Қайднома

Қидирув

Вакант жой бор ёҳуд Клаудио Раньери Осиёда иш бошлайди

Вакант жой бор ёҳуд Клаудио Раньери Осиёда иш бошлайди

  26.04.2017 01:48
  0
  1261
Вакант жой бор ёҳуд Клаудио Раньери Осиёда иш бошлайди

ОФК миқёсидаги ЖЧ-2018 саралашида курашни давом эттираётган 12та терма жамоанинг деярли ярмида бош мураббий истеъфога чиқиб улгурди. Хусусан, қатар ва Хитой футболи мутасаддилари миллий жамоа бошқарувчисини айнан бизнинг термамизга қарши кечган мағлубиятли ўйиндан сўнг янгилашни лозим топишди.

Кейинроқ БАА термаси раҳбарияти Маҳди Алига жавоб беришди, таиландликлар эса мамлакат футболи афсонаси Киатисук Сенамуангга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишди. Мана, ироқликлар ҳам шу йўлдан бориб, саралаш доирасидаги қолган ўйинларни бошқа мутахассис раҳбарлигида ўтказишга қарор қилишди.

Айни пайт ФИФА талқини бўйича жаҳоннинг амалдаги энг яхши мураббийи - Клаудио Раньери ҳеч қаерда ишламаяпти. Шу боисми, матбуот итальян мутахассисини гоҳ дунёнинг турли етакчи клублари, гоҳ Осиё  терма жамоаларига «юбориш» билан овора. Хуллас, бугун ЖЧ-2018 йўлланмалари йўлида ҳаракатдан тўхтамаган, аммо бош мураббийи ваколати бўш турган айрим терма жамоаларга тўхталиб ўтамиз.

Ироқ терма жамоаси

Бош мураббий жойи бўш. Ироқ миллий жамоаси бош мураббийи Радҳи Шенаишил яқиндагина истеъфога чиқарилди. Socceriraq хабарига кўра, мамлакат футбол ассоциацияси ҳамда Олимпия қўмитасининг қўшма йиғилишида шундай қарорга келинган. Сабаби тайин: Шенаишил сўнгги саралаш раундида ижобий натижаларни тақдим этолмади. Ҳозирги ҳолатда ироқликлар (омадлари юришган тақдирдагина) «плей-офф» босқичига чиқишлари мумкин, холос.

Миш-мишлар. Италиялик Клаудио Раньери ҳам Ироқ терма жамоаси бош мураббийи лавозимига номзодлар рўйхатига киритилган. Ундан ташқари, бразилиялик Зико ва Маркос Пакета ҳамда голландиялик Франк Райкаард номзоди ҳам кўриб чиқилмоқда. Ҳарқалай, Португалиянинг A Bola нашри шу мазмунда хабар тарқатди. Маълумот ўрнида айтиш керак, Клаудио Раньери фаолияти давомида терма жамоа билан ҳам ишлаб кўрган. Бироқ Греция термасидаги фаолияти ўта муваффақиятсиз чиққанди.

Нима бўлиши мумкин? Ироқликлар режага кўра, 8 июнь куни Дубайдаги «Ал Рашид Стэдиум» аренасида Ж.Корея терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказишади. Айни пайт жамоада Раҳим Ҳамид ва Карим Салмон бошчилигидаги ассистентлар фаолият юритмоқдалар. Жисмоний тайёргарликка эса испаниялик Хави Педро жавоб беради. Катта эҳтимолки, мазкур терма жамоа бош­қарувини бразилиялик 58 ёшли Маркос Пакета ўз қўлига олади.

Ушбу мутахассис 2005-2007 йиллар давомида Саудия Арабистони миллий жамоасига раҳбарлик қилиш асносида Осиё футболи билан яқиндан танишган. Кейинроқ Ливия термасида ҳам ишлаган. Пакетанинг тактик ишланмалари Ироқ футболига мос келади. Зико номзоди ҳам эътиборга молик. Лекин унинг айни пайт футбол оламида залворлироқ мансаб кўзлаётгани кўпчиликка сир эмас. Айтганча, Зико 2011 йил август - 2012 йил ноябрь оралиғида айнан ироқликларга устозлик қилганди.

Яна бир томони, Ироқ термаси раҳбарияти 2013 йилнинг сентябридан буён хорижлик мураббий хизматига эҳтиёж сезмаётганди. Табиийки, янги бош мураббий зиммасига маълум даражада вазифа юкланади. Чунончи, ироқликлар охирги 3та ўйин (Япония, Таиланд ва БАА терма жамоаларига қарши)да максимал натижага эришсалар, гуруҳда лоақал 3-ўринни банд қилишлари ва ўтиш баҳсларида ўз омадларини синаб кўриш имкониятини ҳосил қилишлари мумкин.

Бунинг учун ҳозирги жамоа салоҳияти бемалол етади. Яъни бош­қарув тизими ўзгарса ва футболчилар олдига янги талаблар қўйилса, жамоа 3-ўринни эгаллаш вазифасини уддалаши ҳеч гап эмас. Дейлик. Саудия Арабистони термаси билан ўйинда ироқликларга шунчаки, тажриба етишмади. Уларнинг қандай характер ва иродага эга эканликлари эса бутун Осиёга маълум.

Таиланд терма жамоаси

Бош мураббий ўрни бўш. Таиланд футболи раҳбариятининг 31 март куни қатъий қарор қабул қилишига тўғри келди. Гарчи терма жамоа афсонаси Киатисук Сенамуанг минтақада ҳудудий кубокни таъминлаган бўлса ҳамки, бошқарув ваколатидан маҳрум этилди. У Таиланд термасини 2014 йилнинг февралида қабул қилиб олганди. Сенамуанг ортда қолган вақтда шогирдлари билан 21та ўйинда ғалабани тантана қилди.

Миш-мишлар. Таиландликлар ҳам «Лестер»ни АПЛ чемпионлигига етаклаган Клаудио Раньерига алоҳида эътибор билан қарашяпти ва уни бош мураббий ролида кўрмоқчилар. Бунга ESPN хабари далолат: «Таиланд футбол федерацияси яқинда ЖЧ-2018 саралашидаги қониқарсиз натижалар сабаб, мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи Киатисук Сенамуангни истеъфога чиқарди. Тайлар айни пайт унинг ўрнига Клаудио Раньери ёки Аргентина терма жамоаси собиқ устози Алехандро Сабельяни таклиф қилишни мўлжаллаяптилар».

Нима бўлиши мумкин? Таиландлик инвесторлар Италия «А» серияси ва Англия футболидаги бир қатор клубларга сармоя ажрата бошлаганларидан кейин умумий вазият ўзгарди. Энди бу юртда исталган фахрий ўйинчи ёки мураббийни кўриш мумкин. Тўғри, хорижликларда катта маблағ топиш ёки Таиланд футболини юксакларга кўтариб юбориш имкони паст, лекин улар ташкилий жиҳатдан тўлиқ ҳимояланишган. Мисол учун, «Лестер»нинг таиландлик эгалари ҳам ўз ватанлари миллий жамоаси бошқарувида хорижлик машҳур мутахассис иш олиб боришига бефарқ қарамасалар керак. Тўғри, бу масалада Раньери номзоди анча баҳс­ли.

Биринчидан, итальяннинг ўзи яна АПЛда ишламоқчи. У Англиядаги ўйинлар чоғи трибунада кўп кўриниш беряпти. Хусусан, шахсий агенти ҳам айнан АПЛ клубларида ишлаш вариантларини чуқур ўрганяпти. қолаверса, Раньери ҳақида «Лестер» билан шартномаси муддатидан олдин бекор қилингани учун товон пули олганидан бошқа ҳеч нима билмаймиз. Яъни клуб товон пулини зудлик билан тўлагани эвазига нима талаб қилгани номаълум? Иккинчидан, Греция терма жамоасидаги иши давомийлиги 4 ойга ҳам етмаганди. Демакки, мураббий энди ўз тақдирини қайсидир миллий жамоа билан боғлашдан олдин минг чандон ўйлаб кўриши тайин.

Яъни бу масалада асло таваккал иш тутмаса керак. Боз устига, Таиланд термаси ЖЧ-2018 йўлланмасидан умид узишга улгурди. Тайлар Осиё кубоги-2019да ҳам кўп нарсага даъвогарлик қилолмаса керак. Хулоса шуки, ушбу терма жамоа бошқарувига Англия (Харри Реднапп, Алан Пардью) ёки Испания (Айтор Каранка)дан мутахассис таклиф этилиши мумкин. Ҳар ҳолда, таиландликлар Япония ёки кореялик мураббий чақирмасалар керак (бирор марта бундай қилишмаган). Хуллас, 6 июнь куни Тошкентда ўтказилиши кутилаётган ўртоқлик баҳсида Таиланд термасининг янги қиёфасини кўрсак, ажабмас.

БАА терма жамоаси

Бош мураббий ўрни бўш. БАА терма жамоаси 28 март куни Австралияда ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги нав-батдаги ўйинда майдонга тушди ва ортга 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди. Натижада жамоа бош мураббийи Маҳди Али истеъфога чиқаётганини эълон қилди: «Афсуски, миллий термадан кетиш вақти келди. Аслида ироқликларга қарши ўйин олдидан истеъфога чиқмоқчи эдим, аммо федерация раҳбарлари қолишимни сўрашди. Бир нарса таскин беради: жамоа бошқарувидаги 5 йил давомида бор салоҳиятим ва билимимни ишга солдим».

Миш-мишлар. Айни пайт интернет тармоқларида БАА терма жамоаси мураббийи сифатида 33 ёшли Маҳмуд Ҳассан кўрсатилмоқда. Эътиборлиси, у ҳамон бош жамоа посбони саналади. Демакки, бош мураббий вазифасини вақтинча бажарса керак. Маҳмуд Ҳассаннинг «Ал-Аҳли» шарафини ҳимоя қилишини ҳам айтиш ўринли. Sport360.com сайти тарқатган маълумотга таянсак, БАА футбол ассоциацияси Аргентина термасини ЖЧ-2014 финалига олиб чиққан Алехандро Сабельяни янги бош мураббий сифатида таништирган.

Нима бўлиши мумкин? Сабелья чиндан ҳам, БАА термаси устози ролида иш бошласа, унинг олдига катта вазифалар қўйилади. Дейлик, худди Берт ван Марвейк каби жамоани тараққиёт сари буриш талаб этилиши мумкин. Зеро, голландиялик мутахассис қисқа муддат ичида Саудия терма жамоасини мутлақо ўзгартириб юборди. Аслида БААлик футболчиларда салоҳият етарли, лекин характер яққол сезилмаяпти. Дейлик, улар Япониядан ғалаба билан қайтишлари мумкин, аммо ўз майдонларида ютқазиб қўйишлари ҳеч гап эмас. «Олтин авлод»ни нурли чўққиларга олиб чиқиш янги бош мураббийдан кўп меҳнат талаб қилмаса керак.

Яъни у билим ва маҳоратини ишга солиб, ўйинчиларнинг умумий ёндашувларини ўзгартирса ва шунинг баробарида жисмоний тайёргарликни юксак даражага олиб чиқса, бас. 6 июнь куни қатар термасига қарши кечадиган ўртоқлик баҳсида БАА футболи ва бош жамоасининг аслида нималарни кўзлаётгани ва қандай қудратга эгалиги хусусида маълум тасаввур туғилса, ажабмас.

Фаррух ФАЙЗИЕВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz