Қайднома

Қидирув

Футболда «яшил», регбида «кўк» карточка

Футболда «яшил», регбида «кўк» карточка

  10.04.2017 13:28
  0
  341
Футболда «яшил», регбида «кўк» карточка

Футбол ўйинида яшил рангдаги карточкалардан фойдаланиш ғояси регби мутахассисларини ҳам илҳомлантириб юборди. Натижада, Австралия регби федерациясида ўйинга боғлиқ янги қоида ва тартиблар жорий қилинди. «ССФ» портали эса бу масалага кенгроқ тўхталмоқчи...

2016 йил охирларида Италия «Б» сериясида тарихий учрашув бўлиб ўтди. Бу ўйининг аҳамияти шунда эдики, унда футбол оламида шу пайтгача кузатилмаган воқеа рўй бериб, ҳакам илк бор ўйинчига яшил карточка кўрсатди. Эътиборлиси, яшил тусдаги тўртбурчак қоғоз футболчини жазолаш учун эмас, рағбатлантириш учун намойиш қилинганди. Мазкур карточка кимга кўрсатилишини эса бугунги кунда кўпчилик яхши билади: ким ўйин қоидаларига тўлақонли амал қилиб, бошқаларга намуна бўлса, ўшанга! Бундай турдаги қўшимча чоранинг қабул қилинишига «fair play» қоидалари сабаб бўлгани аниқ. Чунончи, «fair play» футболнинг жозибасини оширишга хизмат қилса, спортнинг регби турида эътибор кўпроқ ўйинчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилади. Шу боис, регбида ҳам футболдаги «яшил карточка»га ўхшаш алоҳида қоида жорий қилинди. Австралия регби федерацияси ғояси билан амалга тадбиқ этилган «кўк карточка» ва унинг шартлари қуйидагича:

У кимга кўрсатилади?

Бирор-бир регби ўйинчисига ҳакам томонидан кўк рангдаги карточка кўрсатилдими, билингки, рефери ўша спортчининг мияси чайқалган деган фикрда. Тўғри, бу бироз ғалатироқ тушунча. Аммо янги қоида жорий этилишининг сабаби ҳам шунда: ўйинчиларни эҳтиёт қилиш лозим. Қизиғи шундаки, кўк карточкага лойиқ топилган ўйинчи дарҳол майдонни тарк этиши шарт ва у ўйинга қайтиши учун бир қатор талабларни бажариши керак бўлади. Жумладан, ўша ўйинчи 24 соат давомида дам олиши, кейинги 20 кун давомида шифокор кўригидан ўтиши ва маш-ғулотларни бошлаш учун тиббиёт ходимларидан расмий рухсатнома олиши лозим.

 

У қаерда кўрсатилади?

Янги қарор ижроси энг аввал, Австралиянинг регби бўйича болалар ва ўсмирлар турнирларида кузатилди. Статистиканинг гувоҳлик беришича, аксарият бўлажак регбичилар айнан шу даврда мия чайқалишига дучор бўларкан. Зеро регби - қанчалик тўқнашувларга бой спорт тури экани барчага маълум. Нега энди шу ёшда, деган савол туғилади. Гап шундаки, болалар ва ўсмирлар жамоаларида малакали шифокорлар доим ҳам учрайвермайди. Бу эса табиийки, жароҳат олган бирор-бир ёш спортчига қўшимча муаммоларни яратиши мумкин. Янги қоида жорий қилингач, регбичи ўзи ҳоҳламаса-да, майдонни тарк этади. Аммо бунинг эвазига унинг энг азиз бойлиги - соғлиғи сақлаб қолинади. Мазкур лойиҳа ҳозирча фақат болалар ва ўсмирлар регбисида қўлланилади ва профессионал регбига таъсир ўтказмайди. Аслида эса, уни бемалол професионалларда ҳам синаб кўриш зарар қилмасди. Зеро регби тарихидаги қанчадан-қанча истеъдодли ўйинчилар айнан мия чайқалиши туфайли фаолиятини кутилганидан анча эртароқ якунлашга мажбур бўлишган

Кўк карточка кимнинг фаолиятини қутқариб қолиши мумкин эди?

Жонатан Томас: Уэльс терма жамоаси билан икки марта «Катта дубулға»ни қўлга киритган 32 ёшида севимли спорт тури билан хайрлашишга мажбур бўлган. Бунга сабаб - мия чайқалиши оқибатида юзага келган касаллик.

Эшли Смит: «Ньюпорт Гвент» клубининг ажойиб ўйинчиси тўқнашув ҳамда вақтида эътибор қаратилмаган жароҳат туфайли 28 ёшида бутсаларини михга илган.

Рори Уоттс-Жонс: 2015 йили профессионал даражадаги фаолиятига нуқта қўйган. Спортчи ўшанда эндигина 26 баҳорни қарши олганди.

Шонтэйн Хэйп: Бу спортчи мия чайқалишидан кейин ҳам фаолиятини тўхтатмади. Афсуски, орадан йиллар ўтиб, Шонтэйн ҳаттоки ўз телефонидаги PIN-кодни ҳам эслолмайдиган бўлиб қолди.

Бэн Афеаки: «Олл Блэкс» ўйинчиси регбидаги фаолиятини тинимсиз бош айланишидан сўнг таққа тўхтатди. Чунончи, уч мавсум давомида кузатилган уч марта мия чай-қалиши ташхиси бечорани жиддий хасталикка дучор қилганди.

Бернард Жекмэн: «Леинстер» клубининг хукери мазкур муаммо бўйича яққол «рекордчи» ҳисобланади. Негаки, Бернард уч мавсум давомида кетма-кет 20 марта мия чайқалишидан азият чеккан.

Аслини олганда, регби ўйини бир қарашдагина ўта хавфли спорт тури ҳисобланади. Бироқ регбичилар ўз соғлиқлари ҳақида жиддийроқ қайғуришса, тўқнашувларнинг оқибати аянчли тугамаслиги ҳам мумкин. «Кўк карточка»нинг амалга тадбиқ қилиниши эса худди шу масалада ёрдам беради ва биз яқин келажакда ҳозиргидан-да кучлироқ регбичиларни, ҳозиргидан-да қизиқарли баҳсларнинг кузатамиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz