Футбол кутилмаган совғаларга бой. Ҳар йили қайсидир чемпионатда қандайдир «сенсация»лар кузатилади. Ўзбекистон миллий чемпионати ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Аммо 5-тур ўйинлари бу қадар кўп «совға» улашишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Барча етакчилар мағлубиятни тан олган ва бунинг натижасида турнир жадвали 1-2-қаторларига водийнинг икки клуби - «Қўқон-1912» ҳамда «Навбаҳор» кўтарилган турга қандай таъриф бериш мумкин? Одатда тур «сенсация»си сифатида 1та, нари борса, 2та ўйинни кўрсатардик. Ўтган ҳафта эса «сенсация» мақомига тортмайдиган ўйинлардан тортадиганлари кўпроқ бўлди...
Яна Отақўзиев ва Райевац (Қўқон-1912-Динамо. Тўлиқ шарҳ)
5-турдан сўнг турнир жадвалида қўшҳокимлик юзага келди. Чемпионлик учун асосий даъвогарлар қаторида тилга олинган «Локомотив», «Бунёдкор» ва «Насаф» жамоаларининг бирин-кетин мағлубиятга учрашлари водийнинг икки жамоаси - «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор»га қўл келди. Ҳозирда улар ҳисобида 10тадан очко бор.
Эътиборли томони, Нўъмон Ҳасанов қўл остидаги қўқонликлар бу турда чемпионатнинг старт қисмида катта шов-шув кўтарган «Динамо»ни ортга очкосиз қайтаришди. Алоҳида айтиш керак, ўйин анча қизиқарли ва жонли тус олди. Ўзи ушбу баҳсга қизиқиш жуда кучли эди. «Динамо» ортидан Самарқанддан кўплаб мухлисларнинг Қўқонга ташриф буюришгани эса қизиқиш даражасини янада ошириб юборди. Ўйинни ҳужумкор руҳда бошлаган мезбонлар 15-дақиқадаёқ фахрий Носир Отақўзиев голи эвазига ҳисобни очишди ва бўлим охирига қадар 1:0 натижаси бошқа ўзгармади. Танаффусдан кейинги илк дақиқалар ҳам «Қўқон-1912» учун омадли келди. Аниқроғи, 49-дақиқада Филипп Райевац ўз номини таблога ёздириб қўйди. Эътиборли факт, аввалги турда айнан Отақўзиев ва Райевац томонидан урилган 2та гол водий клубига ғалаба тақдим этганди. Яъни Ҳасанов шогирдлари меҳмонда «Нефтчи»ни 2:1 кўринишида енгишганди. Қарангки, бу сафар ҳам якунда 2:1 ҳисоби қайд этилди. Чунончи, «Динамо» вакиллари кейинги дақиқаларда ҳужумкорликни оширишди. Бу ҳаракатлар 78-дақиқада самара бериб, Сардор Сулаймонов ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Бироқ меҳмонлар бундан ортиғига улгуришмади. «Динамо»га ўйин охирида Сулаймоновнинг қўполлиги учун майдондан четлатилгани ҳам малум даражада панд берди. Хуллас, охирги 3та ўйинда 9 очко олган «Қўқон-1912» тўплар нисбатига кўра, турнир пешқадамига айланди. О, қўқонлик мухлислар учун нақадар фараҳбахш онлар...
«ҚЎҚОН-1912» - «ДИНАМО» - 2:1 (1:0)
7 апрель. Қўқон. 8578 томошабин.
Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент)-8,5; А.Расулов (Тошкент)-9,0; Ж.Саидов (Тошкент)-9,0; А.Шукуруллаев (Тошкент)-9,0.
Голлар: Н.Отақўзиев (15), Ф.Райевац (49) - С.Сулаймонов (78).
«Қўқон-1912»: 21. М.Абдуллаев, 4. Б.Акрамов, 5. Ж.Кимсанов, 9. Н.Отақўзиев (97. О.Рустамов, 46), 10. Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев, 23. А.Мерзляков, 24. И.Раҳимов
(11. А.Сидоров, 57), 26. А.Холмуродов, 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац (8. С.Ҳамидов, 90Қ1).
«Динамо»: 1. М.Наумов, 2. М.Локаев, 3. Б.Исроилов,
6. А.Бозоров, 8. Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов, 10. Ж.Қаҳрамонов, 14. Р.Рогак, 18. Д.Низанов (20. А.Сафаров, 53), 22. А.Исроилов, 23. К.Шарофутдинов (11. А.Абдуллаев, 52).
Огоҳлантиришлар: А.Холмуродов (77) - Д.Низанов (4).
Четлатиш: С.Сулаймонов (88, Д.).
Энг яхши ўйинчилар: Ф.Райевац - А.Бозоров.
Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).
Комиссар: А.Фролов.
Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Аввало, «Қўқон-1912»ни ғалаба билан табриклайман. Бугунги баҳсда жанговар руҳ сезилиб турди. Шогирдларимни руҳлантириш йўли битта - ёшларга хос иштиёқни кучайтириш. Футболда ҳар доим ҳам пул муҳим роль ўйнамайди. Буни «Динамо» мисолида кўришимиз мумкин. Шогирдларим ёш бўлишларига қарамай, иштиёқ эвазига яхши натижалар қайд этишяпти. Хатоларга келсак, уларсиз миллионлар ўйинининг қизиғи йўқ...
Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Ўйинни кўрдинглар, анча жанговар руҳда ўтди. Самарқандликлар ҳам шиддат билан тўп суришди. Биз биринчи бўлимда талаб даражасида ўйнай олмадик. Лекин гол урдик. Иккинчисида эса вазиятни ўзгартириб, ғалаба қозондик. «Динамо» менда яхши таасссурот қолдирди. Таркибимизда савия бўйича тенг 3 нафар дарвозабон бор ва уларнинг ҳар бирига имконият беришимиз керак. Қўйиб юборилган голда киперимизни айблолмайман. Аксинча, у бир неча бор жамоамизни муқаррар голдан қутқариб қолди. Ўйиндан олдин шогирдларим рақибни бироз менсимасликлари мумкинлигини ўйлаб, хавотирга тушгандим. Чунки ўртоқлик учрашувида «Динамо»ни 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эдик. Қувонтирадиган томони, футболчилар бугун майдонда бор кучларини ишга солишди.
------------------------------------------------------------------
Мажбурий ўзгариш ва гол (Навбаҳор-Машъал. Тўлиқ шарҳ)
Олий лиганинг 5-тури шов-шувли натижалар билан бошланди ва бу водий клублари учун айни муддао бўлди. «Қўқон-1912» ўз майдонидаги ғалабадан сўнг пешқадамга айланиб олди, «Навбаҳор» эса «Машъал»ни енгиб, қўқонликлар «шериги»га айланди. Хуллас, турнир жадвалида водийча қўшҳокимлик юзага келди.
Бевосита Намангандаги ўйинга тўхталсак, деярли 16 мингдан кўп мухлис кўз ўнгида муросасиз кураш борди. Чунончи, ғалаба қозонган томон олий лига пешқадамлигини қўлга олиши мумкин эди. Аввалги турда «Пахтакор»ни йирик ҳисобда енгган муборакликлар табиийки, водийга кўтаринки кайфиятда келишди. Ўз навбатида, Самарқанддан 3 очко билан қайтган «Навбаҳор» ҳам ўз майдонида фақат ютуқни кўзлаганди. Биринчи бўлимда икки жамоа ҳам эҳтиёткорона тўп суриб, асосий эътиборни дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолишга қаратди. Тўғри, «лочинлар» биринчи рақам остида ўйнаб, кўпроқ олдинга ўтишга интилишди, «газчилар» эса ўз омадларини қарши ҳужумлардан излашди. Бироқ футболчилар камсонли хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олишмади - танаффусга қадар ҳисоб очилмади.
Кейинги 45 дақиқаликда «Навбаҳор» ташаббусни қўлга олди ва бу ҳолат кўп ўтмай, ҳисобда ўз аксини топди. Бунда Илҳом Мўминжоновнинг мажбурий ҳолда ўйинчи алмаштириш бобидаги қарори иш берди: жароҳат билан майдонга тушган Мирзоҳид Ғофуровнинг ўрнини эгаллаган Ҳасанбой Эргашев орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмасдан жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланди. Шундан сўнг меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш мақсадида олдинга ташланишди, аммо ҳужумда ишлари юришмади. Боз устига, «Машъал»нинг етакчиси ва сардори Зафар Тўраевнинг майдондан четлатилиши ҳам ўз таъсирини ўтказди.
«НАВБАҲОР» - «МАШЪАЛ» - 1:0 (0:0)
7 апрель. Наманган. 16280 томошабин.
Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон)-7,9; А.Маражабов (Андижон)-7,6; З.Абдураҳмонов (Андижон)-8,0; Д.Клепиков (Тошкент)-9,0.
Гол: Ҳ.Эргашев (69).
«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов, 4. А.Отахонов, 5. Ғ.Комилов, 9. Д.Жабборов, 10. М.Саидов (22. Р.Аҳмедов, 55), 19. М.Ғофуров (3. Ҳ.Эргашев, 64), 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 33. Т.Шамсиддинов (77. А.Турғунбоев, 55), 84. Н.Йованович.
«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов, 3. С.Раҳмонов, 8. М.Камолов (63. У.Шарипов, 72), 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов, 18. А.Шодмонов, 22. Б.Қосимов (31. И.Тиманюк, 85) 44. А.Бегимқулов, 77. А.Олимов
(19. З.Қўзибоев, 78), 90. З.Тўраев.
Огоҳлантиришлар: Ғ.Комилов (43) - З.Тўраев (70), Ж.Илёсов (70), С.Раҳмонов (76), А.Бегимқулов (88).
Четлатиш: З.Тўраев (73, М.)
Энг яхши ўйинчилар: Н.Йованович - А.Бегимқулов.
Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).
Комиссар: Ш.Ражабов.
Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Анча жонли ўйин гувоҳига айландик. Майдонда кескин кураш борди. Бизни Наманганда нималар кутаётганини яхши билардик. Шундан келиб чиқиб, руҳий тайёргарликка катта эътибор қаратдик. Зеро, наманганлик мухлисларнинг «Навбаҳор»ни тинмай ҳужумга ундашлари кутилганди. Умуман олганда, ўйинимиз чиқмади, деёлмайман. Мени фақат натижа қониқтирмади, холос. Биринчи бўлимда муносиб ҳимояланиш уддасидан чиқдик. Танаффусдан кейин ҳам айрим вазиятларни инобатга олмаганда, чакки ҳимояланмадик. Лекин қарши ҳужум масаласидаги ҳаракатларимиз кўнгилдагидек чиқмади. Бундан ташқари, бурчак зарбаси амалга оширилган ҳолатда ҳушёрликни бироз йўқотдик. Хуллас, натижани инобатга олмаганда, жамоамиз ёмон таассурот қолдирмади. Хусусан, футболчиларимизда ишонч ҳисси юқорилиги сезилди. Чемпионатнинг 5та тури ортда қолган бир пайтда яққол етакчи кўзга ташланмаяпти. Барча иштирокчилар деярли тенг кучга эга. Тенглик юзага келишига биринчи навбатда, ўзбекистонлик бир гуруҳ футболчиларнинг хорижга йўл олишганини сабаб сифатида тилга олиш мумкин. Бундай шароитда чемпионат савияси тушиб кетишини ўйлаб, умумий ҳолатга танқидий муносабат билдиргандим. Лекин амалда бундай бўлмаяпти. Хорижга кетган футболчилар ўрнини легионерлар тўлдиришди. Чемпионатнинг бу тарзда бориши мухлисларда катта қизиқиш уйғотиши турган гап. Мавсумнинг қолган қисмида ҳам шу ҳолат кузатиладими ёки йўқ - буни вақт кўрсатади.
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Футболчиларимиз билан фахрланаман. Уларга ўйин ва ғалаба учун раҳмат. Йигитлар бор кучлари ва маҳоратларини ишга солишди. Сабаби, «Машъал»ни ўрганиб чиқиш жараёнида унинг жиддий рақиб эканлиги ойдинлашганди. Охирги машғулотларда айрим футболчиларимиз жароҳат туфайли қатнашолмадилар. Бугун эрталабки бадантарбия машқлари чоғи жароҳатланган йигитлар майдонга тушишга тайёрликларини маълум қилишди ва бунинг учун ҳам раҳмат. Умуман, турдан- турга футболчиларимиз ўйинни кучайтирмоқдалар. Бу ҳолат ҳар қандай мураббийни қувонтиради. Эътибор бергандирсиз, охирги 2та ўйинда таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Масалан, «Динамо»га қарши баҳсда майдонга тушган икки футболчимиз ўрнини бошқа ўйинчилар тўлдиришди. Айни пайт ихтиёримизда асосий таркиб учун 11 эмас, 23 нафар футболчи бор. Раҳбарлар деярли тенг кучга эга икки таркиб шакллантиришимиз учун барча шароитларни яратиб беришди. Кўплаб жамоаларимизда бир хил кучга эга 2та таркиб тузиш қийин масала. Бизда эса бундай муаммо йўқ. Кейинги турларни ҳам юқори кайфиятда давом эттириб, мавсум якунида жамоамизни кучлилар сафида кўришни истаймиз. Жорий чемпионат муросасиз ўтмоқда. 1-2та учрашувни инобатга олмасак, йирик ҳисоб деярли кузатилмаяпти. Мирзоҳид Ғофуров бугун майдонга жароҳат билан тушди. Иккинчи бўлимда у жамоа сардори орқали ўзини алмаштиришимизни сўради. Шу ўзгариш сабаб, Саматовни ўнг қанот ярим ҳимоясига кўчириб, Турғунбоевни чап қанот ярим ҳимоясига ўтказдик. Ҳасанбой Эргашев эса ҳимоянинг чап қанотидан жой олди. Голга келсак, машғулотлар пайти стандарт вазиятларни шу тарзда амалга оширишга эътибор қаратгандик. Самарқандда футболчиларимиз учун мухлислар билан тўлиб тошган аренада тўп суриш янгилик эмаслигини айтгандим. Негаки, уй стадионимизга 22 мингга яқин мухлис сиғади ва ишқибозларимиз нафақат бу ерда, балки сафарда ҳам бизни ёлғизлатиб қўйишмайди. Жорий мавсум ҳам мухлис йиғиш бўйича етакчилик қилмоқдамиз. Бугун ишқибозларимиз жамоани муносиб тарзда қўллашди. Бунинг учун улардан миннатдорман.
Ў.УМАРОВ
ЁППАСИГА ЕНГИЛИШ
Ўтган ҳафта турнир жадвали етакчилари ёппасига мағлубликни тан олишди - «Локомотив», «Насаф» ва ...«Динамо». Ҳа, ҳайрон бўлманг, етакчилар қаторида «Бунёдкор» ва «Пахтакор»ни тилга олишга одатланганмиз. Аммо «шерлар»нинг алоҳида «важоҳат» уйғотмай қўйишганига бир йилдан ошди. Мана, «Бунёдкор» ҳам «Пахтакор» «изи»дан кетмоқда, шекилли. Айни пайт бу икки жамоанинг бири 8-ўринда, иккинчиси эса янада пастда - 12-поғона. Шундай экан, «шерлар» ва «қалдирғочлар» токи аввалги мавқеларини тикламас эканлар, уларни етакчилар сафига қўшмай турган маъқул.
Шу вақтга қадар мусобақа жадвалининг юқори 3та поғонасида келганлардан эса фақат «Локомотив» кучли учликдаги жойини сақлаб қолди. «Темирйўлчилар» Ғузорда «Шўртан» меҳмони бўлиб, кутилмаганда 2та гол қўйиб юборган ҳолда илк йўқотишга дуч келдилар. 17-дақиқада Умарбек Эшмуродов ҳисобни очганида, ҳали ҳаммаси олдиндадек кўринганди. Аммо дақиқа ортидан дақиқа ўтаверди, «Локомотив» эса вазиятни ўнглай олмади. Якунда 79-дақиқада Игорь Таран томонидан урилган иккинчи гол 3 очко тақдирига батамом ойдинлик киритди. Айтиш жоиз, айнан шу тур олдидан «Шўртан»да жиддий ўзгаришлар кузатилганди. Яъни жамоа кетма-кет 3та ўйинда енгилгач, бош мураббий Александр Волков истеъфога чиқарилди ва футболчилар - Руслан Вагапов ҳамда Жаҳонгир Жиямуродовга чиқиш эшиги кўрсатилди. Бошқарув эса шу вақтга қадар техник директор вазифасини бажариб келган Ихтиёр Каримов ихтиёрига топширилди. Мана, бу ўзгариш дарҳол натижа берди.
«Локомотив»нинг мағлубиятидан ҳайратимиз тарқаб улгурмай, «Насаф» Олмалиқда омадсизликка учради. Эътиборли томони, «аждарлар» ҳам «Шўртан» каби чемпионатни суст бошлаган жамоа олдида ожиз қолишди. Дарҳақиқат, «Олмалиқ» бошқарувига Виктор Кумиков келгандан буён жамоа чемпионатда бирорта марта ғалаба қозонмаганди. Тошкент вилояти вакиллари бунга қадар «Бухоро» (0:1), «Сўғдиёна» (2:3) ва «Локомотив» (0:5)дан мағлубиятга учраб, «Бунёдкор» (0:0) билан дуранг қайд этишди. Шундай омадсизликлар гирдобида қолган Виктор Кумиковнинг илк ғалабани собиқ клуби - «Насаф»га қарши ўйинда нишонлашини ким ўйлаганди? Энг қизиғи, учрашув тақдирини ҳал қилган ягона гол ҳам собиқ «насафчи» - Камолиддин Мурзоев томонидан урилди.
4-турдан сўнг 3-ўринни банд этиб турган «Динамо» эса Қўқон сафаридан очкосиз қайтди. Жорий мавсум «Динамо» номидаги «эртак» билан бошланган эди. Ахир самарқандликлар дастлабки 3та турда 100 фоизли натижа қайд этдилар. Бироқ бирин-кетин «Навбаҳор» (0:1) ва «Қўқон-1912» (1:2)га ютқазиб, 5-ўринга тушиб қолдилар. Қўқонликлар эса қаторасига 3-ғалабани нишонлаб, мусобақа жадвалида пешқадам бўлиб олдилар. Шунақа. Яна қандай «сюрприз» керак...?
ЎРТА БЎҒИН: «АРАЛАШ» ЯКУН...
Юқорида етакчилар қаторида ҳозирча «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га ўрин йўқлигини айтдик. Ўртамиёна жамоаларга бағишланган шарҳни айнан уларнинг ўйинлари билан бошлаймиз. Демак, «Бунёдкор» бу сафар «Қизилқум»ни қабул қилиб, чемпионат ҳисобидан биринчи марта мағлубиятга учради. «Қалдирғочлар» аввалги турда «Обод» билан куч синашишган ва 0:1 ҳисобини бир амаллаб, 1:1га айлантиргандилар. Ўшандаёқ жамоа ўйин бобида ортга кетаётгани сезилганди. Мана, 5-турда ушбу таассурот ўз тасдиғини топди - 0:1. Дарҳақиқат, «Бунёдкор»нинг натижаларидан кўра, намойиш этаётган ўйини сифати кўпроқ эътироз туғдирмоқда. Худди «Обод» билан учрашувдаги каби «Қизилқум»га қарши баҳсда ҳам «қалдирғочлар» ижросидаги ҳаракатлар қовушмади. Ҳарқалай, Сергей Лушан шогирдлари ниманинг ҳисобига вазиятни ўнглашлари мумкинлигини кўрмадик - на тайинли ҳужум бўлди ва на голга тортадиган зарба...
«Пахтакор» учун эса янги бош мураббий - Равшан Ҳайдаров қадами қутлуғ келди. Жамоа 3та турдан буён ғалаба нималигини билмаётганди: «Нефтчи» - 0:0, «Динамо» - 0:1 ва «Машъал» - 0:3. «Шерлар» 5-турда ниҳоят, мавсумдаги иккинчи ғалабани тантана қилишди, аммо бу йўлда анча тер тўкишларига тўғри келди. «Пахтакорчи» Жасур Ҳакимов 12-дақиқада «Металлург» дарвозасини ишғол қилгач, ўйин голларга бой бўладигандек туюлганди. Аммо мезбонлар кейинги дақиқаларда ҳисобни мустаҳкамлашда муаммоларга дуч келишди. Чунончи, меҳмонлар ҳам жиддий қаршилик кўрсатишга уринишди.
Ўтган йили олий лигада қолиш учун курашган «Навбаҳор»нинг ишлари «беш». Наманганликлар ўз майдонларида «Машъал» дарвозасини бир бора ўққа тутиб, 2-ўринга кўтарилишди. Илҳом Мўминжонов жамоасининг 3та ўйиндан буён мағлубиятга учрамаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Тур доирасидаги яна бир ўйинда биттагина гол қайд этилди. Яъни «Сўғдиёна» ўз майдонида «Обод»ни сўнгги дақиқаларда пенальтидан урилган гол эвазига енгди. Ҳа, иродали ўйин масаласида Жиззах жамоасига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.
5-турда битта йирик ҳисоб кузатилди - «Бухоро» ўз майдонида «Нефтчи»ни 3та жавобсиз гол билан «сийлади». Афтидан, 5та турда атиги 2 очко олган фарғоналиклар бу йил олий лигадан тушиб кетишга асосий «даъвогар»лар қаторида юришади, шекилли...
ТУР ҚАҲРАМОНИ - «ШЎРТАН»
Такрор айтамиз, тур «сенсация» остида ўтди. Табиийки, шунга яраша турли даражада қаҳрамонликлар кузатилди. Бироқ қаторасига 3та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган «Локомотив»ни енгган «Шўртан»ни алоҳида ажратиб кўрсатиш шарт бўлса керак. Ахир ғузорликлар бунгача кетма-кет 3та турда мағлубиятни тан олишганди. Мана, жамоада вақтида ўзгаришлар амалга оширилди ва муҳим ғалаба қўлга киритилди. Муҳими, Ғузордаги натижа сабаб, олий лигада мавсум бошиданоқ «интрига» учқунлади. Шундай экан, «Шўртан» қаҳрамон бўлмай, ким бўлсин...?
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Ариза ёзиб ишдан кетиш - бу энг осони. Мен қиз бола эмасман, кетиб қоладиган... Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Футболчилар рақибни менсимай ўйнашдими? Йўқ, бу фикрга қўшилолмайман. Бизга шунчаки, омад етишмади. Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).
- Футбол, умуман, спортда омадсиз иш битмайди. Лекин бугунги ғалабамизда омаддан кўра, иштиёқ ва ироданинг ўрни катта. Ихтиёр КАРИМОВ («Шўртан» бош мураббийи).
- Ўйин олдидан шогирдларимнинг «Динамо»ни менсимасликларидан хавотирга тушгандим. Чунки бу рақибни ўртоқлик учрашувида 6:1 ҳисобида енгган эдик. Нўъмон ҲАСАНОВ («Қўқон-1912» бош мураббийи).
- Футболда ҳар доим ҳам пул муҳим роль ўйнамайди. Буни жамоамиз мисолида кўриш мумкин. Олег ТЮЛЬКИН («Динамо» бош мураббийи).
«ШЎРТАН» - «ЛОКОМОТИВ» - 2:0 (1:0)
6 апрель. Ғузор. 5702 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Бобомуродов (Навоий)-8,6; А.Цапенко (Тошкент вил.)-8,6; А.Снетков (Тошкент вил.)-8,7; А.Лупашко (Тошкент)-9,0.
Голлар: У.Эшмуродов (17), И.Таран (79).
«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 3. А.Ғуломхўжаев,
4. Ж.Отақулов, 9. И.Таран (7. О.Каримов, 81),
11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев,
18. Э.Бойматов, 19. М.Муродов (17. Ғ.Раҳмонов, 73), 27. С.Собирхўжаев (2. С.Акбаров, 86), 77. О.Нарзуллаев.
«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе,
9. И.Алибоев (8. С.Қутибоев, 66), 10. М.Бикмаев,
17. С.Мустафоев (15. С.Мирзаев, 75), 20. И.Тўхтахўжаев, 29. Қ.Рўзиев, 33. О.Зотеев, 42. М.Коне (4. Б.Йўлдошев, 57), 77. Д.Туропов, 99. Ж.Машарипов.
Огоҳлантиришлар: С.Собирхўжаев (48) - М.Бикмаев (59).
Энг яхши ўйинчилар: Э.Тожибоев - К.Махарадзе.
Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).
Комиссар: В.Лёткин.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Кўплаб вазиятлар ҳосил қилганимизга қарамай, гол уролмадик. Чунки рақиб дарвозабони жуда яхши ўйнади. Футболда сен урмасанг, сенга уришади. Ғоят ачинарли, 2та гол қўйиб юбориб, мағлубиятга учрадик. Оддий айтганда, «Локомотив»га шунчаки, омад етишмади. Йигитлар ҳаракат қилишди, аммо «Локо»нинг куни эмас экан... «Шўртан»ни табриклайман, мезбонларга ғалаба жуда зарур эди. Футболчиларимиз рақибни менсишмадими? Йўқ, бундай фикрга қўшилмайман. Йигитлар майдонда фаол ҳаракатланишга интилишди, аммо айтганимдек, омад етишмади...
Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи в.б.): - Аввало, жамоамизни чинакамига қўллаб-қувватлаган мухлисларга катта раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг далдалари катта ёрдам берди. Йигитларимиз ҳам чиройли ўйин кўрсатишди. «Локомотив»дек клубни мағлуб этиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Рақибни омад туфайли ютдикми? Футбол, умуман, спортда омадсиз иш битмайди. Аммо омад доимо кучлиларга кулиб боқишини ҳам унутмаслик керак. Хуллас, бугунги натижамизда ирода ва ғалабага ташналикнинг улуши кўпроқ, барибир. Мақсадимиз гол қўйиб юбормаслик ва рақиб дарвозасини нишонга олиш эди. Буни уддаладик.
«БУНЁДКОР» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 0:1 (0:1)
6 апрель. Тошкент. 507 томошабин.
Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро)-8,5; Ҳ.Шодмонов (Бухоро)-8,6; А.Қўлдошев (Бухоро)-8,4; Ф.Норсафаров (Қарши)-9,0.
Гол: И.Юнусов (41).
«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 4. А.Комилов, 5. Ж.Мирабдуллаев, 7. Д.Мачич, 9. Ш.Нурматов (97. Ж.Эсонқулов, 70), 10. Э.Шомуродов, 17. Д.Ҳамдамов,
19. Н.Тўхтасинов (11. В.Чемиртан, 58), 21. Д.Аҳмадалиев, 28. Д.Умиров, 29. О.Шукуров.
«Қизилқум»: 16. У.Хонимқулов, 3. Ш.Пўлатов,
4. Э.Бойдуллаев, 9. О.Зокиров, 14. Ф.Қамбаров,
15. А.Алланиёзов, 19. Ж.Ҳасанов, 20. Ғ.Жумаев,
23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов, 77. Б.Ғанижонов
(17. А.Геворкян, 71).
Огоҳлантиришлар: Д.Мачич (18) - Ж.Ҳасанов (61), Ф.Қамбаров (63), Ш.Пўлатов (69), Ш.Жўраев (86).
Энг яхши ўйинчилар: А.Комилов - И.Юнусов.
Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).
Комиссар: Ф.Магометов.
Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Албатта, натижадан хурсандман. Тошкентга 3 очко олиш илинжида келгандик ва мақсадимизга эришдик. Бугун майдонга тушган футболчиларимиз зиммаларига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаришди. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, ОАВ орқали мухлислардан мураббий ва футболчиларга ишонишда давом этишлари ва бизга далда беришларини сўраган бўлардим. Спортда доимо кучли томон ютади. Бизда етарлича вазиятлар бўлди ва ғалабага ҳақли эдик.
Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - Ўйинни бой бердик. Ғалаба қозониш учун гол керак, бунинг учун эса рақиб дарвозасига кўпроқ зарба бериш талаб этилади. «Қизилқум»ни ғалаба билан табриклайман. Уйдаги учрашувларда аввало, ҳимояда эҳтиёткор ҳаракатланиб, ҳужумда ўткирроқ тўп суриш зарур. Жамоа мағлубиятга учраса, мураббий айбдор бўлади. Ушбу натижани ўз бўйнимга оламан. Шогирдларим дарвозага зарба беришда узоқ ўйлаб қолишди...
«ПАХТАКОР» - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:0 (1:0)
7 апрель. Тошкент. 1112 томошабин.
Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент)-8,8; Р.Фозилов (Наманган)-8,7; М.Мажидов (Наманган)-8,7; Н.Қосимов (Қарши)-9,0.
Гол: Ж.Ҳакимов (12).
«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 29. В.Козак, 4. А.Ораховац, 30. Ю.Бульят, 24. Д.Ҳошимов, 5. А.Исматуллаев,
7. А.Аҳмедов, 28. С.Андреев (17. С.Нуруллоев, 62),
8. Ш.Каримов (34. Х.Авилов, 90Қ1), 10. Ж.Искандеров, 20. Ж.Ҳакимов (22. Ж.Яхшибоев, 78).
«Металлург»: 32. С.Султонов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д.Каримов, 7. Д.Одилов (95. Т.Усмонов, 84), 11. М.Тошматов
(77. Д.Исмоилов, 58), 14. Д.Каримқулов, 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 22. И.Исоқжонов (13. С.Қодирқулов, 74), 40. И.Қобилов, 77. Ж.Абдумўминов.
Огоҳлантиришлар: Ж.Искандеров (68) - Д.Каримов (39), Д.Одилов (68).
Энг яхши ўйинчилар: Ж.Ҳакимов - М.Сулаймонов.
Назоратчи: А.Клепиков (Тошкент).
Комиссар: А.Иноятов.
Шавкат Саидов («Металлург» клуби бошлиғи): - Ҳар икки жамоага 3 очко сув ва ҳаводек зарур эди. Шунга яраша, тайёргарлик кўрдик. Ўйин ҳам шунга мос бўлди. Айниқса, биринчи бўлимда кескинлик уфуриб турди. Тўғри, асосан майдон марказида кураш борди. Хавфли вазиятларга келсак, Абдуллаев ва Исоқжонов яхшигина ҳужумларни охирига етказолмадилар. Йигитларга жисмоний томонлама ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Лекин техник ва тактик хатолар жуда кўп. Шунингдек, иккинчи бўлимда қанотларимиз бўш ҳаракат қилди... Майдонда юзага келган тушунмовчиликка келсак, футбол шуниси билан ҳам қизиқ.
Равшан Ҳайдаров («Пахтакор» бош мураббийи): - Бугунги ижобий натижа йигитларнинг руҳий ҳолати учун жуда муҳим. Охирги мағлубиятларда ўз сабаблари бор. Мухлислар доимо ғалаба талаб қилишади. Футболчилар буни учрашувдан олдин яхши англаб туришганди. Гарчи ғалаба қозонган бўлсакда, ҳали кўп ишлашим керак. Дастлабки 15 дақиқадаги ҳаракатларимиз маъқул келди. Кейин ишончли ўйнолмадик. Жароҳатлар ҳам жамоага салбий таъсир қилган. Аста-секин ўйин савияси ва натижаларни яхшилаб борамиз. Салбий натижалар сабаб, футболчиларда катта босим бор эди. Яъни уларда ўз кучларига ишонч ҳисси йўқолганди. Биринчи навбатда, шу ишончни тиклашга уринимиз шарт эди. Қайтараман, ўйиннинг биринчи қисмида ҳаракатларимиз сифатли чиқди. Айнан шундай ўйнашимиз лозим.
«ОЛМАЛИҚ» - «НАСАФ» - 1:0 (0:0)
7 апрель. Олмалиқ. 2403 томошабин.
Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент)-8,6; М.Саидқосимов (Тошкент)-9,0; Р.Шояхметов (Тошкент)-8,7; Ш.Насибуллаев (Наманган)-9,0.
Гол: К.Мурзоев (50).
«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 8. Ш.Григалашвили (7. А.Раҳматуллаев, 65),
16. Ф.Мусабеков (10. Ш.Норбеков, 71), 17. К.Мурзоев
(11. В.Клишин, 87), 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов,
55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин.
«Насаф»: 35. С.Қувватов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев (7. О.Ҳамробеков, 84), 10. Д.Раҳматуллаев, 18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 23. Ш.Аъзамов, 27. И.Рашидхонов (20. И.Кенжабоев, 61), 31. С.Раҳматов (34. Ф.Сайфиев, 46), 45. Б.Абдухолиқов, 69. Д.Черан.
Огоҳлантиришлар: И.Йелич (64), Р.Бердимуродов (80) - С.Раҳматов (43), Б.Абдураҳимов (64), Д.Черан (80), Д.Раҳматуллаев (86).
Энг яхши ўйинчилар: К.Мурзоев - Д.Черан.
Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).
Комиссар: Б.Ҳайдаров.
Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - «Олмалиқ»ни ғалаба билан табриклайман. Мезбонлар хатога йўл қўйишимизни кутиб ўйнашди ва битта вазиятда бизни жазолашди. Шунинг баробарида яхши ҳимояланишди. Бизда ҳам имкониятлар туғилди. Аммо улардан самара чиқаролмадик. Одил Ҳамробеков бунгача 2та ўйинда тўлиқ ҳаракатланганди. Шунинг учун бугун уни захирада қолдирдик. Зеро, ихтиёримизда 3 нафар таянч ярим ҳимоячиси бор. Уларга навбати билан имкон беряпмиз. Мана, бугун Раҳматуллаев ва Ғаниевга ишонч билдирдик. Кейинги учрашувларда Ҳамробеков тўлиқ ёрдам беради. Шаҳбоз Эркинов кеча машғулотда жароҳатланди. Унинг йўқлиги ҳам билинди. Ҳужумда ўйнаган Бобир Абдухолиқов озгина ёшлик қилди. Элдор Суюнов жароҳатдан фориғ бўлди ва кейинги ўйинларда майдонга тушади. Умуман, бугун ғалабага лойиқ ўйин кўрсатмадик. Агар 3 очко олганимизда, 1-ўринга кўтарилардик. Лекин бундай ўйин билан пешқадамликни қўлга олиш қийин.
Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Ғалаба қозонмасак бўлмасди. Яхшими ёки ёмон ўйин билан фарқи йўқ - 3 очко олишимиз шарт эди. «Насаф» - яхши жамоа, олий лига етакчиларидан бири. Шундай клубни енгганимиз ёқимли. Забиҳилло Ўринбоев жароҳат сабаб, четда қолди. У аввалги тур ўйинида жароҳатланганди. Ўзбекистонни энг кучли жамоаларидан бири устидан қозонилган ғалаба футболчиларда ўз кучларига нисбатан ишонч ҳиссини орттиришидан умидворман.
«БУХОРО» - «НЕФТЧИ» - 3:0 (2:0)
7 апрель. Бухоро. 7911 томошабин.
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент)-8,8; А.Усмонов (Тошкент)-8,7; Т.Гайнулин (Тошкент)-8,3; К.Расулов (Қарши)-9,0.
Голлар: Ҳ.Каримов (4-авт.), И.Нагаев (14), И.Вайцер (90Қ1).
«Бухоро»: 1. Э.Жабборов, 2. Э.Равшанов, 5. К.Пасичник, 8. И.Вайцер, 9. Н.Умуров, 11. С.Шихов, 17. А.Шоғуломов, 22. Ш.Гадоев, 28. Э.Исмоилов, 29. В.Баенко, 77. И.Нагаев.
Захира: 12. А.Турсунбоев, 3. Б.Омонов, 6. Р.Янгиев,
10. Б.Ваҳобов, 14. М.Муҳиддинов, 20. И.Холиқов, 96. А.Тўраев.
«Нефтчи»: 1. Ў.Юсупов, 2. С.Концевой, 5. Ҳ.Каримов,
7. А.Баҳриддинов, 9. Ш.Ҳакимов, 11. А.Махсталиев,
14. Т.Луцевич, 18. Ж.Расулов, 23. А.Абдулҳақов
(22. Ф.Ҳасанбоев, 58), 26. О.Исроилов, 55. Д.Комаровский.
Огоҳлантиришлар: И.Нагаев (14), А.Шоғуломов (57) - Т.Луцевич (39), А.Абдулҳаков (49), Д.Комаровский (90Қ2), О.Исроилов (90Қ4).
Энг яхши ўйинчилар: И.Вайцер - Ш.Ҳакимов.
Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).
Комиссар: Н.Лутфулин.
Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Бугунги баҳсга ўта жиддий ҳозирлик кўргандик. Футболчилар барча кўрсатмаларни хатосиз бажаришди, бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Нагаевда кичик жароҳат бор эди, шу сабаб, уни вақтлироқ алмаштиришга қарор қилдим. Умуман, кимлар 100 фоиз тайёр бўлса, уларни учрашув қайдномасига киритдик. Демоқчиманки, мен учун футболчининг ёши катта аҳамият касб этмайди. Филипосян жароҳатдан 70 фоизга фориғ бўлди, унинг яна маълум муддатдан сўнг сафга қайтишидан умидворман.
Андрей Фёдоров («Нефтчи» бош мураббийи): - Бу ўйин ҳақида умуман гапириш мушкул. Чунки биз учун ҳаммаси 4-дақиқадаёқ якунланган эди. Тезкор гол мезбонларга руҳий устунлик берди. Хуллас, ўз хатоларимиз туфайли енгилдик.
------------------------------------------------------------------------
«СЎҒДИЁНА» - «ОБОД» - 1:0 (0:0)
7 апрель. Жиззах. 5200 томошбин.
Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент)-8,6; Р.Серазетдинов (Тошкент)-9,0; Н.Рўзимов (Тошкент)-8,1; Ж.Мухторов (Тошкент)-9,0.
Гол: С.Рашидов (88-пен.).
«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов, 4. Э.Орипов, 6. С.Мамадалиев (Д.Абдураҳмонов, 72), 7. С.Рашидов, 8. С.Қобилов, 11. Ш.Достонов
(5. Ғ.Ўрунов, 63), 15. И.Абдуллаев (17. И.Тошпўлатов, 50), 18. Қ.Баҳодиров, 77. С.Эминов.
«Обод»: Ш.Абдуллаев, А.Ҳусинов, А.Ғофуров, Ф.Мираҳматов, Ғ.Умиров, С.Рихсибоев (П.Соломин, 83), Д.Ҳасанов, С.Эрматов, Ш.Норхонов, С.Қаҳҳоров, Т.Васильев (Н.Ҳаипов, 46).
Огоҳлантириш: А.Ҳусинов (41, О.).
Энг яхши ўйинчилар: И.Тошпўлатов - Д.Ҳасанов.
Назоратчи: С.Зайлобиддинов (Фарғона).
Комиссар: Б.Маметов.
Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Ўйин жуда оғир кечишини тахмин қилгандик, амалда худди шундай бўлди. Икки жамоа ҳам ғалаба учун курашди ва буни жуда-жуда хоҳлади. Мезбонларда хоҳиш юқорироқ бўлгандир, улар якунда 3 очко олишди. Майдон эгалари иккинчи бўлимда кўпроқ стандарт вазиятларга эга бўлишди. Шундай вазиятлардан бири ўйин тақдирини ҳал қилди. Ваҳоланки, биринчи бўлимда бизда ҳам гол уриш учун яққол вазиятлар юзага келганди. Бироқ... Бу - футбол, мезбонларни қийин ғалаба билан табриклайман.
Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Ўйин тақдирини битта гол ҳал қилишини олдиндан сезгандим. Буни футболчиларга ҳам алоҳида уқтирдим. Яъни йигитларга «Битта вазият бўлади, шундан фойдаланиш керак», дея кўрсатма бергандим. Худога шукр, омад бизни қўллади. «Уйда деворлар ҳам ёрдам беради» қабилида гап бор. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари қўшимча куч бағишлади. Сўнгги дақиқагача ҳаракат қилдик. «Обод» вакиллари айниқса, иккинчи бўлимда жиддий қаршилик кўрсатишди.
Тур Статистикаси
Ўйин: 8
Гол: 13 (ўртача: 1,62...)
Томошабин:47693 (ўртача: 5961...)
Мезбонлар ғалабаси: 7
Меҳмонлар ғалабаси: 1
Дуранг: -
Йирик ҳисобли ғалаба:1 («Бухоро»-3:0)
Энг сермаҳсул ўйинлар: «Қўқон-1912» - «Динамо», «Бухоро» - «Нефтчи» (3тадан гол)
Огоҳлантириш: 30 (ўртача: 3,75)
Четлатиш:2 (ўртача: 0,25)
Энг «қўпол» ўйин:«Навбаҳор» - «Машъал» (5та «сариқ» Қ 1та «қизил»)
Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Навбаҳор» - «Машъал» (16280)
Пенальти: 1 (самарали)
«Дубль»: -
Автогол:1 (Ҳ.Каримов, «Нефтчи»)
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20