Қайднома

Қидирув

Легионерларимизда самара чакки эмас

Легионерларимизда самара чакки эмас

  18.04.2017 15:01
  0
  1941
Легионерларимизда самара чакки эмас

Жами 4та гол. Қатар чемпионатининг сўнгги, 26-тури ҳамюртларимиз учун омадли келди. Хусусан, икки нафар футболчимиз - Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедовни ўз сафига жамлаган «Ал-Сайлия» ўз майдонида «Ал-Вакра»ни 3:1 ҳисобида енгди. Мазкур ғалабада Темурхўжа бош ролни бажарди. Яъни «Сайлия»нинг 2та голи унинг ҳисобига ёзилди. Сардор Рашидовнинг клуби - «Ал-Жаиш» эса сафарда «Ал-Садд» билан тўқнаш келиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берли. «Жаиш»нинг ягона голига  айнан терма жамоамиз ярим ҳимоячиси муаллифлик қилди. Санжар Турсунов ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Унинг 9-дақиқада йўллаган  ажойиб зарбасидан сўнг  «Ал-Ҳурайтият» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Кейинчалик «Ал-Гарафа» дарвозаси яна бир бора ўққа тутилди. Гол муаллифи - Тиберкани. Хуллас, Турсунов жамоа­си 2:0 ҳисобида зафар қучиб, чемпионатни яхши кайфиятда якунлади.

Қатар Юлдузлар лигасининг 2016-2017 йиллар мавсумида «Лаҳвия» чемпионликни тантана қилган бўлса, ҳамюртларимиз жамоалари қуйидаги натижаларга эришди:

 «Ал-Жаиш» (Сардор Рашидов) - 4-ўрин

 «Ал-Ҳурайтият» (Санжар Турсунов) - 7-ўрин

 «Ал-Сайлия» (Темурхўжа Абдухолиқов, Санжар Шоаҳмедов) - 8-ўрин

Умуман, Сардор Рашидов чемпио­нат давомида 15та гол уриб, тўпурарлар қаторидан жой олди. Темурхўжа Абдухолиқов ҳисобида 7та гол йиғилди. Санжар Турсунов ва Санжар Шоаҳмедов эса рақиблар дарвозасини 2 мартадан ишғол қилишди.

Пешқадам олдида ожизлик. Таркибида Азиз Ҳайдаров тўп сураётган «Ал-Шабаб» БАА чемпионати 23-турида турнир жадвали пешқадами «Ал-Жазира» меҳмони бўлди. Лекин ҳамюртимиз жамоанинг бошқа легионерлари қатори мазкур ўйин қайд­номасига киритилмади. Хуллас, хорижликларсиз ўйнаган «Шабаб» етакчига муносиб қаршилик кўрсатолмай, 0:3 ҳисобида енгилди. Натижада «Ал-Жазира» ўз очколари сонини 59тага етказиб, пешқадамлик мавқеини янада мустаҳкамлади. Ҳайдаров жамоаси эса 26 очко билан 8-поғонада бормоқда.

Хитойдагилар «дам» олишди. Хитой супер-лигаси 5-турида бирор вакилимиз майдонга тушмади. Легио­нерларимиз жамоалари натижаларига тўхталсак, «Пекин Гуоан» сафарда «Шандон Луненг»га қарши баҳс олиб бориб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Энг ачинарлиси, пекинликлар сафидаги Егор Кримец жорий мавсум ҳали бирор ўйинда иштирок этгани йўқ. Мағлубиятга қарамай, 7 очкога эга «Пекин Гуоан» 8-ўринда қолди.Португалиялик Андре Виллаш-Боаш эса «Шанхай СИПГ»нинг сафарда «Тянжин Куанжин»га қарши ўйинида Одил Аҳмедов хизматига эҳтиёж сезмади. 1:1 ҳисоби қайд этилган учрашувдан сўнг «СИПГ»­нинг очколари сони 10тага етди ва у турнир жадвалининг 4-поғонасига тушди.«Чанчун Ятаи» ҳимоячиси Анзур Исмоилов ҳам бу сафар ўйин амалиётисиз қолди. Ҳамюртимизсиз майдонга тушган «Ятаи» гарчи ўз майдонида ўйнаган бўлсада, «Шанхай Шенхуа» олдидан ожиз қолди - 2:3. Жамоа 5та турда атиги 1 очко олди ва турнир жадвалининг сўнгги поғонасини банд этиб турибди.

Жепаров анча фаол. Эрон чемпио­натида 27-тур учрашувлари ортда қолди. Таркибида Сервер Жепаров тўп сураётган «Сепаҳон» бу сафар «Фулад Гостареш»ни қабул қилиб, ягона гол эвазига 3 очко ишлади. Терма жамоамиз вакили мазкур натижага тўлиқ 90 дақиқа давомидаги фаол ҳаракатлари билан ҳисса қўшди. Ғалабадан сўнг «Сепаҳон» 4-ўринга кўтарилиб олди. Унинг ҳисобида 39 очко бор.

Атиги 8-10 дақиқа. Баҳодир Пардаевнинг янги клуби -  «Бучеон 1995»  Жанубий Корея биринчи дивизиони навбатдаги турида «Нежон Ситизен»ни қабул қилиб, 1:1 ҳисоби билан чекланди. Ҳамюртимиз учрашувнинг 82-дақиқасида захирадан майдонга тушди. «Бучеон» айни пайт 13 очкога эга ва мусобақа жадвалининг 4-ўрнида бормоқда.

Мусаев қаҳрамонлардан бири. «Жубило Ивата» клуби Япония J-лигаси 7-турида ҳамюртимиз Фозил Мусаев ёрдамида ўзига хос ирода кўрсатди. Аниқроқ айтсак, «Саган Тосу»ни қабул қилган жамоа 88-дақиқада ўз дарвозасидан гол қўйиб юборди - 0:1. Эътиборлиси, «Ивата» қолган 3-4 дақиқа ичида ҳисобни нафақат тенглаштирди, балки ғалаба голини уришга ҳам куч топди. Диққатга сазовор томони, ҳал қилувчи гол айнан Фозил Мусаев ҳисобига ёзилди. Ушбу иродали натижадан сўнг «Ивата» 10 очко билан 8-ўринга чиқиб олди.

Тўраев йўқлиги билинди. Малайзия премьер-лигаси 10-тури Лутфулла Тўраевнинг жамоаси - «Теренггану» учун омадсиз тугади. Ҳамюртимиз иштирок этмаган сафар ўйини клубнинг 0:4 ҳисобидаги мағлубияти билан хотима топди. Яъни мезбон «Паханг» вакиллари Тўраев жамоадошларига заррача имконият қолдиришмади.

2-турда «сукут». Қирғизистон топ-лигаси 2-тури якунланди. Ҳам­юртимиз Алишер Азизовнинг клуби -  «Дордой» бу сафар «Олой» майдонида дурангга рози бўлди - 1:1. Илк турда «дубл»га эришган легионеримиз яна бошланғич таркибда майдонга тушиб, тўлиқ вақт ҳаракатланди, бироқ унга гол уриш насиб этмади.

Россия биринчи дивизионида нима гап? Вагиз Галилулин ва Бобур Давлатов айни пайт Россия биринчи дивизиони жамоаларида тўп суришмоқда. Мусобақанинг 31-турида «Нефтехимик» (Давлатов жамоаси) ўз майдонида «Луч-Энергия» билан муроса кўчасини танлади - 1:1. Вагиз Галиулин эса «Тосно» таркибида «Волгар»га қарши учрашувда 0:1 ҳисобидаги мағлубият аламини тотиб кўрди. У 79-дақиқада майдонга тушди ва жамоаси охирги паллада гол қўйиб юборди.

Саломов гол муаллифи. «Ордабаси» Қозоғистон чемпионати 6-турида «Қайсар»ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратди. Шимкент жамоа­си таркибидаги Александр Гейнрих мазкур ўйиннинг 84-дақиқасида майдонга тушди. «Атирау» эса Шавкат Саломовнинг голи ёрдамида «Шахтёр» билан дуранг ўйнади - 3:3. Ҳамюртимиз 28-дақиқада жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилди.Ҳафта охирида эса «Ордабаси» 7-тур доирасида «Қайрат» меҳмони бўлиб, ортга оғриқли мағлубият билан қайтди - 0:3. Бу сафар Гейнрих 71-дақиқадан бошлаб, ҳаракатланди. «Атирау»нинг бу турдаги ўйини эса қолдирилди.

«Т-Тим» дуранг билан чекланди. Икки нафар ҳамюртимиз - Фарҳод Тожиев ва Дилшод Шарофутдиновни ўз таркибига қўшиб олган «Т-Тим» жамоаси Малайзия супер-лигаси навбатдаги турида «Перак» меҳмони бўлди. Эътиборлиси, Дилшод 49-дақиқада «Т-Тим»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди, аммо жамоа якунда пенальтидан урилган гол туфайли ғалабани қўлдан чиқарди - 2:2. Жавлон Гусейнов эса  «Чаинат Хорн­билл»нинг ютуқларига ҳисса қўшмоқда. У Таиланд биринчи лигаси 10-тури доирасида «Краби»га қарши кечган ўйинда ҳам тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди ва жамоаси 4:1 ҳисобида устун келди. «Чаинат Хорнбилл» айни пайт турнир жадвалининг 2-ўрнида бормоқда.

Иккисида ҳам ижобий ҳолат. Россия премьер-лигасидаги вакилларимиз ўтган ҳафта ғалаба нашидасини суришди. «Оренбург» аъзоси Вадим Афонин «Терек»нинг 2:1 ҳисобида доғда қолдирилишида 90 дақиқалик  ҳаракати билан қатнашган бўлса, Виталий Денисов «Локомотив» сафида Тулада 3:0 кўринишидаги ютуқни тантана қилди. Яъни терма жамоамиз ҳимоячиси «Арсенал»­га қарши баҳсда тўлиқ вақт тўп сурди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz