Қайднома

Қидирув

Футбол клубининг энг бой хўжайини қандай ишлаяпти? Ёҳуд барчаси Red Bull соҳиби ҳақида

Футбол клубининг энг бой хўжайини қандай ишлаяпти? Ёҳуд барчаси Red Bull соҳиби ҳақида

  10.04.2017 14:04
  0
  1440
Футбол клубининг энг бой хўжайини қандай ишлаяпти? Ёҳуд барчаси Red Bull соҳиби ҳақида

БУҚА БОШИ, ҚУВВАТЛАНТИРУВЧИ ИЧИМЛИК.

Машҳур Forbes журнали яқинда спорт клубларининг энг бой хўжайинларига боғлиқ янги рейтинг жадвалини эълон қилди. Ундан маълум бўлишича, футбол жамоалари «босс»лари орасида энг бойваччаси - Дитрих Матешиц.

«Ред Булл» компанияси раҳбари саналган бу инсон сайёрамизнинг турли нуқталарида бир қатор клублар бошқарувини ўз ихтиёрига олган. Янги рейтинг эълон қилингач, Bombardir.ru сайти дарҳол австриялик магнатга алоҳида эътибор қаратиб, унинг қандай йўллар орқали шу даражага чиққанини аниқлашга уринди.

Энг бой хўжайин. Журналда эътироф этилишича, Матешиц спорт клублари хўжайинлари орасида бойлиги миқдори бўйича 4-ўринда бормоқда. Унинг умумий бойлиги 13,4 млрд. долларга баҳоланган. Хуллас, Дитрих футбол клублари раҳбарлари рейтингида 1-ўринда ва унга ҳаттоки, Роман Абрамович («Челси» хўжайини ҳисобида 9,1 млрд. доллар бор) ҳам тенг келолмайди. Матешиц айни пайт 4та клуб эгаси ҳисобланади: «Нью-Йорк Ред Буллз», «Ред Булл Бразил», «Ред Булл Зальцбург» ва «РБ Лейпциг». У ўз қарамоғидаги корпорацияни 1987 йили яратган бўлиб, ушбу бренд айни пайт дунё бозорида сотилаётган энергетик ичимликларнинг 70 фоизини назорат қилади. Бошқача айтганда, «Ред Булл» 2015 йили 6 миллиард дона идишда маҳсулот сотди. Матешиц компанияси ичимлиги айниқса, талабалар ўртасида кенг оммалашган. Рақамлар асносида ифодаласак, «Ред Булл» ичимлиги 160дан кўп  мамлакатга экспорт қилинади ва у истеъмолчилар учун аллақачон адреналин манбаси, экстра-сифат ҳамда ҳақиқий идеалга айланиб улгурган.

Таиланд томондан келган ғоя. Матешиц аслида  маркетолог дипломига эга ва вақтида ўз мутахассислиги бўйича ишлаган ҳам. Дейлик, фаолиятини Unileverда бошлаб, кейин Jacobs Coffee компаниясида меҳнат қилди. Шундан сўнг Blendax фирмаси билан шартнома тузди. Дитрих айнан шу жойда топ-менежерга айланди. Табиийки, у хизмат юзасидан тез-тез хорижга чиқиб турарди. Матешиц шундай сафарлардан бири, яъни Таиландда тасодифан газета сотиб олади ва мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қандайдир қувватлантирувчи ичимлик ҳақида маълумот олади. Энг муҳими, мақолада Таиланднинг энг йирик 20 нафар солиқ тўловчиси (яъни ишбилармонлар) мазкур маҳаллий ичимлик ҳақида ижобий фикр билдиришганди.

Шу тадбиркорлар орасида кўрсатилган Тайсе исмли шахс «Қизил буқа» номли ичимлик ишлаб чиқарадиган корхонага раҳбарлик қиларди. Ўша пайтлар Европада инсонни тетиклаштирувчи бундай маҳсулот тури ҳақида деярли ҳеч ким эшитмаганди. Табиатан уддабурон Дитрих эса олдида ўта қулай имконият ҳосил бўлганини дарҳол тушуниб етади. Шу тариқа у орадан маълум муддат ўтгач, таиландлик ҳамкори билан бирга 500 минг доллардан дов тикиб, Австрияда худди шундай ичимлик ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Маҳсулот номи ўзгармай қолади, аммо энди у инглизча янада жарангдор янграрди - Red Bull. Шубҳасиз, ҳамкорлар аввалига роса қийналишади, аммо Матешиц омад келишига тўла-тўкис ишонарди. Унинг иштиёқини ҳаттоки, Австрия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қаршилиги ҳам синдиролмайди. Зеро, вазирликдаги раҳбарлар ичимлик таркибида таурин (юрак фаолиятига таъсир  кўрсатадиган аминокислоталар) унсури борлиги учун уни сотувга чиқариш йўлини тўсишади. Яъни 3 йил давомида тегишли рухсатнома беришмаганди. Дитрих эса улардан розилик олмай туриб, Альп тоғлари ён бағрида компаниянинг биринчи офисини қуришни бошлайди.

Йилига 100 миллион дона. Ғоя амалга оширилгач, маркетинг соҳасида яхшигина тажриба ҳосил қилган Матешиц омма эътиборини ўз маҳсулотига қаратиш пайига тушади. Инсон танасидаги адреналин миқдорини ошириб, қўшимча қувват ва тетиклик бағишлайдиган «Ред Булл», айниқса, талабаларнинг бетартиб ҳаётига жуда мос келарди. Шу боис, Дитрих Таиландда маҳсулотнинг асосий харидори сифатида баҳоланган ҳайдовчилар вариантидан воз кечади ва маҳсулотни сотишга рухсат берилгач, дарҳол талабаларга мўлжалланган реклама-ташвиқот ишларига алоҳида ёндашади. Таъкидлаш лозим, дастлабки 2 йил тадбиркорларга фойда эмас, зарар келтиради. Бироқ ишбилармон Матешиц енгилмайди: у сўнгги чорани ишга солиб, бир гуруҳ чиройли, келишган қизларни ишга қабул қилади. Улар зиммасига юкланган вазифа талабалар тўпланадиган турли кечаларга бориб, йиғилганларга бепул ичимлик тарқатишдан иборат эди. Бу тадбир самарасиз кетмайди, яъни ичимлик таъми талабаларга ёқиб қолади ва шундан сўнг маҳсулотга талаб кескин кучаяди. Кучайиш ҳам гапми, «Ред Булл» космик тезлик билан оммалашиб кетади. Рақамлар билан изоҳласак, мазкур фойдали рекламадан сўнг ичимлик сотуви ҳажми бир йилда 100 миллион банкага етади.

Қарангки, Матешиц ҳаттоки, шу кўрсаткичга ҳам қониқмай, умуман ақлга сиғмайдиган реклама лойиҳаларига пул сарфлай бошлайди. Дейлик, у австриялик экстремал Феликс Баумгартерни стратосферадан ўзини ташлашга кўндиради. Ҳеч нимадан ҳайиқмайдиган йигит эса азбаройи Red Bull рекламаси 39 км. (!) баландликдан ерга сакраб, товуш тезлигидан ўзиб кетади ва бир неча рекордларни янгилайди. Яна бир каскадёр лойиҳа доирасида Сан-Франциско бўйлаб ғилдиракли конькида соатига 150 километр тезликда учади. Сёрфинг устаси ҳисобланган яна бир экстремал эса тимсоҳларга тўлиб-тошган Амазонка дарёси ҳавзасида 8 метрли тўл-қинлар билан курашади. Хуллас, Red Bull хўжайини ўз маҳсулотини кўз-кўз қилиш учун одам ақлига сиғмайдиган йўлларни ўйлаб топади. Бу табиийки, ичимликни бир зумда бутун дунё бўйлаб тарқалишини таъминлайди.

Идеология. «Биз маҳсулотни истеъмолчига етказиб бермаймиз, аксинча, уларни маҳсулотга яқинлаштирамиз» - мазкур шиор компанияга ажойиб натижаларни тақдим этди. «Агар қайсидир мамлакат маҳсулотимизни қабул қилмаса, шункачи, бошқа ўлкага йўл оламиз» - бу Дания ва Норвегия ҳукумати муносабатига жавоб. Зеро, даниялик ва норвегияликлар ичимлик таркибидаги таурин моддасининг инсон организмига таъсири чуқур ўрганилмагани сабаб, ўз ҳудудларини Red Bull учун ёпиб қўйишди.

Лекин Матешиц ортга чекинмай, реклама ишларини янада кучайтиргач, Скандинавия ўлкасидаги талабалар ҳам «Қизил буқа»га ўрганишди, барибир. «Ғо-ям самара келтиришига ҳеч ким ишонмаганди, бироқ ўзим барчаси хайрли якун топишини билардим. Ҳа, аввалига деярли қашшоқлик даражасига тушиб қолдик, аммо ютуғимиз шуки, ўша пайт Европада энергетик ичимликлар бозорининг ўзи йўқ эди»,-дейди Матешиц. Унинг миясидаги фикрлар гўёки, тошни ёради: «Асосий мақсад - фойда олиш эмас, ғояларни 100  фоиз амалга ошириш».

Футбол. «Бизни қийинчилик билан қабул қилишларини аввалдан тушунган ва бунга тайёр эдим. Германияда одамлар негадир янгиликлардан қочиш, бундан ўзларини муҳофаза қилишга ўрганиб қолишган. Аммо барчаси оддий ҳолат. Дейлик, «Фейсбук» ёки бошқасининг кўпмиллионли «қўшини» ҳам бир кунда пайдо бўлмаган, ахир. Яхшиси, танқидчиларга ҳужумкор ва томошабоп ўйин билан жавоб қайтарамиз»,-деганди «РБ Лейпциг» спорт директори Ральф Рангник мавсум аввалида. Таъкидлаш лозим, Рангник нима деяётганини биладиган инсон: ҳозирча «Лейпциг» бундеслигада бош кашфиёт бўлиб турибди. Эътиборлиси, дебютант жамоа 14-турга келибгина илк бор мағлубиятга учради. Демак, Матешицнинг клуб яқин йилларда чемпионлик учун курашиши ҳақида айтган гаплари эндиликда унчалик кулгули туюлмаяпти. Ҳа, бундеслига мухлисларининг Red Bullга қарши ҳаракатлари ҳамон давом этмоқда.

Умуман, турли мамлакатларда Дитрих билан турли усуллар орқали курашишмоқда. Дейлик, қаердадир унга қарши норозилик сифатида майдонга қон аралаш буқа бошини ташлашади, кимлардир ўйинларга нисбатан «бойкот» эълон қилишади. Баъзида эса «Лейпциг»нинг кўп йиллик мухлислари майдонни кимёвий моддалар билан булғаб, футбол ўйнаб бўлмайдиган ҳолатга келтириб қўйишяпти. Аммо Дитрих мутлақо хотиржам. У аслида қўл остидаги жамоаларни қайта тузиб, ўзига мослаштирганча мухлислар қалбини яралаётгани билади.

Қолаверса, аксарият қоидалари немис футболи ақидаларига тўғри келмаслигидан ҳам хабардор. Муҳими, ҳамма Матешиц бошидан «мағзава» ағдариш билан банд бўлаётган бир пайтда йирик трансферлар эмас, болалар ва ўсмирлар футболига кучли эътибор қаратиб, яна қандайдир режалар тузмоқда. Ваҳоланки, у агар  истаса, нархи 200 миллион турадиган юлдузни ҳам бемалол сотиб олишга қурби етади. Энг қизиғи, яхшигина натижалар кўрсатаётган «Лейпциг»да энг юқори йиллик маош миқдори 3 млн. евродан ошмайди.

Маош сиёсати натижасида тежалган маблағ болалар ўртасида турли турнирлар ташкиллаш ва истеъдодларни аниқлаш ишларига йўналтириляпти. Жумладан, ҳар ёз ва кузда «Футбол мактаби» лойиҳаси асосида германиялик 6-14 ёшли исталган болакай клуб академиясида машғулот ўташ имкониятига эга бўлмоқда. Умуман, эндиликда «РБ Лейпциг»ни ЧЛда кутмоқдалар. Негаки, мияси турли-туман ажабтовур ғояларга бой Матешиц бу мусобақага ҳам қандайдир янгилик тортиқ этиши мумкин-да! Эҳтимол, бу масалада унга таурин аралашмасидан тайёрланган ғайриоддий ичимлик ёрдам берар...?!

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz