Қайднома

Қидирув

Сицилиялик Берлускони ёхуд «Палермо»нинг янги раҳбари ҳақида нима биламиз?

Сицилиялик Берлускони ёхуд «Палермо»нинг янги раҳбари ҳақида нима биламиз?

  24.04.2017 00:16
  0
  597
Сицилиялик Берлускони ёхуд «Палермо»нинг янги раҳбари ҳақида нима биламиз?

Италиянинг «Палермо» жамоаси расмий сайтида кутилмаган янгилик пайдо бўлди: клубда янги президент - Пол Баккалини иш бошлади. Ишқибозлар дарҳол интернетдаги қидирув тизимига мурожаат этиб, бунинг ҳақиқат эканини англашди. Табиийки, айни ўзгариш уларнинг аксариятини қувонтирмади. Дастлабки суратлар кулгили туюлса, кейингилари ҳазилга ўхшарди. Маурицио Зампарини «янги инвесторлар гуруҳининг мақсади юқори экани»ни айтиб, вазиятни юмшатишга уринди. Аммо ким ҳам унга ишонарди?

- Улар молиячилар ва футбол олами билан яхши таниш эмаслар. Маслаҳатчи сифатида қолишимни сўрашди. Менинг таъсир доирам камаяди, аммо тузилмани барпо этишда ёрдам бераман. Янги раҳбарлар Палермони Европа ва ЕЧЛнинг бир қисмига айлантиришмоқчи. қолаверса, уларнинг режаларида стадион ва спорт маркази қуриш ҳам бор.

Фақат «Палермо»да ташаббускор ва саховатпеша раҳбарни «ақлсиз инсон»га алмаштиришлари мумкин. Сўнгги 15 йил ичида Сицилияда ҳақиқатан ҳам кўплаб воқеалар рўй берди. Бу ўринда гап мураббийлар алмашуви ва баҳсли қарорлар ҳақида кетмаяпти. Маурицио Зампарини ушбу клубнинг нуфузини тиклаб, уни Италиянинг энг машҳур жамоаларидан бирига айлантира олганди. Энди эса, қўл остидаги клубни бошқа шахсга топширишини ҳар ҳафта таъкидлашга ўрганган президент буни расман амалга оширди - акцияларнинг назорат пакети деярли Пол Баккалини ихтиёрига ўтди.

Мауриционинг «Палермо»дан кетиши жуда узоққа чўзилди. Аммо сўнгги пайтларда раҳбар «қуруқ» гаплардан қочиб, ҳаммасини амалда исботлашга киришди. Тахминларга кўра, 2011 йили Италия кубоги финалидаги мағлубиятдан сўнг Зампарини ушбу лойиҳа бўйича якуний қарорга келганди.

Ўтган йили «розанеро»нинг бошқа мутасадди қўлига ўтиши деярли аниқ бўлганди. Поп-мусиқа қироли Майкл Жексоннинг яқин дўсти сифатида оммага яхши таниш Фрэнк Касио Сицилияда туғилган отасининг хотираси ҳурмати клубни сотиб олишга қарор қилиб, ҳаттоки, ривожланиш дастурини ҳам намойиш этганди. Аммо амалдаги президентга нимадир (айрим маълумотларга кўра, таклиф қилинган сумма) маъқул келмаган чоғи, Касио «пуштиранглилар» раҳбари бўлишдан воз кечди. Ўз навбатида, Сицилияга қайтишдан умидвор эканини яширмади: «Музокаралар ўтказиш имкониятини яратиб бергани учун Маурицио Зампаринидан миннатдорман. Эҳтимол, келажакда орзумни амалга оширишга эришарман».

Клубни бошқариш жиддийликдан йироқ шахс қўлига ўтиши ҳақидаги хабар тарқалгандан сўнг жамоатчилик ҳайратланганини тасаввур қилиб кўринг. Масаланинг бир «лекин»и бор: «Палермо»ни Касио билан биргаликда қўлга киритишга уринган шахслар таркибига Баккалини ҳам кирган. Фақат бу сафар у янгича қиёфада намоён бўлди - навбатдаги уриниш Integritas Capital фонди билан амалга оширилди. Пол ушбу ташкилотга Британия ва Америка банк муассасаларида тажриба орттирган икки шериги ҳамроҳлигида асос солган. Айтишларича, Баккалинининг ортида ҳамон ўша - клубни қўлга киритиш фикридан қайтмаган Касио турибди.

Пол Баккалини 1984 йилнинг 31 январь куни АқШда туғилган. Отаси америкалик, онаси италиялик. Баккалини Италияга келгач, таълим олиб, маълумотга эга бўлди. Кўнгил­очар дастурлар оламига ўта қизиққани туфайли радио ва MTV телеканалида бошловчилик қилди, Le lene ҳажвий шоусида кўриниш берди. Ўзининг «Лимон партияси»га асос солди, аммо расмий сайтидаги беўхшов фотосуратлари туфайли унинг сиёсат оламига кириб келиши амалга ошмади. Кейинчалик Баккалини молия бозорига қизиқди, унинг активларни назорат қилиш тажрибаси аксарият йирик халқаро банклар эътиборини ўзига тортди. Шунингдек, Пол бутун дунёга гуманитар ёрдам қўлини чўзувчи Халқаро фонд бошқарув тизими аъзоси саналади.

Баккалинининг молиявий аҳволи ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ, бироқ «Палермо» логотипини либосига муҳрлаб, клуб ишқибозлари меҳрини қозонишга уриниб кўрган. Баданидаги татуировкаларни кўз-кўз қилишни хуш кўради. Зампаринининг аввалги ҳаракатларини инобатга олганда, бу «Палермо»дек клубнинг президенти учун одатий ҳол.

Шунга қарамай, Пол Баккалини матбуотда тўғри чиқиш қилади. У ОАВ иштирокида тўртта брифинг ўтказиб, уларнинг ҳар бирида «ажо­йиб мухлисларга эга буюк шаҳар», клубнинг мавсумни қайси ўринда якунлашига аталган «А ва Б режалари» ҳамда Европани ҳайратлантириши кутилаётган янги стадион ҳақида гапирди. Ўз навбатида, у жиддий хатога йўл қўйишга ҳам улгурди. Буни ҳаммадан ҳам кўпроқ «Рома» ишқибозлари яхши тушунишади - Баккалини «америкача йўналиш» ва клубни «бизнес» сифатида тиклаш тўғрисида бонг урди.

«Бу раҳбарларнинг иккиси ҳам телевидение орқали довруқ қозонишган, иккисининг ҳам сиёсий партияси бор, иккиси ҳам гўзаллик шайдоси, иккиси ҳам қўл остидаги футбол клубида ғайритабиий ўзгаришларга йўлиқади», - Италиянинг Huffington Post нашри ўз мақоласида Баккалинини «Милан»нинг собиқ раҳбари Сильвио Берлусконига қиёслади.

Хўш, «Палермо»ни сотиб олиш учун Полга тегишли инвестицион фонд қанча тўлади? Турли манбаларда ушбу сумма 200 миллион евро атрофида кўрсатилган. Шундан 50-70 млн. бевосита клуб харидига йўналтирилса, яна 130 млн. евро янги стадион ва спорт маркази қурилишига сарфланади. Ишқибозларни энг аввало, бир жиҳат ташвишга солмоқда: «Палермо» ҳам «Парма» сингари инқирозга юз тутиб, Италиянинг қуйи дивизионларига «сургун» бўлмасмикан? Баккалинида шундай йирик клубни таъминлаш учун пул борми?

Мазкур саволларга 30 апрелда жавоб топишимиз мумкин. Бу шунчаки, оддий уринишми ёки америкалик итальян­нинг ортида катта маблағга эга обрўли шахслар турибдими? Зарур ҳужжатларга расман имзо чекиш айнан шу ой охирига режалаштирилган.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz