Қайднома

Қидирув

Виталий ДЕНИСОВ: «Грандларни енгиш ҳамиша завқли»

Виталий ДЕНИСОВ: «Грандларни енгиш ҳамиша завқли»

  29.04.2017 03:35
  0
  888
Виталий ДЕНИСОВ: «Грандларни енгиш ҳамиша завқли»

Москванинг «Локомотив» клубида тўп сураётган Виталий Денисов ЦСКАга қарши кечган муҳим дерби олдидан «Спорт-Экспресс» нашрига интервью бериб, россиялик ҳамкасбларимизни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

- «Амкар» билан ўйиндаги ҳакамликдан сўнг ўзингизга келишингиз қийин бўлгандир?

- Ҳамма айбни реферига юклаш нотўғри. Уларнинг ишини муҳокама қилувчилар бор. Ҳозир камчиликлар ҳақида гапириш бефойда. Барибир, икки очкони қайтариб ололмаймиз. Ўзимиз тартибли ўйин кўрсатишимиз керак. Энди бор эътиборни кейинги учрашувга қаратамиз.

- Демак, ғалабанинг бой берилишига ўзингиз сабабчисиз?

- Кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Қулай вазиятлар яратилди, аммо улардан фойдалана билмадик. Ҳакамлик эса... Ушбу масалани қўмитадагилар ҳал этишсин. Ҳозир уларнинг иши тобора кўпаймоқда.

- «Зенит»-«Урал» ўйинини назарда тутяпсизми?

- Ҳа, Бикфалви четлатилган вазиятни кўрдим. Ўйлашимча, «Урал» ўйинчиси тўпга биринчи бўлиб етиб келганди. Кейин содир бўлган нарса шунчаки, тўқнашув эди. Бикфалви мазкур ҳолатда сариқ карточкага муносиб эмасди. Бу менинг фикрим. Ўйлашимча, ҳакам учрашув тизгинини қўлдан чиқарди, хатога йўл қўйди ва якунда шундай вазият кузатилди.

- Павлюченкони бирор марта шундай ғазабланган ҳолда кўрганмидингиз?

- Футбол эҳтиросларга бой, аксарият ҳолларда асабни жиловлаш мураккаб юмушга айланади. Рома эса оғир-босиқ, меҳрибон ва қувноқ йигит. Аммо ўша пайтда у ҳақиқатан жуда аччиқланганини кўрсатди.

- Сизнингча, қайси жамоа «Локомотив»нинг энг принципиал рақиби ҳисобланади - «Спартак»ми, ЦСКАми ёки «Зенит»?

- Бундай клубларни енгиш ҳамиша ёқимли. Ҳар қандай вазиятда уч очко олиш муҳим. Аммо грандлар устидан ғалаба қозониш ўзгача завқ бағишлайди.

- ЦСКА ҳақида гапирилганда кўнглингиздан қандай ҳислар кечади?

- Албатта, бу клубнинг ҳаётимда тутган ўрни бор. Аммо ҳиссиётлар ўта кучли деёлмайман. Ҳар ҳолда иккинчи жамоада тўп сурганман. Асосий таркибда эса кубок баҳсларида бир-икки марта майдонга тушганман. Лекин барибир, ўша дамларни эслаш ёқимли. Ўшанда Россияга кўникаётгандим, мамлакатни кезиб чиққандим. Иккинчи жамоада Россия чемпионлигини қўлга киритдим, кубокда ютдик, УЕФА кубоги финалидаги ғалабали ўйин пайтида мен ҳам бор эдим. ЦСКАга қарши ҳеч нима деёлмайман, бироқ ҳозир «Локомотив» аъзосиман. Майдонга чиққанимда «темирйўлчилар» шарафи учун курашаман, ўтмиш билан яшамайман.

- Шунга қарамай, чемпионлик пойгасида «ҳарбийлар» тарафдори бўлсангиз керак?

- Бундай саволларга эҳтиёткорлик билан жавоб қайтаришга интиламан. Ҳозир айтган гапим кейинчалик муҳокамага сабаб бўлиши ҳеч гапмас (кулади). Умуман, ғолиблик пойгасини кузатиш мароқли. Ҳар қандай учрашув вазиятни ўзгартириб юбориши мумкин. Турнир жадвали ўрталаридаги кураш ҳам қизғин кечмоқда. Турли жамоалардаги ҳамкасбларим билан суҳбатлашаман, айримларига ҳақиқатан ҳам мухлислик қиламан. Ҳар қандай вазиятда ўйин кимнинг кучлилигини кўрсатади. Фақат ўйин.

- Нима, бундай вазиятда биринчи даражага бошқа нарса чиқишидан хавотирдамисиз?

- Ҳозирда ҳакамлик борасида кўп гапириляпти. Уларга бундай босимни енгиш осон эмас. Рефериларда қандайдир камчилик кузатилиши мумкин. Умид қиламанки, чемпионат якунида қўпол хато учрамайди. Ҳаммаси адолатли бўлишини хоҳлайман.

- ЦСКАга қарши баҳсда Мариу Фернандесни тўхтатишингиз лозим. У ўта жиддий рақиб, шундайми?

- Ҳозирда енгил рақибнинг ўзи йўқ. Ҳар бирининг ўзига яраша устунлиги ва камчилиги бор. Бошқа томондан ўйин пайтида энг кучли жиҳатларингизни кўрсатишингиз лозим. Буни уддалаш эса ҳар доим ҳам насиб этавермайди.

- Фернандеснинг Россия термасида тўп суриши ҳақидаги гап-сўзларга қандай қарайсиз?

- Маҳаллийлаштириш ҳамма ерда бор. Мариунинг Россия термасида ўйнаш-ўйнамаслиги эса бошқа масала. Буни миллий жамоа устози ҳал қилади. ЦСКА учун бу «плюс», термага эса... Агар Фернандес термага ёрдам берса, бундан фақат хурсанд бўламан. Мамлакат обрўси учун жонини беришга тайёр турса, унга эътироз йўқ. Аммо фуқароликни шунчаки, расмиятчилик ва янги шартнома учун олса, унда билмадим...

- Майкон ЦСКА таркибидан Загоевни алоҳида ажратиб кўрсатди. Сиз-чи?

- Майконнинг фикрига қўшиламан. Загоев ажойиб футболчи, майдонни яхши кўра билади. Уни эътироф этиш ўринли. Аммо «армиячилар» сафида бошқа ижрочилар бисёр. Акинфеев, ака-ука Березуцкийлар, Игнашевич. Истеъдодли ёшлардан Головин бор.

- Майкон шунингдек, Арининг бўлажак дербида гол уришини таъкидлади...

- Нафақат Ари, балки бошқалар ҳам тўп киритса, бундан фақат хурсанд бўламан.

- Чорлуканинг сафдан чиққани «Локо» ўйинига салбий таъсир кўрсатмасмикан?

- Чорлуканинг ҳимоямиздаги ўрни юқори. Аммо таркибимизда унинг ўрнини боса оладиган футболчилар бор. Албатта, Ведраннинг жароҳат олиши - катта йўқотиш.

- Қандай вазиятда «Локомотив» учун мавсум муваффақиятли кечди, дейиш мумкин?

- Қолган ўйинларнинг барчасида ғалаба қозонсак, кўнглимиз тўлади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz