Швеция, Голландия каби термалар билан бир гуруҳдан ўрин олган Белоруссиянинг бир яримта (биринчи ўрин тўғридан-тўғри ЖЧга, иккинчи ўрин ўтиш ўйинига) йўлланма учун курашиши осон кечмаслиги бошиданоқ аниқ эди. Навбатдаги учрашувда белоруслар Люксембургни мағлуб этишмаса, орзулар бутунлай саробга айланиши мумкин.

«B» гуруҳи

Мазкур гуруҳда жойлашган Латвия терма жамоаси мундиалга чиқа олмаслиги аниқ, ҳисоб. Чунончи, саралаш якунланишига бешта тур қолганида латишлар иккинчи ўриндаги жамоадан 9 очкога ортда боришмоқда. Швейцария ва Португалия термалари шунча очко йўқотишмаса керак, ҳар ҳолда.

«С» гуруҳи

Стартдаги икки ғалаба озарбайжонликлар учун яхшигина кайфиятни туҳфа қилганди. Аммо немислар билан бир гуруҳда бўла туриб, қувончга эрта берилиш ҳам ярамайди, албатта. Табиийки, Германия гуруҳда яққол пешқадам, лекин озарлар астойдил ҳаракат қилишса, Шимолий Ирландия ва Чехия термалари билан иккинчи ўрин учун курашишлари мумкин.

«D» гуруҳи

Грузия ва Молдова термалари жойлашган ушбу гуруҳда вазият анча мураккаб. Дейлик, грузинлар ўз уйларида Уэльс ва Ирландияни енгишса ҳам, йўлланмадан қуруқ қолишлари ҳеч гап эмас. Молдоваликлар-ку, ЖЧдан бутунлай умидни узиб бўлишган - улар ҳамон сўнгги ўринда туришибди.

«E» гуруҳи

Бу гуруҳда Польша пешқадамлик қилаётганидан ортиқча ҳайратланмаслик керак. Чунки польшаликларнинг ҳозирги таркиби ҳавасга арзийди. Шунингдек, терма жамоа устози ҳам анойи эмас. Кейинги ўринлар тақсимоти қўйидагича: Черногория - етти очко, Дания - етти, Руминия - олти, Арманистон - олти. Демак, Артур Петросян жамоаси ҳали курашдан чиқиб кетмаган. Аммо қозоқлар борасида бундай деб бўлмайди - терма жамоа атиги икки очко билан сўнгги поғонада турибди.

«F» гуруҳи

Математик нуқтаи-назар билан қаралса, Литва терма жамоасида мундиалга чиқиш учун ҳали имконият бор. Аммо реал воқеликда бу жуда мураккаб. Чунки литваликлар Мальтани енгиб, беш ўйинда бир мартагина ғалаба  қозонишган, холос. Иккинчи ўриндаги словаклар билан ўртадаги фарқ тўрт очкони ташкил қилмоқда. Бироқ навбатдаги ўйинларда литваликларни жиддий синовлар кутмоқда. Айтайлик, словенияликлар ва шотландлар ҳеч кимга осонликча таслим бўлишмайди.

«Н» гуруҳи

Шубҳасиз, мазкур гуруҳда Бельгия термаси биринчи ўринни ҳеч кимга бериб қўймайди. Бизга нотаниш бўлмаган эстонлар эса иккинчи ўриндаги Грециядан етти очко кам жамғаришган. Хулоса ўзингиздан...

«I» гуруҳи

Аслини олганда, тақдир Украина термасига бу гал ҳам анчагина мураккаб рақибларни туҳфа қилди: Хорватия, Исландия ва Туркия. Бироқ шуниси ҳам борки, украинлар бу жамоаларнинг ҳар бири билан бемалол рақобатлаша олишади. Тенг кучли рақиблар жам бўлган мазкур гуруҳда йўлланмалар учун кураш сўнгги сонияларгача давом этиши аниқ. Бироқ қизиғи шундаки, айнан Украина термаси Европада жойлашган собиқ иттифоқ вакиллари орасида нисбатан кучлироқ туюлмоқда ва украинлар бемалол Россияга келишлари мумкин. Бошқаларда эса ҳаммаси математикага бориб тақалмоқда.

Исроил Раҳимов


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz