Қайднома

Қидирув

Яна "Пахтакор"даги ўзгаришлар хусусида...

Яна "Пахтакор"даги ўзгаришлар хусусида...

  27.04.2017 08:17
  0
  979
Яна

«Пахтакор»нинг кейинги тақдири қандай бўлади? Икки ҳафтадан зиёдроқ вақт давомида футбол мухлислари жавоб топишни истаган савол шу эди. Самвел Бабаян 2002 йилдан бошлаб «Пахтакор»да турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2014 йили жамоа устозига айланиб (аниқроғи, ўзбек футболи тарихидаги янги лавозим — бош менежер бўлиб), уни мамлакат чемпионига айлантирган ва мавсум якунларига кўра, Ўзбекистонда йил мураббийи деб тан олинган.

2015 йилнинг июнида эса Миржалол Қосимов ўрнига Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган. Айнан шу вақтдан бошлаб Бабаян расман «Пахтакор»га алоқадор эмас эди, бироқ футбол жамоатчилигининг қайд этишича, амалда клуб барибир собиқ бош менежерининг таъсири остида қолган.

Равшан Ҳайдаров

31 март куни «Пахтакор» Муборакда «Машъал» клубига йирик — 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди (мавсум бошидан бери ўтказилган тўртинчи ўйиндаги иккинчи мағлубият). Бу эса клубда қандайдир ўзгаришларни амалга оширишга мажбур этди ва 6 апрель куни жамоа бош мураббийи Григорий Колосовский ўз ўрнини Бабаяннинг миллий термадаги ёрдамчиси — Равшан Ҳайдаровга бўшатиб берди.

Факт. Равшан Ҳайдаров ҳаёти давомида «Пахтакор»га уч марта бош мураббий этиб тайинланган.

Бундан бироз олдинроқ, 28 март куни Самвел Бабаян Колосовскийни танқид қилиб чиққанди. Қатарга қарши беллашувдан кейин Бабаян «Пахтакор» мураббийларини тилга олиб, клубнинг уч нафар футболчиси (Лобанов, Сергеев, Андреев) термага жароҳат билан келгани ҳақида гапирган эди. Кейин эса Олий лига клублари мураббийлари билан ишлаш кераклигини уқтирди.

Алишер Усмонов

9 апрель куни «Пахтакор»ни миллиардер Алишер Усмонов қабул қилиб олиши мумкинлиги борасида дастлабки гап-сўзлар пайдо бўлди. Эртасига — 10 апрель куни «Championat.asia» нашри бу миш-мишларни тасдиқлагандек бўлиб, бунга Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Умид Аҳмаджоновнинг клубга бош директор бўлганини қўшимча қилди.

Мазкур хабар чиққанидан бир соат ўтиб, Умид Аҳмаджоновнинг ўзи «Пахтакор»да иш бошламаганини маълум қилди. Яна ярим соатдан кейин «Пахтакор» матбуот хизмати клуб ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини эълон қилиб, гап айнан қайси хабарлар ҳақида бораётганига аниқлик киритмади.

Де факто Умид Аҳмаджонов «Пахтакор»да 11 апрелданоқ иш бошлаганига қарамай, «Пахтакор» матбуот хизмати бу ҳақда икки ҳафтадан кейин маълумот берди. Бу орада клуб у ҳақда нотўғри ахборот берадиган нашрни судга бериши мумкинлигига ҳам шама қилди.

Аросат

11 апрель куни «Пахтакор» Ўзбекистон кубоги доирасида Бухорода «Нурафшон» билан 120 дақиқа давомида 0:0 ўйнади. Пенальтилар сериясидагина Тошкент гранди тарозини ўз томонига оғдириб олди. Ваҳоланки, «Пахтакор» терма жамоага учдан ортиқ футболчи бергани учун ўйинни бошқа санага кўчиришганди эришганди. Шунга қарамай, Биринчи лига клуби дарвозасига ўйиндан гол ура олмади.

14 апрель куни «Пахтакор» стадиони қайта реконструкция қилиниши мумкинлиги борасида хабар чиқди. Бунда стадион Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан реконструкция қилиниши айтилганди. Бироқ хабарни на «Пахтакор» ва на шаҳар ҳокимияти тасдиқлади.

Уч кундан сўнг — 17 апрель куни «Пахтакор»га Европа ва Бразилиядан бош мураббий изланаётгани ҳақида хабар чиқди. Бунда жамоа чиндан ҳам ўзгараётганига ишора қилинди.

15 апрель куни «Пахтакор» Ғузордан ҳам йирик мағлубият билан қайтганди — 0:3. Учрашувдан кейин Ҳайдаровнинг ўзи клуб футболчиларида бефарқлик бошланганини тан олди ва ўзгаришлар борасидаги саволларни инкор этмади.

21 апрель куни «Пахтакор» Тошкент дербисида ҳам имкониятни бой берди. «Локомотив»га қарши ўйин 1:2 ҳисобида якунига етди.

Бобур Шодиев ва Умид Аҳмаджонов

26 апрель куни «Пахтакор» клубдаги ўзгаришларни расман тан олди: Бобур Шодиев клубга вице-президент бўлгани, Умид Аҳмаджонов эса бош директор лавозимига тайинлангани маълум қилинди.

Айни вақтда, «Алишер Усмонов ‘Пахтакор’ни сотиб олибди», деган гап-сўзлар тасдиқланмади. Боиси, клубнинг расмий ахборотида Бобур Шодиевни вице-президент этиб Тошкент шаҳар ҳокими, яъни, «Пахтакор» клуби президенти тайинлагани билдирилган. 10 апрель кунги раддияда «Пахтакор» ФК масъулияти чекланган жамият ҳисобланиб, у 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфида экани айтилган эди.

Хулоса

Клуб раҳбариятидаги сўнгги ўзгаришларга қадар (Самвел Бабаян «Пахтакор»да бош менежер бўлган даврлардан бери) Рустам Кўпайсинов бош директорлик қилиб келаётган эди, унинг ўрнини энди Умид Аҳмаджонов эгаллади. Шу вақтгача Ўзбекистон дзюдо федерацияси вице-президенти сифатида фаолият кўрсатган Бобур Шодиевнинг «Пахтакор»га ташрифи эса Бабаяннинг клубга таъсирини бутунлай йўққа чиқариши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz