Қайднома

Қидирув

Интервью: Роберто Карлос: Россияга борсангиз, адашмайсиз

Интервью: Роберто Карлос: Россияга борсангиз, адашмайсиз

  11.04.2017 13:03
  0
  892
Интервью: Роберто Карлос: Россияга борсангиз, адашмайсиз

Бразилия терма жамоаси 1997 йилда Конфедерациялар кубогида зафар қучган. Ўшанда жамоа сафида Россиянинг «Анжи» клубида ўйнаб, кейинчалик мураббий бўлган Роберто Карлос ҳам бор эди.

Айни пайтда иштирокчи мамлакатлар бўйлаб саёҳатга чиққан мусобақа кубоги Мексика ва Чилига етиб борди. Дастлаб Австралия ва Янги Зеландияга ташриф буюрган кубок кейинчалик Португалияда бўлди.

Айнан шу мамлакатда уни Роберто Карлос намойиш қилди. Бундан унумли фойдаланган ФИФА расмий сайти собиқ ҳимоячи билан суҳбат уюштирди.

- Сиз Россияда фаолият олиб боргансиз. Ушбу мамлакат мухлислари борасида қандай фикр­дасиз?

- Улар футболни севишади. Мен Москвадан ташқарида бўлган клуб сафида ўйнаганман. Учрашувларда ҳамиша стадион тўларди. Ўйлайманки, Конфедерациялар кубоги ва жаҳон чемпионати Россия халқи футболни янада чуқурроқ тушуниши учун замин яратади.

- Кўпчилик Россиянинг совуқ иқлимидан чўчишади. Аммо мусобақа июнда бўлади. Рус ёзи қандай?

- Жуда иссиқ. Ҳамиша Россия­да плюс 40 ва минус 40 даражада ҳам юрса бўлади, деб ҳазиллашардик. Кўчаларда об-ҳаводан роҳатланаётган одамларни учратасиз. Россияликлар совуқ пайтида жуда қийналишади. Шу боис ҳам иссиқ ҳавони ҳурмат қилишади. Россияга борсангиз, адашмаймиз. У ернинг халқи анча меҳмондўст.

- Конфедерациялар кубогида Россия термаси Янги Зеландия, Португалия ва Мексика жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди. Мезбонлар қанчалик узоққа бора олишади?

- Жуда кучли гуруҳ. Улар ўз майдонларида, мухлислари қаршисида ўйнашади. Бу ҳам рақибларга қийинчилик туғдириши турган гап. Гуруҳдан чиқиш учун Россия, Португалия ва Мексика кураш олиб боради. Бунга сабаб, Россия - мезбон, Португалия - Европа чемпиони ва таркибида жаҳоннинг энг кучли футболчиларидан бири бор. Мексикаликларни яхши билганим учун уларни ҳам гуруҳ фаворитлари қаторига қўшдим. Бу термага қарши ўйнаш жуда қийин.

- Сизнингча, турнирда қайси жамоа ғолиб чиқади?

- Португалия, Мексика ёки Германия. Ушбу жамоаларнинг ўйин­ларини томоша қилиб, роҳатланаман.

- Турнирда Криштиану Роналду, Алексис Санчес, Артуро Видаль ва Хавьер Эрнандес каби юлдузлар тўп суришади...

- Барча Криштиану Роналдунинг Португалия термаси сафида ўзини кўрсатишини кутмоқда. Шунингдек, сиз санаб ўтган футболчилар ҳам ўз жамоаларида етакчи ҳисобланишади. Кўриниб турибдики, шундай юлдузлар билан турнир анча қизиқарли кечади.

- 1997 йили Конфедерациялар кубогида зафар қучгансиз. Сиз учун бу соврин қандай аҳамият касб этади?

- Шубҳасиз, жаҳон чемпионлигининг ўрни бошқа. Ҳар қайси футболчи мундиалда ғолиб чиқишни истайди. Аммо мен учун Конфедерациялар кубоги алоҳида аҳамият касб этади. Чунки бу Бразилия терма жамоаси сафидаги дастлабки йирик совриним эди.

Маълумот учун:

Роберто Карлос

Тўлиқ исми: Роберто Карлос да Силва Роша

Туғилган санаси: 1973 йил 10 апрель

Туғилган жойи: Гарса (Сан-Паулу штати), Бразилия

Фуқаролиги: Бразилия, Испания

Бўйи: 168 см. Вазни: 73 кг.

Амплуаси: чап қанот ҳимоячиси

Ўйнаган жамоалари:

1991—1993: Унион Сан-Жуан (Бразилия) 33 (10)

1992: Атлетико Минейро (Бразилия) 3 (0)

1993—1995: Палмейрас (Бразилия) 44 (3)

1995—1996: Интер (Италия) 30 (5)

1996—2007: Реал (Испания) 370 (47)

2007—2010: Фенербахче (Туркия) 65 (6)

2010—2011: Коринтианс (Бразилия) 35 (1)

2011—2012: Анжи (Россия) 25 (4)

2015: Дели Дайнамос (Ҳиндистон) 3 (0)

Бразилия терма жамоаси сафида 125та учрашув ўтказиб, 11та гол урган.

Мураббийлик фаолияти:

2011—2012: Анжи (Россия)

2013—2014: Сивасспор (Туркия)

2015: Акхисар Беледиеспор (Туркия)

2015: Ал-Араби (Қатар)

2015: Дели Дайнамос (Ҳиндистон).

Ютуқлари:

Жаҳон чемпиони (2002), Конфедерациялар кубоги соҳиби (1997), Америка кубоги соҳиби (1997, 1999), Бразилия чемпиони (1993, 1994), Испания чемпиони  (1997, 2001, 2003, 2007), Испания суперкубоги соҳиби (1997, 2001, 2003), Чемпионлар Лигаси ғолиби (1998, 2000, 2002), Европа суперкубоги соҳиби (2002), Қитъалараро кубок соҳиби (1998, 2002), Туркия суперкубоги соҳиби (2007, 2009).

Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz