Лондоннинг «Арсенал» клуби бир вақтлари нафақат Англия, балки Европанинг гранд жамоалари сирасига кирар эди. Арсен Венгер эса энг ҳурматга лойиқ мураббийлардан бўлган. Аммо клубнинг ҳам, мураббийнинг ҳам шафақдек ёниб турган байроғи тобора сўнмоқда. «Арсенал» АПЛ сўнгги турида «Кристал Пэлас»дан енгилди. Аммо бу шунчаки мағлубият бўлмади. Ким билади дейсиз, балки у бутун бошли давр якунига етиб бораётганини билдирар?!
Арсен Венгер узоқ йиллар давомида «Арсенал»ни бошқариб келмоқда. Аммо ҳали бирор марта сафарда ўтказилган 4та ўйинда қаторасига мағлубиятга учрамаган эди. «Арсенал» ниҳоят, бу ишни ҳам «уддалади».
Арсен Венгер шогирдлари сафарда «Челси», «Ливерпуль» ва «Вест Бромвич»га қарши кечган ўйинларда имкониятни бой беришди. Қизиқ томони, бу баҳсларнинг барчасида 1:3 ҳисоби қайд этилди. «Кристал Пэлас»га эса бир йўла 0:3 ҳисобида ютқазиб қўя қолишди.
Аммо бу нохуш статистиканинг ҳали ҳаммаси эмас. Арсен Венгер «Арсенал» бошқаруви остида ҳали бирор марта «Кристал Пэлас»дан мағлуб бўлмаган эди. «Канонирлар» 1929 йилдан буён сафарда ўтказилган қаторасига 4та ўйинда камида 3тадан гол ўтказиб юборишмаганди. Ниҳоят, бу анъаналар ҳам барҳам топди. Мазкур ҳолатдан қандай хулоса чиқариш мумкин? «Арсенал» ва Арсен Венгернинг «муҳаббат тарихи» тобора якунига етиб бормоқда, шундайми?
Бу дунёда ҳеч бир нарса абадий эмас. Венгер экан-ку, ундан-да буюкроқ мураббийлар ҳам ишдан кетишган. Охирги мисол - Алекс Фергюсон. Шундай экан, Арсен Венгер мавсум охирида «Арсенал»дан кетадиган бўлса, асло ҳайрон қолмаймиз. Шунчаки, клуб мухлисларига алам қиладигани - Венгер бу ишни анча илгари, ҳали обрў-эътиборга эга бўлиб турганида амалга ошириши керак эди. Агар у истеъфо борасидаги қарорини пайсалга солавермай, ҳеч бўлмаса уч йил олдин кетганда ҳозир уни буткул бошқа сўзлар билан эслаб юрган бўлардик.
Футболда ўз вақтида кетиш катта аҳамият касб этади. Масалан, «Манчестер Юнайтед» мухлислари Алекс Фергюсонни ҳали узоқ йиллар эслашлари турган гап. Ҳатто, клуб яна ўзига келиб, премьер-лига ва Чемпионлар Лигасида кетма-кет ғалабаларга эришган тақдирда ҳам Фергюсоннинг ўрни ҳар доим билинади. Аммо Венгер-чи?
Ўз имкониятларини чамалай олмаслик оғир оқибатларга олиб келиши ва мисқоллаб йиғилган обрўни ботмонлаб йўқ қилиши мумкин. Халқимизда «енгилган курашга тўймас», деган гап бор. Венгернинг ўзига қўйиб берсангиз, келаси мавсум ҳам «Арсенал»ни бошқармоқчи. Қизиқ томони, бундай мураббийлар ўзимизда ҳам топилади. Ўхшатиш ножоиз бўлса ҳам айтамиз, ўтган ҳафта Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби олий лига доирасида «Қизилқум»га қарши кечган ўйинда мағлубиятга учради.
Албатта, Арсен Венгер ва Сергей Лушанни ўзаро солиштириш - бемисл даражада бўлмағур иш. Аммо уларни боғлаб турадиган муштарак бир жиҳат борлигини тан олмаслик нотўғри бўларди - ҳар иккиси ҳам бош мураббийликда қолишни истайди. Ҳатто, клуб тарихидаги энг ёмон натижаларни қайд этганда ҳам. Шундай экан, бир мартагина уларни ўзаро ўхшатсак нима қилибди?
«Бунёдкор» янги мавсум ҳисобидан биттагина ғалабага эришди, холос. У ҳам бўлса, 1-турда «Сўғдиёна»га қарши кечган ўйинда (1:0). Шундан буён ўтказилган тўртта учрашувда «Бунёдкор» очко йўқотиб келмоқда - икки дуранг ва шунча мағлубият. Бундай вақтда мураббийнинг истеъфоси ҳақида саволлар пайдо бўлиши турган гап. Аммо «қалдирғочлар» устози берган жавоб анча ғалати бўлди.
«Истеъфо бермайман. Уни вазиятни ўнглолмайдиган мураббийлар беришади. Мен эса жамоадаги вазиятни ўнглашни истайман ва бу қўлимдан келади. Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ. ОЧЛда ҳам имконият бор. Раҳбарият мени ишдан олса, бошқа гап. Лекин ўзим истеъфо бермайман. «Бунёдкор»дан ҳайдашмагунча ишлайвераман. Ариза ёзиб, кетиш - энг осони. Мен қиз бола эмасман, кетиб қоладиган».
Кўриб турибсизки, Сергей Лушан «Бунёдкор»ни тарк этмоқчи эмас. Худди Арсен Венгер «Арсенал»дан кетишни истамаганидек. Албатта, бу уларнинг ҳуқуқи. Кейинчалик ушбу мутахассислардан қандай хотира қолиши - буткул бошқа масала.
Аслини олсак, Ўзбекистонда Лушандан ташқари ҳам истеъфога муносиб бўлган мураббийлар топилади. Аммо улар бемалол, кўнгилни кенг қўйиб ишлаб юришган экан, нима учун Лушан истеъфога чиқиши лозим? Ахир ҳамма ҳам Алекс Фергюсон бўла олмайди-ку, тўғрими?
Абдуллоҳ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20