Қайднома

Қидирув

ОЧЛ бизнинг клублар учун аҳамиятсизми? Ислоҳотлар учун таклиф

ОЧЛ бизнинг клублар учун аҳамиятсизми? Ислоҳотлар учун таклиф

  13.04.2017 06:21
  0
  1309
ОЧЛ бизнинг клублар учун аҳамиятсизми? Ислоҳотлар учун таклиф

Биласиз, кетма-кет 2 йил бирданига 4та жамоамиз Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида қатнашди. Жорий мавсум эса турнирдаги вакилларимиз сони нақ 50 фоизга камайди - 4та жамоа ўрнига 2та... Бир қарашда, биз учун Осиё клуб футболининг асосий мусобақаси аҳамияти пасайиб кетгандек. Мана, кеча ОЧЛ-2017  гуруҳ босқичи иккинчи давраси ҳам бошланди. Энди савол: қитъа клублари учун асосий турнир саналган ОЧЛ чиндан ҳам, биринчи рақамга яраша нуфуз ва обрўга эгами? Мусобақа фақат араб олами ва Хитойдаги бизнес ҳамкорлари истагини бажариш билан чекланиб қолмаяптими?

Турнир географияси қандай бўлиши керак? Осиё футбол конфедерациясига аъзо 46та ассоциациянинг ҳаммасида ҳам футбол талаб даражасида ривожланмаётгани бировга сир эмас. Янада соддароқ ифодаласак, барча мамлакатларда футбол биринчи рақамли спорт тури саналмайди. Крикетни ҳар нарсадан афзал кўрувчи Бангладеш, Ҳиндистон ёки Покистонни бир четга қўйиб турайлик, қитъа футболида катта ўрин тутувчи Японияда ҳам сўнгги пайтларда фигурали учиш оммавийлик бобида миллионлар ўйинини ортда қолдира бошлади. Ваҳоланки, мамлакат терма жамоаси бир оёғи билан ЖЧ-2018да бўлиб турибди. Шунга қарамай, ЖЧ-2002 мезбонлик вазифасини зўр дабдаба билан бажарган «кунчиқар юрт»да стадионлар тўлмаяпти. Тўғри, у ердаги ўртача кўрсаткич нисбатан яхши - ҳар бир ўйинни 18 минг мухлис бевосита стадионда кузатяпти. Аммо аҳоли сони (130 миллион атрофида)ни эътиборга олсак, бу натижа паст ҳисобланади.

ОЧЛнинг жорий мавсуми стартидан аввал жами 39та уюшма («Ғарб»да - 12та ва «Шарқ»да - 27та) вакили гуруҳ босқичи йўлланмалари учун квалификацион раундларда ўйнаши режалаштирилганди. Бироқ Ироқ, Ливан ва Сурия клублари ОФК талабига мувофиқ ўтказилган лицензиялаш жараёнида муаммоларга учради. Индонезия ва Қувайт футболи эса ФИФА томонидан дисквалификация қилингани боис, бу мамлакат клублари ҳам четга сурилди. Натижада турнир георгафияси яна анча қисқарди. Биласиз, ОФК рейтингига кўра, БАА, Саудия Арабистони, Эрон, Жанубий Корея ва Японияга гуруҳ босқичининг 3тадан йўлланмаси курашсиз тақдим этилди. Ҳозирда Осиё клуб футболининг иккинчи даражали мусобақаси - ОФК кубоги ғолибига асосий турнир гуруҳ босқичи чиптасини тўғридан-тўғри бериш шунчаки, ақлга сиғмайди. Ахир Қувайт клублари «гегемон»лиги маълум сабаб, узилиб қолгач, бу мусобақада ҳаттоки, Ҳиндистон ва Малайзия вакиллари ҳам финалга чиқишмоқда. Мана, ОЧЛнинг амалдаги ғолиби - «Чонбук Хюндай Моторс»нинг четлатилиши туфайли гуруҳ босқичига чиққан Гонконг чемпиони жорий мавсум бирор каромат кўрсатолмаяпти.

ОЧЛ гуруҳ босқичи тизими ислоҳотга муҳтож эмасми? Айни пайт мусобақа 2та географик ҳудуд («Ғарб» ва «Шарқ»)да алоҳида-алоҳида ўтказилмоқда. Ҳаттоки, «плей-офф» раунд­ларида ҳам шу ҳолатни кўриш мумкин. Яъни «Ғарб» ва «Шарқ» вакиллари финалгача ўзаро тўқнаш келишмайди. Табиийки, бу ҳол турнир ўйинларига қизиқишни бирмунча пасайтиради. Энг ачинарлиси, Осиё футболи иккига ажралиб қолаётгандек. Натижада ҳудудлар футболининг ўзаро уйғунлашувига путур етмоқда, тажриба алмашиш кузатилмаяпти. Ҳа, 2та лагерь ташкил қилинганини тушуниш ҳам мумкин қайсидир маънода. Зеро, жамоаларнинг молиявий имкониятлари ва жисмоний юкламалар важидан келиб чиқиб, шундай қарор қабул қилинган. Лекин бир нарсани унутмайлик, ҳозир 2017 йил давом этяпти. Бошқача айтганда, янги асрнинг дастлабки 20 йили ҳам ўтиб кетди, ҳисоб. Осиё футболи эса ҳамон молиявий масалаларга ўралашиб юрибди. Ваҳоланки, клублар томонидан дунё миқёсида катта-катта трансферлар амалга оширил­япти, юлдуз футболчиларга мисли кўрилмаган даражада кўп маош берил-япти. Хуллас, келгуси 2-3 йил ичида гуруҳ босқичи тизимига боғлиқ умумий ҳолатни яхшилаб ўрганиб чиқиш зарур. Моҳиятан олганда, ОЧЛ бутун Осиёнинг ягона турнири экан, гуруҳларни шакллантиришда клубларни икки ҳудудга ажратмаслик керак. Оддий айтганда, Осиё футболи глобаллашувга эҳтиёж сезмоқда.

Рейтинг очколари қандай ҳисобланиши керак? ОФК янги мавсумдан эътиборан коэффициентлар жадвалини ҳисоблашда саралаш босқичи натижаларини ҳам инобатга олишни лозим топди. Шу ўзгариш эвазига ОЧЛ саралашида иштирок этган «Насаф» ва «Бунёдкор» клублари Ўзбекистон ҳисобига 1,05 балл келтирди. Умуман, квалификацион раундлар якуни бўйича энг кўп очко айнан бизнинг номимизга ёзилди. Гуруҳ босқичида жамғариладиган очколар эса фақат шу раундда иштирок этадиган клублар сонига бўлинади ва ўртача балл чиқарилади. Шу жойда яна бир таклифни ўртага ташлаш мумкин: ОФК бу борада УЕФА томонидан амалга киритилган янги ўзгаришни синаб кўрса бўлади. Мисол учун, турнирда олдин ғолиб чиққан жамоалар коэффициентига қўшимча балл ҳисобланиши керак. Мисол учун, унинг битта ғалабасига 1 балл, дуранги учун эса 0,5 балл ёзилса, бу ўзига хос рағбат бўлади.

Легионерларга муносабат. Биласиз, айни пайт ОЧЛда хорижлик футболчиларга нисбатан «3}1» лимити жорий этилган. Буни ортиқча изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. ОФК мусобақа нуфузини юксалтиришни истар экан, айнан шу чекловни бекор қилиш бўйича иш олиб бориши ва бунга бирламчи вазифа сифатида қараши шарт. Чунончи, мухлислар кучли футболчилар ҳаракатларини  томоша қилишни истайдилар. Легионерлар масаласидаги чеклов қитъамизда футболнинг гуркираб ривожланишига халақит бераётганини кўпчилик фаҳмлаб турган бўлсада, бу борада дадил гапирадиган киши топилмаяпти. Тушунарлики, лимитдан кўзланган асосий мақсад - маҳаллий футболчиларга кўпроқ имконият тақдим этиш ва шу орқали миллий терма жамоаларни янги даражага олиб чиқиш. Балки бу тўғри ёндашувдир, аммо масаланинг яна бир томонини ҳисобга олиш жоиз. Хўш, маҳаллий йигитлар кимлардан ўрганишади? Ўзларига ўхшаган ва савия бўйича фарқланмайдиган футболчиларданми? Ахир футболчининг барқарор равишда ўсиши учун кучли рақобат керак эмасми? У енгилроқ шароитда маълум савия билан чекланиб қолмайдими? Мисол учун, Австралиянинг етакчи клубларидан бири «Брисбен Роар»ни олайлик. Унинг сафида Греция, Англия, Испания, Дания ва германиялик футболчилар бор. Шунга қарамай, жамоа ихтиёридаги маҳаллий йигитлардан 3 нафари Австралия миллий жамоасида ўйнамоқда. Энди ўзингиз айтинг, легионерларнинг кўплиги уларга халақит беряптими ёки наф? Умуман, айни ҳолат ўзгармаса, ОЧЛ шиддати ошмайди, ошган тақдирда ҳам, ривожланиш суръати ҳаминқадарлигича қолади. Шу жойда битта таққос: «Брисбен» билан битта гуруҳда ўйнаётган ва 2-ўринда бораётган «Муангтонг Юнайтед» сафида Таиланд терма жамоасининг нақ 9 нафар футболчиси бор. Энди Австралия ва Таиланд термалари натижаларига боқинг...

Харажатлар ва мукофот пули жамғармаси. Табиийки, қитъамиздаги клублар  бош мусобақаси мукофот жамғармаси бўйича Европа турнирларидан анча ортда. Дейлик, ЕЧЛ ва ОЧЛни ўзаро таққослаш ҳам кулгули. Аммо шуниси борки, айни пайт ОЧЛ иштирокчиларига берилаётган мукофот пули миқдори турнирнинг ҳозирги даражасига ҳам мувофиқ келмайди. Бемалол айтиш мумкин, белгиланган суммалар жамоаларни у қадар қониқтирмайди. Осиё Чемпионлар Лигаси-2017 Мусобақалар регламенти 62-63-бобларида жамоаларга бериладиган сафар харажатлари ва мукофот пули миқдори алоҳида белгилаб қўйилган. Демак, гуруҳ босқичи иштирокчилари мазкур раундга чиқишгани учун 30 минг доллардан олишади. Гуруҳ босқичидаги битта ғалаба 50 минг доллар ва дуранг 10 минг долларга баҳоланган. Босқичдан босқичга ўтиш эса ошиб борувчи бонуслар воситасида рағбатлантирилади: 1|8 финал - 80 минг, 1|4 финал - 120 минг, 1|2 финал - 200 минг доллар. Чемпион жамоага 3 млн. доллар тегса, финалчи 1,5 млн. олади. Юқорида ОЧЛ мукофот жамғармасини ЕЧЛники билан солиштириш кулгули эканлигини айтдик. Марҳамат, Европа клублари учун белгиланган бонуслар билан танишиб, ўртада ер ва осмончалик фарқ борлигига амин бўлинг. Клубларга ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги битта ғалаба учун 1,5 млн., дуранг эвазига эса 0,5 млн. доллар берилади. «Плей-офф» раундлари учун белгиланган бонуслар миқдори қуйида-   гича: 1|8 финал - 6 млн., 1|4 финал - 6,5 млн., 1|2 финал - 7,5 млн. доллар. Кубок соҳиби эса нақ 15,5 млн. долларга бойийди ва финалчига 11 млн. доллар тегади. Бошқа мусобақаларга ҳам тўхталсак, 2014 йилги маълумотларга кўра, Либертадорес кубоги (Жанубий Америка) ғолиби умумий ҳисобда 5,35 млн. доллар миқдорида мукофот олган. Ўшанда жамоага финалдаги ғалаба учун 2,3 млн. доллар берилган. Осиёдаги жамоалар эса гуруҳ босиқичида максимум даражада 3,9 млн. доллар (900 минг доллар - сафар харажатлари) олиши мумкин. Аммо бунинг учун барча ўйинларда ғалаба қозониш талаб этилади.

Ҳомийлар масаласи. Жаҳон чемпионатиники каби ОЧЛ ҳомийлари ҳам мултимиллий корпорациялардир. Яъни ОЧЛни маблағ билан таъминлаётган аксарият компаниялар мундиалнинг бош ҳомийлари саналади. Уларнинг тўлиқ рўйхати: Fly Emirates, Nike, Nikon, Panasonic, Pepsi, QNB Group, Qatar Petroleum, SDLG, Tsingtao, Asahi, Seiko, Yanmar, World Sport Group, PES. Бироқ ҳомийлардан тушадиган маблағ суммаси аниқ эмас. Бу борада шаффоф иш юритиш вақти келди. Дейлик, умумий суммадан неча фоизи бевосита мусобақани ташкиллаш ишларига ажратилиши хусусида ҳисобот бериб борилса, яхши бўларди. Бу каби шаффофлик ҳомийлар сафи янада кенга-йишига хизмат қилармиди?

Трансляция мавзуси. Ишонмаслигингиз мумкин, ОЧЛ ўйинларини олис Бразилия, АҚШ ва Европада ҳам томоша қилишади. Қитъамизда эса Хитой, Эрон, Ж.Корея ва Австралия миллий телеканаллари билан алоҳида лицензия учун шартнома тузилган. ОЧЛ ўйин­лари АСЕАН (Fox Sports Asia), Яқин Шарқ ва Шимолий Африка (beIN SPORTS) минтақаларига ҳам экс-клюзив тарзда узатилади. Қанийди, ўзимизнинг «Спорт» телеканалида ҳам ўйиндан олдин ва кейин меҳмон жамоа расмийлари, бош мураббийи ёки етакчи футболчилари билан эксклюзив интервьюлар уюштирилса, футбол соҳасида илмий иш олиб борувчи мутахассислар ва функционерлар даврасида учрашув юзасидан таҳлил уюштирилса. Умуман, ОФК айни шу йўналиш доирасидаги изланишларни ҳам қўллаб-қувватлаши керак.

Томошабинлар масаласи. ОЧЛнинг жорий мавсумида ортда қолган жами 63та ўйин (кечаги учрашувлар ҳисобга киритилмаган)ни стадионларда 734794 мухлис бевосита кузатиб борди. Бу битта ўйин ўртача ҳисобда 11663 томошабин тўплаганини англатади. Шу жойда оғриқли жиҳат: «Бунёдкор» ва «Локомотив»нинг уй баҳсларга ҳаттоки, 5 минг мухлис ҳам тушмаяпти. Демакки, бизнинг мухлисларда халқаро ўйинларга нисбатан  ҳам қизиқиш тобора пасаймоқда. Ваҳоланки, яқин ўтмишда «Пахтакор»нинг шу турнир доирасидаги ўйинларини стадионда 45-50 минг мухлис кузатган. Қани ўша «аншлаг»? Хуллас, клублар ва умуман, ОЧЛ раҳбарияти ҳам бу масалада жиддий ўзгаришларга қўл уриши шарт. Агар лозим топилса, қандайдир енгиллик ёки имтиёз бериш мақсадга мувофиқ. Мисол учун, эътиборга муҳтож ижтимоий қатламлар (ногиронлар, болалар)га ўйинлар чиптасини бепул тарқатиш мумкин. Ҳа, айрим клублар бу борада муайян ишларни амалга оширмоқда. Энди ОФК ҳам бунга кучлироқ эътибор қаратса, бас.

Ўйин ўтказиладиган кун. Жорий мавсум «Ғарб» ҳудудида тур ўйинларининг ярми душанба куни ўтказилмоқда. Шу туфайли 1та турдан ўрин олган 16та учрашув 3 кунга чўзилмоқда. ОФК тақвимни телеканаллар талабидан келиб чиқиб, ўзгартиргани тушунарли. Аммо мамлакатлар миллий чемпионатлари ва улардаги мухлисларни ҳам ўйлаш керак-ку. Мисол учун, бизда чемпионат баҳслари кўпинча шанба-якшанба кунлари ўтказилади. Бошқа биринчиликларда ҳам ўйинларга асосан дам олиш кунлари танланади. Дейлик, Форс кўрфази диёрида жума кунига футбол ўйини белгиланмайди, ҳисоб. Шуларни инобатга олсак, балки олдинги вариантга қайтиш керакдир...

ОЧЛнинг жорий мавсумида ортда қолган жами 63та ўйин (кечаги учрашувлар ҳисобга киритилмаган)ни стадионларда 734794 мухлис бевосита кузатиб борди. Бу битта ўйин ўртача ҳисобда 11663 томошабин тўплаганини англатади. Шу жойда оғриқли жиҳат: «Бунёдкор» ва «Локомотив»нинг уй баҳсларга ҳаттоки, 5 минг мухлис ҳам тушмаяпти. Демакки, бизнинг мухлисларимизда халқаро ўйинларга нисбатан  ҳам қизиқиш тобора пасаймоқда. Ваҳоланки, яқин ўтмишда «Пахтакор»нинг шу турнир доирасидаги ўйинларини стадионда 45-50 минг мухлис кузатган. Қани ўша «аншлаг»?

Фаррух ФАЙЗИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz