Қайднома

Қидирув

Тони Кроос: Зидан ҳамиша ёрдамга тайёр

Тони Кроос: Зидан ҳамиша ёрдамга тайёр

  19.04.2017 03:01
  0
  1473
Тони Кроос: Зидан ҳамиша ёрдамга тайёр

Мадриднинг «Реал» жамоаси ярим ҳимоячиси Тони Кроос УЕФА расмий сайтига интервью берди. Мазкур суҳбат испанияликларнинг «Бавария»га қарши ўйинидан олдин уюштирилди. Хабарингиз бор, Кроос «Қироллик клуби» аъзосига айланишдан олдин айнан мюнхенликлар шарафини ҳимоя қилган.

- Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Бавария»га қарши ўйнайсизлар. Сиз учун бу ўйин қандай аҳамиятга эга?

- Мюнхенда узоқ йиллар фаолият олиб бордим ва жамоадаги футболчиларнинг кўпчилигини яхши биламан. Шу боис ҳам мазкур баҳс арафасида алоҳида ҳиссиётлар йўқ. Умуман олганда, «Бавария»нинг ўйинларини кузатиб бораман, аммо ўзимизнинг тақвим тиғиз бўлгани учун бунга ҳар доим ҳам имкон топиш қийин. ЕЧЛ чорак финалидаги муҳим баҳсларни интизорлик билан кутяпмиз. Олдинда бизни иккита фантастик ўйин кутиб турибди.

- «Бавария»нинг қайси футболчилари билан яқин муносабатдасиз?

- Германия термасидаги шерикларим Ману (Мануэль Нойер) ва Томас (Мюллер) билан кўпроқ мулоқот қиламан.

- «Реал»га ўтганингиздан сўнг футболчи ва шахс сифатида қанчалик ўсдингиз?

- Менга янги чақирувлар ёқади. Мюнхендаги тўрт-беш йиллик фаолиятимдан сўнг «Реал»га ўтиш ҳақиқий синов бўлди. Профессионаллик ва ички муҳит нуқтаи назаридан бу ерда талаб ўта юқори. «Реал»га ўтганимга деярли уч йил бўлди. Ўйлайманки, ўшанда жамоа таклифини қабул қилиб адашмаганман.

- Ўсишингизда Зиданнинг ўрни қандай? Унинг мураббийлик фаолиятига баҳо берсангиз...

- Муносабатларимиз жуда яхши. Мураббийлар футболчилар учун ҳамиша муҳим ўрин тутишади. Унинг жамоага таъсири катта бўлди. Бошқарувни қабул қилиб олганидан сўнг бизни тўғри йўлга солди. Аввалгидан кучлироқ ўйин кўрсата бошладик. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган мавсум Чемпионлар Лигасида зафар қучдик. Айни пайт ҳар икки фронтда ишларимиз кўнгилдагидек кетмоқда. Ушбу муваффақиятларда Зиданнинг ҳиссаси бор. У билан ишлаш ёқади. Қарашларимиз бир-бирига мос, ҳозирги мураббийимиз қўл остида ўзимни жамоанинг муҳим ўйинчиларидан бири ҳисобламоқдаман.

- Зидан ҳам ярим ҳимояда ўйнаган. У сизга амплуангиз борасида қандай маслаҳатлар беради?

- Ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тавсияларини аямайди. Учрашув пайтида қийин вазиятдан чиқиб кетишимиз учун унда бир нечта ғоялар бўлади. Зидан ҳамиша инсонларга ёрдам беришни истайди. У каби буюк профессионалларнинг маслаҳатларини тинглаш фойдали, деб ҳисоблайман.

- Сизнингча, «Реал»даги босим «Бавария»дагидан кўпроқми?

- Иккисида ҳам бир хил: ҳар қандай вазиятда ғалаба кутишади. Сиз шунга яраша ҳаракат қиласиз. Бевосита «Реал»даги ҳолат ҳақида гапирадиган бўлсам, бошқа клублар юқори савияда ўйнашган пайтлари босим Мюнхендагидан ҳам кучайиб кетади. Испанияда мухлислар жамоага анча яқинлар. Менинг позициям клубникига мос тушади: барча турнирларда ғолиб чиқишни хоҳлайман. Бу истак эса футболчи тушадиган босимдан ҳам кучлироқ.

- Чемпионлар Лигаси нимаси билан қизиқ?

- Бу турнирда ғолиб чиқиш жуда қийин. Футбол борасида Европага тенг келадигани йўқ. Мусобақада қитъанинг энг яхши клублари иштирок этишади. Мен учун улар жаҳоннинг тенгсиз жамоаларидир.

Акмалхон Эшонхонов тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz