Қайднома

Қидирув

«Боруссия» Дортмунд танлаган йўл: нохуш инқироздан нурли истиқболга

«Боруссия» Дортмунд танлаган йўл: нохуш инқироздан нурли истиқболга

  16.04.2017 08:40
  0
  1712
«Боруссия» Дортмунд танлаган йўл: нохуш инқироздан нурли истиқболга

Иқтидорли футболчилар етиштириб бераётган жамоалар ҳақида туркум мақолалар тайёрлайдиган Championat.com сайти бу гал эътиборини Дортмунднинг «Боруссия»сига қаратди. Ушбу клубнинг юлдузлар фабрикасига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, уларнинг тарбияланувчилари кўпинча «Бавария» сафидан ўрин олишлари ҳам кўпчиликка маълум. Аммо дортмундликлар айнан шу масалага ечим топиш ҳаракатидалар. Хуллас, «Боруссия» Д.нинг бугунги кунда ишлари чаккимас, бироқ бундай натижаларга эришиш осон бўлмаганини таъкидлаш даркор. Зеро бир неча йиллар муқаддам жамоа жуда аянчли аҳволга тушиб қолганди.

Маблағ йўлида инқилоб

2005 йилнинг марти «Боруссия» ишқибозлари ёдига нохуш воқеалар билан муҳрланган. Берт ван Марвейк клубдаги авлодлар алмашуви жараёнини самарали амалга ошира билмади. Ян Коллернинг голлари етарли бўлмаётган, ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган жамоа мавсум якунида умуман еврокубокларсиз қолганди. Аммо энг нохуш ҳолат майдон ташқарисида кузатилди. Клуб қарзлари миқдори 100 млн. евродан ошиб кетди. Эҳтимол, бу сумма ҳозир ғалати туюлар, аммо 12 йил муқаддам футболдаги нархлар буткул бошқача бўлганини унутмаслик даркор. Навбатдаги мавсум учун тўловларни қоплаш имкони тобора камайди. Банкротлик ҳақида гап-сўзлар бошланди. Жиддий ўзгаришлар пайти келганди ва клуб ўз олдига аниқ мақсад қўйди.

Матиас Заммерга чемпионлик таркибини тузиб берган (кредит эвазига) шахслар - Михаэль Майер ҳамда Герд Нибаум клубни тарк этишди. Янги бош директор сифатида молиячи ва «Боруссия» ишқибози Ханс-Йоаким Ватцке таништирилди, президентликка Райнхард Раубалль тайинланди.

Асосий эътибор иқтисод қилишга қаратилди: айрим ўйинчилар текинга қўйиб юборилди, баъзиларнинг маоши қисқартирилди. Аввалроқ стадион сотиб юборилди... Ўша паллада клуб банкротликдан қутқариб қолинди, аммо унинг келажаги ҳамон хавф остида эди: ҳамма пул қарзлардан қутулишга сарфланди. Янги раҳбарият молиявий барқарорликни таъминлаш асосий вазифа эканини билдирди ва шу тариқа натижалар вақтинча иккинчи даражага тушиб қолди.

Ван Марвейк, Юрген Рёббер, Томас Долль. Заммер кетганидан сўнг ўтган тўрт йил ичида клуб бундеслигада 7-поғонадан юқорига кўтарилмади. Трансфер сиёсати ҳамон муайян принципга асосланганди - «бошқаларга керак бўлмаганларни сотиб олиш». Ўша паллада Morgan Stanley банки ёрдамида аста-секин қарзлар ҳам ёпилди. Бир йил ўтиб «Боруссия» мутасаддилари стадион сотиб олишди. Ниҳоят, футбол ҳақида ўйлайдиган палла етиб келаётганди.

 

Келажакка Клопп билан

Ватцке спорт директори Михаэль Цорк ва молиявий масалаларга масъул Томас Треш билан маслаҳатлашгач, таваккалга асосланган қимматбаҳо трансферлар сиёсатига қайтмасликка қарор қилди. Боз устига, банклардаги инқироз эндигина мураккаб вазиятдан чиққан лойиҳа акцияларига салбий таъсир ўтказганди. Хуллас, ихтиёридаги имкониятлар билан юқори чўққиларни забт этиб, шу маромни ушлаб туришга қодир мураббийга эҳтиёж туғилди. Танлов Юрген Клопп номзодида тўхтади: ушбу мутахассис «Майнц»ни клуб тарихида илк бор бундеслигага олиб чиқиб, кейинги икки йил мобайнида элитадаги ўрнини сақлаб қолди. Ҳаттоки, бир марта еврокубокларда қатнашишга ҳам эришди.

Клоппга аралаш таркиб насиб этди. Ҳимояда фахрий Деде, ҳужумда Александр Фрай ва клуб афсоналигига даъвогар ролида Себастьян Кель. Жамоа у қадар қиммат бўлмаган ўйинчилар ҳисобига кучайтирилди: Патрик Овомойела, Муҳаммад Зидан ҳамда Фелипе Сантана - бу учовлонга 7 млн. еврога етмаган маблағ сарфланди. Яна 4 млн. евро «Майнц» ҳимоячиси, Клоппнинг ўйин тизимига мос тушувчи футболчи Невен Суботичнинг трансферига ажратилди.

Роман Вайденфеллер ва Якуб Блашиковски асосий таркибга қайтарилди, ўринбосарлар сафидан Марсель Шмельцер чиқиб келди. Аввалроқ Нури Шаҳин худди шундай шарафга муносиб кўрилганди. Аммо бу ҳам Клопп жамоасининг сўнгги сўз эмасди, чунки ёши ўтган легионерлар сони ҳамон кўп эди. Шунга қарамай, йўналиш аниқлаб олинганди.

 

Истеъдодларни қуйидан қидириш

«Карслруэ», «Майнц», «Энерги», «Нюрнберг» - бундеслига ҳамда қуйи дивизиондаги жамоалар скаутлар кузатувида бўлишди. Бошқа немис клублари билан солиштирилганда, дортмундликларнинг сўнгги 10 йилликдаги харидини «кучсизлар сафидаги энг яхшиларни олиш», деб номлаш мумкин эди. Элитани тарк этган «Герта»дан Лукаш Пишек харид қилинди, иккинчи лигадан Свен Бендер келди. «Нюнберг»дан Илкай Гюндоган танланди. Бу трио учун 7 млн. евро тўланди. 2015 йил ёзида «Мюнхен-1860»дан 2 млн. евро эвазига Юлиан Вайгл сотиб олинди.

Ўз ўрнида, истиснолар ҳам кузатилди: клуб тарбияланувчиси Марко Ройснинг Мёнхенгладбахдан қайтарилиши 17 млн. еврога тушган бўлса, «Бавария»дан Матс Хуммельс чақирилди. Қанчалик ғалати эшитилмасин, ўша кезлари маҳоратли ҳимоячи Германия грандига керак бўлмай қолганди. Яна бир қизиқ ҳолат Кевин Гросскройц билан рўй берди: ёшлар жамоаси сафида бир йил тўп сурган футболчи ўзидан ёрқин таассурот қолдирмагач, «Рот-Вайсс»га йўл олди. Кейинги олти йилни кичик провинция клубида ўтказиб, юксак чўққиларни забт этиши мумкинлигига ишонди. Сўнгра жонажон шаҳрига қайтди.

«Боруссия» Германия ўртамиёналари ва аутсайдерларидан ташқари, Марказий ва Шарқий Европадаги нисбатан кучсизроқ турнирларга эътибор қаратди. Польшадан Блашиковски ва Левандовски олиб келинди, Бельгияда Иван Перишич топилди. Шинжи Кагава ҳақида алоҳида гапириш лозим. Уни бир нечта Европа клублари кузатишаётганди, бироқ дортмундликлар таваккалга қўл уришди ва ярим ҳимоячи Япония олий дивизионидаги дебютидан ярим йил ўтиб, «Боруссия» билан оғзаки келишувга эришди. Олти ойдан сўнг эса Германияга келди.

 

Тарбияланувчилар

2005 йил - Нури Шаҳиннинг дебюти. Кейинроқ ижара асосида бошқа клубга ўтган футболчини «Боруссия» кузатишда давом этди. Истеъдодли ярим ҳимоячи 2008|2009 йилги Клопп жамоасида асосий фигуралардан бирига айланди.

2008 йил - Марсель Шмельцернинг дебюти. У Клоппнинг илк мавсумида Деденинг ўрнини эгаллаб, кейинги йили асосий таркибда мунтазам тўп сурди.

2010 йил - Марио Гётценинг дебюти. Аниқроғи, бу воқеа аввалроқ рўй берганди, бироқ 18 ёшли йигитча 2010 йилдан эътиборан жамоада муҳим роль ўйнай бошлади. «Боруссия»га олтин медалларни тақдим этган 2010|2011 йиллар мавсумида Гётце 33та баҳсда майдонга тушди.

2013 йил - Эрик Дурмнинг дебюти. Бу футболчи «Боруссия» тарбияланувчиси эмас, аммо 18 ёшида «Майнц»­даги ажойиб ўйинларидан сўнг, дортмундликлар уни харид қилиб, иккинчи жамоа сафига жойлаштиришди. Кейинчалик асосий таркиб аъзосига айланиб, муваффақиятли мавсумни ўтказди ва шу тариқа жаҳон чемпионатига йўл олди.

2015 йил - Кристиан Пулишич ва Феликс Пасслакнинг дебюти. Феликс ҳозирча навбатчи футболчи вазифасини бажараётган бўлса, Кристиан 19 ёшида Германия чемпионати кашфиётига айланди.

Мазкур рўйхатда фақат клубда муҳим ролларни ўйнаган футболчилар номи келтириб ўтилди. Шуниси аниқки, сўнгги 11 йил мобайнида деярли ҳар бир мавсумда «Боруссия-2»дан камида бир футболчи асосий таркибга жалб этилди.

 

Мувозанат тикланди

Йоахим Ватцке Марио Гётце «Бавария»га ўтгач, Мюнхен клуби раҳбариятини ўйинчи билан келишув чоғи нотўғри муносабатда бўлганликда айблади. Левандовски текинга қўйиб юборилди, Матс Хуммельс уйи (Мюнхен)га қайтди ва шу тариқа «Боруссия» ўз етакчиларини чемпионат бош жамоаси, умуман, барча кучли клублар эътиборидан ҳимоя қилолмаётгандек тасаввур уйғонди.

Мунтазам равишда асосий ўйинчиларнинг йўқотилиши раҳбариятни ҳар қандай футболчининг йўқлигини билдирмайдиган жамоа тузишга ундади. Шаҳин, Кагава, Гюндоган ва бошқа юлдузлар кетгач, уларнинг ўрни тезда тўлдирилди, янги футболчиларнинг мослашиш жараёни ҳам кўп муддат талаб этмади. Клуб тайёр ўйинчиларни сотиб олмайди, асосий эътибор ёшларга қаратилади. Албатта, шуҳрат қозониб улгурган Генрих Мхитарян бундан мустасно, аммо арманистонлик ярим ҳимоячи Дортмундга келганида 24 ёш эди. Шундай экан, унинг сотиб олиниши ҳам келажакка умид кўзи билан қарашга ундарди.

2008 йили жамоага Юрген Клопп келганидан сўнг «Боруссия» трансферлар бўйича фақат бир марта «минус» кўрсаткич қайд этди. 2014 йили Кагава ҳамда Шаҳин ортга қайтарилди, асосий сумма эса Чиро Иммобилега сарфланди. Ҳаттоки, 2016 йил ёзида ёш иқтидорлар учун 120 млн. тўланган бўлсада, ушбу харажатлар ҳам қисман қопланди: 110 млн.лик ўйинчилар бошқа клубларга сотилди.

Клуб трансферлардан пул ишлашни ўрганмоқда. Бу асосан ўйинлар пайтида катта фойда кўришга одатланган дортмундликлар учун янги фаолият турига айланди, бироқ етакчилар кўпинча арзон нархда бошқа клубга ўтиб кетишарди. Масалан, Шаҳин ҳамда Кагавани олайлик (10 ва 16 млн. евро), Левандовски эса умуман, «Бавария»га текинга тушди. Энди буларнинг бари ортда қолди. 5 млн. еврога харид қилинган Гюндоган 27 млн. эвазига Манчестерга йўл олди. «Боруссия» учун рекорд сумма - 27 млн.га сотиб олинган Генрих Мхитарян уч йилдан сўнг 42 млн. эвазига қўйиб юборилди.

Айни пайт ёзда клубни тарк этишга биргина асосий номзод бор - Пьер-Эмерик Обамеянг. Ватцке бу футболчи билан боғлиқ вазиятда шундай деди: «Ҳа, бизда шайх ёки олигарх йўқ, аммо маблағимиз етарли. Пулга эҳтиёж сезмаяпмиз ва Обамеянгни сотишни истамаймиз».

Жорий мавсум «Боруссия»га барқарорлик етишмаяпти - жамоа жуда ёш. Аммо ушбу футболчилар билан йил сайин потенциални ошириб бориш имконияти мавжуд. Дортмунд жамоаси худди Франциянинг «Монако» клуби сингари молиявий томондан мустаҳкамликни таъминлаган, етакчиларнинг кетиши эса иқтисодий стратегия («Порту»даги каби) эмас, балки обрў ва одат масаласи («Монако»даги каби)га айланган.

Шаҳин, Кагава ҳамда Гётценинг бошқа жамоага мослаша олмай, Дортмундга қайтишлари бошқа футболчиларни кетишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга ундаши аниқ.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz