Қайднома

Қидирув

Аслингга қайт, «Бунёдкор»!

Аслингга қайт, «Бунёдкор»!

  24.04.2017 09:22
  0
  968
Аслингга қайт, «Бунёдкор»!

«Бунёдкор»да ўзгариш бўлиши анчадан буён кутилаётганди. Клубга яқин бўлган манбаларда хабар қилинишича, у амалга ошишни бошлади. Бироқ ҳозирча фақат раҳбарият даражасида. Бир вақтлар Осиёда ўз ўрнига эга бўлган клуб ҳозирга келиб олий лигада сўнгги ўринда бораётган жамоани мағлуб этишни ўзи учун фахр ҳисоблаб қолганини инобатга олсак, бундай бўлишини тахмин қилиш қийин эмас эди. Бир вақтлар ОЧЛда ярим финалга қадар борган клуб билан олий лигада кучли ўнликка кириш учун курашаётган жамоа ўртасида фарқ бўлади, албатта. Шундай экан, «Бунёдкор»да қачондир янгилик бўлиши керак эди. Мана, бўлди ҳам.

Энди қандай иш олиб борилади? Мураббийлар штаби масаласи нима бўлади? Бунисини ҳам насиб қилса аста-секин кўриб олаверамиз. Раҳбарият ўз йўлига, шу вақтга қадар неча бор алмашган ва бундан кейин ҳам алмашади. Бизни кўпроқ мураббийлар штаби қизиқтиради. Табиийки, янги раҳбар келгач иш тизими ҳам янгиланади ва бу энг аввало, мураббийлар штабига тегишли бўлиши турган гап. Шундай экан, яқин орада Сергей Лушан «Бунёдкор»дан истеъфога чиқарилганини эшитиб қолсак, асло ҳайрон қолмаймиз. Аммо мураббий клубдан батамом кетиши керакми? Буниси энди ўйлаб кўришга арзийдиган масала.

Лушан «Бунёдкор»да уч йил ишлади. Шундай экан, натижалар пастлаб кетишида унинг ҳам айби бор, албатта. Аммо бу ўринда танганинг орқа томони ҳам борки, у ёғига ҳам бир назар ташласак. Лушаннинг «Бунёд­кор»дек клубни бошқаришга лаёқатли эмаслиги икки йил олдин кўриниб қолган эди. Уни ҳатто истеъфога ҳам чиқаришганди. Бироқ «Бунёдкор» раҳбари Бахтиёр Бобоев янги мураббий чақиришни пайсалга солди ва «мавсум охирига қадар жамоани ўзи бошқариб туриши ва натижа учун ўзи жавоб бериши»ни маълум қилди. қай тариқа жавоб берганини энди яхши биламиз. Унинг энг катта айби ҳам аслида шу бўлган эди, яъни Лушанни «Бунёдкор» бошқарувига қайтаргани. Футбол футбол бўлиб, ўз ишини эплай олмаган мураббий ўз ишига бу тариқа қайтганини кўрмаган бўлса керак. Аммо бу мураббий эмас, балки уни чақирганларнинг айби эди. Агар кимдир Лушаннинг тимсолида Моуриньони кўрган бўлса, бу унинг айби эмас-ку, тўғрими?

Лушаннинг айби бўлса, у ҳам бош мураббийликни эплай олмаслигини айтмаганида. Бироқ ким ҳам «Бунёдкор»дек клубни бошқаришни истамайди? Айтайлик, сизда шундай имконият бўлса, воз кечармидингиз? Лушан ҳам кечмади. Бироқ бу ҳолат унинг эски хизматларини асло камситмаслиги лозим. Катталар эмас, ёшлар футболидаги. Ҳозир «Бунёдкор»да ўйнаётган кўплаб ёшларнинг етишишида унинг хизматлари етарли. У айнан шу масалада - ёшлар билан ишлашда кучли эди. Шогирдларининг имконияти ва иқтидорини очиб бериш учун нималар қилиш лозимлигини яхши биларди. Афсуски, фақат ёшларни билиш орқали клубни бошқариш осон эмас. Ҳатто ўша клуб таркиби ўзи тарбиялаган футболчилардан иборат бўлса ҳам.

Тактикани яхши билганинг билан, жамоани бирлаштира олмасанг, натижа бўлиши қийин. Мураббий энг аввало, ҳаммани ўз атрофида бирлаштириб, ҳамжиҳатликни таъминлаб бериши шарт. Шундагина ўз ғоя ва мақсадларини амалга ошириши мумкин. Афсуски, «Бунёдкор»да айнан шу нарсани кўрмадик - ҳамжиҳатликни. Агар Сергей Лушан ҳам эски раҳбарият ортидан ишдан кетадиган бўлса, айнан шу айби туфайли кетади.

Бироқ у «Бунёдкор»дан батамом кетиши керакми? Балки кетар ҳам, аммо шундай бўлган тақдирда клуб ёшлар борасида яхши мутахассисдан айрилиши турган гап. Лушан эса ҳатто «Бунёдкор»дан кетган тақдирда ҳам болалар футболида фаолиятини давом эттириши лозим. Бошқа клубда бўладими ёки ЎФФ чақирадими, ҳар ҳолда ишлаши керак. Зеро унга клубни бошқаришдан кўра болалар билан ишлаш кўпроқ мос келишини кўрдик. Ўзи ҳам энди чоғи етмайдиган ишга қўл урмаса керак. Ёшлар футболида профессионал футболда бўлгани сингари турли интрига ва «ўйинлар» йўқ. У ерда фақат болаларча самимийлик бор. Ҳаммаси очиқ-ойдин. Роса Лушан ишлайдиган жой.

«Бунёдкор»га эса омад тилаймиз. Айниқса, халқаро мусобақаларда. Зеро биз учун олий лигада ким карвонбоши бўлишининг мутлақо аҳамияти йўқ - «қўқон 1912» бўладими ёхуд «Динамо» - муҳими чемпионат рақобатбардош бўлса, бас. Аммо кўрдикки, охирги йилларда Осиё Чемпионлар Лигасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган жамоа топилмаяпти. Ўтган йили «Локомотив» чорак финалга қадар етиб келганида қанча оҳ-воҳ қилдик. Ваҳоланки, 4-5 йил муқаддам бир йўла икки клубимиз бу босқичга чиқишга даъвогарлик қиларди. «Бунёдкор» эса бирор марта гуруҳда қолиб кетмаган.

Ким билади дейсиз, балки ўша кунлар яна қайтар?! Зеро ўзбек футболида кутилаётган ўзгаришлар билан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас...

НУРУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz