Қайднома

Қидирув

Олий лига 7-турининг тўлиқ шарҳи

Олий лига 7-турининг тўлиқ шарҳи

  24.04.2017 16:31
  0
  558
Олий лига 7-турининг тўлиқ шарҳи

«Навбаҳор» олий лига 7-турида «Шўртан»ни қабул қилди ва яна биттагина аниқ зарба эвазига 3 очко олди. Охирги 4та турга қарасак, наманганликлар 3та ўйинни айнан минимал ҳисобда ўз фойдаларига ҳал қилиб, битттасида дурангга рози бўлишди - 0:0. Хуллас, жамоа дарвозабони чемпионат доирасида қаторасига 4та ўйин­дан буён гол қўйиб юбормаяпти. «Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов навбатдаги 1:0ни рақиб ўйинидан келиб чиқиб танланган тактика билан изоҳлади («Ўйиндан кейинги фикрлар» бўлимига қаранг).

Биринчи бўлимда наманганликлар тўлиқ устунлик қилишди. 33-дақиқада Игорь Таран яқин масофадан гол уролмагани ва Азиз Ғуломхўжаевнинг узатмаси хавфли чиққанини инобатга олмасак, «Шўртан» мезбонлар дарвозасига таҳдид сололмади. «Навбаҳор» эса Неманья Йовановичнинг «иккинчи қават»даги фаоллиги, Мирзоҳид Ғофуровнинг ўнг қанотдан катта тезликда олдинга ўтиши, Рўзимбой Аҳмедовнинг кучли зарбалари асносида меҳмонларни анчагина қийнаб қўйди. Аммо илк 45 дақиқаликда стадионга йиғилган 12 мингдан кўп мухлис гол кўрмади.

Танаффусдан сўнг «Шўртан» ўйи­нида бироз ижобий ўзгариш сезилди. Аммо Наманган жамоаси ҳимоячилари тартибли ҳаракатланишди, дарвозабон ҳам ишончли турди. 57-дақиқада Йованович ҳисобни очишга яқин келди. Бироқ  Неманья­нинг чалқанча усулда йўллаган зарбасини Элдор Тожибоев бартараф этди. Орадан 10 дақиқа ўтгач, сербиялик легионерда яна бир қулай вазият туғилди, аммо омад ундан такрор юз ўгирди. Финал ҳуштаги янграшига чамаси 11 дақиқа қолганида эса «Нав­баҳор» футболчилари ниҳоят, ўз мақсадларига эришишди. Бунда жарима зарбаси қўл келди. Хуллас, Ойбек Қиличев «стандарт»дан моҳирона фойдаланди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда наманганликлар 2-голни ҳам тантана қилишлари мумкин эди. Аммо Мансур Саидовнинг зарбаси ноаниқ чиқди. Шу тариқа «навбаҳорчилар» навбатдаги 3 очкони расмийлаштиришди.

Факт. 7-тур доирасидаги 8та учрашувни стадионларда жами 41641 мухлис бевосита кузатди. Бу битта ўйинга ўртача 5205дан тўғри келади.  Энг кўп томошабин Намангандаги «Марказий» стадионига ташриф буюрди. Яъни «Навбаҳор» - «Шўртан» ўйинини 12705 мухлис воқеа жойида томоша қилди. Бу борадаги энг паст кўрсаткич Тошкентда «Бун­ёдкор» ҳамда «Динамо» ўртасидаги учрашувда қайд этилди - атиги 705 мухлис.

«НАВБАҲОР» - «ШЎРТАН» - 1:0 (0:0)

22 апрель. Наманган. 12705 томошабин.

Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро)-8,7; Ҳ.Шодмонов (Бухоро)-8,5; А.Қўлдошев (Бухоро)-8,6; Д.Жалимов (Тошкент вил.)-9,0.

Гол: О.Қиличев (79).

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 4. А.Отахонов (77. А.Турғунбоев, 46; 10. М.Саидов, 63), 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев, 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 22. Р.Аҳмедов (33. Т.Шамсиддинов, 71), 32. Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич, 84. Н.Йованович.

«Шўртан»: 1. Э.Тожибоев, 3. А.Ғуломхўжаев (29. Қ.Нурметов, 71), 9. И.Таран (10. О.Пишур, 82), 11. З.Полвонов, 14. У.Эшмуродов, 15. О.Жўрабоев, 18. Э.Бойматов, 19. М.Муродов (17. Ғ.Раҳмонов, 65), 22. С.Ҳамроев, 27. С.Собирхўжаев, 77. О.Нарзуллаев.

Огоҳлантиришлар: А.Отахонов (29) - С.Ҳамроев (7), О.Жўрабоев (45Қ2).

Энг яхши ўйинчилар: Н.Йованович - Э.Тожибоев.

Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Ихтиёр Каримов («Шўртан» бош мураббийи): - Деярли 90 дақиқа кураш тинмади. Икки жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Стандарт вазиятдаги биттагина хато гол билан якунланди ва мағлуб бўлдик. Аслида олдимизга камида 1 очко олиш вазифасини қўйгандик. Ҳаммаси футболчилар руҳий тайёргарлигига боғлиқ - салоҳиятга ишониш, ғалабага интилиш... Футболчиларимизда озгина чарчоқ аломатлари ҳам сезилди. Чунончи, бундан олдин ўз майдонимизда «Локомотив» ва «Пахтакор» билан куч синашгандик. Бундай учрашувларга руҳан тўғри ёндашилмаса, ижобий натижа қайд этиш қийин масала. Бугун ҳам ўйинчилар фаол ҳаракатланишди. Бироқ биттагина хато мағлубиятга олиб келди. Футбол - жамоавий спорт тури. Шундай экан, кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатиш ноўрин. Омад нима? Қийин вазиятда мушкулингиз озгина осон бўлиши. Бунинг учун биринчи навбатда, футболчилар ҳаракат қилишлари керак. «Навбаҳор» футболчилари 90 дақиқа давомида тиним билишмади ва омадни ўз томонларига оғдиришди.

Собирхўжаев  учрашувга тайёр эди. Бироқ ўйин пайти икки бора жароҳатланиши имкониятларини чеклаб қўйди. Холматов тажрибали футболчи ва ҳали жамоамизга ёрдам беришига ишонаман. Пишур кетадими ёки йўқ? Олдимизда ўйинлар кўп. Олександр балки ҳали жамоамизга киришиб кетолмагандир. Унга ҳам вақт керак.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Шиддатли ўйин. Аммо бугун аниқ тўп узатишлар орқа­ли комбинацион ва чиройли футбол кўрсатолмадик. «Локомотив» 80, «Пахтакор» эса 85 фоиз вақтда тўпни назорат қилганига қарамай, «Шўртан» дарвозасини ишғол қилолмаганди. Рақиб ўйинини ўрганиб чиқиб, 1-2 узатма ёрдамида олдинга интилиш зарурлигини тушундик. Акс ҳолда, «Шўртан» ҳимоясини ёриб ўтишда қийналардик. Хуллас, «Локомотив» ва «Пахтакор» танлаган услубдан фойдаланганимизда, на гол урардик ва на жарима зарбаси ишлардик. Танаффусда ҳам йигитларга 1-2та тўп оширишдан кейин олдинга интилишни уқтирдим. Ҳа, бундай услуб кўпчиликка ёқмайди. Аммо «Шўртан» ҳимояда тартибли ўйнашини инобатга олиб, шу тарзда ҳаракатланишга мажбур бўлдик.

Кейинги ўйинимиз «Пахтакор»га қарши кечади ва Тошкентга ҳам фақат ғалабани кўзлаб борамиз. Ҳозир ҳимоядан кўнглимиз тўқ. Мана, қаторасига 5та ўйинда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик. Аммо ҳужумда омадимиз юришмаяпти ва шу сабаб, кичик ҳисобли ғалаба билан чекланяпмиз. Умуман, олдинда мураккаб учрашувлар кутиб турибди. Шундай экан, эртадан нав­батдаги баҳс тайёргарлигига киришамиз. Мухлислар мураббийлар штабига ишонишса ва жамоага далда бериб туришса, имкон қадар кучлилар қаторига кириш ва иложи бўлса, халқаро майдонда ҳам тўп суришни истаймиз.

Ҳужумкорликка яраша натижа

Жорий мавсумни юқори кайфиятда бошлаган «Қўқон-1912» жамоаси бу сафар  «Металлург»­ни қабул қилиб, ҳужумкор тактика асносида ўйнади ва рақибга имконият қолдирмади, ҳисоб. Якуний натижа - 3:0 ва қўқонликлар турнир жадвалининг 2-ўрнида!

Қўқондаги ўйин «Навбаҳор» клуби собиқ футболчиси Тоҳир Мадраҳимов вафоти туфайли бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди. Илк хавфли вазиятни меҳмонлар юзага келтиришди. Фақат 5-дақиқада Зоҳид Абдуллаевнинг бош билан йўллаган зарбаси бироз ноаниқ чиқди. Қўқонликларнинг 10-дақиқадаги ҳужумлари эса самара берди. Филип Райевац томонидан оширилган тўп дарвозабонга тегиб, Суҳроб Бердиевга насиб этгач, жароҳатдан қутулиб сафга қайтган футболчи бўш қолган дарвозани ишғол қилишни пайсалга солмади. Бўлимнинг охирги қисмида меҳмонлар ҳисобни тенг­лаштиришлари мумкин эди: жарима майдончасида ёлғиз қолдирилган Зоҳид Абдуллаев зарбани вақтида амалга оширди, бироқ тўп йўлига дарвоза тўсини қалқон бўлди. Танаффусга чиқиш арафасида можароли вазиятлар кузатилди. Натижада «Шўртан» вакили Ислом Қобилов иккинчи марта огоҳлантирилди ва майдондан четлатилди.

Нўъмон Ҳасанов шогирдлари иккинчи бўлимда сон жиҳатидан устунликни ҳисобда ҳам акс эттиришди. Эътиборлиси, жамоанинг 54 ва 75-дақиқаларда урган ҳар икки голи яна ўша Суҳроб Бердиев ҳисобига ёзилди. Дарвоқе, жорий мавсум ҳеч кимга «хет-трик» қайд этиш насиб этмаётганди. Демак, Суҳроб қайтишини муносиб нишонлаш баробарида бу масалада биринчи бўлди - ҳақиқий қаҳрамонлик!

«ҚЎҚОН-1912» - «МЕТАЛЛУРГ» - 3:0 (1:0)

22 апрель. Қўқон. 8628 томошабин.

Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент)-8,7; Н.Рўзимов (Тошкент)-8,4; С.Еремеев (Тошкент)-8,5; А.Рубаков (Тошкент)-9,0.

Голлар: С.Бердиев (10, 54, 75).

«Қўқон-1912»: 12. А.Ашуров, 4. Б.Акрамов, 5. Ж.Кимсанов, 7. Ж.Ҳасанов, 9. Н.Отақўзиев (11. А.Сидоров, 63), 10. Ж.Сиддиқов, 19. С.Бердиев, 23. А.Мерзляков, 24. И.Раҳимов (25. И.Маликжонов, 77), 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац (97. О.Рустамов, 47).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 3. В.Магерамов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д.Каримов, 8. А.Нўъмонов, 11. М.Тошматов (13. С.Қодирқулов, 57), 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов (14. Д.Каримқулов, 46), 20. Д.Турсунов, 22. И.Исоқжонов, 40. И.Қобилов.

Огоҳлантиришлар: Ф.Райевац (45Қ2), А.Сидоров (81) - А.Нўъмонов (28), И.Қобилов (45Қ2), Д.Турсунов (45Қ2).

Четлатиш: И.Қобилов (45+3, М.).

Энг яхши ўйинчилар: С.Бердиев - З.Абдуллаев.

Назоратчи: И.Нехочин (Наманган).

Комиссар: А.Иноятов.

Одил Исабоев («Металлург» мураббийи): - Аввало, қўқонлик мухлисларни ажойиб ғалаба билан табриклайман. Ўйин хусусида нима дейишим мумкин? Майдонда бир киши кам бўлиб қолгач, ўйинимизда пасайиш сезилди. Биринчи бўлимда бир қатор вазиятлар яратдик, лекин улардан фойдаланолмадик. Ўз ўрнида тан олиш керак, «Қўқон-1912» жуда фаол ўйнади. Ўз жамоамизга келсак, ҳозирги вазиятни ўзгартириш учун имкониятимиз етарли, менимча.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Бугун мухлислар мазмунли футбол томоша қилишди. Натижа ўйинга яраша - ҳақли равишда йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Аммо кичик хатолар бор, барибир. Улар устида ишлашда давом этамиз. Яна голларнинг чиройли чиққанини таъкидлашим лозим. Суҳроб Бердиев эндигина жароҳатдан қутулганига қарамай, рақиб дарвозасини 3 марта нишонга олди. Филип Райевацга тўхталсам, биринчи бўлимда сариқ карточка олгани боис, уни алмаштирдим. Сербиялик ҳужумчи қароримни тўғри тушунди.

Илк «хэт-трик», кучли учликка кураш

«Пахтакор» ва «Бун­ёдкор» ким кўп очко йўқотиш бўйича «баҳс» юритмоқда, «Қўқон-1912», «Навбаҳор» ва «Динамо» клублари эса медалларга даъво қиляпти - миллий чемпионатимизни кузатиб бориш учун бундан ортиқ яна қандай сабаб керак? Хусусан, 7-тур ҳам аввалгилари каби қизиқарли тус олди ва бир қатор кутилмаган натижалар «бўй» кўрсатди.

ЭҲ «ПАХТАКОР», «ПАХТАКОР»...

7-турнинг марказий ўйини сифатида «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасида кечган тўқнашув танланди. Қайсидир маънода «Бунёдкор» - «Динамо» ўйинига ҳам шундай нисбат бериш мумкиндир, ҳарқалай, рақиблардан бири номдор, иккинчиси айни пайт етакчилар қаторида бормоқда. Аммо «қалдирғочлар»нинг ҳозирги ҳолатларини ҳам унутмаслик керак. Таъкидлаш жоиз, Сергей Лушан шогирдлари руҳий тангликка қарамай, кучли учликда бораётган «Динамо»ни анча қийин аҳволга солишди. Аммо якунда яна очко йўқотишди - 1:1. Самарқандлик шу натижа ортидан 4-ўринга тушиб қолишди.

«Пахтакор» - «Локомотив» ўйинида эса кутилганидек, меҳмон жамоанинг қўли баланд келди. «Шерлар» жорий мавсум 6та ўйинда майдонга тушиб, 4таси (!)да  очко йўқотишганди. Камига Қашқадарё сафаридан икки марта 0:3 кўринишидаги хунук мағлубият билан қайтишди. Шундай экан, биттагина ўйин («Шўртан»га - 0:2)да имкониятни бой берган «темирйўлчилар»нинг «Пойтахт дербиси»да 3 очко олишларини тахмин қилиш қийин эмасди. Ўйин шунга мос тус олди. «Локомотив» бир қарашда, ортиқча қийналмади. Ҳа, «Пахтакор» вазиятлар қардига етганида, бунинг акси кузатиларди. Мисол учун, Жасур Ҳакимов тўпни деярли бўш қолган дарвоза томон буриб юбориш уддасидан чиқмади. Умуман, 1:2 ҳисобида «Локо» футболчилари ҳиссасидан «пахтакорчилар» йўл қўйган хатоларники кўп бўлди, чоғи. Ҳозир жамоада интизом энг катта муаммо эканлиги яққол кўриниб қолди. Мезбонлар аввал рақибга пенальти тортиқ этишди (тўғри, бунгача ўзлари 11 метрли жарима зарбасини кўкка совуришди), ўйиннинг энг масъулиятли қисмида эса Камолиддин Тожиев ва Александр Лобанов қизил карточка олишди. Айниқса, терма жамоамиз дарвозабонининг хатти-ҳаракатлари кўпчиликни ўйлантириб қўйган бўлса, ажабмас. У қўшимча дақиқалар ўтиб бораётган ва «Пахтакор» рақиб дарвозаси олдида кетма-кет хавф­ли вазиятлар содир этаётган вақт, аниқроғи, бурчак тўпи тепилиши олдидан ҳужумга борди. Ҳаммаси яхши, аммо Лобанов аввалига ҳимоячи Муҳаммад Коне билан жанжал чиқарди, сўнгра бош билан йўллаган зарбаси ноаниқ чиққач, аламиданми, Игнатий Нестеровнинг тўпни ўйинга киритишига халақит берди. Хуллас, у ҳакамдан ўзига қизил карточка кўрсатишини илтимос қилмади, холос. Ҳа, миллий жамоа футболчисига сира ярашмайдиган, ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган ҳаракат...

ЯХШИСИ - МУРОСА

Тур доирасидаги яна 2та ўйин дуранг натижа билан хотима топди - «Олмалиқ» ўз майдонида «Қизил­қум»ни енголмади (0:0), «Бухоро» - «Машъал» учрашувида эса томонлар 2тадан гол уришди (2:2). Олмалиқда мусобақа жадвалида ёнма-ён жойлашган жамоалар тўқнашишди. Шундай экан, кучлар тенг келганига унча ҳайрон қолиш шарт эмасдир. Охир-оқибат, ҳар икки жамоа очко йўқотди.

Бухородаги баҳс эса ён қўшнилар ўртасида кечгани билан қизиқиш уйғотди. Ҳа, жамоалар турли вилоятлар вакили бўлсада, Бухоро ва Муборак оралиғидаги масофа у қадар катта эмас. Қизиқиш даражасига яраша, ўйин юқори суръатда кечди. Аслида «Бухоро» ғалабага яқин эди, аммо Улуғбек Бақоев жамоаси якунда 2 очкодан айрилди, «Машъал» эса яқин сафардан муҳим очко билан қайтди.

БУРИЛИШ НУҚТАСИМИКАН?

7-турда яна бир жамоа «Локомотив» сингари сафарда ғалабани тантана қилди - «Нефтчи». Фарқли томони, фарғоналикларнинг «Сўғдиёна»дан 3 очко тортиб олишганида омад ва ҳаттоки, маълум даражада мўъжизанинг ҳам ўрни бор. Зеро, меҳмонлар сўнгги лаҳзаларда гол уришди. Эътиборли жиҳати, Абдураҳмон Абдулҳақовнинг ягона аниқ зарбаси тақдим этган ғалаба шавкатли «Нефтчи» учун биринчиси бўлди.

КУЧЛИ УЧЛИК ВА ИЛК «ХЕТ-ТРИК»

«Пахтакор» ва «Бунёдкор» кетма-кет қоқилиб кетаётган, «Насаф»нинг ишлари унча юришмай турган вақтда кучли учлик учун «Қўқон-1912», «Навбаҳор» ва «Динамо» жамоалари ўртасида кураш боряпти. Самарқандликлар бу сафар пойтахтдан 1 очко олиб қайтган бўлсалар, водий вакиллари ғалабали одимни давом эттиришди. «Қўқон-1912» ва «Навбаҳор» ўйинини олдинги саҳифаларда алоҳида ёритдик. Фақат шуни таъкидлаш жоиз, Қўқон жамоаси аъзоси Суҳроб Бердиев мавсумдаги илк «хет-трик»ни расмийлаштирди. Наманганликлар эса кетма-кет 4-ўйинда гол қўйиб юбормаган ҳолда, кучли учликка киришди.

Қаршида «Насаф» ва «Обод» ўртасида  кечган ўйинда ҳам 3 очко тақдирига ягона гол ойдинлик киритди. Тошкентликлар бутун вақт давомида ҳимояни мустаҳкам ушлашга уринишди ва дам-бадам қарши ҳужумга ўтишни унутишмади. Бироқ чемпионат тўпурарларидан бири Драган Черан рақибнинг кам сонли хатоларидан бирида эффектли ҳаракатланиб, ғалабани «Насаф» томонига оғдирди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - СУҲРОБ БЕРДИЕВ

Олий лига-2017даги илк «хет-трик»ни нақ 7 тур кутдик (бу 40тача ўйин демакдир). Шундай экан, бу ишни уддалаган футболчини тур қаҳрамони сифатида тан олмасак, бироз адолатсизлик бўлар... Шунинг баробарида Суҳроб Бердиев урган голлар самараси ўлароқ, «Қўқон-1912»нинг 2-ўринда чиқиб олгани ҳам эътиборга молик. Мавсум давомида ҳали яна «хет-трик»ка эришадиган футболчилар кўп топилишига ишонамиз. Аммо факт шуки, Суҳроб Бердиев бу борада «биринчи» мақомини сақлаб қолади.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- 3та ўйиндан буён гол қўйиб юбормаётганимиз яхши ҳолат. Аммо бугун гол уролмаганимиз ташвишли... Виктор КУМИКОВ («Олмалиқ» бош мураббийи).

- Нега гол уролмаяпмиз? Демак, камроқ  ҳужум уюштиряпмиз... Фарҳод САФАРОВ («Обод» клуби бошлиғи).

- Иккинчи давра олдидан жамоада ўзгаришлар бўлади. Ўша вақт бу ерда ишлаймизми-йўқ - буни билмайман. Равшан ҲАЙДАРОВ («Пахтакор» бош мураббийи).

- Мичич билан жиддий гаплашиб олишимиз керак. У қишки йиғинларда намойиш этган ўйинини умуман кўрсатолмаяпти. Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).

«БУНЁДКОР» - «ДИНАМО» - 1:1 (1:1)

20 апрель. Тошкент. 705 томошабин.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов (Андижон)-8,4; З.Абдураҳмонов (Андижон)-8,6; А.Маражабов (Андижон)-8,6; И.Худойдотов (Тошкент)-9,0.

Голлар: Д.Ҳамдамов (26) - Ж.Қаҳрамонов (21).

«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 10. Э.Шомуродов, 17. Д.Ҳамдамов, 19. Н.Тўхтасинов (97. Ж.Эсонқулов, 56), 20. С.Азимов (31. М.Мираҳматов, 65), 21. Д.Аҳмадалиев, 28. Д.Умиров, 29. О.Шукуров 30. Х.Ғиёсов.

«Динамо»: 1. М.Наумов, 2. М.Локаев, 6. А.Бозоров, 8. Ж.Азимов 10. Ж.Қаҳрамонов, 14. Р.Рогак, 15. Ш.Холматов, 18. Д.Низанов (11. А.Абдуллаев, 59), 19. О.Мамажонов, 20. А.Сафаров (21. И.Холмирзаев, 90+2), 22. А.Исроилов (5. Ф.Абдусалимов, 85).

Огоҳлантиришлар: Д.Умиров (23), С.Азимов (63), Д.Аҳмадалиев (72), Э.Шомуродов (79) - А.Исроилов (44).

Энг яхши ўйинчилар: Д.Аҳмадалиев - Ж.Қаҳрамонов.

Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).

Комиссар: Ф.Магометов.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Анча шиддатли ва қизиқарли ўйин гувоҳига айландик. «Бунёдкор» билан сафарда дуранг ўйнаш - ёмон эмас. Ҳа, ғалаба қозонишимиз ҳеч гап эмасди. Аммо дуранг ҳам биз учун олтинга тенг. Йигитларимиз қийин баҳсда ирода кўрсатиб, охирги дақиқаларгача курашдан тўхташмади. Уларда ўзларига нисбатан ишонч ва иштиёқ кучли. Айнан шунинг ҳисобига ижобий натижаларга эришяпмиз, менимча. Шунингдек, бунда мухлисларимизнинг салмоқли ҳиссалари бор. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари қўшимча куч бағишламоқда. Мана, ортимиздан Тошкентга келиб, жамоа­мизни ёлғизлатиб қўйишмади. Ўйин олдидан таркиб масаласида муаммоларга учрадик. Яъни жароҳатланган ва дисквалификация қилинган футболчилар бор эди. «Динамо»да ҳал қилувчи қарорни ким қабул қилади? Илҳом Шарипов, Учқун Қобилов ва мен ўзаро келишиб ишлаяпмиз. Жамоамиз жуда ёш ва ўсишда давом этади.

Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - Умуман олганда, ўйинимиз ёмон чиқмади. Сифат жиҳатдан ҳаракатларимиз аста-секин яхши томонга ўзгармоқда, йигитлар ўзларига келишмоқда. Афсуски, устунликка эга бўла туриб, рақибни енголмадик. Ҳужумда якуний зарбаларимиз қовушмади. Сафимизда жароҳатланганлар кўп: Иброҳимов, Саноев, Чемиртан. Мичич билан жиддий гаплашиб оламиз, шекилли. У қишки йиғинларда намойиш этган ўйинини умуман кўрсатмаяпти. Олдинроқ жароҳатланган экан, аммо буни билмагандик. Балки шу сабаб, ўзини кўрсатолмаётгандир. Вазият тобора ёмонлашаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилмайман. Бугун захирадан майдонга тушган йигитлар зиммасига ўйин­ни кучайтириш вазифаси юклатилди. Афсуски, улар ишончимизни оқлолмадилар. Таркибдаги деярли барча йигитлар - клуб тарбияланувчилари. Ҳаммага имконият беряпмиз ва шундай йўл тутишда давом этамиз. Эсонқулов кеча Ёшлар лигасида ўзини кўрсатди, шу боис, бугун майдонга туширдик. Бундан ташқари,  унинг туғилган куни эди. Жавоҳирни  қўллаб-қувватлаш учун имконият бердик, афсуски, у талаб қилинган вазифани бажаролмади. Шунга қарамай, йигитларга имконият бераверамиз. «Динамо» эса ўз ўйинини намойиш этди. Самарқандликлар қарши ҳужумда яхши ҳаракатланишмоқда. Мана, бугун жамоамиз тарбияланувчиси саналган Жавоҳир Қаҳрамонов гол урди. Умуман, «Динамо»нинг ўйи­ни таҳсинга сазовор. Зеро, кучли прессинг ва тезкор ҳужумлари билан ажралиб турди.

«ПАХТАКОР» - «ЛОКОМОТИВ» - 1:2 (1:1)

21 апрель. Тошкент. 1358 томошабин.

Ҳакамлар: Б.Намозов (Тошкент)-8,0; М.Саидқосимов (Тошкент)-8,5; Р.Шояхметов (Тошкент)-8,5; Ж.Мухторов (Тошкент)-9,0.

Голлар: А.Ораховац (35) - М.Бикмаев (25-пен., 81).

Амалга оширилмаган пенальти: С.Андреев (9, П.)

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев, 7. А.Аҳмедов, 8. Ш.Каримов (26. Х.Жўраев, 90Қ4), 20. Ж.Ҳакимов (19. Ш.Маҳмудҳожиев, 85), 21. К.Тожиев, 24. Д.Ҳошимов, 28. С.Андреев, 29. В.Козак (10. Ж.Искандеров, 67), 30. Ю.Бульят.

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев (29. Қ.Рўзиев, 83), 15. С.Мирзаев, 17. С.Мустафоев (4. Б.Йўлдошев, 60), 18. Т.Кападзе, 20. И.Тўхтахўжаев, 22. М.Бобожонов (77. Д.Туропов, 70), 33. О.Зотеев, 42. М. Коне.

Огоҳлантиришлар: В.Козак (18), Д.Ҳошимов (42), К.Тожиев (77), А.Лобанов (90Қ2) - М.Бикмаев (28), К.Махарадзе (61), М.Коне (90+2).

Четлатишлар: К.Тожиев (85), А.Лобанов (90, П.).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Ҳакимов - М.Бикмаев.

Назоратчи: Р.Серазетдинов (Тошкент).

Комиссар: Ш.Ражабов.

Равшан Ҳайдаров («Пахтакор» бош мураббийи): - Қизиқарли ва шиддатли ўйин. Ҳеч бир жиҳатда рақибдан қолишмадик ва учрашув охиригача режаларимизни бажаришга уриндик. «Локомотив» ўйинини захирадан майдонга тушган футболчилар кучайтиришди. Афсуски, якунда ўз хатоларимиз оқибатида ютқаздик. Йигитларнинг охирги дақиқаларда қизишиб кетишгани қимматга тушди.

- Олдинги учрашувларда иштиёқ етишмаётгани хусусида гапиргандингиз. Бугун Тожиев ва Лобанов сариқ карточка олишганига қарамай, яна қоида бузаверишди. Футболчилар сизни, стадионга келган мухлисларни ҳурмат қилишадими?

- Икки ҳафтадан бери жамоадаман. Барча ҳолатлар устида ишлаяпмиз. Йигитлар машғулотларда кўрсатмаларни тўғри тушунишмоқда. Афсуски, футболчилар онгида қандайдир мавҳумлик борми ёки бошқа сабаб, эътибор даражаси паст. Таркибда муаммолар кўп, ҳозирда ихтиёримизда 10-11 нафар соғлом ва тажрибали футболчи бор, холос. Агар рақобат бўлганида, уларни тарбиялаш осон кечарди. Айни пайт футболчиларни учрашувгача соғлом етказиб олишни ўйлаяпмиз. Кимдир машғулотда бошқача хаёлда юрганини пайқаганимда ва бошқа футболчига эга бўлганимда, уни алмаштирардим, албатта. Бугун 75-80 дақиқа рақибдан устунлик қилдик, режани тўғри амалга оширдик. Кўплаб вазиятлар яратдик, аммо ҳаттоки, пенальтидан ҳам гол уролмадик. Жамоани омадсизлик қамраб олган. Иқтидорли ёшлар жароҳатланишган. Мисол учун, Яхшибоевни майдонга тушириш масаласида сира иккиланмасдим, аммо жароҳати... Мухлисларни фақат натижа қизиқтиради, мен шунчаки, муаммоларни айтиб ўтдим...

- Сизни негадир мушкул пайт жамоага таклиф этишади. Бу қийин эмасми?

- Ҳа, оғир. Раҳбарият салбий вазиятни ўнглаш учун чорлади. Мураббий сифатида асосан шу ерда ўсишга эришганман. Бу клубга қандай «Йўқ», дейишим мумкин? Ҳар қандай қийин ҳолатдан чиқиб кетишга интиламиз. Мана, «Навбаҳор»га қарши кейинги учрашувда Ҳошимов, Тожиев ва Лобановни майдонга туширолмаймиз. Эҳтимол, гапларим уларга таъсир қилмаётгандир. Лекин қайтараман, рақобат талаб даражасида бўлганида, бошқачароқ йўл тутардим. Биринчи даврадан сўнг жамоада катта ўзгаришлар қилинади. Биз ишлаймизми ёки йўқ - билмайман. Лекин таркиб жиддий кучайтирилса керак. Ҳозирда наф келтиришга қодир кўплаб ўйинчилар ижара бўйича бериб юборилган.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Ўйинда асабийлик сезилиб турди. Дербининг айнан шундай руҳда ўтишини билардик ва кутгандик. Ўйин давомида икки томон галма-гал устунликни қўлга олди. Жамоамиз ўйин жиҳатидан бир қатор камчиликларга йўл қўйди. Ҳозир бу ҳақда гапиришни истамайман. Муҳими, қимматли 3 очкони олдик. Бунда имкониятлардан унумли фойдаланганимиз қўл келди. Ушбу ғалаба «Локомотив»га қўшимча куч ва ишонч бағишлайди, деб ўйлайман. Таркибда бир қатор ўзгаришларга қўл урдик. Хусусан, Машариповдан фойдаланолмадик, Кападзе эса узоқ танаффусдан кейин майдонга қайтди.

Ҳакамлик? Бу борада гапиришни истамайман. Менимча, ҳар икки пенальти ҳаққоний эди.

«БУХОРО» - «МАШЪАЛ» - 2:2 (1:0)

22 апрель. Бухоро. 10572 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Бобомуродов (Навоий)-8,5; Р.Фозилов (Наманган)-8,3; М.Мажидов (Наманган)-8,6; А.Шукуруллаев (Тошкент)-9,0.

Голлар: В.Баенко (36), С.Шихов (54) - З.Тўраев (52), С.Раҳмонов (69).

«Бухоро»: 1. Э.Жабборов, 3. Б.Омонов, 5. К.Пасичник,

8. И.Вейцер, 10. Б.Ваҳобов (9. Н.Умуров, 62), 11. С.Шихов, 19. Ж.Ҳасанов (96. А.Тўраев, 54), 27. Р.Ҳасанов

(22. Ш.Гадоев, 75), 28. Э.Исмоилов, 29. В.Баенко,

77. И.Нагаев.

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов, 3. С.Раҳмонов, 6. С.Абдураимов, 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов

(17. В.Павленко, 90Қ4), 18. А.Шодмонов, 44. А.Бегимқулов, 55. А.Агалиев, 77. А.Олимов (19. З.Қўзибоев, 74),

90. З.Тўраев (23. К.Тўраев, 90Қ1).

Огоҳлантиришлар: И.Вейцер (39) - И.Шойқулов (29).

Энг яхши ўйинчилар: В.Баенко - С.Раҳмонов.

Назоратчи: А.Арутюнов (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Учрашув эҳтиросларга бой бўлди ва мухлислар шунга яраша 4та гол гувоҳига айланишди. Ўйлайманки, жанговар дуранг - ўйинга мос. Алоҳида айтишим керак, бизда захирачилар ва асосийлар тушунчаси йўқ, учрашувга ким яхши тайёр бўлса, айнан у майдонга тушади.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Тенг курашлар остида кечган ўйин гувоҳига айландик. Икки томонда ҳам етарлича қулай вазиятлар юзага келди. Учрашувда янада кўпроқ гол урилиши мумкин эди, аммо футболчилар  кўплаб имкониятлардан фойдалана олишмади. Ҳозир жаҳл устида гапириш ярамайди, барчасини қайта кўриб чиқамиз ва тегишли хулосалар чиқарамиз. Бугун захирадан ёш футболчиларни майдонга тушурдим. Хусусан, Акобир Тўраев гол уриш учун 2та қулай вазиятга эга бўлди, афсуски, у самара чиқаролмади. Шунга қарамай, ёшларга имконият беравериш керак.

«СЎҒДИЁНА» - «НЕФТЧИ» - 0:1 (0:0)

22 апрель. Жиззах. 3351 томошабин.

Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент)-9,0; А.Снетков (Тошкент вил.)-9,0; Р.Нугманов (Тошкент)-9,0; Ф.Норсафаров (Қарши)-9,0.

Гол: А.Абдулҳақов (90).

«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 2. С.Қулматов, 3. А.Исроилов, 4. Э.Орипов, 6. С.Мамадалиев (5. Ғ.Ўрунов, 90Қ1),

7. С.Рашидов (59. С.Жўраев, 84), 8. С.Қобилов,

11. Ш.Достонов (22. Д.Абдураҳмонов, 73), 17. И.Тошпўлатов, 18. Қ.Баҳодиров, 77. С.Эминов.

«Нефтчи»: 16. А.Абдужалилов, 5. Ҳ.Каримов, 6. Б.Ёқубов (15. Ҳ.Ғофуров, 69), 7. А.Баҳриддинов (30. С.Абдужабборов, 59), 11. А.Махсталиев, 17. М.Музаффаров,

20. Д.Эрматов, 21. М.Убайдуллаев, 23. А.Абдулҳақов,

26. О.Исроилов (10. М.Мамазулунов, 81), 55. Д.Комаровский.

Огоҳлантиришлар: С.Рашидов (66), Э.Орипов (90Қ2) - Д.Комаровский (9), А.Баҳриддинов (15), А.Абдулҳақов (90Қ1).

Четлатиш: С.Қулматов (90Қ3, С.).

Энг яхши ўйинчилар: С.Рашидов - А.Абдулҳақов.

Назоратчи: Г.Имомов (Тошкент).

Комиссар: Б.Маметов.

Мурод Исмоилов («Нефтчи» мураббийи): - Натижаларимиз ҳеч кимни қониқтирмаётганди. Худога шукр, йигитларимиз бугун мардонавор ўйин кўрсатиб, вазифани уддалашди ва зарур 3 очкони қўлга киритдик. Тўғри, камчиликлар кўп, лекин бир нарсага тушундимки, футболчиларимизда ўйин салоҳияти бор. Агар улар бугунгидек ишонч билан ўйнашда давом этсалар, ҳали мухлисларимизни чиройли ўйинлар, голлар ва ғалабалар билан қувонтира оламиз. 

«НАСАФ» - «ОБОД» - 1:0 (0:0)

22 апрель. Ғузор. 2121 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент)-9,0; С.Ҳакимов (Самар­қанд)-8,3; Ш.Камаров (Самарқанд)-8,3; Ш.Ражабов (Бухоро)-9,0.

Гол: Д.Черан (47).

«Насаф»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев,

7. О.Ҳамробеков, 10. Д.Раҳматуллаев (45. Б.Абдухолиқов, 46), 14. Ш.Муҳиддинов (27. И.Рашидхонов, 78),

18. Б.Абдураҳимов, 22. И.Голбан, 23. Ш.Аъзамов,

34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан.

«Обод»: 12. А.Аҳмедов, 3. А.Ғофуров, 4. Ф.Мираҳматов, 5. Ғ.Умиров, 7. С.Рихсибоев, 8. Д.Ҳасанов, 13. И.Исмоилов, 18. С.Тўрақулов (10. С.Эрматов, 55), 19. С.Қаҳҳоров, 20. И.Бикмайкин (6. Ш.Жалилов, 70), 21. Н.Ҳаипов

(11. Ш.Норхонов, 46).

Огоҳлантиришлар:  Ф.Сайфиев (42), Д.Черан (75), А.Шораҳмедов (90Қ3) - А.Ғофуров (42), С.Тўрақулов (44).

Энг яхши ўйинчилар: Д.Черан - Д.Ҳасанов.

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

Фарҳод Сафаров («Обод» клуби бошлиғи): - Қаршидан очко билан қайтишни кўзлагандик. Гувоҳ бўлдинглар, ўйин охирида гол уришга яқин келдик. Афсуски, яхшигина имкониятдан фойдаланолмадик. Ўйлайманки, бугун ҳар икки жамоа яхши ўйнади. Иккинчи бўлим бошида гол қўйиб юборганимиз қимматга тушди - мутлақо кутилмаган ҳолат. Шунчаки, ҳимоячиларимиз Черанни эътиборсиз қолдиришди. Айни шу гол қайсидир маънода режаларимизга салбий таъсир ўтказди. Аммо ўйинчиларимиз тезда ўзларини қўлга олишганини ҳам айтиш жоиз. Норхоновда кичик жароҳати борлиги туфайли уни бошланғич таркибга киритмагандик. Нега гол уролмаяпмиз? Демак, камроқ  ҳужум уюштиряпмиз. Ҳужум қанча кўпайса, гол ҳам вужудга келади. Менимча, энди бунга кўпроқ эътибор қаратамиз. Охирги ўйин­ларимизда етакчи жамоалар билан тенгма-тенг курашиб, кичик ҳисобда енгилдик. Шундан келиб чиқсак, жамоамизга озгина омад ҳам етишмаяпти...

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Етарлича вазиятлар яратдик, аммо атиги биттасидан фойдаландик. «Обод» доимгидек ҳимояда жуда тартибли ўйнади. Бу жамоанинг сўнгги ўйин­ларини ўрганиб чиқиш жараёнида ҳимояда анча мустаҳкам эканлигини осонгина пайқагандик. Меҳмонлар аввалги учрашувда фақат стандарт вазиятлардан гол қўйиб юборишган. Бугун ҳам ўз ўйинларини кўрсатишди, яъни ҳимояда бехато ҳаракатланишди. Муҳими, ғалабани ўз томонимизга оғдиришга эришдик. Шаҳбоз Эркинов етишмаяпти? Ҳа, бу ҳужумчимизда гол уриш қобилияти юқори. У голга тортадиган вазиятни тез илғайди ва жамоадошини қулай вазиятга олиб чиқишга ҳам уста. Афсуски, Шаҳбознинг жароҳати панд бермоқда...

-------------------------------------------------------------------------

«ОЛМАЛИҚ» - «ҚИЗИЛҚУМ» - 0:0

22 апрель. Олмалиқ. 2201 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент)-9,0; А.Расулов (Тошкент)-9,0; Ж.Саидов (Тошкент) 9,0; И.Гармашов (Тошкент)-9,0.

«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 8. Ш.Григалашвили (10. Ш.Норбеков, 67), 15. Ф.Мусабеков (9. З.Ўринбоев, 80), 17. К.Мурзоев, 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич,

90. В.Косминин.

«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 9. О.Зокиров (19. Ж.Ҳасанов, 67), 10. В.Шодиев,

14. Ф.Қамбаров, 15. А.Алланиёзов (77. Б.Ғанижонов, 80), 17. А.Геворкян, 20. Ғ.Жумаев, 23. Ш.Жўраев (25. А.Усмонов, 90), 27. И.Юнусов.

Огоҳлантиришлар: Д.Жўраев (82) - Ғ.Жумаев (17).

Энг яхши ўйинчилар: Х.Хўжаев - Ф.Қамбаров.

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи):  - Икки жамоа ҳам ғалаба қозониш йўлида бор кучини ишга солди. Тўғри, рақиб асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга уринди. Натижа ўйинга мос бўлди. Охирида гол уриб, 3 очкони ўз томонимизга оғдиришимиз ҳам мумкин эди. Аммо Артур Геворкян яхши вазиятга чиқиб боргач, сўнгги паллада ҳимоячи халақит берди. Шунингдек, Жасур Ҳасанов зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегди. Эҳ, шу вазиятларда бироз омад етишмади. Ҳасанов? Албатта, таркибимизда маҳоратли футболчилар етарли. Ким учрашувга 100 фоиз тайёр бўлса, ўша майдонга тушади. Ҳасанов бугун захирадан тушиб, ўйинни кучайтира олди.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Афсуски, ғалаба қозониш вазифасини бажаролмадик. Аслида вазиятлар яратдик, аммо охирги нуқтани қўйишда оқсадик. Жамоалар кучи тенг эди - бу фикрга қўшилолмайман. 3та ўйиндан буён гол қўйиб юбормаётганимиз яхши ҳолат. Аммо бугун гол уролмаганимиз бироз ташвишли. Машғулотларда айни шу жиҳатни яхшилашга эътибор қаратамиз. Бу каби учрашувлар тақдирини биттагина гол ҳал қилиши мумкин эди...

Тур статистикаси

Ўйин: 8

Гол: 15 (ўртача: 1,87...)

Томошабин:41641 (ўртача: 5205...)

Мезбонлар ғалабаси: 3

Меҳмонлар ғалабаси: 2

Дуранг: 3

Йирик ҳисобли ғалаба:1 («Қўқон-1912» - 3:0)

Энг  сермаҳсул ўйин:  «Бухоро» - «Машъал» (4та гол)

Огоҳлантириш: 34 (ўртача: 4,25)

Четлатиш:4 (ўртача: 0,5)

Энг «қўпол» ўйин:«Пахтакор» - «Локомотив» (7та  «сариқ» Қ 2та «қизил»)

Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Навбаҳор» - «Шўртан» (12705)

Пенальти: 2 (1таси самарасиз)

«Дубль»: 1 (М.Бикмаев, «Локомотив»)

«Хет-трик»: 1 (С.Бердиев, «Қўқон-1912»)


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz