Қайднома

Қидирув

Мулоҳаза: «Барселона»нинг «Малага»ни енгишга кучи етмасмиди?

Мулоҳаза: «Барселона»нинг «Малага»ни енгишга кучи етмасмиди?

  11.04.2017 06:14
  0
  854
Мулоҳаза: «Барселона»нинг «Малага»ни енгишга кучи етмасмиди?

Сўнгги пайтлар мамлакатимиз футбол мухлисларида ўзгача кайфият ҳукм сурмоқда. Бу ўзгачалик миллий жамоамиз ва ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этаётган клубларимиз ўйинларидаги салбий жиҳатларга кескин муносабатларда яққол кўзга ташланмоқда.

Мухлисларнинг якдил, самимий, айни чоғда ҳассос танқидий қарашлари ўз таъсирини ўтказди, чоғи, ниҳоят, таниқли миллиардер Алишер Усмоновнинг клубларимиздан бири, хусусан, «Пахтакор»га сармоя ажратиши ҳақида хабарлар урчиди.

Терма жамоамиз фан-клуби фаоллари ва  ТЖМ ташаббуси билан эса мураббийлар ҳамда мухлислар ўртасида учрашув ташкилланди.

Футболимизда дилни хира қилаётган депсиниш ортда қолаётгани рост бўлсин! Муамолар ўз-ўзидан ва бирдан бартараф этилмайди, қандайдир нохуш туртки боис, ҳаммаси ўзгаради. «Пахтакор» таркиб, ўйин ва клуб инфратузилмаси нуқтаи назаридан ачинарли ҳолга тушиб қолган, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланишга эҳтиёж сезаётганди.

Тўғри, жамоада бош мураббий алмашди. Равшан Ҳайдаров ҳаттоки, илк ўйинда кичик ҳисобли қийин ғалабани нишонлади. Юзаки қараганда, «Пахтакор»нинг ишлари яна юришиб кетадигандек туюлиши мумкин. Ана, «Шўртан» ҳам мураббийнинг истеъфога чиқарилиши натижасидами, «Локомотив»ни енгди. Хўш, бу ўзгариш ғузорлик футболчилар ҳаётида муҳим ўзгариш ясайдими? Йўқ, бизнингча, бундай бўлмайди. Ҳа, «Пахтакор» ва «Шўртан» кичик ғалабалар билан зарур очколарни қўлга киритди.

Бироқ бу ҳар икки жамоадаги ишлар бирданига ўнгланиб кетишини англатмайди. Футболимизда шундай муаммолар борки, уларнинг таъсирида наинки «Пахтакор» ва «Шўртан», балки бошқа жамоалар ҳам азият чекишмоқда. Бир қарашда, мавжуд муаммолар футбол табиатига хос табиий жараёндек таассурот уйғотади. Масалан, олий лига жамоалари таркибида янгиланиш даражаси кучаймоқда. Мухлислар кўзи кўниккан айрим тажрибали футболчилар фаолиятларини якунлаётган бўлсалар, ўз имконларига ишонган яна бир қатор ўйинчилар хорижий чемпионатларга йўл олишди. Энди легио­нерлар масаласидаги тасаввурлар ҳам ўзгаришга юз тутди.

Авваллари «легионер» тушунчаси «юксак савия» маъносини билдирарди. Ҳозирга келиб, хорижда тўп сураётган барча футболчиларимиз савияси билан ортиқча мақтанолмаймиз. Кимдир кучсиз биринчиликда, бошқа биров эса муносиб чемпионатнинг қуйи лигасида ўйнамоқда. Нима бўлганда ҳам, уларнинг ҳар бирига омад тилаймиз. Майли, ўша ёқларда тўп суриб, футбол билан боғлиқ дунёқарашларини янгилашсин. Биз янгича дунёқараш, халқаро футбол тараққиётини ўзларига сингдираётган йигитларимизни олқишлаймиз. Зеро, бу янгиланишлар қачондир юртимиз футболи ривожида ижобий из қолдиришига ишончимиз комил.

Унгача миллий чемпионатимиз тараққиёт йўлида ўзи билан ўзи курашишга мажбур. Савия бобида кўзга яққол кўринган саноқли футболчилар билан қолган олий лига бугун узоқ вақт истеъдодлар соясида юрган ўртамиёналарни олға чорламоқда. Кўплаб футболчиларимизнинг хорижга йўл олишлари натижасида лига клублари таркиби янгиланди, гўё. Афсуски, мазкур янгиланишларни сифат нуқтаи назаридан баҳолаш қийин.

Ортда қолган 5та тур ва шу жараёнда кузатилган ўнлаб учрашувлар асносида туғилган бу каби мулоҳаза бошқалар хаёлини ҳам банд этган бўлса, ажабмас. Олий лига баҳсларидаги пала-партиш тўп узатишлар, бир амаллаб очко йиғишга уринишлар ва айни шу каби мухлисга малол келадиган мақсадлар оқибатида чинакам футбол томошасини унутиш ҳолати сезилмоқда ва бу стадионлар тўлишига монеълик қилмоқда. Мухлислар оммавий тарзда ташриф буюрган ва кескин курашларга бой ўтган айрим учрашувлар савияси ҳам мақтанарли даражада эмас.

Ҳа, футбол томошасидаги кескинлик ҳамиша мухлисга ёқади, аммо шиддатнинг ўзи маҳорат ва санъат саналмайди. Том маънодаги мухлис кескинлик юксак савия таъсирида юз беришини истайди. Юксак савия эса, аёнки, истеъдодли футболчилар ва маҳоратли мураббий уйғунлигининг маҳсулидир. Юқорида олий лигада истеъдодли футболчилар тақчиллиги хусусида мулоҳаза юритдик.

Ушбу тақчиллик ўз-ўзидан маҳоратли мураббийлар етишмаслиги муаммосига бориб тақалади. Бугун «Пахтакор»ни яна Равшан Ҳайдаров, «Шўртан»ни вақтинча Ихтиёр Каримов бошқармоқда. Яқин ўтмишда кузатилган воқеалар яна такрорланмоқда. Бизни тўғри тушунинг. Гап Равшан Ҳайдаров ёки Ихтиёр Каримовда ҳам эмас. Мирко Йеличич, Виктор Кумиков, Сергей Лушан, Андрей Фёдоров каби тажрибалидек саналадиган мураббийлар ҳам аслида ўз ишларини қотириб қўйишаётгани йўқ. Тилга олинган мутахассисларнинг ҳақиқий футбол билимдони эканликларига бирор мухлис шубҳа билдирмаса керак.

Жамоани эса футбол билимдони, мураббийликдан хабардор мутахассислар эмас, балки юксак тафаккур соҳиби саналган маҳорат эгаси қутқаради. Шу маънода «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор»нинг ютуқлари, олий лига турнир жадвалидаги ғалати манзара зукко мухлисни қувонтириб-қувонтиролмайди. Чунки футболимиз истеъдодлар маъносида анчайин ғариблашди. Мухлислар орзусидаги мураббийлар авлоди эса камол топмади. Футбол жумбоқларини ечишга қодир қайсидир мураббийда мулоқот маданияти етишмайди ва уни жамоа қабул қилмайди.

Мулоқот маданиятида ҳурматга лойиқ мураббий эса футбол бошқотирмаларини ечишга қийналади. Хуллас, гоҳ у, гоҳ бу камчилик сабаб, яхшигина мутахассислар ишдан четда юришибди. Бу - футбол жамоатчилиги бош қотирадиган жиддий муаммо. Демак, бизда узоқ йиллар болалар ва ўсмирлар футболидаги манавият масалаларига эътибор қаратилмаган. Халқаро расмий учрашувлар чоғи футболчиларимизнинг катта иштиёқ билан курашмасликлари сабаби ҳам шудир, балки.

Таъкидлаш жоиз, «Барселона»нинг мағлубияти ёки «Реал»нинг очко йўқотиши ҳам қайсидир маънода манавият масалаларига алоқадор. Нима, «Барселона» футболчилари «Малага»ни енгиш ўзларига қўшимча имконлар очишини ўйлашмаганми?

Ўйлашган! «Малага»дан устун келиш учун уларнинг кучлари етмасмиди? Савол ноўрин ва кулгули, тўғрими? Етарди, албатта. Лекин каталонияликлар бу имкондан фойдаланишмади. Нега? Негаки, жамоа­да маълум даражада маънавий оқсаш мавжуд. Таркибдаги айрим жузъий муаммолар эса «Малага» каби клублардан енгилишга сабаб бўлолмайди. Футболимиз ҳам назаримизда, худди шундай маънавий муаммо исканжасида азобланмоқда.

Мазкур мақоланинг тўлиқ қисмини Интерфутбол газетасининг 29-сонида мутолаа қилишингиз мумкин.

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz