Қайднома

Қидирув

Миле ЕДИНАК: «Термамиз кучини Россияда кўрасиз»

Миле ЕДИНАК: «Термамиз кучини Россияда кўрасиз»

  01.05.2017 00:43
  0
  653
Миле ЕДИНАК: «Термамиз кучини Россияда кўрасиз»

Миле Йединак мана тўрт йилдирки, Австралия терма жамоасининг сардори ҳисобланади. Тез орада у «соккеруз»ни ҳам жаҳон чемпионати, ҳам Конфедерациялар кубогида етакчи сифатида майдонга олиб чиққан дастлабки футболчига айланиши мумкин. Айнан Йединак Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида австралияликлар таркибида боғич таққан. Эндиликда унинг жамоасини Россияда бўлиб ўтадиган Конфедерациялар кубогида Германия, Чили ва Камерун термаларига қарши жиддий учрашувлар кутиб турибди. Айни пайт Англиянинг «Астон Вилла» клубида фаолият олиб бораётган футболчи FIFA.com сайтига интервью бериб, Анге Постекоглу қўл остидаги жамоанинг навбатдаги мусобақага қандай тайёргарлик кўраётгани ҳақида гапириб ўтди.

- Россияда ўтказиладиган Конфедерациялар кубогида жаҳоннинг энг кучли термаларидан бири бўлган Германияга қарши майдонга тушишингиз мумкин. Бу нарса сизга нима беради?

- Йирик турнирда иштирок этиш ҳамиша қизиқарли ва жамоанинг ривожланиши учун ёрдам беради. Конфедерациялар кубоги бизга жаҳоннинг энг яхши термаларига қарши камида учта ўйин ўтказиш имкониятини тақдим этади. Шунинг­дек, турнирда ғолиб чиқишимиз мумкин. Бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди. Қолаверса, мундиалга бир йил қолганда Россия иқлими ва урф-одатларига кўникиб олиш имкониятига эгамиз. Жаҳон чемпионати ўтадиган стадионларда ўйнаймиз. Бу вақтда у ердаги муҳит, маҳаллий маданият билан танишишимиз мумкин. Бир сўз билан айтганда, бу тажриба ЖЧ-2018 пайтида бизга катта устунлик бериши эҳтимолдан холи эмас.

- Конфедерациялар кубогидаги рақиблар ҳақида нима дея оласиз? Германия билан ЖЧ-2010, Чили билан ЖЧ-2014да тўқнаш келгансизлар.

- Оғир гуруҳ. Лекин чемпионлар турнирида кучсиз рақибнинг ўзи бўлмайди. Германия - амалдаги жаҳон чемпиони. Икки йил олдин уларнинг майдонларида ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагандик. ЖЧ-2014да Чилига қарши учрашувни яхши бошлай олмагандик. Аммо ўша турнирда жаҳоннинг кучли жамоалари билан тенг­ма-тенг кураш олиб боришимизни исботладик. Камерун - Африканинг амалдаги чемпиони. Шундай экан, гуруҳ босқичидаги учта учрашувимиз ҳам биз учун ҳақиқий синов бўлади. Бундан ташқари, ушбу жамоалар ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидаги рақибларимиздан мутлақо фарқли ўйин намойиш қилишади.

- ЖЧ-2014даги Австралия термаси билан ҳозиргисининг ўртасида қандай фарқ бор?

- Бразилияда таркибимиз анча ёш эди. Ҳозир эса ўсишга эришдик. Ўшанда жамоамиз барча учрашувда мағлуб бўлганди. Шунга қарамай, рақибларга муносиб қаршилик кўрсата олгандик. Мураббийимиз ҳар бир учрашувда ўзимизни намоён этишимизни талаб қилади. Мақсадимиз нафақат жаҳон чемпионатига чиқиш, балки ўз услубимизда ўйнашдир. Шу боис Конфедерациялар кубоги биз учун муҳим ўрин тутади.

- Австралия авваллари ушбу мусобақада яхши натижалар қайд этган. Ҳозирги жамоа ҳам бунга қодирми?

- Рақибимиз жиддий бўлса, ўзимизни кўрсатишга одатланганмиз. Россияда Австралия термасининг қандай кучга эга эканлигини кўрасиз.

- ЖЧ-2014да термага сардорлик қилгансиз. Йирик турнирда боғич тақиш шараф бўлса керак?

- Миллий жамоа либосини ки­йиш ҳар бир австралиялик футболчи учун фахр. Жаҳон чемпионатида сардор бўлиш эса бошқа даража. Бу нафақат ўзим, балки оилам, дўст­ларим учун ҳам шарафдир.

- «Соккеруз»нинг олдинги Конфедерациялар кубогидаги муваффақиятларини эслайсизми? Масалан, 2001 йили Франция ва Бразилия термалари мағлуб этилган. 1997 йили эса жамоа финалгача етиб борган.

- Олдинги авлод футболчиларининг муваффақиятлари олға интилишимизда ёрдам беради. Эсимда, 2001 йили Франция ва Бразилия термалари устидан қозонилган ғалаба мамлакатда футболнинг ривожига анча катта ҳисса қўшганди. Шунингдек, 1997 йилги Конфедерациялар кубогида қатнашганларнинг деярли барчаларини танийман, улар ЖЧ-1998 йўлланмасини қўлга киритишга жуда яқин келгандилар. Ўшанда жамоа шарафини Грэм Арнольд, Аурелио Видмар, Алекс Тобин, Нед Зелич, Робби Слейтер, Гарри Кьюэлл, Марк Видука, Жон Алоизи ва Йосип Скоко каби футболчилар ҳимоя қилишган.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz