Тўраев жамоаси - ярим финалчи. Малайзия футбол ассоцияцияси кубоги ярим финалчилари аниқланди. Лутфулла Тўраевнинг клуби - «Теренггану» чорак финал босқичи жавоб баҳсида «Саравак» меҳмони бўлиб, асосий вақтда 1:1 ҳисобини қайд этди. Натижада ғолибни пенальтилар сериясида аниқлашга тўғри келди. Хуллас, «лотерея баҳси»да 4:1 кўринишида устун келган Тўраев жамоаси кейинги раундга чиқди. Ҳамюртимиз мазкур учрашувни асосий таркибда бошлади.
Кримец ҳамон амалиётсиз. Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Егор Кримец Хитой супер-лигаси 6-турида ҳам ўйин амалиётисиз қолди. Унинг клуби - «Пекин Гуоан» эса ўз майдонида «Тянжин Куанжин» билан муроса йўлини танлади - 1:1. Мутлақо тушунарсиз ҳолат шуки, пойтахт клуби устози Хосе Гонсалес ҳамюртимизни жорий мавсум ҳали бирор марта ҳаттоки, ўйин қайдномасига ҳам киритмади.
Миллий жамоамиз сардори Одил Аҳмедов эса «Шанхай СИПГ»нинг 3:0 кўринишидаги ғалабасига 90 дақиқалик фаоллиги билан ҳисса қўшди. Андре Виллаш-Боаш шогирдларининг бу сафар таркибида машҳур Эсьекел Лавесси тўп сурадиган ва машҳур Мануэль Пеллегрини қўл остида шуғулланаётган «Хэбэй Чайна Форчун»га заррача имконият қолдиришмаганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Анзур Исмоилов жамоаси - «Чанчун Ятай» ҳам бу турда ғалабани нишонлади. «Хэнан Жинанье» билан ўйнаган чанчунликлар 1:0 ҳисобида зафар қучишди. Учрашувда тўлиқ иштирок этган Исмоилов биринчи бўлим охирида сариқ карточка олди. Айтиш жоиз, «Чанчун Ятай» жорий мавсум ҳисобидан биринчи марта ғалабага эришди.
Пенальти эвазига ютуқ. Таркибида Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров тўп сураётган «Сепаҳон» жамоаси Эрон про-лигаси 28-турида «Сабо Батери» меҳмони бўлди ва пенальтидан урилган ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Ҳамюртимиз одатдагидек, ўйинни бошланғич таркибда бошлади.
Рашидов - ўйин қаҳрамони. «Ал-Жаиш» клуби Қатар кубоги ярим финалида мамлакат чемпиони - «Лаҳвия»дан устун келди. «Ал-Садд»га тегишли Jassim Bin Hamad Stadium аренасида бўлиб ўтган ўйинда жами 5та гол урилди ва шундан 3та миллий термамиз ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов клуби ҳисобига ёзилди.
Эътиборли томони, ўйин якунида айнан ҳамюртимиз урган гол муҳим аҳамият касб этиб, «Жаиш» 3:2 ҳисобидаги ғалабани тантана қилиш асносида финал йўлланмасини қўлга киритди. Яна бир томони, мазкур ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Сардор Рашидов 10 минг Қатар риали (тахминан 3 минг доллар) миқдорида мукофот билан тақдирланди. Қайд этиш керак, «Ал-Жаиш» Қатар кубогининг амалдаги соҳиби саналади.
Пардаев юпатувчи гол муаллифи. Жанубий Кореяда нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган «К»-лигаси Челленж турнирида 8-тур ортда қолди. Баҳодир Пардаевнингянги жамоаси - «Бучеон» бу сафар «Анянг» майдонига сафар қилиб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳамюртимиз майдонга тушган 66-дақиқага қадар «Анянг» 2та гол уришга улгурганди. Орадан кўп ўтмай, мезбонлар 3-голни ҳам нишонлашди. Пардаев эса 88-дақиқада юпатувчи гол муаллифига айланиб, жамоасини йирик ҳисобли мағлубиятдан қутқариб қолди.
Кубокда ғалаба, чемпионатда... Қозоғистондаги легионеримиз Александр Гейнрих ўтган ҳафта 2та ўйинда иштирок этди. Унинг клуби - «Ордабаси» аввалига мамлакат кубоги доирасида «Қизилжар»ни минимал ҳисобда енгди - 1:0. Саша бу ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга тушди. Ҳафта охирида эса «Ордабаси» қозоқ премьер-лигаси 8-тур ўйинини «Тобол»га қарши ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради.
Гейнрих бу сафар 64-дақиқада ўйинга қўшилди. Шавкат Саломов жамоаси ҳам кубок турнирида ютуққа эришди. Яъни ҳамюртимиз иштирок этмаган баҳсда чемпионатнинг яққол аутсайдери бўлиб турган «Атирау» меҳмонда «Киран»дан кучлироқ чиқди - 2:1. Саломов жамоасининг чемпионатдаги баҳси эса қолдирилди.
3:1 ҳам кафолат эмас. Москванинг «Локомотив» клуби Россия премьер-лигаси 24-турида «Амкар»ни енголмади. Ваҳоланки, «темирйўлчилар» ўйин давомида 3:1 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди. Аммо ижобий натижани сақлаб қололмадилар - 3:3. Клуб сафидаги вакилимиз Виталий Денисов мазкур учрашувда тўлиқ вақт давомида тўп сурди. «Оренбург» эса Вадим Афонинсиз ўйнаб ҳам, «Томь» майдонидан 2:1 кўринишидаги ғалаба билан қайтди.
ОФК кубогида омадсизлик. Таркибига икки нафар ҳамюртимиз - Алишер Азизов ва Абдулатиф Қодировни жалб этган«Дордой» (Қирғизистон) ОФК кубоги 5-турида Туркманистоннинг «Олтин-Аср» клубини қабул қилиб, 0:2 ҳисобида ютқазди. Азизов бошланғич таркибда майдонга тушиб, 90 дақиқа ўйнаган бўлса, Қодиров қайдномадан четда қолди.
Ҳусниддин Ғофуров четда. «Явор» клуби Сербия супер-лигаси «плей-офф» босқичини дуранг билан бошлади. «Войводас»га қарши кечган ва 1:1 ҳисобида якунланган ўйинда клуб таркибидаги ҳамюртимиз Ҳусниддин Ғофуров иштирок этмади.
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20