Қайднома

Қидирув

Роналду, Месси ва бошқа суперфорвардлар 18 ёшли пайтларида қандай эди?

Роналду, Месси ва бошқа суперфорвардлар 18 ёшли пайтларида қандай эди?

  28.04.2017 09:24
  0
  192
Роналду, Месси ва бошқа суперфорвардлар 18 ёшли пайтларида қандай эди?

Ҳозир бутун футбол олами Килиан Мбаппе ҳақида гапирмоқда. Ахир «Монако»нинг 18 ёшли йигитчаси Франция чемпионати чегараларидан ошиб, Чемпионлар Лигасини ҳам «истило» қила бошлади. Энди савол: жаҳон футболининг сўнгги йиллардаги 6 нафар буюк ҳужумчиси 18 ёшда қандай каромат кўрсатган? Демак, Bombardir.ru сайти маълумотлари асосида Криштиану Роналду, Лионель Месси, Неймар, Златан Ибрагимович, Тьерри Анри ва Роналдонинг ёшлигига назар соламиз.

Криштиану Роналду

Португалиялик юлдуз 18 ёшли пайти жонажон мамлакати миллий чемпионатида жавлон уриб, Лиссабоннинг  «Спортинг» клуби рақиблари додини бера бошлаганди. Сал кейинроқ жамоада Криштианунинг терма бўйича бўлажак ҳамкорлари - жуда ёш Велозу, Моутинью ва Нани пайдо бўлишади. Уларнинг қисматига «Спортинг»нинг УЕФА кубоги финалини ўз майдонида Россия клубига бой беришини кузатиш ёзилганди. Роналду эса ЦСКА зафар қозонган вақт «МЮ»нинг бўлажак юлдузи мақомини олиб улгурганди.

Яъни манкунианлар 18 ёшли ўсмирни 12 миллион фунтга сотиб олганча уни дунё футболидаги энг қимматбаҳо тинейжер (ёш вундеркинд)-га айлантиришганди. Тушунарлики, «МЮ»да ҳеч ким ушбу келишувдан афсуслангани йўқ. Зеро, португал футболи жавоҳири жамоада 6 мавсум ўйнаб, 118та гол урди ва «Реал»га кетар чоғи инглизлар ҳисоб рақамини сезиларли даражада қаппайтирди. Мана, Криштиану Мадрид жамоасидаги голлари сонини ўйинлариникидан ҳам оширди. Аммо факт шуки, у 18 ёшида Килиан Мбаппедек маҳсулдор эмасди ва бўлажак «гол  машинаси»дек таассурот ҳам қолдирмаган. Хуллас, жаҳон юлдузининг асосий ютуқлари кейинги 14 йилга тўғри келди.

Лионель Месси

Фабио Капеллонинг 2005 йили 17 ёшли аргентиналик хусусида айтган гапларидан иқтибос: «Шу вақтгача ўсмир йигитчанинг бу қадар ёрқин ўйнаб, ақл бовар қилмас савияни намойиш этишини кўрган эмасдим». Ўшанда Лео «Гампер кубоги»да Капелло бошқарувидаги «Ювентус»нинг темир вакили Патрик Виейрага заррача имконият қолдирмаганди. 18 ёшга тўлган куни эса «Барселона» уни илк профессионал шартнома билан сийлади. Эътиборли факт: унда мисли кўрилмаган товон пули қайд этилганди - 150 миллион евро. Месси биринчи тўлақонли мавсумида Это~О ва Роналдиньо қатори қудратли ҳужумкор триодан жой олиб, барча турнирлар ҳисобидан 8та гол урди. Аргентиналикнинг кейинги юриши барчага маълум - анчадан буён  «Барселона»ни усиз тасаввур қилиш мумкин бўлмай қолди.

Неймар

Бразилиялик вундеркинд Мбаппе ёшига тенг бўлган пайти ўз ватанида чин юлдуз даражасига чиққанди. Аниқроғи, 21 ёшида «Барселона» сафига қўшилгунига қадар 5 йил давомида «Сантос» рақиблари кўнглига ғулғула солишдан чарчамади. Бу оралиқда жами 136 голдан хирмон ясагани барчасини кўрсатиб турибди. Мисол учун, Неймар 2010 йили 18 ёшини қаршилаган ва ўша мавсум нақ 42та гол уришдан ташқари, Жанубий Американинг энг яхши 3 нафар футболчиси қаторига кирган. Аниқроғи, Верон ва Д~Алессандро билан бир сафга жойлашганди.

Айтганча, «Сантос» айни ўша дамда «Челси» ва «Вест Хэм» клубларининг бразилиялик истеъдод трансфери юзасидан юборган таклифларини рад этган. Ҳа, клуб вакиллари адашмаган эканлар. Мана, Неймар 4-мавсумки, «Барселона»да жавлон урмоқда. Тўғри, ҳалигача барқарорлик масаласида энг юқори нуқтага кўтарилгани йўқ. Яъни Каталониядаги иккинчи ва учинчи мавсумини аъло даражада ўтказган бўлса, биринчисида бўлгани каби ҳозиргисида ҳам баъзан омадсизликка юз тутмоқда. Иккинчи томондан, бразилиялик суперфорвард миллий жамоа сафида доимо зўр ўйнаган ва ўйнамоқда. Энди 25 ёшини қаршилаган Неймарнинг Бразилия термасида 52та гол уришга улгурганини ҳисобга олсак, у ҳали миллий жамоа тарихидаги энг сара афсоналар рўйхатига кирса, ажабмас.

Златан Ибрагимович

Бўйдор ҳужумчи катта футболдаги катта кароматларини нисбатан кеч кўрсатишга тушди. Ҳарқалай, бир-биридан ажиб голлари ҳам, маҳсулдорлиги ҳам асосан яқин ўтмиши ва ҳозирги даврига тўғри келади. Хуллас, швед футболининг тирик афсонаси 18 ёшли пайти энди-энди «Мальме» учун гол уришни ўзлаштира бошлаганди. Хусусан, «Аякс»га трансфери ҳам яна 2 йилдан кейин амалга ошган. Айтганча, Арсен Венгернинг  вақтида Ибрагимовични ўз жамоаси сафида кўришни хоҳлагани ва ҳаттоки, унга «Арсенал»нинг 9-рақамли футболкасини ажратиб қўйгани ҳақидаги тарих кўпчиликка маълум. Француз мутахассиси швед йигитини синовга чақирган, аммо у ўшандаёқ мағрурлигини кўрсатиб, бундан бош тортган.

Ибранинг ўзи кейинчалик воқеани қуйидагича эслаганди: «Венгер машғулотга таклиф қилди ва аввало, қандай футболчи эканлигимни амалда кўрмоқчилигини билдирди. Унинг гапларидан «шок» ҳолатига тушиб қолгандим. Кейин дарҳол қарор чиқардим - йўқ, бунақаси кетмайди, кўрик учун борадиган бўлсам, шу ерда қолганим маъқул. Бу тўғри танлов эди». Ҳа, ғурури бўйидан ҳам баланд Ибранинг фаолияти давомида жуда кўп марта жамоа алмаштиргани айни ҳақиқат. Шунинг баробарида етарлидан ортиқ даражада турли-туман совринлар ютгани ҳам рост. Аммо «Арсенал» айнан 2004 йилдан кейинги даврда бу борада сира мақтанолмайди. Демакки, Златан жамоа танлашда адашмаган. Дарвоқе, у жорий мавсумдагина АПЛда кўриниш берди ва ҳозир 34 ёшда бўлишига қарамай, асосий вазифаси - гол уришни уддалаяпти.

Тьерри Анри

Мбаппени франциялик айни шу суперфорвардга қиёсламоқдалар. Анри 18 ёшида эндигина кўзга ташлана бошлаганди. Тўғри, бунда ўша вақт коммуникация ва ижтимоий тармоқларнинг ҳозиргидек кенг тараққий этмагани таъсири ҳам бор, албатта. Чунончи, Анри аввалига Арсен Венгер қўл остида «Монако»нинг қанот футболчиси сифатида тўп сурган ва шунинг учун бўлса керак, унча кўп гол урмаган. Лекин 18 ёшида клубининг мамлакат чемпионатида зафар қучишига салмоқли ҳисса қўшиб, бунинг самараси ўлароқ, Франциянинг энг ёш футболчиси мақомини олган. Анри яна икки йилдан сўнг жаҳон чемпиони ҳам бўлди, худди «Монако»даги шериги - Давид Трезеге каби. Шундан сўнг эса «Арсенал» ва «Барселона»да шуҳратга кўмилди. Ҳа, бетакрор фаолият, аммо Анри ҳам 18 ёшлигида Европада Мбаппечалик шов-шув кўтарган эмасди.

Роналдо

Балоғат ёшига етмай туриб, кенг миқёсда овоза бўлган юлдузлардан бири. Роналдо «Крузейро» учун 2 йил давомида 44та гол урган пайти ҳали 18 ёшга ҳам тўлган эмасди. Боз устига, бўлажак буюк «сўйлоқ» ўзининг кейинги туғилган кунини жаҳон чемпиони мақомида нишонлаган. Тўғри, у Бразилия термаси учун улкан зафар тақдим этган ЖЧ-94га борган бўлсада, бир дақиқа ҳам ўйнамаганди. Қизиғи, Америкадаги турнирда «сўйлоқ»ни бошқача фамилияда кўрсатишганди - Роналдиньо, яъни «кичик Роналдо». Сабаб шуки, бразилияликлар таркибида яна бир Роналдо бор эди - 29 ёшли бўйдор ҳимоячи.

Айтганча, у ҳам АҚШ мундиалида майдонга тушмаган. Ҳужумчи Роналдо эса 18 ёшида Голландиянинг ПСВ клуби сафидан жой олади ва дебют мавсумидаёқ 35та гол уради. Иккинчисида маҳсулдорлиги анча пасаяди - «атиги» 19та гол. Аммо бунга тиззасидан орттирган жароҳати сабаб эди. Муҳими, жароҳат Роналдонинг «Барселона» билан шартнома тузишига халақит беролмайди ва бразилиялик «гол машинаси» Испанияда ҳам қаҳрамонликларини давом эттиради. Биринчи мавсумда 47та гол (барча турнирларда) ва илк еврокубок (Кубок эгалари кубоги).

«Сўйлоқ» кейинчалик «Интер», «Реал» ва «Милан»да ўйнади ва ажиб фаолиятига «Коринтианс»да хотима ясади. Умумий статистикаси - 352та гол (фақат клуб футболида). Ҳа, бу ҳозирги бош қаҳрамонлар ҳисобидаги голлардан кам. Аммо бразилияликнинг майдондаги ҳаракатларини лоақал 1-2 марта кузатган ҳар қандай футбол мухлиси миясидан лоақал бир марта «Эҳ, шундай оғриқли жароҳат юз бермаганида, «сўйлоқ»нинг фаолияти қандай фантастик кечарди-я...» қабилидаги фикрлар ўтган бўлса, ажабмас. Ахир Роналдо ўша жароҳат туфайли нақ 2 йил четда юрганди.

АКМАЛ ЭШОНХОНОВ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz