Қайднома

Қидирув

Ҳақиқий дарвозабон қандай бўлиши керак?

Ҳақиқий дарвозабон қандай бўлиши керак?

  26.04.2017 16:47
  0
  260
Ҳақиқий дарвозабон қандай бўлиши керак?

Ҳақиқий дарвозабон қандай бўлиши керак? Буни билиш учун ўтган ҳафта «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасида кечган ўйинни томоша қилиш шарт эди. Бу учрашувда дарвозалардан бирини дарҳақиқат, моҳир посбон қўриқлади.

У бутун ўйин давомида уста дирижёр мисол ҳимоячиларни бошқариб турди, «сейв»ларни амалга оширди, оғир-босиқ ва ишончли ҳаракатлари билан бутун жамоада барқарорлик ўрнатди. Унинг ўйинига қараб туриб, бежизга «дарвозабон - ярим жамоа» демасликларини тан оласиз.

Ҳақиқий дарвозабон қандай бўлмаслиги лозим? Буни билиш учун ҳам ўтган ҳафта «Пахтакор» ва «Локомотив» ўртасида кечган ўйинни томоша қилиш шарт эди. Бу учрашувда дарвозалардан бирини ўз номига номуносиб посбон қўриқлади. У бутун ўйин давомида асабийлашишдан тўхтамади ва бу билан ҳимоя­чиларни ҳам издан чиқарди. Унинг кўп ҳаракати жамоа зарарига ишлади ва камига йўқ жойдан қизил карточка олиб, туппа-тузук ўйинни ҳам бузиб қўйди. Унинг ҳаракатига қараб туриб, «дарвозабон - ярим жамоа» деган нақлга ҳар доим ҳам ишонавермаслик кераклигини тан оласиз.

Албатта, гап ким ҳақида кетаётганини аллақачон тушуниб улгурдингиз. Анча вақт муқаддам ҳамкасблардан бири: «Қандай қилиб Игнатий Нестеровдек дарвозабон турганда терма жамоанинг асосий таркибида Александр Лобанов ўйнашини тушунмайман», деганди. Пойтахт дербисида бу икки посбонни ўзаро солиштириш имкониятига эга бўлдик. Қўрқаманки, ўйиндан сўнг ўша тушунмовчилик ортса ортганки, асло камаймаган.

Умуман, Лобанов қандай қилиб терма жамоа дарвозасига келиб қолганини Ўзбекистонда фақат бир одамдан бошқа ҳеч ким тушунмаса ҳам керак. Самвел Бабаян футболчиларни уч критерийга асосан танлайди - айни вақтдаги спорт формаси, инсонийлиги ва фақат ўзигагина маълум бўлган ўйин фалсафасига қай даражада мос келишига қараб. Афтидан, унинг наздида Лобанов бу талабларнинг барчасига мос келади. Биз эса Жанубий Кореядан ўтказиб юборилган икки голни эслаб, хуноб бўлиб юраверамиз...

Очиғи, ҳозир терма жамоа асосий таркибида ким ўйнаши кераклиги ҳақида навбатдаги «баллада»ни битмоқчи эмасман. Бефойда. Шундоқ ҳам қандай фикрда эканимни кўпчилик яхши билса керак. Биз нима демайлик, таркибни барибир, Бабаян танлайди. У Лобановни муносиб деб билдими, тамом-вассалом. Токи мураббий термадан кетмас экан, қанча дод-вой солманг, фойдаси йўқ.

Барибир, Нестеровни захира ўриндиғидан кўтара олмайсиз. Ҳатто «Пахтакор» - «Локомотив» ва Лобанов - Нестеров баҳси ҳам бош мураббийнинг фикрига ўзгариш киритмаса керак. Игнатий ҳар қанча ишончли ўйнамасин, катта эҳтимол билан жанжалкаш Лобанов Эронга қарши кечадиган ўйинни ҳам асосий таркибда бошлайди. Шундай экан, ҳеч қачон тикланмайдиган асаб толаларини эҳтиёт қилиб, кўп нарсага умид боғламаган маъқул. Айнан шу сабабга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси асосий таркибини тинч қўямиз. Айтмоқчи бўлганимиз бошқа нарса...

Яхши биласиз, Лобановга қадар ҳам футбол тарихида асабини жиловлай олмаган футболчилар етарлича топилади. Узоққа борманг, Ер юзида яшайдиган 7 миллиард одамнинг камида 6 миллиарди (ҳали эсини таниб улгурмаган мактаб ёшигача болалар истисно) яхши биладиган Зайниддин Зидан қилган иш олдида Лобановники зирапчага ҳам арзимайди.

Лобанов-ку Коне билан айтишиб, Нестеровнинг тўпини тепиб юборган экан, Зидан кимсан ЖЧ-2006 финалида «калла» қўйган. Аммо биласизми улар ўртасидаги фарқ нимада? Зидан ўша қилмишидан сўнг шундай деган эди: «Менинг ўйинимни нафақат катталар, балки болалар ҳам томоша қилганди. Улардан жуда уяламан. Болалар мени бу ҳолда кўрмасликлари керак эди!»

Шунақа. Зидан ҳаммасидан ҳам болаларга қандай ўрнак кўрсатиб қўйганидан даҳшатга тушган эди. У бу тахлит кечиримларни кейин ҳам кўп бор сўраган. Камига ўша қилмиши учун жавобгарликка тортилиб, мажбурий жамоатчилик ишларига жалб этилганини биласизми? Лобанов-чи? У ҳам афсусдамикан? Уни ким жазолайди?

Гарчи «Пахтакор» стадионига мудом камсонли томошабин тушса-да, ўйин «Спорт» телеканалида трансляция қилинган ва уни минглаб одамлар томоша қилганига ишонаман. Ҳар ҳолда, яхшими ёки ёмон, турнинг марказий ўйини эди. Улар орасида қанчаси болалар бўлганини биласизми? Билмаймиз. Лобанов улардан уялиш ёки уялмаслигини ҳам.

Мен бу билан Самвел Бабаян Лобановни терма жамоадан четлатсин, демоқчи эмасман. Аксинча, агар у ҳамон дарвозабонга ишонса ва усиз ЖЧга чиқиш имконсиз, деб ўйласа, асосий таркибда майдонга тушираверсин.

Ахир натижага у жавоб беради ва насиб қилса, қачондир жавоб берар ҳам. Ахир ҳамма нарса Олимпиада йўлланмаси бой берилгани каби кечирилавермайди-ку, тўғрими? Бабаян ҳам ўзи жавоб берадиган қароридан воз кечмасин, керакмас. Аммо шу ўринда бир эътироз, Бабаяннинг уч талаби орасида «инсонийлик», деган банд ҳам бор эди. Лобанов энди ўша бандга тўғри келадими, ёки йўқ, буниси энди баҳсли савол.

Масалан, Игнатий Нестеров шунча маҳорати билан ҳам учта талабнинг қайсидир бирига мос келмагани учунгина асосий таркибда ўйнай олмаётган эди...

Умар БЕК


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz