Қайднома

Қидирув

«Кичик»да «катта»дек, «катта»да «кўринмас»

«Кичик»да «катта»дек, «катта»да «кўринмас»

  19.04.2017 00:18
  0
  1235
«Кичик»да «катта»дек, «катта»да «кўринмас»

Вилфрид Заа - АПЛнинг янги юлдузларидан бири. Мухлисларга тўла «Стэмфорд Бриж»да мафтункор хатти-ҳаракатлар, ажиб тезлик ва нодир дриблинглар, қисқаси, қиёси йўқдек фусункор ўйин намойиш этиб, пешқадам - «Челси»нинг мағрур футболчиларини бош эгишга мажбур қилган «нотаниш» йигит «Кристал Пэлас»да бош ролга чиқмоқчи. Бу ҳужумчи «кўклар»ни пайдар-пай финтлари билан қийнаб қўйишидан олдинроқ Россия ва Кот-д`Ивуар терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинида Игорь Акинфеев дарвозасига ўта жозибали гол уриб, Краснодардаги стадионга йиғилган мухлисларни бағоят «қувонтирганди». Яъни чаққон Заа россиялик ҳимоячилар орасидан ҳайратланарли енгиллик билан ўтиб кетиб, дарвозабонни ҳам нозик ҳаракат ёрдамида ожиз қолдирди. Эндиликда африкалик ҳужумчи бир қатор гранд клублар эътиборида турибди. Ҳарқалай, «Тоттенхэм» ва «РБ Лейпциг»нинг уни ўз сафига қўшиб олиш ҳаракатини бошлагани ҳақида хабарлар йўқ эмас. Англия миллий жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт эса афсусда. Ахир инглизлар Заага вақтида эътибор беришмади ва у Африка жамоаси либосида майдонга тушишга улгурди...

Айтишларича, Вилфриднинг ўзи Англия терма жамоасида тўп суришга мойил эди, бироқ... Футболчи бу борада шундай дейди: «Очиғи, инглизлардан таклиф ва қўнғироқ кутавериб зерикдим. Бу орада авлодларим юрти футбол мутасаддилари мени фаоллик билан ўз жамоаларига чорлашдан чарчамадилар. Хуллас, якунда бу таклифни мамнуният ила қабул қилишдан ўзга чорам қолмади». Гарет Саутгейт ҳам чорасиз - у эндиликда эътиборсизликни оқлаш мақсадида айбни Заа зиммасига ағдармоқда: «Англия миллий жамоаси сафида тўп суришга йигитчанинг юраги шунчаки, дов бермади...». Аслида ҳужумчи 4 йил аввал «уч шерлар» таркибига жалб этилганди, бироқ 2тагина ўртоқлик учрашувидан кейин эътибордан четда қолди. Қолаверса, «МЮ» мураббийлар штаби ҳам уни яроқсиз футболчилар сафига қўшиб қўйганди. Ҳозирчи? Вилфрид - АПЛдаги энг сара дриблингчилардан бири ва суратлари доимий равишда газета ва журналлар муқовасини безамоқда.

Вилфрид Африкада туғилган ва 4 ёшлик пайти унинг оиласи Англияга кўчиб ўтган. Болакай 10 ёшлигидан «Кристал Пэлас» мактабида «цирк»чилик маҳоратига сайқал бера бошлади. Демакки, «бургутлар» жамоаси чин маънода унинг учун қадрдон саналади. Шу сабабми, Заа айниқса, «Селхерст Парк» стадиони майдонида ўзини эркин ҳис қилади ва бор маҳоратини тўла-тўкис намойиш этади. Умуман олганда, ҳужумчи учун ақл бовар қилмас «трюк»лар чўт эмас. Аммо шуниси борки, Заа «Пэлас»га қайтишдан олдин салоҳиятини «МЮ» ҳамда «Кардифф Сити» клубларида синаб кўрган бўлсада, на униси ва бунисида ноёб истеъдодини ишга сола олди. Лекин «Кристал Пэлас»да ҳаммаси бошқача - жамоа мухлислари африкаликларга хос жозиба, чаққонликни айнан Вилфрид Заа ижросида томоша қилмоқдалар. Хусусан, Янник Болази кетганидан кейин ивуарлик ҳужумчи жамоа таркибидаги бош «афсунгар» мақомини олди.

Келинг, энди дриблинг устасининг Манчестердаги фаолиятига бирров назар солайлик: Заанинг «қизил иблислар» тўдасидаги ҳаёти бир маромда кечмади. У жамоа сафига 2013 йили қўшилиб, мавсумолди тайёргарлик доирасидаги ўйинларда мунтазам майдонга тушди, ҳаттоки, гол муаллифига ҳам айланди.  Хуллас, Заа янги жамоада бошланган ҳаётидан мамнун эди: «Ҳаммаси жуда ажо-йиб! Ўйиннинг охирги дақиқаларида бўлса ҳамки, гол уришга муваффақ бўлдим. Бундан ташқари, Рио Фердинанд ва Райан Гиггздек номдор юлдузлар билан ёнма-ён тўп сурдим. Улар доимо мени қўллаб, илҳомлантириб туришди. Натижада ўзимни «МЮ»нинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис эта бошладим».

Лекин ҳужумчининг қувончи узоққа чўзилмади - мавсум бошландики, ўша вақтдаги бош мураббий Дэвид Мойес уни бутунлай унутиб қўйди. Оқибатда мавсум арафасида кузатилган ишончли ўйинлар ортидан юзага келган олам-олам орзулар саробга айланди. Хуллас, Вил-фрид «Орзулар театри»нинг асосий таркиби эмас, захира ўриндиғидан жой олди. Бу мақом айримлар учун анча жарангдор ва ҳашаматли саналсада, Заани умуман қониқтирмасди. Аслида жамоа сэр Алекс истеъфосидан кейин ўзини тиклай олма-ётганди. Вилфрид эса Фергюсон аралашувисиз амалга оширилган дастлабки харид эди. Афсонавий мураббий ўрнини эгаллаган вориснинг лаёқати гранд жамоани рисоладагидек бошқариш учун етарли бўлмади. Вилфриднинг айтишича, Мойес ҳаддан ташқари эҳтиёткор мутахассис экан: «Очиғи, мураббий мўлжаллаган футболчилар қаторидан жой олмасанг, бунга қарши ҳеч нарса қилолмайсан. Мойеснинг жамоа учун танлаган услубида менга ўрин йўқ эди. У ўта кучли босим остида қолгани боис, хато қилишдан чўчирди. Яъни бунга ҳаққи йўқ эди. Тўғри, уни айблаш учун ҳеч қандай асосим йўқ. Мураббий ўз зиммасидаги вазифаларни имкон борича сифатлироқ адо этишга интиларди. Аммо мустақил қарорлар қабул қилишда роса иккилангани ҳам айни ҳақиқат...».

Иқтидорли дебютантнинг захира ўриндиғига «михланиб» қолишига жамоатчилик асло бепарво қарамади. Хусусан, ҳар ерда ҳозиру-нозир туришга одатланган инглиз матбуоти ўз ўқувчиларини «теша тегмаган» шов-шувли хабарлар серияси билан таништиришга ошиқди. Ҳаммаси шу даражага етдики, Дэвид Мойес африкалик шогирдини шахсий уйида 19 ёшли қизи билан кўриб қолгани ҳақида гап тарқалди, бу борада мақола ҳам юзага келди. Эмишки, айни шу воқеадан кейин мураббий Заани таркибдан бутунлай йироқлаштирган... Табиийки, футболчи ўзи ва Мойеснинг қизи ҳақида урчиган гапларни қатъиян инкор этди: «Йўқ, Мойес қизини ҳаттоки, бирор марта кўрган ҳам эмасман Бу қандайдир бемаънилик». Заанинг нечоғли ҳақлиги номаълум. Аммо унинг «Олд Траффорд»да лоақал бир марта ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятига эга бўлмагани - соф ҳақиқат.

Мойес ўрнини эгаллаган Луи ван Гал илк чиқишларидаёқ африкалик ҳужумчига имкон беришини алоҳида таъкидлади. Аммо голландиялик мутахассиснинг ваъдаси ваъдалигича қолди. Натижада Заа ўта мураккаб вазият юзага келганидан ниҳоят сиқилди: «Ҳа, атрофимдаги воқеалар сабаб, тушкун кайфият ва ишончсизликдан роса қийналдим. Ҳаттоки, Англия терма жамоаси таркибида беқиёс тажриба тўплаганим ҳам наф бермади. Яъни чемпионат баҳсларида майдонга туширишмади, барибир. Кейин ҳаммаси камлик қилганидек, ўта бемаъни миш-мишлар тарқалди. Ахир ҳеч қандай сабабсиз ўйинлардан четда қолаётгандим. Шу орада шаънимга турли бўлмағур ҳақоратлар ёғила бошлаганига нима дейсиз? Ҳаммаси шунга олиб келдики, «МЮ» таркибида бош-қа ҳеч қачон ўйнамасликка қарор қилдим».

«Кардифф Сити» сафари ҳам муваффақиятсизлик билан якунлангач, Заа «Кристал Пэлас»га қайтиш энг тўғри йўл эканлигини тушуниб етди. Ўз навбатида, қадрдон жамоаси унга ҳеч иккиланмай дарҳол асосий таркибдан жой ажратди. Тўғри, ҳужумчи жорий мавсумга келибгина юқори маҳсулдорликни намойиш эта бошлади. Статистик рақамлар асносида айтсак, Вилфрид Англия чемпионати доирасида 30 марта майдонга тушиб, сўнгги 3 мавсумдаги натижалари йиғиндисидан кўра, кўпроқ самарали узатмани амалга оширди. Голлари сони эса аввалги 4та мавсумдагисидан ҳам ошиб кетди. Эътиборни тортадиган факт: ҳужумчи ойлик иш ҳақининг 10 фоизини онасининг қатъий назорати остида хайрия тадбирларига йўналтирмоқда. Муҳими, Заа мухлисларни мафтункор дриблинглари билан сийламоқда. Ҳаттоки, машғулотларда ҳам «цирк»чилик ҳунаридан ти-йилмаяпти. Айтишларича, Вилфрид ёшлигидан шундай чаққон ҳаракатлари билан ажралиб турган. Фақат яшил майдон эмас, балки рэп ишқибозлари қаршисида. «Ўсмирлик чоғи «хип-хоп»га меҳр қўйгандим. Аммо ҳар қанча уринсамда, тез ўқиш борасида Эминемга тенглашолмасдим. Аслида рэп ўқиш бўйича қобилиятим билан алоҳида мақтанолмайман. Шу сабабли, бу машғулотни чинакам усталарига қолдириб, футболга ошно тутиндим»,-дейди Заа.

Назарий жиҳатдан олганда, «Пэлас» чемпионшипга тушиб кетиш хавфидан батамом халос бўлганича йўқ. Лекин охирги учрашувларда анчагина очко жамғаргани ва Заа каби футболчиларнинг сермаҳсул ўйинларини назарда тутсак, жамоа нафақат элитадаги ўрнини сақлаб қолиши мумкин, балки жадвалнинг юқори 10талигидан жой олиши ҳам ҳеч гап эмас. Зеро, «Арсенал»дек жиддий рақибни йирик (3:0) ҳисобда тор-мор этган клубнинг қолган учрашувларни ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказишига монеълик қиладиган омиллар кўзга кўринмаяпти. Бевосита Вил-фрид Заага келсак, мавсум якунида унинг фаолиятида туб ўзгариш юз бериши эҳтимоли катта. Энг асосийси, ҳужумчи бу сафар ўзи учун муносиб, дейлик, маҳоратини «Пэлас»дек қадрлайдиган топ-клуб танласа, бас. Акс ҳолда, яна «кичик»да каттаю, «катта» клубда «кўринмас» бўлиб қолаверади...

УМУМИЙ МАЪЛУМОТ

Тўлиқ исм-шарифи: Дазе Вилфрид Армель Заа

Туғилган санаси ва манзили: 1992 йил 10 ноябрь (24 ёш);  Абиджан (Кот-д`Ивуар)

Фуқаролиги: Англия|Кот-д`Иву-ар

Бўйи: 180 см.; вазни: 66 кг.

Позиция бўйича: қанот ярим ҳимоячиси|ҳужумчи

Клуби: «Кристал Пэлас»

Рақами: 11

Фаолияти: 2002-2010 - «Кристал Пэлас» (ёшлар тизими); 2010-2013 - «Кристал Пэлас» (110та ўйин, 12та гол); 2013-2015 - «Манчестер Юнайтед» (2та ўйин); 2013 - «Кристал Пэлас» (16та ўйин, 1та гол); 2014 - «Кардифф Сити» (12та ўйин); 2014-... - «Кристал Пэлас»

Факт. Вилфрид Заа Ангиянинг U-19 (2011 йили 2та ўйин), U-21 (2012-2013 йилларда 13та ўйин ва 1та гол) ва миллий (2012-2013 йилларда 2та ўйин) терма жамоалари сафида майдонга тушган. 2017 йили эса Кот-д`Иву-ар терма жамоада ўйнашга қарор қилди ва ҳозиргача 6та учрашувда 2та гол урди.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz