Қайднома

Қидирув

Қуръа: ЧЛ ва ЕЛ: ким қандай фикрда

Қуръа: ЧЛ ва ЕЛ: ким қандай фикрда

  27.04.2017 00:16
  0
  1559
Қуръа: ЧЛ ва ЕЛ: ким қандай фикрда

Дидье Дешам (Франция терма жамоаси бош мураббийи): - «Монако»нинг ярим финалга чиққани таҳсинга лойиқ. Бироқ клуб савия масаласида «Юве», «Атлетико» ва «Реал» билан тенглашолмайди, барибир. Демоқчиманки, монегаскларда «Ювентус»дан фарқли равишда, катта ўйинлар тажрибаси кўп эмас. Боз устига, жавоб баҳсининг Туринда бўлиши ҳам Италия гранди фойдасига хизмат қилади. «Юве»нинг «Монако»га беписанд қарашига шубҳам бор. «А» серияси етакчиси бу каби имтиҳонларга тўлиқ кўниккан ва айнан ЧЛда ғалаба қозониш учун яралган. Аллегри — Европадаги энг кучли тактиклардан бири. У жамоани қайта шакллантириб, ҳужумкорликка йўналтирди.

Леонарду Жардим («Монако» бош мураббийи): - Рақибимиз қандай жамоа эканлигини ҳамма яхши билади. Дейлик, ҳимоя масаласида бутун Европада «Ювентус» олдига тушадигани йўқ. Жамоанинг тажрибаси ҳам катта. «Юве»нинг яна бир устун томони шуки, у Италия чемпионатида ғалабани деярли нақ қилиб улгурди.

Беппе Маротта («Ювентус» бош директори): - Шундай ишонч борки, «Ювентус» ҳақли равишда ярим финалга чиқди. Аммо турнирда ғалаба қозонмасак, бу ҳеч нарсани англатмайди. Яна 3тагина ўйин қолди. Бизни олдинда ўта тиғиз ва мураккаб ой кутяпти.

Павел Недвед («Ювентус» вице-президенти): - Футболчиларимиз ўз вазифаларига жуда эътиборли ёндашмоқдалар. Мақсад эса тайин - финал. ЧЛда бир лаҳзалик хато ҳам қимматга тушиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, «Монако»га қарши ўйинларда бор имкониятларимизни ишга солишимиз шарт. Ўз навбатида, Массимилиано Аллегрига омад тилайман. Умид қиламанки, у бўлажак баҳсларда ҳам танқидчиларни уялтириб қўяди.

Клементе Вильяверде («Атлетико» директори): - Мухлисларимиз ва футболчиларимиз финалда икки бора мағлубият аламини тотиб кўришди. Биламизки, ҳал қилувчи баҳсга чиқишнинг ўзи катта натижа саналади. Яна нима дердим, бизга «Висенте Кальдерон» стадиони билан муносиб хайрлашиш насиб этишидан умидворман. Аренамиз бунга лойиқ.

Эмилио Бутрагеньо («Реал» клубининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими директори): - Финалдан бир қадам нарида турибмиз ва бундан хурсандмиз. Аммо бўлажак қарама-қаршиликлар энг мураккаби бўлишини унутмаслигимиз лозим. «Атлетико» - рақиб хатоларидан максимал даражада фойдаланадиган жамоа. «Матрасчилар» таркибида савияли футболчилар етарли ва улар жуда кам гол қўйиб юборишади. Хуллас, уларга қарши ўйинларда энг муҳими - хатога йўл қўймаслик.

ФАКТЛАР

***      Жорий мавсум Германиянинг бирор жамоаси ЧЛ ёки ЕЛ ярим финалига чиқолмади. Яъни икки турнирнинг финали йўлидаги ўйинларда «Бавария», «Боруссия» Д. ва «Шальке» клублари бараварига омадсизликка юз тутди. Хуллас, охирги 12 йил мобайнида еврокубоклар ярим финали илк марта бундеслига вакилларисиз ўтадиган бўлди.

*** «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо ўз жамоаси билан 10-марта еврокубоклар ярим финал раундига чиқиб, бу борада Алекс Фергюсон ва Жованни Трапаттони ўрнатган рекорд кўрсаткични такрорлади.

*** «Аякс» клуби охирги 20 йил ичида илк марта ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Амстердамликлар 1997 йили ЧЛ ярим финалида «Ювентус» (1:2, 1:4)га ютқазишганидан буён ҳал қилувчи учрашув остонасига келишмаганди.

АЙТГАНЧА...

Испаниянинг As газетаси ЧЛ ярим финали қуръаси натижаларига шубҳа билан қарамоқда. Нашрнинг гумон қилишича, жуфтликларнинг шундай кўриниш олиши олдиндан режалаштирилган. Маълум бўлишича, қуръа ташлаш маросимида қатнашган «Ливерпуль» клуби ва Уэльс терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Иан Рашнинг ҳаракатлари шубҳа уйғотган.

Жараён олдидан УЕФА Мусобақаларни ташкиллаш бўлими директори Жоржио Маркетти жамоалар номи ёзилган шарларни айлантиргач, Раш ҳам шу ишни такрорлаб, биринчи бўлиб, «Реал» ёзувини тортди. Аммо у иккинчи уринишда шарларни айлантирмади ва «Атлетико» ёзуви чиқди... Испанларнинг яна бир гумонларига кўра, қиздирилган шарлардан фойдаланилган. Яъники, финал яна испанча кўриниш олиши мумкинлигига йўл қўймаслик учун шундай қилинган...

football.kulichki.net маълумотлари асосида тайёрланди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz