Қайднома

Қидирув

Интервью: Алишер Маҳмудов: «Навбаҳор»дан мураббийлар туфайли кетдим

Интервью: Алишер Маҳмудов: «Навбаҳор»дан мураббийлар туфайли кетдим

  15.04.2017 14:14
  0
  1598
Интервью: Алишер Маҳмудов: «Навбаҳор»дан мураббийлар туфайли кетдим

Ўзбекистон чемпионати олий лигасида 5-тур учрашувлари ортда қолди. Ўтган йили элитадаги ўрнини сақлаб қолган «Сўғдиёна» дастлабки 4та учрашувда бор-йўғи 3 очко жам-ғарди.

Жиззахликларнинг натижалари салбий кўриниш олишига, қайсидир маънода, қуръа­нинг омадсиз келгани ҳам сабаб бўлди. Даврон Файзиев шогирдлари кетма-кет «Бунёдкор» ва «Локомотив» клубларига қарши сафарда майдонга тушишди. Биз 5-тур учрашуви олдидан жамоанинг янги аъзоси Алишер Маҳмудовдан интервью олдик. Таъкидлаш жо-из, ушбу футболчи учун «Сўғдиёна» бегона эмас. У бир неча йил аввал Жиззах клу-би шарафини ҳимоя қилганди.

- Алишер, йил бошида «Навбаҳор»ни тарк этдингиз. Бунга нима сабаб бўлди?

- Жамоа бош мураббийи билан келиша олмадик, фикримиз бир жойдан чиқмади. Намангандан кетишимнинг асосий сабаби ҳам шу. Вазият ижобий томонга ўзгармагач, «Навбаҳор»дан кетишга қарор қилдим.

- Нима сабабдан чиқиша олмадинглар? Балки, бош мураббийга ўйин услубингиз тўғри келмагандир?

- Менимча ҳам шундай.

- Фақат шуми сабаби?

- Мураббий менга ишонч билдирмади. Охир-оқибат кетишга мажбур бўлдим.

- Шартномангиз якунига етганмиди?

- Ҳа.

- «Навбаҳор» раҳбариятининг сиздан қарзи борми?

- Йўқ. Мен билан ҳисоб-китоб ишлари тўлиқ амалга оширилган.

- Узоқ вақт «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилдингиз. Кетиш осон бўлмагандир?

- Албатта. Жамоа ва унинг мухлислари мен учун қадрдон бўлиб қолишган. Лекин бу - ҳаёт. Футболчининг қисмати шундай.

- Мавсум аввалида «Алишер «Бухоро»га ўтар экан», деган хабарлар ҳам пайдо бўлганди...

- Йўқ, бу жамоадан таклиф олмагандим. Мазкур хабар мени ҳам ҳайрон қолдирди.

- «Сўғдиёна»дан тушган таклиф сизни нимаси билан ўзига жалб қилди?

- Бу жамоада аввал ҳам ўйнаганман. Энг асосийси, менга Даврон Файзиевнинг ўзи таклиф билан чиқди. Бу инсонни ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида ҳурмат қиламан.

- Бошқа клублардан таклиф тушмадими?

- Яна иккита жамоа қизиқиш билдирди, лекин «Сўғдиёна»ни улардан устун қўйдим.

- Қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Келишув бир йилга мўлжалланган.

- Алишер, бизда асосан бир йиллик шартномалар имзоланади. Бунга муносабатингиз қандай?

- Албатта, келишув узоқроқ муддатга тузилиши тарафдориман. Шунда жамоавий ўйин шаклланади, бунинг натижасида ўша клуб кучаяди.

- Энг йирик шартномангиз қанча муддатга тузилган?

- «Пахтакор»нинг ёшлар жамоасида ўйнаб юрган кезларим 5 йиллик битимга имзо чеккандим.

- Келишув якунигача «шерлар» сафида ўйнаганмисиз?

- Йўқ. Ўша пайт «Сўғдиёна» трансфер ҳуқуқимни тўлалигича сотиб олганди.

- Орадан бир неча йил ўтиб яна шу клубга қайтдингиз. Хўш, Жиззах футболида ижобий ўзгариш кўзга ташландими?

- Албатта, бор. Янги, замонавий стадион бунёд этилди. Бу аренада Ўзбекистон кубоги финал учрашуви ўтказилди, унда барча шароитлар яратилган.

- Молиявий томондан-чи?

- Ҳозирча бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Демак, маошлар ва мукофот пуллари ўз вақтида бериляпти...

- Шундай.

- Ортда қолган тур ўйинлари ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўтказилган учрашувларда кўп очко йиғолмадик. Бунга асосий сабаб қуръанинг ноқулай келгани, деб ўйлайман. «Бунёдкор» ва «Локомотив»га қарши кетма-кет сафар учрашувларида майдонга тушдик. «Насаф» билан ҳам меҳмонда ўйнадик. Шунга қарамай, анча кучли ҳисобланган «Олмалиқ»ни мағлубиятга учратдик.

- «Бунёдкор» билан Тошкетда кечган баҳсда ёмон таассурот қолдирмадинглар...

- Ҳа, лекин барибир, тажриба ўз сўзини айтди. Улар биргина гол эвазига 3 очкони қўлга киритишди.

- «Насаф» билан учрашувда йирик ҳисобда мағлубиятга учрадинглар. Жамоангиз бунга лойиқмиди?

- Барчасига ўзимиз айбдормиз. Ҳимояда йўл қўйилган қўпол хатолар сабаб рақибга осон ғалабани тақдим этдик. «Насаф»дек кучли жамоа бундай хатоларни кечирмайди.

- Кубок баҳсларида «Орол»ни қийинчилик билан мағлуб этдинглар. Нукуслик футболчиларнинг жиддий қаршилигига дуч келдингларми?

- Худди шундай, қолаверса, ўйин пайти кучли ёмғир ёғиб турди. Бундай ҳолатда чиройли футбол намо-йиш этиб бўлмайди. Натижа биринчи ўринга чиқади. Аммо бу баҳона эмас, меҳмонлар ҳам худди шу майдонда тўп суришди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz