Қайднома

Қидирув

Goldenboy таъсири: «Тилла болалар» ҳозир қаерда?

Goldenboy таъсири: «Тилла болалар» ҳозир қаерда?

  21.04.2017 00:12
  0
  3048
Goldenboy таъсири: «Тилла болалар» ҳозир қаерда?

Италиянинг Tuttosportнашри GoldenBoy сов-ринига даъвогар футболчиларнинг кенг рўйхатини эълон қилди. Эътибор беринг, бу гал нақ 98 нафар ўйинчи газета эътиборида турибди. Маълумот учун айтиш керак, ҳар мавсум энг яхши ёш футболчига топшириладиган индивидуал мукофот 2003 йили таъсис этилган. Демакки, ҳозирга қадар 14 нафар йигит «Тилла бола» мақомини олишга улгурди. Хўш, соврин уларнинг кейинги тақдирига қандай таъсир қилган? Soccer.ru сайти айнан соврин лауреатларининг бугунги даражалари билан қизиқиб кўрди.

2003 йил: Рафаэль ван дер ВАРТ (Голландия; «Аякс»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? «Аякс» таркибидаги қойилмақом ўйинлари билан. Рафаэль мавсум-2002|2003 кампанияси давомида клуби учун нақ 22та гол урди, ваҳоланки, у ярим ҳимояда тўп сурганди. Боз устига, 20 ёшли ван дер Вартнинг Golden Boy совринини олишига қадар 2 марта жарроҳлик столига ётишига тўғри келганди. Муҳими, у бундай кўнгилсизликларга эътибор қаратмай, майдонга янада кучлироқ футболчи сифатида қайтди.

Шундан буён нималар рўй берди? Рафаэль ван дер Вартнинг бутун фаолияти ортда қолди, ҳисоб.Голландиялик футболчи бу оралиқда «Гамбург»даги ўйинлари билан яққолроқ кўзга ташланди, «Реал»дан таклиф олиб, Мадридда 2 йилча тўп сурди. Кейин эса «Тоттенхэм», яна «Гамбург» ва «Бетис» каби клублар шарафини ҳимоя қилди.

Ҳозир нима билан банд? Рафаэль 34 ёшга тўлди ва айни пайт Дания чемпионатида ризқ термоқда.Аниқроқ айтсак, биринчи рақамли «Тилла бола» фаолиятининг охирги қисмида «Мидтьюлланд» либосида кўриниш беряпти.

2004 йил: Уэйн РУНИ (Англия;  «Эвертон»|«Манчестер Юнайтед»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Англия футболининг янги умиди аввалига «Эвертон»да барчани ҳайратга солди. Кейин эса «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилиб, тезда ўз ўрнини топди. Шунингдек, унинг Евро-2004да урган голлари ҳам бош лауреатга айланишида солмоқли тош босди.

Шундан буён нималар рўй берди? Уэйн «Манчестер Юнайтед»дек клубда чинакам афсона даражасига кўтарилди. Хусусан, нафақат «қизил иблислар», балки Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар мақомини олди.

Ҳозир нима билан банд? 31 ёшли Руни ҳамон «МЮ» ихтиёрида. Тўғри, Жозе Моуриньо эндиликда унга унча ишонч билдираётгани йўқ. Хуллас, ҳужумчининг  ёзда жамоа билан хайрлашиши эҳтимоли анча баланд.

2005 йил: Лионель МЕССИ (Аргентина; «Барселона»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Агарда Golden Boy лауреатларига худди Нобель мукофоти эгалари каби таъриф бериш зарурати туғилганида, Месси қуйидаги мазмунда эътироф этиларди: «Буюк истиқболи ва замонавий футболчилар қаторига қўшилишга тайёрлиги учун».  Очиғи, Лео совринга муносиб кўрилган пайт ҳаттоки, «Барселона» асосий таркибидан мустаҳкам жой ҳам олган эмасди. Аммо ҳамма унинг тимсолида футбол олами учун катта ижрочи камол топаётганини тушунганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Ҳа, айтарли ҳеч нарса - ҳаммаси «майда-чуйда» воқеликлар. Лео 12 йил давомида ўз коллекциясини қандайдир 5та «Олтин тўп» ва 30тача турли соврин билан тўлдирди. Бироқ сов-ринларининг барчасида «Барса» нишони бор. Оддий айтганда, жаҳон футболи дурдонаси миллий жамоаси билан бирор турнирда ғолиб чиққанича йўқ.

Ҳозир нима билан банд? Қидирувчилар ўз саволларига жавоб ололмаяптилар, ҳаттоки, дўстлари ва қариндошлари ҳам унинг қаерда эканлигини билишмайди... Ҳазилни тушундингиз, албатта.

2006 йил: Сеск ФАБРЕГАС (Испания; «Арсенал»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? 19 ёшли хавбек «Арсенал»нинг майдон марказидаги ҳаракатларини енгилгина бошқариши билан кўзга ташланди. Яъни кечаги мактаб ўқувчиси эмас, балки тўлиқ шаклланганиб улгурган ижрочидек таассурот уйғотди. Аниқроқ айтсак, Сеск 17 ёшидаёқ «канонирлар» асосий таркибидан жой олган ва мукофотни ютган пайт дарҳақиқат, мукаммал футболчидек тўп сура бошлаганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Фабрегас совринлар олиш илинжида жонажон клуби - «Барселона»га қайтди. Шу тариқа Каталонияда 3 йил ўйнаб, маълум даражада мақсадига эришди, аммо ЧЛда ғолиб бўлиш орзуси ушалмади, барибир. Лекин Испания терма жамоасида муҳим ролга кўтарилиб, жаҳон чемпионатида зафар қучишдан ташқари, Европа биринчилигининг 2 карра ғолибига айланди. 2014 йили эса Англия томон иккинчи юришини бошлаб, «Челси» билан АПЛда чемпионликни тантана қилди.

Ҳозир нима билан банд? Ҳамон «Челси»да ўйнаш асносида навбатдаги чемпионликка шайланмоқда. Унинг мавсум якунида Англиянинг 2 карра чемпиони бўлишига деярли шубҳа йўқ. 

2007 йил: Серхио АГУЭРО (Аргентина; «Атлетико»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Йигитча 19 ёшида «Атлетико» таркибида муносиб маҳсулдорлик қайд этиш баробарида Аргентина миллий жамоасида мунтазам ўйнай бошлади. Ваҳоланки, ўша вақт «альбиселест»нинг олдинги чизиғида рақобат ўта кучли эди. Серхио бунга парво ҳам қилмай, дарҳол ўз сўзини айтишга тушганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Агуэро «Атлетико» билан Европа Лигаси бош соврини ва УЕФА суперкубоги соҳибига айлангач, «Манчестер Сити» таклифини қабул қилди. «Кун» - Англия чемпионатининг 2 карра ғолиби ва АПЛдаги энг эффектли ҳужумчилардан бири.

Ҳозир нима билан банд? Жорий мавсум ҳам тўпурарлик қобилиятини тўлиқ ишга соляпти ва ҳозиргача «Манчестер Сити» учун 20тадан кўп гол урди. Хуллас, Серхионинг ишлари ҳамон жойида. Тўғри, орада асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйишига сал қолди. Яъни бразилиялик иқтидор Габриэль Жезус АПЛга шиддат билан кириб келгач, «Кун» бироз четга сурилди. Аммо рақобатчиси жароҳатлангач, яна ўз қаддини тутиб олди.

2008 йил: АНДЕРСОН (Бразилия; «Манчестер Юнайтед»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? ЧЛда зафар қучган «Манчестер Юнайтед»нинг асосий таркибида фаол тўп суриш асносида Алекс Фергюсон ишончини тўла оқлади. Дейлик, ЧЛнинг Москвада кечган финал ўйини («Челси»га қарши) пенальтилар сериясида ҳал қилувчи зарбалардан бирини айнан Андерсон ижро этганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Андерсон «МЮ» учун муҳим футболчи бўлиш йўлида роса тер тўкди. Аммо гарчи «қизил иблислар» таркибида нақ 180 марта майдонга тушган бўлсада, ишончни оқлай олмади. Ижара келишуви асосида «Фиорентина» сафига қўшилиши ҳам натижа бермагач, жимгина юртига қайта қолди.

Ҳозир нима билан банд? 2 йилча «Интернасьонал»да ўйнади, бироқ бу клуб Бразилия «А» сериясидан тушиб кетди. Чамаси 1 ой олдин эса «Коритиба» билан шартнома тузди.

2009 йил: Алешандре ПАТО (Бразилия; «Милан»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Бир уринишда «Милан» асосий таркибидан жой олди ва кўзни қамаштирадиган даражада тўп сурди. «Россонерлар» Патони «Янги ван Бастен» сифатида таърифлаб, унга катта умид боғлашганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Чақнаш эффекти узоққа чўзилмади ва футболчининг «Милан» билан хайрлашишига тўғри келди. Пато аввалига тўпурарлик қобилиятини ўз ватанида тиклашга уриниб кўрди ва бунга маълум даражада эришди ҳам. Бироқ «Челси»даги ижара муддати омадсизлик билан тугади. Қолаверса, жорий мавсум аввалида «Вильярреал»­га ўтиб, Испанияда ҳам барқарор тўп суролмади.

Ҳозир нима билан банд? Бразилиялик «Тилла бола» қишда Хитой томон юзланди. Зеро, «Тянжин Куанжин» клуби унга шоҳона шартнома таклиф этди. Алешандренинг энди 27 ёшда эканлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

2010 йил: Марио БАЛОТЕЛЛИ (Италия; «Интер»|«Манчестер Сити»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Марио бирданига супер-иқтидорга эгалигини намойиш этди ва Жозе Моуриньо бошқарувида «Интер»нинг ғалабаларига ўз голлари билан муносиб ҳисса қўшди. «Манчестер Сити» сафига қўшилганидан кейин ҳам салоҳиятини кўз-кўз қилишда давом этди.

Шундан буён нималар рўй берди? Ёнғин, телбанамо хатти-ҳаракатлар, ўйин-кулгу, фейерверклар, пачоқланган машиналар ва ҳоказо... Шунингдек, Италия ва Англия ўртасидаги саргардонлик ҳам футболчига бирор наф келтирмади.

Ҳозир нима билан банд? Балотелли ўз фаолияти ва ҳурматини сақлаб қолиш ҳаракатини Франциянинг «Ницца» жамоасида амалга оширяпти. Ҳозирча ишлари чакки эмасдек, ҳарқалай, голлар урмоқда. Аммо яна аввалги СуперМариога айланиши фантастикадай гап, барибир...

2011 йил: Марио ГЁТЦЕ (Германия; «Боруссия» Д.)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Чаққон ва абжир Марио ажойиб мураббий Юрген Клопп қўл остида Европанинг энг мафтункор жамоаси мақомини олган «Борус-сия»да кўзга кўринган ижрочилардан бири бўлди. У бундеслигадаги ғалабага салмоқли ҳисса қўшишдан ташқари, Германия миллий жамоасида ҳам ўзини кўрсата бошлаганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Гётце жаҳон чемпиони бўлди - аргентиналикларга қарши кечган финалда ғалаба голини урди. Шунингдек, «Бавария» сафига қўшилиб, яна Дортмундга қайтишга ҳам улгурди.

Ҳозир нима билан банд? «Боруссия» ихтиёрида. Томас Тухель «Тилла бола»ни аввалига асосий таркибга киритди, бироқ кейинчалик саломатлигига боғлиқ муаммолар халақит берди. Қисқаси, германиялик ягона лауреат организмидаги «носозлик» туфайли жорий мавсум якунига қадар четда юришга мажбур.

2012 йил: ИСКО (Испания; «Малага»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Иқтидорли йигитча «Валенсия»да айтарли имкониятга эга бўлмади ва «Малага»га ўтгач, дарҳол чинакам ақлли ва фусункор ҳаракатлари билан омма эътиборини тортди.

Шундан буён нималар рўй берди? Иско «Реал» футболчисига айланиб, у билан Европа Чемпионлар Лигасида 2 марта шоҳсупага кўтарилди. Тўғри, айни пайт «Қироллик клуби»да етарли ўйин амалиётига эга эмас.

Ҳозир нима билан банд? Гарчи ўзи «Реал»да қолишини айтган бўлсада, мавсум якунлангач, кетиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар тинмаяпти. Зеро, Иско кўпроқ ўйнаш ва етакчилар қаторида юришни хоҳлайди. Ҳар ҳолда, захирачи роли унга сира маъқул эмас. Амалдаги шартномаси 2018 йилгача мўлжалланган ва «Мадрид» испан ярим ҳимоячисининг янги келишув остига имзо чекишидан умидвор. Мабодо бунга кўнмаса, унинг олдида вариантлар кўп. Хусусан, «Барселона» ҳам ярим ҳимоячига кўз тикиб турибди.

2013 йил: Поль ПОГБА (Франция; «Ювентус»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Бақувват ва бўйдор йигит «МЮ»дан «Ювентус»га ўтгач, Туринда ақл бовар қилмас даражадаги тараққиётга юз бурди. Яъни ўйини ҳар томонлама яхшиланди ва бу билан «Юве» етакчилари қаторига кирди.

Шундан буён нималар рўй берди? Ўсишга яраша, «Юве» билан тинмай скудетто ютди, аммо 2та муҳим финалда мағлубият аламини тотди: унинг жамоалари ЧЛда «Барселона» клуби ва Евро-2012да Португалия термаси олдида ожиз қолди. Поль шунга қарамай, аввалги ёзда «Манчестер Юнайтед»га қайтиш асносида футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчи номини олди - 105 миллион евро.

Ҳозир нима билан банд? Қишда камтарин «Амкар»нинг ижара шартномаси ҳақидаги таклифига қиё ҳам боқмади, гарчи гоҳ-гоҳида «Олд Траффорд»нинг қаттиқ норозилигига дуч келаётган бўлсада. Ҳарқалай, жамоага рекорд даражадаги маблағ эвазига ўтган футболчидан кўп нарса кутишганди. Поль эса ҳозирча қандайдир мўъжиза кўрсата олгани йўқ.

2014 йил: Раҳим СТЕРЛИНГ (Англия; «Ливерпуль»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Раҳим ҳам аввалги «Тилла болалар» каби катта футболга қудратли шамолдек ёпирилиб кирди. Хуллас, бир уринишда ҳужумкор «Ливерпул»нинг энг асосий ҳужумкор вакилларидан бири бўлиб олди.

Шундан буён нималар рўй берди? Кўп ўтмай, катта маош эвазига «Манчестер Сити» сафига қўшилди. Шунинг баробарида Англия терма жамоасининг энг кўп танқид қилинувчи футболчиларидан бирига айланди.

Ҳозир нима билан банд? «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиоланинг ўзига хос талабларига мувофиқ бўлишга уриняпти. Ҳозирча чақнаш ҳолати кўзга ташлангани йўқ, аммо Стерлингга ҳамон катта умид билан қарашяпти. Ахир у ҳали 22 ёшли йигитча-да.

2015 йил: Антони МАРТИАЛЬ (Франция; «Манчестер Юнайтед»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Антони «Монако» ўйинига ўзига хос жило берганча каттароқ клубга сакради. Умуман, унинг соврин соҳибини аниқлаш учун ўтказилган сўровда кўпроқ овоз олганида айнан «МЮ» сафига қўшилгани муҳим роль ўйнади. Зеро, Англия жамоаси 19 ёшли йигитга жуда катта маблағ сарфлаганди.

Шундан буён нималар рўй берди? Мартиалнинг «қизил иблислар» сафидаги дебюти жуда ёрқин чиқди. Умуман, у илк мавсумда чакки таассурот қолдиргани йўқ.

Ҳозир нима билан банд? «МЮ» бошқаруви Жозе Моуриньо қўлига ўтгач, ҳужумкор футболчилар орасида айнан Мартиаль нисбатан кам ўйин амалиёти билан чекланмоқда. Унинг ўзи ҳозирча «МЮ»да қолиш ниятида, аммо кейинги фаолияти хусусида обдон ўйлаб ҳам кўриши шарт.

2016 йил: Ренату САНШЕШ (Португалия; «Бенфика»|«Бавария»)

Мукофотга нимаси билан муносиб бўлди? Амалдаги «Тилла бола» «Бенфика»да катталарга хос ўйини билан ажралиб турди ва Евро-2016да терма жамоаси сафида ғолиблик нашидасини сурди. Шунингдек, «Бавария»дек топ-клуб аъзосига айланди.

Шундан буён нималар рўй берди? Деярли ҳеч нарса. Ренату шунчаки, Мюнхен жамоаси асосий таркибидан жой олиш йўлида тер тўкяпти. Аммо ҳозирча аҳён-аҳёндагина майдонга тушмоқда.

Ҳозир нима билан банд? Бир қарашда, Хаби Алонсонинг кетишини кутмоқда, шекилли. Ҳарқалай, Саншеш «Бавария»да айнан фахрий испан ўрнини эгаллашдан умидвор.

Совриннинг 14 нафар лауреати 9та мамлакат вакилидир. Ҳозирча бу масалада яққол етакчи давлат йўқ. Яъни 5та мамлакат 2 нафардан «Тилла бола»га эга. Клублар бўйича олсак, «МЮ» олдинда - 3 нафар лауреат «қизил иблис» сифатида совриндор бўлган.   

Англия - 2 нафар (Уэйн Руни, Раҳим Стерлинг)

Аргентина - 2 нафар (Лионель Месси, Серхио Агуэро)

Испания - 2 нафар (Сеск Фабрегас, Иско)

Бразилия - 2 нафар (Андерсон, Алешандре Пато)

Франция - 2 нафар (Поль Погба, Антони Мартиаль)

Голландия - 1 нафар (Рафаэль ван дер Варт)

Италия - 1 нафар (Марио Балотелли)

Германия - 1 нафар (Марио Гётце)

Португалия - 1 нафар (Ренату Саншеш)

GOLDEN BOY-2017: эътиборга молик даъвогарлар

Никола Влашич, Сантос Жерсон, Габриэль Жезус, Александер Исак, Усмон Дембеле, Эмре Мор, Божидер Краев, Мануэль Локателли, Энцо Зидан, Доминик Соланке, Маркус Рашфорд, Фелипе Мальком, Ренату Саншеш, Килиан Мбаппе, Юри Тилеманс, Феликс Пасслак, Жанлуижи Доннарумма, Кристиан Пулишич, Брель Эмболо, Альбан Ляфон, Матейс де Лигт, Маланг Сарр, Тео Эрнандес, Рубен Невеш, Амаду Диавара, Даниил Уткин, Том Дэвис, Сергей Ерёменко, Максим Лопес, Анте Чорич, Федерико Кьеза, Ваган Бичахчян, Кай Хавертц, Янис Хаджи, Каспер Дольберг, Жастин Клюйверт, Давид Ковнацки, Жозе Гомеш, Энес Унал.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz