Қайднома

Қидирув

Қасоскор Месси, маккор «Челси»…

Қасоскор Месси, маккор «Челси»…

  27.04.2017 15:08
  0
  924
Қасоскор Месси, маккор «Челси»…

Ҳа, сўнгги «уик-энд» оқшомлари нафақат Европа, балки бутун футбол оламига унутилмас спектаклларни ҳадя этди.

«Барселона» Испанияга пойгани қайтарди

«Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтган муросасиз қарама-қаршилик натижасининг аҳамияти изоҳга муҳтож эмас - баҳс «Қироллик клуби»нинг фойдасига ҳал этилса, чемпионлик тақдири қарийб аниқ бўларди. Томонлар фақат ғалаба илинжида майдонга тушганликларига шубҳа йўқ. «Эль-класико»дек ўта муҳим беллашувга жамоалар барча сара футболчиларини сафарбар эта олишмади. Мезбонлардан Пепе ҳамда Рафаэль Варан, каталонияликлардан Видаль, Жереми Матьё, Рафинья ва Неймар таркибда кўриниш беришмади. Бироқ бу йўқотишлар беллашув шиддатига ўз таъсирини кўрсатолмади. Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ ҳакам каталонияликларни пенальти билан жазолаши мумкин эди. Юмтитининг жарима майдончаси ичида Роналдуга нисбатан қўполлигини шафқатсиз жазо учун етарли, деб топмади. Тез орада у Суаресни ўта шубҳали «офсайд» ҳолатида тўхтатиб, «Реал» олдидаги айбини ювди. Бўлимнинг биринчи ярми тенг курашлар остида кечиб, Марселонинг Мессига нисбатан қўполлиги билан эсда қолди. Аргентиналик ҳужумчининг оғзи-бурни қонга беланиб, тиббий ёрдам олишга мажбур бўлди. Шундан кейин меҳмонлар шиддатни сал пасайтиришди. Стандарт вазиятларда ўта хавфли ҳужумчига айланадиган Серхио Рамоснинг бош билан йўллаган зарбасидан сўнг тўпни дарвоза устуни қайтарди, унга вақтида етиб келган Каземиро эса ҳисобни очди. Тез орада Месси яна рақибнинг «кўмаги» билан майдонга қулади, бу сафарги айбдор ҳам жазосиз қолди. Шундан кейин Лео бор аламини ўйиндан олиб, мезбонларни гол билан жазолади.

Танаффусдан сўнг ҳужумлар шиддати янада ошди. Янги кучларни «жанг»га ташлаш орқали ташаббус «Барса» томонига оға бошлади. Натижада, Ракитич худди номдор жамоадошининг услубида Кейлор Навасни доғда қолдирди. Орадан уч дақиқа ўтар-ўтмас, Серхио Рамос Мессига нисбатан ишлатган қўполлиги учун қизил карточка билан «сийланди». Захирадан майдонга тушган Хамес Родригеснинг чаққонлиги эвазига «Реал» мувозанатни тиклади. Охир-оқибат қўполликлардан дарғазаб бўлган аргентиналик ҳужумчи ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгги сонияларида «Реал» дарвозасига ғалаба тўпини йўллади. Шу тариқа «Барселона» очколар бўйича азалий рақиби билан тенглашиб олди. Лекин мадридликлар ихтиёрида «Сельта»га қарши учрашув ҳам бор.

«Арсенал» - кубок кушандаси

Туманли ўлкадаги энг қизиқарли беллашувлар АПЛ­да эмас, мамлакат кубоги мусобақасида кузатилди. Ахир бу икки баҳсда нуфузли соврин соҳибини аниқлаб берадиган финал йўлланмаси тақдири ҳал бўлди. Биринчи ярим финалда чемпионатнинг икки етакчилари - «Челси» ва «Тоттенхэм» майдонга тушишди. Мазкур баҳсга эскпериментал таркибни жалб этган Антонио Конте мавсумда «олтин дубл»га эришиш нияти йўқ эмаслигини исботлади. Ўйиннинг 5-дақиқасида ҳисобни очган Виллиан танаффусга чиқиш арафасида пенальтини ҳам голга айлантирди. Тўғри, «Тоттенхэм» икки марта мувозанатни тиклаб, кубокка бефарқ қарамаслигини намойиш этди. Лекин Азар майдонга тушганидан кейин устунлик «кўклар» томонига ўтди - аввалига жамоасини олдинга олиб чиққан Эден кейинчалик Матичнинг голига ассистентлик қилди.

Иккинчи ярим финал - «Арсенал»-«Манчестер Сити» жуфтлиги ўртасидаги баҳс ҳам муросасиз тарзда ўтди. Аслида Англия кубогини Венгер кубоги деб аташлари ҳам бежиз эмас - сўнгги тўрт йил ичида «тўпчилар» учинчи марта нуфузли совринни қўлга киритишга яқин туришибди. Бунинг учун улардан аввало, «Сити» синовидан ўтиш талаб этиларди. «Шаҳарликлар» ҳам фақат ғалаба илинжида майдонга тушганликлари кўриниб турарди. 23-дақиқада Гвардиола томонидан амалга оширилган мажбурий ўзгариш (Сильва ўрнига Стерлинг) баҳснинг бурилиш нуқтасига айланиши мумкин эди - бурчакдан ўзатилган тўпни Раҳим дарвозага жойлаб қўйганди. Бироқ тўп парвоз пайтида майдондан чиқиб кетгани сабабли гол инобатга олинмади.

Танаффусдан кейин ўйиндаги ҳисобни барибир, «шаҳарликлар» очишди - Серхио Агуэронинг маҳорати иш берди. Табиийки, «Арсенал» таслим бўлмади ва шиддатни оширди. Тез орада Начо Монреаль мувозанатни тиклади. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармагач, ҳакам «овертайм»лар белгилашга мажбур бўлди. 101-дақиқада Алексис Санчес Браво дарвозасини ишғол этди. Шу тариқа 27 май оқшомидаги финал баҳсида худди 2002 йилдаги каби «Челси» ва «Арсенал» майдонга тушадиган бўлдилар.

Мазур жамоалар кубок беллашувлари билан банд бўлишгани боис, АПЛ доирасида 34-турнинг олти учрашуви бўлиб ўтди, холос. Улар орасида «Ливерпул»нинг «Кристал Пэлас»дан енгилгани ва «МЮ»нинг «Бёрнли»дан устун келганида эътиборга молик жиҳатлар бор. Ушбу омадсизлик туфайли «қизиллар» ЕЧЛ йўлланмасидан бенасиб қолишлари мумкин. Чунки жамоа учинчи ўринда бораётган бўлсада, таъқибчилардан 2та учрашув кўп ўтказган. Қизиғи, «Пэлас»нинг иккала голини Кристиан Бентеке амалга оширди - мавсумлар оралиғида Юрген Клопп бу ҳужумчини ўз жамоасига қўшиб олишни истамаганди. Бошқа бир форвард - Антони Мартиаль эса ўз голи билан «МЮ» ғазнасига 10 млн. евро зарар келтирди. Унинг Бёрнлида урган голи «МЮ» таркибидаги 25-голи бўлди. «Монако» билан имзоланган шартномага кўра, франциялик ҳужумчи шунча тўп киритганидан кейин «қизил иблислар» князлик клуби ҳисобига трансфер қийматининг 10 млн.ини ўтказиб бериши кўрсатилган. «МЮ»нинг Бёрнлидаги иккинчи голи унчалик серчиқим бўлмади - Мартиаль тўпни қулай вазиятда турган Рунига етказиб бериш билан чекланиб қўя қолди.

«Ювентус» шоҳсупага яқинлашмоқда

«Барселона»дек номдор рақибдан ярим финал йўлланмасини ториб олган жамоа ички мусобақада бир неча кунга ҳушёрликни бўшаштириши ҳеч гап эмас. Бироқ «Ювентус» бундай эркаликка йўл қўядиган жамоалар сирасидан эмас. Навбатдаги турда ўртамиёна «Женоа»ни қабул қилган чемпион ўйинни жиддий тарзда ўтказди ва йирик (4:0) ҳисобдаги ғалабага эришди.

Учинчи поғонада бораётган «Наполи» эса «Сассуоло» билан жанговар дуранг(2:2)га рози бўлди. Сафарда бой берилган 2 очко якунда жамоа учун қимматга тушиши мумкин. Шу кетишда «Наполи» ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи йўлланмасидан қуруқ қолиши ҳеч гап эмас. «Лацио»-«Палермо» баҳсида (6:2) камдан-кам учрайдиган ҳодиса рўй берди - Чиро Иммобиле уч дақиқада 2та, Бальде Кейта эса беш дақиқа ичида 3та гол урди! Бундан ташқари, римликларнинг 26 дақиқа ичида 5:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишгани ҳам ўзига хос рекорд десак, лоф бўлмайди.

Еврокубоклардан кейинги тин олишлар

Немис клубининг ҳозирги ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Охирги 12 йил ичида илк марта еврокубок баҳсларининг ярим финаллари бундеслига вакилларининг иштирокисиз ўтадиган бўлди. Аввалига «Бавария» билан «Боруссия» Д. ЕЧЛдаги иштирокларини тўхтатган бўлишса, кейинчалик «Шальке» ЕЛ мусобақасидан чиқиб кетди. Энди «Бавария» 75000 мухлис гувоҳлигида «Майнц» билан иродали дурангга эришди. «Шальке» эса «Лейпциг» билан сулҳ йўлини танлади. Фақат дормундликлар «Монако»дан қабул қилинган мағлубиятни унутиб, Менхенгладбахдан қимматли уч очко билан ортга қайтишди. «Боруссия» Д. билан ЕЧЛ йўлланмаси учун жиддий кураш олиб бораётган «Хоффенхайм» «Кёльн»­га қарши баҳснинг сўнгги дақиқасида мағлубиятдан қутулиб қолди.

Кескинлик кучаймоқда

Франция чемпионатининг ғолиблиги ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. Чемпионликка асосий даъвогарлар - «Монако» ҳамда «ПСЖ» навбатдаги ғалабаларини нишонлашга эришдилар. Чемпион ўз майдонида «Монпелье»дан устун келди - 2:0. Тақвимнинг қалтис ҳазилига кўра, ЕЧЛ ва ЕЛнинг сенсациялари сифатида эътироф этилаётган «Монако» ва «Лион» айнан шу турда ўзаро куч синашдилар. Сафарда тўп суришига қарамай, «Монако» ғалабага эришиб, ЕЧЛ ЕЛдан кўра кучлироқ мусобақа эканлигини амалда исботлади.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz