Қайднома

Қидирув

Яшаш учун кураш 14 минглик ноодатий реклама

Яшаш учун кураш 14 минглик ноодатий реклама

  22.04.2017 00:03
  0
  897
Яшаш учун кураш 14 минглик ноодатий реклама

Ўтган ҳафтанинг охирларида ижтимоий тармоқларда антиқа бир сурат тарқалди. Аниқроқ айтсак, Бразилия тўртинчи дивизионидаги камтаргина «Флуминенсе де Фейра» клуби ўз либосларини супермаркет рекламасига айлантириб, каттагина шов-шув кўтарди.

Буни қандай тушуниш керак, дейсизми? Гап шундаки, 10-рақамли футболка музлатилган пиццанинг нарх ёрлиғига (10,98 реал) айланди. 20-рақамли либос эса 20,38 реал турадиган, соқол олиш учун мўлжалланган кўпик тимсоли бўлди.

Хуллас, жамоадаги ҳар бир рақам ва либос учун дўкондаги бирор-бир буюм танланиб, алоҳида реклама кўринишига келтирилди. Энг муҳими, бундай усулдаги реклама ҳали ҳеч бир клуб тарихида учрамаганди. «Флуминенсе де Фейра»нинг маркетинг ишлари бўйича директори Хико Мело Sport Connect нашрига мазкур антиқа ғоя ҳақида атрофлича ҳикоя қилиб берди.

- Бизнинг кичиккина жамоамизда пул ишлаб топиш жуда қийин. Негаки, бор-йўғи «D» серияда иштирок этамиз ва табиийки, бу омил бақувват ҳомийлар топиб, улар билан музокаралар олиб боришга тўс­қинлик қилади. Бунинг қандай эканини яхши биласиз: инвесторлар қачонки клуб бирор-бир жиддийроқ натижага эришсагина эътиборни кучайтиришади.

Акс ҳолда, йўқ. Мавсум аввалида, ҳали жадвал юритилмаган, муваффақиятга кафолат бўлмаган вақт­да эса ҳомий топишнинг деярли имкони йўқ. Бу омилларни ҳисобга олиб, биз бу мавсум учун одатдагидан кўра бошқачароқ қарорга келдик. Яъни, алоҳида ўйинлар учун алоҳида ҳомийлар излашга тушдик.

Мавсумдаги илк ўйинга умуман ҳомийлар логотиписиз чиқдик, десам ҳам бўлаверади. Кейин эса ишларимиз бирмунча юришиб кетди: навбатдаги ҳар бир баҳсга янги ҳомийлар топиб, футболкаларимизга шу ҳомий маҳсулотлари суратини тушира бошладик. Шу тариқа, биз Walmart савдо тармоғининг реклама лойиҳасига йўл топдик.

Эътибор беринг, бу ҳомийлик эмас, реклама лойиҳаси. Бошқача айтсам, навбатдаги иккита ўйин учун Walmart савдо белгиси ва унинг таркибидаги Hiper Bompreсo компанияси билан шартнома туздик. Келишувга кўра, реклама ёрлиқлари футболканинг орт қисмига жойлаштирилди, рақамлар эса маҳсулотларнинг нархини англатиб туради. Ҳар бир ўйин учун турлича маҳсулотлар ва нархлар танланди. Шу боис, футболкаларимиз ўйиндан-ўйинга ўзгариб туради.

Тан оламан, ғоя аслида бизга тегишли эмас. Футболкалардаги рақамлардан фойдаланишни DM9 реклама агентлигидаги йигитлар ўйлаб топишган. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли интернетда тезда танилиб кетдик. Бизнинг, яъни клубнинг вазифаси эса оддийгина эди: футболкаларни тайёрлаш ва уларни кийиш.

Буларнинг бари бизга нафақат машҳурлик, балки унча-мунча даромад ҳам олиб келмоқда. Дейлик, Walmart билан тузилган шартномага кўра, рекламали либослар билан ўтган ҳар бир ўйин учун дўконлар тармоғи бизга 7 минг доллар тўлайди.

Демак, иккита учрашув учун 14 минг ишлаб олдик. Биз учун бу - катта пул. Негаки, йиллик бюджетимиз тахминан 500 минг долларга тенг бўлиб, турли маркетинг акциялари шу миқдорнинг камида 20 фоизини қоплаши керак.

Давлатга тегишли йирик компаниялар фақат катта клубларга эътибор қаратар экан, биз фақат ва фақат ўзимизнинг имкониятларимиздан келиб чиқиб иш кўришга мажбурмиз.

Шу боис пул топиш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Турли учрашувлар ўтказяпмиз, қизиқарли лойиҳаларда қатнашяпмиз. Бир сўз билан айтганда, яшаш учун курашяпмиз.

Ижтимоий тармоқлардаги машҳурлик кўрсатиб бердики, футболкалар билан боғлиқ рекламаларнинг келажаги бор. Ким билади дейсиз, яқин келажакда биз либосларнинг елкасига мухлисларнинг номини ёзишни ҳам йўлга қўйсак, ажабмас.

Чунончи, жамоанинг ўйинига ўртача 3-4 минг томошабин ташриф буюради ва менимча, қуръа орқали бахтли мухлис номини аниқлаш ва унинг исмини футболкага тушириш томошабинлар оқимини кучайтириши мумкин. Шунингдек, бизни олдинда минтақавий чемпионатнинг ярим финал ўйини кутиб турибди. Мазкур баҳсга қизиқиш анча юқори эканини ҳисобга олсак, эҳтимол, Walmart дўконлар тармоғи билан янги шартнома тузармиз?!

Ҳозирча шуниси аниқки, ярим финалда албатта, ноодатий реклама гувоҳи бўласизлар. Либослар ортидаги жой бўшлигича турибди, эшикларимиз эса янги ҳомийлар учун доимо очиқ. Балки бу галги ҳамкоримиз Sport Connect нашри бўлар-а?!

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz