Қайднома

Қидирув

Марра Маратники (тур ўйини)

Марра Маратники (тур ўйини)

  17.04.2017 17:23
  0
  831
Марра Маратники (тур ўйини)

Олий лига 6-турининг марказий ўйини Тошкент­да олтин медаль учун асосий даъвогарлар сифатида тилга олинаётган «Локомотив» ва «Насаф» жамоалари ўртасида кечди. Унда ҳафта бошида ОЧЛ доирасидаги учрашувда тайёр ғалабани аламли тарзда қўлдан чиқаришган «темирйўлчилар» Марат Бикмаев томонидан урилган 2та гол эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучишди.

5-турдан сўнг турнир жадвалини «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор» жамоалари бошқариб турганди. Бу турда уларнинг ҳар иккиси дуранг натижа билан чекланди. Натижада 3 очко ишлаган «Локомотив» яна турнир жадвали карвонбошисига айланди. Биласиз, «темирйўлчилар» жорий чемпионат ҳисобидан илк мағлубиятни ўтган тур «Шўртан»дан қабул қилиб олишди. Аввалги тур «Насаф» учун ҳам омадсиз якунланганди: Рўзиқул Бердиев жамоаси «Олмалиқ» майдонида кичик ҳисобда енгилди. Мана, қаршиликлар 2-мағлубиятни ҳам тан олишди.

Умуман олганда, «Локо» ва «Насаф» олий лига доирасида 25-марта ўзаро тўқнаш келди. Олдинги учрашувларнинг 12тасида «Насаф» зафар қучганди. 5та ўйин эса дуранг билан якунланган. Демак, «Локомотив» ўзаро ҳисоб-китобда 8-ғалабасини нишонлади. Тўплар нисбати бў­йича «Насаф» ҳамон олдинда: 35-27. 

Энди тафсилотларга тўхталсак, меҳмонлар ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтган учрашувни анча фаол бошлашди ва бир қатор вазиятлар яратишди. Бироқ ҳисобни очиш «Локо»га насиб қилди. «Темирйўлчилар»нинг 32-дақиқада уюштирган ҳужумлари самара келтирди. Гол муалллифи - Марат Бикмаев. Ҳисоб очилгач, қаршиликлар яна олдинга ташланишди ва ҳужумлар бирида Баҳром Абдураҳимов мувозанатни тиклаш учун яхшигина имкониятга эга бўлди. Аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбаси ноаниқ чиқди.

Иккинчи бўлимнинг старт қисмида яна ўша Бикмаев ўзини кўрсатди. Маратнинг айни шу голи меҳмонларга руҳан таъсир қилди, шекилли, ўйин воқеликлари кескин ўзгарди. Умуман, учрашув шу ҳисобда якунланиши ҳам ҳеч гап эмасди. Аммо захирадан майдонга тушган Шароф Муҳиддинов финал ҳуштаги янграши арафасида «Насаф» учун юпатувчи голни юзага келтирди. У Дилшод Раҳматуллаев ошириб берган тўпни тўхтатмай, кучли зарба асносида чиройли тарзда дарвозага йўллади. Хуллас, «Локомотив» ўз очколарини 12тага етказиб, яна аввалги ўрнига қайтди - 1-поғона. «Динамо» ҳисобида ҳам айнан шунча очко бор, фақат тўплар нисбати «темирйўлчилар»да яхшироқ.

«ЛОКОМОТИВ» - «НАСАФ» - 2:1 (1:0)

15 апрель. Тошкент. 1522 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент)-9,0; А.Расулов (Тошкент)-9,0; Ж.Саидов (Тошкент)-9,0; Р.Лутфулин (Тошкент)-9,0.

Голлар: М.Бикмаев (32, 50) - Ш.Муҳиддинов (90).

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев (22. М.Бобожонов, 89), 11. С.Абдуллаев (77. Д.Туропов, 46), 15. С.Мирзаев (29. Қ.Рўзиев, 66), 17. С.Мустафоев, 20. И.Тўхтахўжаев, 33. О.Зотеев,

42. М.Коне, 99. Ж.Машарипов.

«Насаф»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков (10. Д.Раҳматуллаев, 56), 18. Б.Абдураҳимов, 20. И.Кенжабоев (14. Ш.Муҳиддинов, 55),

22. И.Голбан, 23. Ш.Аъзамов, 34. Ф.Сайфиев, 38. Д.Нарзуллаев (45. Б.Абдухолиқов, 75), 69. Д.Черан.

Огоҳлантиришлар: М.Коне (6), И.Алибоев (55) - И.Кенжабоев (27), А.Шораҳмедов (88).

Энг яхши ўйинчилар: М.Бикмаев - Б.Абдураҳимов.

Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).

Комиссар: А.Иноятов.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Бугун ўйинни фаол бошладик. Аммо қўйиб юборилган гол барчасини ўзгартириб юборди. Тажрибали жамоага қарши баҳсда ҳисобда ортда бориб, ўйнаш анча хавфли. Мана, иккинчи бўлим бошида қўпол хато ортидан иккинчи голни қабул қилдик ва вазифамиз янада қийинлашди. Мағлубиятга қарамай, йигитларга эътирозим йўқ. Улар имкон қадар ҳаракат қилишди. Лекин майдонда индивидуал маҳорат катта роль ўйнади. Бунга Бикмаевни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. «Локо» Марат каби тажрибали ўйинчилар ҳаракати эвазига ғалаба қозонди.

Биласиз, ОЧЛ баҳслари ҳар йилгидан вақтлироқ бошланди. Шу боис, жамоалар мавсумга тайёргарликни анча эрта бошлашди. Халқаро мусобақада иштирок этган клубларга қийин бўлаётгани рост. Бу баҳона эмас. Шунчаки, тақвимга кўникиш керак. Яъни барчасини ҳисобга олиб, тайёргарлик олиб бориш лозим. Ҳа, чемпионатимизда кутилмаган натижалар қайд этилиши - яхши ҳолат. Аввалги мавсумларда 6-7та турдан кейин қайсидир жамоа яққол пешқадам бўлиб оларди. Ҳозирги вазият буткул бошқача. Бизда Эркинов жароҳатланди, у Черан билан ҳамоҳанг тарзда ўйнаётганди. Афсуски, Шаҳбоз охирги ўйинларда жамоамизга ёрдам беролмаяпти.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Биринчи  бўлимда жуда суст кўриндик. Шуни ҳисобга олсак, бугунги ўйин ёқмади. Ҳа, «Истиқлол»га қарши баҳс­да  катта куч йўқотгандик, балки шунинг учун яхши ўйнолмагандирмиз. Муҳими, талаб даражасида ўйин кўрсатмаган бўлсакда, ғалабага эришдик. Боз устига, асосий рақиблардан бирини енгдик. Кахи Махарадзе айни пайт яхши спорт формасида эмас. Темур Кападзе ва Саламат Қутибоев ҳам четдалар. Хуллас, марказда йўқотишлар катта. Жароҳатланган футболчиларнинг тезроқ сафга қайтишларини кутяпмиз. Яна биз учун тақвим ҳам жуда зич. Дейлик, яна 4 кундан кейин майдонга тушишимиз керак...


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz