Қайднома

Қидирув

Йилнинг энг чиройли голлари ҳақида ёки яна Пушкаш изидан

Йилнинг энг чиройли голлари ҳақида ёки яна Пушкаш изидан

  15.04.2017 06:23
  0
  2409
Йилнинг энг чиройли голлари ҳақида ёки яна Пушкаш изидан

Венгрия футболи даҳоси Ференц Пушкаш агар ҳаёт бўлганида, 2 апрель куни 90 йиллик юбилейини нишонларди. Биласиз, ФИФА миллионлар ўйини тарихида ёрқин из қолдирганларни етарлича қадрлайди. Хусусан, бетакрор голеадор номини абадийлаштириш мақсадида махсус соврин таъсис этилган.

Тушундингиз, гап ФИФА томонидан йилнинг энг чиройли голи муаллифига топшириладиган махсус соврин ҳақида бормоқда. Унга айнан Пушкаш номи берилганида рамзий маъно бор, албатта.

Чунончи, буюк венгр фаолияти давомида жуда кўп гол урган ва улар орасида ақлни шошириб қўядиган даражадаги гўзаллари ҳам етарли. Демак, бугун «СЭ» нашри маълумотлари асосида Пушкаш номидаги ФИФА совринининг барча лауреатларини ягона фотомақолага «жойлаштирамиз». Ишонинг, улардан ажойиб жамоа шаклланди...

2009 йил - Криштиану РОНАЛДУ

Жамоаси: «Манчестер Юнайтед»

Ўйин: 2009 йил 15 апрель. Чемпионлар Лигаси. Чорак финал (жавоб учрашуви). «Порту» - «МЮ» - 0:1

Гол урилган вақт: 6-дақиқа

Пушкаш номидаги илк совринга номзод сифатида жаҳон юлдузлари томонидан урилган голлар кўрсатилди. Яъни танловнинг финал раундига Криштиану Роналду, Андрес Иньеста ва бундеслигада ажойиб мавсумни ўтказган Графите чиқишди. Овоз бериш жараёни якунида ўша вақт «МЮ» шарафини ҳимоя қилган португалияликнинг голи 1-ўринга қўйилди. Лиссабоннинг «Спортинг» клуби тарбияланувчиси уни ЧЛ чорак финалида урганди. Муҳими, Роналдунинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси натижасида «Порту» курашдан чиқиб кетганди. Суперчиройли ва супераҳамиятли гол...

2010 йил - Хамит ОЛТИНТОП

Жамоаси: Туркия термаси

Ўйин: 2010 йил 3 сентябрь. Европа чемпионати саралаши. Қозоғистон - Туркия - 0:3

Гол урилган вақт: 26-дақиқа

Орадан бир йил ўтиб, энг чиройли голлар рўйхатига кенг жамоатчилик учун мутлақо нотаниш футболчи - швед Линус Халлениус («Хаммарбю»)нинг ажойиб зарбаси маҳсули ҳам киритилди. Бироқ на унинг голи ва на голландиялик Жованни ван Бронкхорст томонидан ЖЧ-2010да Уругвай термаси дарвозасига «михланган» тўп Евро-2012 саралаш босқичида турк Хамит Олтинтоп ижро этган суперзарбага тенглаша олди. Умуман, танловда қатнашган 40 фоиздан кўп иштирокчи айнан Туркия термаси вакилининг жарима майдони ташқарисидан урган сеҳрли голига овоз берди. Бир йил олдинги сўровда 3та энг чиройли гол учун берилган очколар ўртасидаги фарқ бу қадар катта бўлган эмасди.

2011 йил - НЕЙМАР

Жамоаси: «Сантос»

Ўйин: 2011 йил 28 июль. Бразилия чемпионати. «Сантос» - «Фламенго» - 4:5

Гол урилган вақт: 26-дақиқа

2011 йили топ-рўйхат яна фақат ёрқин ижрочилар томонидан урилган голлардан тузилди - ёш Неймар соврин йўлида Лионель Месси ва Уэйн Руни билан рақобатлашди. Сўровда бразилияликнинг «Фламенго» дарвозасига йўллаган голига «МЮ» ҳужумчиси томонидан «Манчестер дербиси»да ижро этилган зарбага нисбатан 10 фоиз кўп овоз берилди. Неймар ўшанда дарвозани ўққа тутиш йўлида рақибнинг нақ 4 нафар ҳимоячисини «юмалатганди».

2012 йил - Мирослав СТОХ

Жамоаси: «Фенербахче»

Ўйин: 2012 йил 3 март. Туркия чемпионати. «Фенербахче» - «Генчлербирлиги» - 6:1

Гол урилган вақт: 38-дақиқа

Неймар бу сафар ҳам ўз голи билан топ-3га кирди, аммо якуний сўровда атиги 7 фоиз овоз билан чекланди. Чунончи, 78 фоиз овоз берувчи Мирослав Стох («Фенербахче»)нинг «Генчлербирлиги» дарвозасига урган голини ёқлади. Айтганча, бу Пушкаш номидаги соврин тарихидаги мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Словакиялик футболчи бурчак зарбаси амалга оширилгач,  жарима майдони ташқарисида туриб, тўпни тўхтатмай, дарвоза томон тепганди. Натижада қойилмақом траектория ҳосил қилган «бечора» тўп тўр «асири»га айланди-қўйди...

2013 йил - Златан ИБРАГИМОВИЧ

Жамоаси: Швеция термаси

Ўйин: 2012 йил 14 ноябрь. Ўртоқлик учрашуви.  Швеция - Англия - 4:2

Гол урилган вақт: 90-дақиқа

Мавсум-2013да бир йил олдин урилган гол муаллифи совринга муносиб кўрилди. Ҳа, ташкилотчилар Златан Ибрагимовичга ҳурмат нуқтаи назаридан унинг голини ҳам танловга қўшишди. Гап шундаки, нозиктаъб швед ҳужумчиси 2012 йилнинг охирида Англия термасига қарши кечган «ўртоқлик»да навбатдаги чинакам шедевр «асари»ни тақдим этганида, Пушкаш номидаги соврин лауреатларини аниқлашга улгуришган ва овоз бериш жараёни ҳам бошланган эди. Хуллас, ФИФА мутасаддилари бениҳоя гўзал гол беҳуда кетишига йўл қўйишмади ва соврин бир йилдан сўнг ўз эгасини топди - Златанни.

2014 йил - Хамес РОДРИГЕС

Жамоаси: Колумбия термаси

Ўйин: 2014 йил 28 июнь. ЖЧ. 1|8 финал. Колумбия - Уругвай - 2:0

Гол урилган вақт: 28-дақиқа

Хамес Родригес 2014 йилнинг энг чиройли голи муаллифи мақомини олиш учун аёл футболчи билан рақобатлашди. Хуллас, Пушкаш номидаги соврин тарихида илк марта топ-3та гол орасига аёллар футболида урилгани ҳам кирди. Унинг муаллифи - Стефани Роше (Ирландиянинг «Пимаунт Юнайтед» жамоаси вакили). Эътиборлиси, Стефанининг «мўъжиза»си якуний танловда Робин ван Перси ижросидаги машҳур «балиқча»-голдан афзал кўрилди. Голланд ҳужумчиси уни ЖЧ-2014 доирасида испанларга қарши кечган баҳсда нишонлаганди. Лекин Роше «мўъжиза»си ҳам, ван Перси «балиқча»си ҳам жаҳон биринчилигининг энг чиройли голи сифатида кўрсатилган Хамес  Родригес шедеври олдида анча «хира» кўринди.

2015 йил - Венделл ЛИРА

Жамоаси: «Гойянезия»

Ўйин: 2015 йил 11 март. Гойяс штати чемпионати. «Атлетику Гойяниенсе» - «Гойянезия» - 1:2

Гол урилган вақт: 28-дақиқа

2015 йилга келиб, ижтимоий тармоқлар шу даражада ривожландики, ҳаттоки, кўча биринчилигида урилган гол ҳам эътибордан четда қолмади. Шунчаки, гол видеоёзувини Youtube тармоғига жойлаштир ва бошқасини омма ҳукмига қўйиб бер. Бразилиялик Венделл Лира томонидан Гойяс штати чемпионатида урилган голни бунга яққол мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Унинг ижросидаги супергол - «бисиклета» (чалқанча зарба) гўзаллик масаласида Лионель Мессининг Испания кубоги финали («Атлетик»ка қарши)да ҳавола этган шедеврини ҳам бир четга суриб қўйди.

2016 йил - Моҳд Файз САБРИ

Жамоаси: «Пулау Пинанг»

Ўйин: 2016 йил 16 февраль. Малайзия чемпионати. «Пулау Пинанг» - «Паханг» - 4:1

Гол урилган вақт: 62-дақиқа

Аввалги йил «нотаниш қаҳрамонлар»га аталди. Қаранг, энг чиройли 3та гол сифатида венесуэлалик Даниушка Родригес, бразилиялик Марлоне ва малайзиялик Моҳд Файз Сабри томонидан кўрсатилган кичик «санъат асар»лари қайд этилди. Аслида Лионель Месси ва Неймарнинг голлари ҳам танловга киритилган эди, бироқ илк раундда уларга етарлича овоз берилмади.

Якунда экзотик ўлка - Малайзия миллий чемпионатида урилган ақл бовар қилмас гол муаллифи Моҳд Файз Сабри ғолиб чиқди. Умуман, ушбу йигит жарима зарбасидан йўлланган энг қойилмақом гол муаллифи сифатида эътироф этилди. Бунгача кўпчилик Роберто Карлос ижросидаги «стантарт» зарбани энг зўри ўрнида тилга оларди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz