Қайднома

Қидирув

Дани Алвеш: «Тите фалсафаси термамизни қутқарди»

Дани Алвеш: «Тите фалсафаси термамизни қутқарди»

  21.04.2017 03:22
  0
  850
Дани Алвеш: «Тите фалсафаси термамизни қутқарди»

Бразилия термаси сўнгги йиллардаги энг ёрқин дамларни ўтказмоқда. Дастлаб келгуси йили Россияда бўлиб ўтадиган мундиаль йўлланмасини нақд қилган «селесао» кўп ўтмай жаҳон рейтингида пешқадамга айланиб олди. «Ювентус» клубининг ўнг қанот ҳимоячиси Дани Алвеш - Тите бошчилигидаги жамоанинг энг тажрибали футболчиси ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, у 33 ёшида ҳам бош мураббий ғояларини майдонда намоён этиш чоғида фаоллик кўрсатмоқда. Яқинда Fifa.com сайти Дани Алвеш билан суҳбатлашиб, асосан, терма жамоа билан боғлиқ саволларга жавоб олди.

- Дани, Бразилия термасининг Тите келганидан сўнг эришган муваффақиятлари ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, барча мамнун. Аслида, Титедан аввал ҳам жамоамиз ёмон эмасди, ҳозир ҳам ўта ноёб, дея олмайман. Футболчилар аввал қандай бўлса, шундайлигича қолган, мураббийлик борасида ўзгаришлар кузатилганига қарамай, бизнинг майдондаги вазифамиз аввалгидек кўринишга эга. Ҳозир гувоҳи бўлаётганингиз футболда учраб турадиган ҳолат: натижалар ёмонлашганда, концепция алмашуви руҳий босимни бироз камайтиради. Бразилия термасида айнан шундай вазият кузатилди. Хуллас, янги бош мураббий фалсафаси жамоамизни қутқарди.

- Ўзгаришнинг асл моҳияти нимада?

- Менимча, фарқ шундаки, Титенинг ғоялари бизга тушунарлироқ. Айнан шу жиҳат кескин ўзгаришларга сабаб бўлди. Бироқ биз сабр қилишни ўрганишимиз даркор. Фақат маълум муддат ўтгачгина устунлигимизни тасдиқлашимиз мумкин ва шу тариқа янада юқорироқ мақсадларни кўзлаймиз. Мундиалга чиқиш вазифасини уддаладик, эндиликда ҳозирги ўйинимизни йўқотмаслигимиз, эришган ютуқлар билан чекланиб қолмаслигимиз шарт. Мувозанатни бир хилда ушлаб, доимий таркибни аниқлашимиз керак. Шундагина ижобий натижалар билан мухлисларимизни қувонтиришда давом этамиз.

- Аввалги саралаш баҳсларида ҳам Бразилия термаси мундиал бошланишига бир йил қолганда, энг юқори ўринларни эгаллаган. 2009 ва 2013 йилги Конфередациялар кубогида зафар қучган. Аммо жаҳон чемпионатида омад «селесао»дан юз ўгирган. Бу гал ҳам шундай «фальстарт» такрорланмаслиги учун нима қилиш мумкин?

- Дарҳақиқат, ўша пайтлари жамоамиз иштироки кўпчиликка умид бағишлаган, аммо якунда ишонч оқланмаганди. Бу сафар Конфедерациялар кубогида қатнашмаймиз, лекин ўтмишдаги хатолардан тегишли сабоқ олдик. Ҳозирги пайтдаги вазифамиз - саралашнинг қолган ўйинларида ҳам ижобий натижалар қайд этиб, мундиалга юқори спорт формасида етиб бориш.

- ЖЧ-2018 саралашининг дастлабки учрашувларига назар ташласак, ўшанда Бразилия термасига ишонч етишмаётгандек туюлганди. Энди эса жамоа етакчига айланиб олди. Аксинча, аргентиналиклар яхши старт олишганига қарамай, ҳозирда қийин аҳволга тушиб қолишди. Бунга нима сабаб бўляпти, деб ўйлайсиз?

- Мазкур ҳолатда Жанубий Америкадаги рақобатчиликнинг юксак даражада эканини кўряпман. Ўйлашимча, бошқа конфедерацияларда бунақаси кузатилмайди. Табиийки, айни вазиятда қўшимча мураккабликлар вужудга келади. Боливия, Эквадор, Венесуэлага сафар уюштириш керак... Ноқулай шарт-шароит, меҳмондўстлик масаласи ҳам кўнгилдагидек эмас. Умуман, бу одатий ҳол, аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ҳамиша ҳар нарсага тайёр туриш лозим, баҳоналарга ўрин йўқ. Саралаш баҳслари - футболдаги чиниқишнинг ўзига хос синови.

- Нима деб ўйлайсиз, Лионель Месси ва унинг шериклари якунда Россияда ўтадиган ЖЧ йўлланмасини қўлга кирита олишармикан?

- Аргентина термаси аввалги даражасига қайтиб, албатта, мундиалда қатнашади. Мазкур жамоанинг ўз анъаналари бор, бу эса кўп нарсадан далолат беради. Таркибида кучли футболчилар бисёр. Уларсиз мундиални тасаввур қилиш қийин. Айниқса, Месси, Маскерано ва бош-қа кўплаб маҳорат эгалари жаҳон чемпионатида иштирок этишлари шарт. Шундай экан, аргентиналикларни албатта, Россияда кўрамиз.

### Дани Алвеш - Бразилия термасининг ҳозирги таркибидаги энг тажрибали футболчи (101та ўйин)

### Тите бош мураббийликка тайинланганидан сўнг у фақат Парагвайга қарши баҳсни жароҳат сабаб ўтказиб юборди.

### «Ювентус» ҳимоячисининг тахминича, Аргентина термаси ЖЧ-2018да албатта, қатнашади.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz