Қайднома

Қидирув

Александр Пискарев: Миржалол Қосимов болалигидан стандарт вазиятларни қойилмақом даражада бажарарди

Александр Пискарев: Миржалол Қосимов болалигидан стандарт вазиятларни қойилмақом даражада бажарарди

  19.04.2017 23:08
  0
  2608
Александр Пискарев: Миржалол Қосимов болалигидан стандарт вазиятларни қойилмақом даражада бажарарди

«Спартак»нинг энг яхши тўпурарларидан бири, мураббийлик фаолиятида собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасини бошқариб, 1987 йили жаҳон чемпионатида ғалабани таъминлаган Александр Пискарев яқинда россиялик ҳамкасбларимизга интервью берди. У суҳбат жараёнида ўз жамоасида катта роль бажарган миллий футболимиз афсонаси Миржалол Қосимов ижросидаги ўйинларни ҳам эсга олди, албатта. Маълумот ўрнида айтиш керак, Пискарев ўтган асрнинг 70-йилларида қаторасига 2 йил «Спартак»да бош тўпурар мақомини олган. Умуман, у клуб учун 41та гол урган. Бу айтайлик, Дзюба ва Рейнгольд кўрсаткичидан яхши, Промеснинг бу натижани такрорлаши учун эса яна битта гол керак. Александр Михайлович «Спартак»дан кетгач, деярли 15 йил давомида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларини бошқарган.

- Айтингчи, сизда ўсмирлар терма жамоасини бошқариш варианти қандай юзага келганди?

- Мураббийлар Олий мактаби директори Варюшин ўсмирлар жамоасига мени ва  Гершковични тавсия қилган. Аммо эшитишим бўйича айт­сам, Михаил Даниловични миллати туфайли лавозимга қўйишмаган. Албатта, бу соф  аҳмоқлик. Хуллас, 1967 йилда туғилган болалардан иборат терма жамоани менга топширишди. Ихтиёримда Коливанов, Корнеев ва Добровольский каби йигитлар бор бўлиб, яхшигина жамоа шакл­ланганди. Лекин ушбу термани Анатолий Бишовец мендан олиб қўйганди...

- Қанақасига?

- Билишимча, у раҳбарларга бевосита мурожаат этиб, ўша жамоани беришларини сўраган. Зеро, Бишовец раҳбарият билан бемалол гаплашарди. Аслида ўша вақт 1966 йили туғилганлардан тузилган жамоани шуғуллантирарди. Қисқаси, у икки жамоани бирлаштирмоқчи эканлигини айтган. Эсимда, федерация раҳбари Колосков ўшанда менга шундай деганди: «Бишовец сени ўзига ёрдамчи қилиб олмоқчи. Гаплашиб кўр».

- Пеленинг шахсан ўзи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати-87 тўпурари бўлган Юрий Никифоровни дунёдаги энг иқтидорли ёш футболчи сифатида таърифлаганди...

- Юранинг тарихи ўзига хос қизиқ. Аслида уни менга аввалроқ тавсия қилишганди. Бироқ украиналик селекционер Котельников «Кўрганман, ўша Никифоровни. Унда ҳеч нима йўқ», дея шаштимни пасайтирган. Зеро, Юра яхши иқтидорлар чиқадиган интернат эмас, балки Одессадаги оддий футбол мактабида шуғулланарли. Табиийки, бундай мактаблардан терма жамоага чиқишнинг иложи йўқ эди. Шунга қарамай, уни кўрикка таклиф қилдик ва ҳаракатларини кўриб, қойил қолдик. Натижада Никифоров 1987 йилги жаҳон ва Европа чемпионатларининг 11та ўйинида қатнашиб, 10та гол урганди.

- Чемпион жамоа­нинг яна бир етакчиси - Миржалол Қосимовни қандай топгансиз?

- Уни Воронеждаги турнирда кўриб қолганмиз. Эътиборли томони, Жалол болалигидан жарима зарбалари, умуман, стандарт вазиятларни қойилмақом даражада бажарарди. Эсимда, жаҳон чемпионати ярим финалида Кот-д`Ивуар термасига қарши ўйинимиз анча шиддатли кечганди. Қосимов ўша учрашувда бурчак зарбасидан бевосита гол урганди.

Ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ-87да ғолиб чиққан собиқ иттифоқ терма жамоасига айнан Миржалол Қосимов сардорлик қилган ва якунда жаҳон кубоги ҳамда «Ҳалол ўйин учун» совринини ФИФАнинг ўша вақтдаги президенти Жоао Авеланж, вице-президенти Гарри Кигана ҳамда Пеледан қабул қилиб олган. Ҳамюртимиз Канада мезбонлик қилган ўша турнир доирасидаги 6та ўйин (Нигерия -1:1, Мексика - 7:0, Боливия - 4:2, Франция -3:2, Кот-д`Ивуар - 5:1 ва яна Нигерия - 1:1, пен. серияси - 3:1)да ҳам тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракатланиб, ярим финалда Кот-д`ивуарлик дарвозабонни 2 марта доғда қолдирган.

Финал

Собиқ иттифоқ - Нигерия - 1:1

Пенальтилар бўйича - 3:1

Голлар: Никифоров - Фетуга.

Собиқ иттифоқ: Окрошидзе, Асадов, Мокрицкий, Беженар, Мороз, Матвеев, Високос (Қодиров, 41), Мушинка, Никифоров, Қосимов (сардор), Арутюнян (Русин, 47).

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz