АФРИКА ФУТБОЛИ ЮЛДУЗЛАРИДАН БИРИ МАЙКЛ ЭССЬЕННИНГ ХОТИНИ ИТАЛИЯ КЛУБИНИ ТАРҚАЛИБ КЕТИШДАН САҚЛАБ ҚОЛДИ. Ҳа, Акосуа Пуни Эссьен хоним «Комо» жамоасини 237 минг еврога сотиб олиб, унга нажот бағишлади. Италия учинчи дивизиони иштирокчиси энди «В» сериясига қайтиш ҳаракатини бошласа, ажабмас.
Бу қандай клуб?
Бир қарашда, «Комо» ҳеч нимаси билан эътиборни тортмайди. Тўғри, бу клуб сафида ўйнаган машҳур футболчилар қаторида Карло Кудичини, Томаззо Рокки, Жанлука Замбротта каби тан олинган ижрочилар бор. Айтганча, улардан охиргиси айни пайт жамоанинг фахрий президенти саналади. Аммо Замброттанинг асосий иш жойи Ҳиндистонда эканлигини ҳам айтиш жоиз - у «Деҳли Динамос» клубига устозлик қилмоқда. «Комо»га келсак, у узоқ 1907 йили тузилган ва бир асрдан кўп тарихида «А» сериясида 13 мавсум иштирок этган.
«Комо» элит дивизионда охирги марта 2002|2003 йиллар мавсумида кўриниш берганди. Ўша вақт Фабио Капелло ҳали «Рома»ни бошқарар, «Ювентус» эса 27-марта скудетто соҳибига айланган ва кейинчалик Чемпионлар Лигаси финалида «Милан»га имкониятни бой берганди. «Ларианилар» (клуб лақаби) эса чемпионат якунига кўра, 17-ўринни банд этиб, қуйи дивизионга «қулагандилар. Лигалараро пастлашиш кейинчалик ҳам давомийлик олиб, «Комо» 2004 йили «С2» сериясига тушиб кетди. Айни ўша йилнинг декабрь ойида эса клубда банкрот ҳолати қайд этилди. Бунда собиқ президент Энрико Прециозининг ҳаракатлари асосий омил бўлди.
Яъни у клуб ҳисобидаги ўз маблағини «Женоа»га олиб ўтди. Мана, Прециози нақ 15 йилдан буён Генуя жамоасига эгалик қилмоқда (тўғри, ҳозирда хайрлашиш ҳақида ўйламоқда). Хуллас, шу бизнесмен 2003 йили «Комо»ни сотади ва орадан икки мавсум ўтгач, ўрнига қайтишни хоҳлайди. Аниқроқ айтсак, Прециози ихтиёридаги гуруҳлардан бири клубни харид қилади, бироқ шу туфайли уни «C2» сериясига қўйишмайди. Чунончи, Италияда бир кишининг 2та ёки кўпроқ жамоага алоқадор бўлиши мумкин эмас.
Мавсум старти арафасида «Комо» янги раҳбарлар гуруҳи тасарруфига ўтган бўлсада, чемпионатдан четда қолади, барибир. Чунки янги раҳбарият жамоани профессионал лига «заявка»сига киритишга улгурмайди. Шу тариқа қайта бош кўтариш ҳаракатини ярим ҳаваскорлар лигаси саналмиш «D» сериясида бошлашга тўғри келади. «Ларианилар» нақ 10 йилдан сўнг ниҳоят, «B» сериясига кўтарилишди, бироқ Италия футболининг иккинчи бўғинида атиги 1 мавсум ўйнашди, холос. Жамоа айни пайт про-лигасининг «А» гуруҳида иштирок этмоқда. Чемпионатнинг 30-тури якунлари бўйича айтсак, «Комо» турнир жадвалининг 8-поғонасида боряпти - бу «В» сериясига чиқиш йўлидаги «плей-офф» ўйинларида қатнашиш имконини беради.
Хўжайин нега яна ўзгарди?
Албатта, таназзул туфайли. Комо провинцияси судининг 2016 йил апрель ойидаги қарорига биноан, маҳаллий прокуратура клубнинг молиявий фаолияти юзасидан текширув бошлади. Ҳуқуқ органи вакилларида ҳужжатларда қайд қилинган ўта паст кўрсаткичлар шубҳа уйғотганди. Тўғри, текширув жараёнига қарамай, «В» сериясидан тушиб кетган клубнинг про-лига рўйхатидан ўтишига рухсат беришди.
Бироқ мавсум старти яқинлашган вақтда жамоа «бўйни»га яна инқироз «бў-йинбоғи» тушди. «Комо»да ҳаттоки, вақтинча куратор ҳам иш бошлади - Франческо ди Микеле. «Ларианилар» раҳбарияти табиийки, қарорни қабул қилмади ва апелляцион суд орқали уни бекор қилишга уринди. Ўтган йил охирида, яъни декабрда шикоятни кўриб чиқиш муддатини ортга суришди.
Бу вақтда «Комо» аукционга қўйилди. Кимошди савдо жараёнида клубга қўйилган бошланғич нарх 535 минг еврони ташкил этди. Таклиф қилинадиган минимал сумма эса 401 минг евро бўлиши айтилди. Илк савдода банкротга учраган жамоани сотиб олишни истовчи харидор топилмади. Кейинги 2та аукцион ҳам ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Ҳисоб бўйича 4-савдо 16 март куни ташкил этилди ва ниҳоят, «Комо»га харидор топилди. Акосуа Пуни Эссьен клуб учун 237 минг евро таклиф этди ва унинг соҳибасига айланди.
Зеро, бу вақтга келиб, бошланғич нарх 227 минг еврога тушганди. Айрим ОАВда ёзилишича, охирги савдода Эссьен хонимга чамаси 30 нафар даъвогар рақобат кўрсатган. Бироқ бунга ишониш қийин.
Ахир бошланғич нархга атиги 10 минг қўшилди, холос. Муҳими, мавҳумлик, азоб вақти тугади ва клуб энди хотиржам ҳолда келажак режаларини тузиши мумкин. Хусусан, янги соҳиба «Комо» мухлисларига йўллаган мурожаатида жамоани имкон қадар тезроқ «В» сериясига олиб чиқиш учун бор имкониятларни ишга солишини алоҳида таъкидлади.
Клубда нима ўзгарди?
Ҳозирча жамоа номи, холос. Эссьен хоним келишига қадар клубнинг расмий номи Calcio Como 1907 эди. Энди бу бироз ихчамлаштирилди - FC Como. Гана ОАВда эса Акосуа Пуни жамоага ўз ватандошларини чорлашга ҳаракат қилиши ҳақида хабар берилди. Гап фақат футболчилар хусусида эмас. Эссьен хоним ўз лойиҳасини амалга татбиқ этишда ганалик бизнесменлар ёрдамига таянмоқчи. Тўғри, ҳали «Комо» таркиби қайси янги ўйинчилар ҳисобига кучайтирилиши хусусида хабар йўқ. Шунингдек, бизнесменлар масаласида ҳам ҳеч нарса маълум эмас.
Пуни Эссьеннинг ўзи ким?
Майкл Эссьеннинг хотини «Твиттер»даги саҳифасида ўзи ҳақида қуйидагича маълумот берган: бизнесвумен, консультант, филантроп (хайрия ишлари билан шуғулланувчи) ва 3 нафар фарзанднинг онаси. Тўғри, «Комо»нинг янги соҳибаси ижтимоий тармоқларда 2015 йилнинг декабридан буён «кўриниш» бермаяпти, ҳисоб. Аниқроқ айтсак, онда-сонда қайсидир воқеага қисқа изоҳ ёзиш билан чекланяпти.
Эҳтимол, Акосуа эндиликда асосий ишидан бўшамаётгандир. Зеро, айни пайт эри томонидан тузилган жамғармага раҳбарлик қилмоқда. Michael Essien Foundation дастурлари Африкадаги умумий турмуш тарзини яхшилашга қаратилган. Мисол учун, ушбу жамғарма «Умид оқшоми» акцияси уюштириб, Эбола вирусига қарши курашга ўз ҳиссасини қўшди. Айни шу туфайли ҳам ОАВда Майкл Эссьеннинг Эбола вирусини орттириб олгани ҳақида хабарлар берилди, ҳатто.
Тўғри, футболчининг ўзи буни дарҳол инкор этганди. Жам-ғарма шунингдек, қуёш нуридан ҳимоя қилувчи кўзойнаклар ишлаб чиқарувчи компания билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Яъни ҳар бир сотилган маҳсулотдан маълум сумма жамғарма ҳисобига ўтказиб берилади ва тўпланган маблағ туб аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасига йўналтирилади.
Майкл Эссьен ҳам «Комо»га алоқадорми?
Бунинг эҳтимоли паст. Эссьен 14 март куни Индонезиянинг «Персиб Бандунг» клуби билан йил охиригача мўлжалланган шарномани расмийлаштирди. Осиёнинг ушбу мамлакати миллий чемпионати «баҳор-куз» тизимида ўтказилишини инобатга олсак, футболчи хотинига итальян клубини бошқаришда ёрдам бериш учун вақт ажратиши қийин. Айтганча, Италия нашрларида ёзилишича, «Персиб» хўжайини Эрик Тоҳир (у параллель равишда «Интер»ни ҳам бошқармоқда) Эссьен хонимга «Комо»ни сотиб олишда амалий ёрдам берган. Лекин бу хабар расман тасдиқлангани йўқ.
Исроил РАҲИМОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20