Олий лига 8-турининг энг характерли жиҳати сифатида «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоаларининг мусобақа жадвалида ўзаро жой алмашганини айтиш мумкин. Йўқ, пойтахт вакиллари ҳозирда худди 4-5 йил илгари кузатилганидек, 1-ўринга даъво қилаётганлари йўқ. Шунчаки, энди бу жамоалар ўртасида ўртамиёналик учун кураш кечаётгандек. Ахир ўтган ҳафта «Пахтакор» мағлубиятга учраган эди, бунисида «Бунёдкор» очкосиз қолди. Шунга қарамай, «қалдирғочлар» юқори ўнликдаги жойларини сақлаб қолишди - 9-ўрин. Ёдингиздами, «Пахтакор» 7-тур якунига кўра, 12-қаторга сурилганди...
Яқин ўтмиш юлдузлари
Ҳа, яқин ўтмишнинг энг кучли клублари мухлислари айни пайт тарихни қўмсаётган бўлсалар, ажабмас. Бугунги кун ҳақиқати шуки, «Бунёдкор» 8-турда «Машъал» меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Атиги 3 кунгина олдин шу жамоа ОЧЛ доирасида «Ал-Аҳли»ни чиройли ўйин орқали таслим қилганини инобатга олсак, ҳозирги «қалдирғочлар» учун беқарорлик энг катта иллат эканлиги ойдинлашади. Янгича ривожланиш йўлига қадам ташлаш арафасида турган «Пахтакор» эса навбатдаги янги бош мураббий қўл остида «қайсар»гина «Навбаҳор»га қарши майдонга тушди ва тасодифий гол эвазига 3 очко олди. Таъкидлаш жоиз, Жасур Абдураимовнинг дебют ўйини оддий бўлмаган рақибга қарши тўғри келди. Ахир Илҳом Мўминжонов жамоаси сўнгги 5та турдан буён мағлубият нималигини билмай келаётганди, боз устига, 4та ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлаган ҳолда. Сал қолса, мағлубиятсиз серия 6та ўйинга етиши мумкин эди, аммо 88-дақиқада Ғиёсжон Комиловнинг техник хатоси ортидан юзага келган автогол «ишнинг белига тепди». Демак, Жасур Абдураимовга омад кулиб боққанини таъкидлаш мумкин, бемалол. Аммо шу омад кейинги турларда нечоғли ёрдам беришини айтиш мушкул. Кузатамиз...
3та дуранг, иккиси кутилмаган воқелик
Ўтган ҳафта 3та учрашувда жамоалар кучи тенг келди. Шулардан 2тасида юқори учликка даъво қилаётган клублар очко йўқотди. Хусусан, «Насаф» сафарда «Қизилқум»дан 3 очко тортиб олиш иложини тополмади. Эътиборли томони, 1:1 ҳисобида якунига етган бу ўйинда ҳар икки жамоа ўз голини пенальтидан урди.
Шунингдек, 3-ўринда бораётган «Динамо»нинг ўз майдонида азалий рақиби - «Сўғдиёна»ни енгишига ишонч катта эди. Бироқ... Самарқанд ва Жиззах - қўшни вилоятлар. Шу боисми, бу жамоаларнинг ўзаро қарама-қаршилиги мухлислар учун катта аҳамият касб этади. Қувонтирадиган томони, ўйин бошланишидан ярим соат қолдиноқ Самарқанддаги стадион мухлислар билан лиқ тўлганди. Ажойиб факт: «Динамо» шу билан ортда қолган 8та турдан 4тасида энг кўп мухлис йиққан жамоа бўлди. Хуллас, 12805 мухлис гувоҳлигида кечган принципиал ўйинда томонлар 2тадан гол уришди.
Тур доирасидаги яна бир дурангни эса «Нефтчи» ҳисобига ёзиш керак. Чунончи, фарғоналиклар ўз майдонларида «Олмалиқ»қа ютқазишлари ҳам ҳеч гап эмасди. Фақат жамоага сўнгги дақиқаларда белгиланган пенальти ва Шерзод Ҳакимовнинг «нуқта»дан йўллаган аниқ зарбаси қўл келди. Бу ҳолат Виктор Кумиков ва унинг шогирдларига нечоғли алам қилганини тушуниш қийин эмас.
«Металлург»нинг аҳволи оғир
Жорий мавсум ўзини сира ўнглолмаётган яна бир жамоа - «Металлург» яна мағлубият кўчасига кирди. Бекободликлар бу сафар ўз майдонларида «Бухоро»га бас келолмадилар - 1:2. Гарчи бухороликлар ўтган мавсумга нисбатан олганда, таркиб масаласида кўпроқ муаммога дуч келаётган бўлсаларда, ҳозирча ёмон таассурот қолдирмаяптилар. Ҳар ҳолда, Улуғбек Бақоев шогирдлари айни вақт 13та очкога эгалар ва бу «Насаф»ники билан тенг.
«Қўқон-1912» эса жорий мавсум ҳазиллашмаётганини яна бир бора исботлади. Нўъмон Ҳасанов жамоасининг Ғузорда бунгача «Локомотив» ва «Пахтакор» адабини берган «Шўртан»дан устун келганини инобатга олсак, ҳаммаси дарҳақиқат, анча жиддий, чоғи. Нима дерлик, футболимиз илдизи бориб тақаладиган шаҳар жамоасига шу жиддийликни сира пасайтирмаслигини тилаймиз. Зеро, яна бир кучли жамоа чемпионатимизга асло ортиқчалик қилмайди.
«Обод» ҳимоясига зарба
«Обод» ўтган мавсумдан фарқли ўлароқ, бу йил майдонга яққол аутсайдер ролида тушмаяпти. Фикримизга тасдиқ - жамоа фақат 1-турда «Навбаҳор»дан 2та гол қабул қилди. Тошкентликлар шундан кейин бирор рақибга 1тадан кўп гол уриш имкониятини беришмаётганди. Аммо «бераҳм» «Локомотив» клубнинг мустаҳкам ҳимоя қўрғонига қарата жуда оғриқли зарба йўллади. Ахир олдинги 7та учрашувда жами 7та гол қўйиб юборган Рауф Инилеев шогирдлари 90 дақиқа давомида ҳам 7 бора ожиз қолишгач, яна нима дейиш мумкин? Боз устига, «Обод» шунча голга лоақал бир марта жавоб қайтаролмади. Ҳаттоки, пенальтидан ҳам... Айтганча, бу жорий мавсумда кузатилган энг йирик ҳисобдир. Ким билади, балки финишга қадар ҳам энг йирик натижа бўлиб қолар...
Тур қаҳрамони - Нўъмон Ҳасанов
«Пахтакор»нинг сўнгги чемпионлиги айнан Нўъмон Ҳасановга ҳам боғлиқ. 2 йилча муқаддам «шерлар» олий лигада ғолиб чиқишганида, жамоа бош мураббийи ваколати унга тегишли эди. Шундан сўнг «Пахтакор»дан ва табиийки, Нўъмон Ҳасановдан ҳам омад юз ўгирди. Натижада мураббий истеъфога чиқарилди. Аммо у узоқ вақт ишсиз қолмади ва тезда «Қўқон-1912»дан таклиф олди. Муҳими, Ҳасанов ўтган мавсум ўз олдига қўйилган вазифани уддалади - жамоани олий лигада олиб қолди. Энди ойдинлашяптики, у ўша вақт яхшигина тамал тошини қўйишга ҳам улгурган экан. Қўқонликларнинг 7та ўйиндан буён ютқазмаётганлари кўп нарсадан далолат, ҳар ҳолда. Бундай ўсиш замирида бош мураббийнинг хизмати катта эканлиги эса ўз-ўзидан тушунарли.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Биласиз, Қиличев олдин «Пахтакор»да ўйнаган ва собиқ жамоадошларининг нималарга қодир эканликларини яхши билади. Очиғи, у бугун гол уришга ваъда берганди, афсуски, бу нияти амалга ошмади. Илҳом МЎМИНЖОНОВ («Навбаҳор» бош мураббийи).
- Бизнинг кунимиз эмас экан. Рақибнинг юзага келтирган ҳар бир вазияти гол билан тугади, биз эса ҳаттоки, пенальтидан ҳам фойдаланолмадик. Рауф ИНИЛЕЕВ («Обод» бош мураббийи).
- Кризодан дейлик, Бобожонов икки баравар кўпроқ югураётган экан, нима учун уни майдонга туширишимиз керак? Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).
- Аслида бугун ғалабага ҳақлироқ эдик. Рўзиқул БЕРДИЕВ («Насаф» бош мураббийи).
- Охирги дақиқаларда Алланиёзов озгина аниқроқ ҳаракатланганида, ғалаба қозонишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Ўша вазиятда омад биздан шунчаки, юз ўгирди. Ҳамиджон АКТАМОВ («Қизилқум» бош мураббийи).
- Рақиб бутун ўйин давомида ўз имкониятини кутди ва ундан фойдаланди. Биз ўша вазиятда ҳимояда яхши ўйнай олмадик. Бор гап шу... Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).
«ПАХТАКОР» - «НАВБАҲОР» - 1:0 (0:0)
28 апрель. Тошкент. 1552 томошабин.
Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий)-8,0; О.Жумаев (Навоий)-8,3; Р.Самандаров (Навоий)-8,4; К.Расулов (Қарши)-9,0.
Гол: Ғ.Комилов (88-авт.).
«Пахтакор»: 16. Ш.Раимов, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев, 7. А.Аҳмедов, 8. Ш.Каримов (17. С.Нуруллоев, 76), 10. Ж.Искандеров, 20. Ж.Ҳакимов (11. И.Сергеев, 56), 28. С.Андреев, 29. В.Козак, 30. Ю.Бульят, 34. Х.Авилов.
«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев, 9. Д.Жабборов, 10. М.Саидов (33. Т.Шамсиддинов, 73), 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич, 77. А.Турғунбоев (2. А.Саматов, 58), 84. Н.Йованович.
Огоҳлантиришлар: Ю.Бульят (90Қ2) - О.Қиличев (49).
Энг яхши ўйинчилар: Ш.Раимов - О.Қиличев.
Назоратчи: Х.Мухторов (Самарқанд).
Комиссар: Ф. Магометов.
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Бугунги ўйин дуранг натижага мос эди. Бироқ ҳимоядаги қўпол хато туфайли гол қўйиб юбордик. Шунга қарамай, йигитларга бор вужудлари билан ҳаракат қилишгани учун ташаккур билдираман. Бу - футбол, майдон текис, тўп думалоқ. Ҳаёт давом этади. Энди керакли хулосалар чиқариб, «Локомотив»га қарши ўз майдонимизда кечадиган кейинги баҳсга тайёргарлик кўрамиз. «Навбаҳор» Наманганда ҳужумкор тўп суради. Умуман, ҳар бир ўйинда ғалабани кўзлашимиз тайин. Ҳа, кам гол уряпмиз, демак, ҳужумда катта муаммолар бор. Ҳозирда фақатгина кам гол қўйиб юбораётганимиз қувонтиради, холос. Мавсумни кучли учликда якунлашга уриниб кўрамиз. Ўз ўрнида Намангандан келиб, жамоамизни шунчалик қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимиздан узр сўрайман. Бизни олдинда ўз уйимизда ўтадиган 2та оғир ўйин кутиб турибди ва мухлислардан уларда ҳам стадионни тўлдириб, жамоамизни олға чорлашларини илтимос қиламан.
- Жамоа яхши ўйнаётган вақтда ҳимоячиларни майдонга туширганингизни қандай изоҳлайсиз?
- Мақсадим ҳимояни кучайтириш эмасди. Аҳамият берган бўлсангиз, Саматов ва Шамсиддинов сўнгги ўйинларда фақат ярим ҳимояда ҳаракатланишди. Хуллас, бу йигитлар охирги 3та ўйинда ўрта чизиқда яхши тўп суришгани учун шундай қарорга келдим. Умуман, иккиси ҳам захирадан тушиб, ўйинимизни кучайтирди.
- «Пахтакор» ўйинида пасайиш кузатилмоқда: жамоа «Шўртан» ва «Машъал»га ютқазди, бугун эса дуранг учун ўйнагандек таассурот қолдирди.
- Бу фикрга қўшилмайман. «Пахтакор»да пасайиш йўқ. Шунчаки, рақобат кучайди. Барча жамоалар таркибида ёшлар ўсишмоқда.
- Ойбек Қиличев сўнгги пайтлар агрессив ҳаракатлари билан ажралиб турибди. У билан бу масала бўйича алоҳида гаплашиладими?
- Ойбекнинг агрессив ўйини шахсан менга ёқади. Унинг ҳаракатлари жамоадошларига руҳан қўшимча куч бағишлайди. Ҳа, «Динамо»га қарши баҳсда ўйинда ташқарида қизил карточка олди ва бунинг учун жазоланди. Муҳими, Ойбек ҳар бир ўйинда бор кучини ишга солмоқдаки, бундай ёндашув ҳурматга лойиқ. Биласиз, Қиличев олдин «Пахтакор»да ўйнаган ва собиқ жамоадошларининг нималарга қодир эканликларини яхши билади. Очиғи, у бугун гол уришга ваъда берганди, афсуски, бу нияти амалга ошмади.
Жасур Абдураимов («Пахтакор» бош мураббийи в.б.): - Биринчи навбатда, стадионга келган ишқибозларни табриклайман. Ўйинчиларга ҳам раҳмат, улар ғалаба учун 150 фоиз имкониятларини ишга солишди. Учрашувга қўйган вазифани бажардик - ғалаба қозондик. «Пахтакор» ўзбек футболининг байроқдор жамоаси саналади. Йигитлар ўзларига ишончни ҳис қилишди. Бу ҳолатнинг давом этишидан умидворман. Бугун айниқса, ёш дарвозабон Шоҳруҳ Раимов учун жуда хурсанд бўлдим. У олий лигадаги дебют ўйинини хатосиз ўтказди. Асосийси, мураккаб вазиятларда ўз савиясини кўрсатди. Ёшларга ишонишда давом этамиз. Ҳа, уларга мослашиш учун вақт керак, аммо катталар футболига тезда кўникишади, деб ўйлайман. Мана, Хушнуд Авилов ҳам талаб даражасида тўп сурди. У каби ўйинчилар - футболимиз келажаги. Жароҳатланган баъзи футболчилар сафга қайтишгач, ўйинимиз анча кучаяди. Умуман, ҳаммаси ҳали олдинда ва «Пахтакор» фаол курашда.
«МАШЪАЛ» - «БУНЁДКОР» - 1:0 (0:0)
28 апрель. Муборак. 2896 томошабин.
Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент)-8,8; Т.Галеев (Тошкент)-8,6; А.Пўлатов (Тошкент)-8,6; А.Рубаков (Тошкент)-9,0.
Гол: З.Тўраев (82).
«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов (8. М.Камолов, 90Қ2), 3. С.Раҳмонов, 6. С.Абдураимов, 10. Ҳ.Муртазоев (19. З.Қўзибоев, 86), 13. Ш.Шайманов, 18. А. Шодмонов, 44. А.Бегимқулов, 55. А. Агалиев, 77. А.Олимов, 90. З.Тўраев (23. К.Тўраев, 83).
«Бунёдкор»: 25. М.Зуҳуров, 2. Р.Ашурматов, 4. А.Комилов, 10. Э.Шомуродов, 16. А.Саноев, 17. Д.Ҳамдамов, 19. Н.Тўхтасинов (9. Ш.Нурматов, 74), 20. С.Азимов (97. Ж.Эсонқулов, 84), 21. Д.Аҳмадалиев, 28. Д.Умиров, 29. О.Шукуров.
Огоҳлантиришлар: Ш.Шайманов (37), А.Агалиев (40), З.Тўраев (40), Ж.Илёсов (90) - Д.Умиров (37), Д.Ҳамдамов (40), А.Комилов (40).
Энг яхши ўйинчилар: З.Тўраев - Э.Шомуродов.
Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).
Комиссар: В.Лёткин.
Сергей Лушан («Бунёдкор» бош мураббийи): - «Машъал»ни ғалаба билан табриклайман. Рақиб бутун ўйин давомида ўз имкониятини кутди ва ундан фойдаланди. Биз ўша вазиятда ҳимояда яхши ўйнай олмадик. Бор гап шу...
Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Ғалаба қозониш доимо ёқимли. У кучли жамоалар билан ўйинда қайд этилса, ёқимлилик даражаси икки ҳисса ортади. Йигитлар яхши ҳаракатланишди ва улар раҳмат эшитишга лойиқлар. Умуман, бугунги ўйин учун тайёрлаган режамиз иш берди. Қисқаси, олдиндан чамаси 70-дақиқагача чидам билан ҳимояланишни кўзлагандик. Шундан кейин ўйинни кучайтирдик ва гол урдик. Энди хотиржамликка берилмаймиз ва шу руҳда ишлашда давом этамиз.
«ЛОКОМОТИВ» - «ОБОД» - 7:0 (3:0)
29 апрель. Тошкент. 515 томошабин.
Ҳакамлар: И.Танташев (Бухоро)-8,5; А.Цапенко (Тошкент вил.)-8,5; Б.Қодиров (Бухоро)-8,4; Б.Юлчараев (Гулистон)-9,0.
Голлар: М.Бобожонов (6, 37), Ж.Машарипов (42, 75), М.Бикмаев (62-пен.), С.Мирзаев (77), И.Алибоев (90+2).
Амалга оширилмаган пенальти: Ш.Норхонов (70, О.).
«Локомотив»: 12. М.Икромов, 5. К.Махарадзе (15. С.Мирзаев, 46), 8 С.Қутибоев (29. Қ.Рўзиев, 64), 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев (11. С.Абдуллаев, 68), 20. И.Тўхтахўжаев, 22. М.Бобожонов, 28. Ш.Муҳаммадиев, 37. Ш.Файзиев, 42. М.Коне, 99. Ж.Машарипов.
«Обод»: 12. А.Аҳмедов, 3. А.Ғофуров, 4. Ф.Мираҳматов, 7. С.Рихсибоев, 8. Д.Ҳасанов, 9. П.Соломин (11. Ш.Норхонов, 27), 10. С.Эрматов, 13. И.Исмоилов (17. М.Олимов, 72), 19. С.Қаҳҳоров, 20. И.Бикмайкин, 23. А.Саидкаримов (5. Ғ.Умиров, 56).
Огоҳлантиришлар: Ж.Машарипов (42), С.Қутибоев (58) - А.Аҳмедов (35), Ш.Норхонов (43), Ф.Мираҳматов (67).
Энг яхши ўйинчилар: Ж.Машарипов - Д.Ҳасанов.
Назоратчи: Ф.Абдуллаев (Тошкент).
Комиссар: А.Иноятов.
Рауф Инилеев («Обод» бош мураббийи): - Аввало, «Локомотив»ни ёрқин ғалаба билан табриклайман. Бизнинг кунимиз эмас экан. Рақибнинг юзага келтирган ҳар бир вазияти гол билан тугади, биз эса ҳаттоки, пенальтидан ҳам фойдаланолмадик. Яна чемпионга қарши баҳсда 3 нафар ёш футболчи билан ҳаракатланганимизни ҳам унутмаслик керак.
- Ҳаипов ва Норхонов нима учун захирада қолишди?
- Ҳаиповда жароҳат бор, Норхоновдан эса иккинчи бўлимда фойдаланишни ўйлагандик, чунки унинг тезлиги юқори. Бироқ рақиб тезкор голлар ургач, Шоҳрузни биринчи бўлимдаёқ майдонга туширишга мажбур бўлдик.
- Бикмайкин ва Рихсибоев ҳужумлар вақти якуний зарба йўллашда оқсашди. Улар машғулотларда зарба бериш устида ишлашадими?
- Ҳа, неча ўйиндирки, гол уролмаяпмиз. Бикмайкиннинг бугун яхши ўйнолмаганини ҳам тан оламан.
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Таркибда ўзгаришларни амалга оширдик. Чунки сўнгги ой давомида жуда кўп ўйин ўтказдик. «Обод» аввалги мавсум бу ерда бизга муносиб қаршилик кўрсатиб, дуранг билан қайтганди. Шу боис, хавф кутгандик. Қолаверса, «Обод» жорий чемпионатда жуда кам гол қўйиб юбораётганди. Ўйин ёқди, йигитларга раҳмат. Раҳбарият ҳам хурсанд.
- «Локо»нинг ОЧЛда ҳам шундай ўйнамаслигига сабаб нима?
- Ҳаммаси оддий - рақиблар имкон беришмайди. Ҳар қандай жамоа рақиби имкон берганчалик ўйнайди. «Обод» имконият берди ва ғалаба қозондик.
- Лекин дастлабки 20 дақиқада айнан «Обод» ташаббусга эришди...
- Бу жамоа таркибида ёш футболчилар кўп, уларда иштиёқ кучли. Аммо чамамда, бутун ўйинда юқори суръатни ушлаб туришга кучлари етмаяпти.
- Ҳозирда жамоа етакчиси ким - Бикмаевми ёки Машарипов?
- Ўтган йили Абдухолиқов бор эди ва Бикмаев нисбатан кам майдонга тушарди. Энди эса Марат жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланди.
- Кризо негадир майдонга тушмаяпти...
- Унинг ҳаракатлари бизни қониқтирмаяпти. Ҳаттоки, машғулотларда ҳам кам ишлаяпти. Кризодан дейлик, Бобожонов икки баравар кўпроқ югураётган экан, нима учун уни майдонга туширишимиз керак? Табиийки, бу футболчига машғулотларда янада кўпроқ ишлаши зарурлигини уқтиряпмиз.
«ДИНАМО» - «СЎҒДИЁНА» - 2:2 (0:0)
29 апрель. Самарқанд. 12805 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент)-9,0; А.Расулов (Тошкент)-9,0; Ж.Саидов (Тошкент)-9,0; Д.Клепиков (Тошкент)-9,0.
Голлар: А.Сафаров (59, 86) - С.Рашидов (67), И.Тошпўлатов (83).
«Динамо»: 1. М.Наумов, 2. М.Локаев, 6. А.Бозоров, 8. Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов (11. А.Абдуллаев, 70), 10. Ж.Қаҳрамонов, 14. Р.Рогак, 15. Ш.Холматов, 18. Д.Низанов (20. А.Сафаров, 46), 19. О.Мамажонов, 22. А.Исроилов.
«Сўғдиёна»: 12. Ш.Эшбўтаев, 4. Э.Орипов, 6. С.Мамадалиев (10. А.Маҳмудов, 60), 7. С.Рашидов, 8. С.Қобилов (3. А.Исроилов, 88), 11. Ш.Достонов (59. С.Жўраев, 84), 13. Р.Аъзамов, 17. И.Тошпўлатов, 18. Қ.Баҳодиров, 22. Д.Абдураҳмонов, 77. С.Эминов.
Огоҳлантиришлар: С.Мамадалиев (14), Э.Орипов (60, С.).
Энг яхши ўйинчилар: А.Сафаров - С.Рашидов.
Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).
Комиссар: Н.Лутфулин.
Даврон Файзиев («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Қизиқарли ўйин гувоҳига айландик. Самарқанд жамоаси ҳозирда дуч келган рақибга жиддий қаршилик кўрсатмоқда. «Динамо»ни кашфиёт жамоа сифатида таърифлаш мумкин. Бугун «Нефтчи»га тасодифан ютқазганимизни исботлашимиз керак эди. Бунга ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёрландик. Дейлик, «Динамо» иштирокидаги 2та ўйинни стадионда кузатгандим. Икки жамоа ҳам очиқ футболга таянди. Яъни асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, очко учун ўйнаган жамоани кўрмадик. Мени ранжитган ҳолат шуки, яна сўнгги дақиқаларда муҳим ғалабани қўлдан чиқардик. Хуллас, 2 очко йўқотдик. Ҳар бир жамоани қийин ўйинлар кутиб турибди. «Сўғдиёна» доимо олий лигада қолиш учун курашган жамоадир. Жорий чемпионатда кўплаб ёшлар тўп суришмоқда ва улар тобора ўсмоқдалар. Оддий айтганда, чемпионатда кураш кескин тус олмоқда. Мисол учун, «Динамо»да Акмал Бозоров ва Михаил Наумовдан бошқа номдор футболчи йўқ, шунга қарамай, жамоа чакки кўринмаяпти.
Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - «Сўғдиёна» билан баҳс жуда оғир, жиддий курашлар остида кечишини билардик. Зеро, бу рақиб биз каби иштиёқ билан тўп сурадиган курашувчан жамоадир. Ўйин давомида устунликка эришган бўлсакда, ғалабани рақибга топшириб қўйишимизга оз қолди. Очиғи, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари таъсирида мағлубиятдан қутулиб қолдик. Аслида фақат ғалабани кўзлагандик, аммо бир очко билан чекландик. Хатолар устида ишлашни давом этамиз. Амиржон Сафаровнинг захирадан тушиб, «дубл»га эришганидан хурсандман. Ёш ҳужумчи ишончни секин-аста оқламоқда. У ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги лозим. Муҳими, Амиржоннинг ўсаётганлиги ва кейинги баҳсларда ҳам унга имкон берамиз, албатта.
«МЕТАЛЛУРГ» - «БУХОРО» - 1:2 (0:1)
29 апрель. Бекобод. 1429 томошабин.
Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент)-9,0; М.Саидқосимов (Тошкент)-9,0; Р.Серазетдинов (Тошкент)-9,0; С.Абдураҳмонов (Тошкент)-9,0.
Голлар: З.Абдуллаев (83) - Б.Ваҳобов (36), С.Неъматов (66).
«Металлург»: 32. С.Султонов, 3. В.Магерамов, 4. Ҳ.Ҳошимов, 6. Д.Каримов, 7. Д.Одилов, 8. А.Нўъмонов (19. А.Зиёвуддинов, 56), 11. М.Тошматов (13. С.Қодирқулов, 52), 14. Д.Каримқулов, 15. З.Абдуллаев, 17. М.Сулаймонов, 22. И.Исоқжонов (77. Д.Исмоилов, 67).
«Бухоро»: 12. А.Турсунбоев, 2. Э.Равшанов (7. С.Неъматов, 63), 5. К.Пасичник, 9. Н.Умуров, 10. Б.Ваҳобов, 11. С.Шихов, 23. З.Пиримов (22. Ш.Гадоев, 46), 27. Р.Ҳасанов, 28. Э.Исмоилов, 29. В.Баенко, 77. И.Нагаев (17. А.Шоғуломов, 46).
Огоҳлантиришлар: Д.Одилов (70) - З.Пиримов (18).
Энг яхши ўйинчилар: Ҳ.Ҳошимов - В.Баенко.
Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).
Комиссар: Ш.Ражабов.
Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - «Металлург» ҳамиша шиддатли ўйинлари билан рақибларига етарлича ташвиш туғдириб келган. Шу боисдан ҳам, биз бекободликларнинг бу йилги ўйинларини яхшилаб ўргандик ҳамда Бекободга пухта тайёргарлик билан келдик. Меҳнатларимиз самарасиз кетмади. Ўйлайманки, ишонарли ғалабага эришдик. Бу ютуқ билан «Бухоро»нинг барча мухлисларини табриклайман. Футбол шундай жараёнки, у бир жойда тўхтаб турмайди. Ҳамиша изланишни, тинимсиз меҳнатни талаб этади. Учрашувда футболчилар бор куч ва маҳоратларини ишга солишса, иштиёқ юқори бўлса, ўшанда натижа ҳам келаверади. Менинг назаримда, «Металлург» эгаллаб турган ўрин унга мос эмас, бекободликлар омадсизлик йўлагидан чиқиб кетолмаяптилар. Ишонаманки, жамоа ҳали ўз ўйинлари, очколарини топади ва мавқеини тиклайди.
Шавкат Саидов («Металлург» жамоаси бошлиғи): - Тўғрисини айтсам, жамоанинг айни пайтдаги аҳволи бизни жуда ташвишлантиряпти. Қишки йиғиндаги ҳолатнинг ярмига ҳам кўтарилолмаяпмиз. Футболчилар 6-7 йилдан буён битта таркибда ўйнаб келаётган бўлсаларда, бу мавсум худди янгидан тузилган жамоага ўхшаймиз. Кетма-кет мағлубиятлар футболчиларнинг ҳам, мураббийларнинг ҳам руҳиятини анча синдириб қўйди. Эҳтимол, таркибга «янги қон қуйилиши» керакдир... Албатта, мураббийлар штаби қараб тургани йўқ. Биз бу омадсизлик ботқоғидан чиқиб кетиш йўлларини ахтаряпмиз. Мухлисларимиз бизга ишонишларини истардим. «Металлург» кўчасида ҳали байрам бўлади, албатта.
«ҚИЗИЛҚУМ» - «НАСАФ» - 1:1 (1:0)
29 апрель. Навоий. 7538 томошабин.
Ҳакамлар: В.Агишев (Тошкент)-8,5; Д.Сайлалов (Тошкент)-8,5; А.Сидоров (Тошкент)-8,5; Ж.Мухторов (Тошкент)-9,0.
Голлар: И.Юнусов (5-пен.) - Д.Черан (48-пен.).
«Қизилқум»: 22. А.Макосин, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 10. В.Шодиев (15. А.Алланиёзов, 46), 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 19. Ж.Ҳасанов, 20. Ғ.Жумаев, 23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов, 77. Б.Ғанижонов.
«Насаф»: 25. Э.Суюнов, 2. А.Шораҳмедов, 4. М.Каримов, 6. А.Ғаниев, 7. О.Ҳамробеков, 18. Б.Абдураҳимов,
20. И.Кенжабоев (14. Ш.Муҳиддинов, 46), 22. И.Голбан, 23. Ш.Аъзамов, 34. Ф.Сайфиев, 69. Д.Черан.
Огоҳлантиришлар: Э.Бойдуллаев (52), Ш.Жўраев (87, Қ.).
Энг яхши ўйинчилар: Ш.Жўраев - И.Голбан.
Назоратчи: Б.Тоғаев (Тошкент).
Комиссар: Б.Ҳайдаров.
Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Футболчиларимиз майдонда фаол тўп суришди, аммо натижа қониқарсиз... Тан олиш керак, «Қизилқум» ҳам кучли кўринди. Табиийки, ғалабани кўзлагандик. Афсуски, ниятимиз амалга ошмади. Биринчи бўлим бошидаёқ гол қўйиб юборгач, ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишга мажбур бўлдик. Танаффусдан кейин ҳисобни тенглаштиргач эса, яна ҳужумга зўр бердик. Натижада гол уриш учун қатор вазиятлар яратдик. Аммо яхшигина имкониятлардан самара чиқаролмадик. Аслида бугун ғалабага ҳақлироқ ўйнадик.
Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - «Насаф» мамлакатимиздаги энг кучли жамоалардан бири - буни ҳамма билади. Шуни ҳисобга олиб, ўйинга жиддий ҳозирлик кўргандик. Гарчи ҳисобни очиб, анчагача устунликни сақлаб қолган бўлсакда, якунда дуранг билан кифояландик. Ўйин шиддатли, томошабоп кечди. Айниқса, иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа гол уриш ва ғалабани ўз томонига оғдиришга астойдил интилди. Охирги дақиқаларда Алланиёзов озгина аниқроқ ҳаракатланганида, ғалаба қозонишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Ўша вазиятда омад биздан шунчаки, юз ўгирди.
«НЕФТЧИ» - «ОЛМАЛИҚ» - 1:1 (0:1)
29 апрель. Фарғона. 1250 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов (Тошкент)-8,5; А.Усмонов (Тошкент)-8,6; Т.Гайнулин (Тошкент)-8,6; А.Лупашко (Тошкент)-9,0.
Голлар: Ш.Ҳакимов (81-пен.) - М.Музаффаров (10-авт.).
«Нефтчи»: 16. А.Абдужалилов, 5. Ҳ.Каримов, 6. Б.Ёқубов, 7. А.Баҳриддинов (9. Ш.Ҳакимов, 46), 11. А.Махсталиев, 17. М.Музаффаров, 20. Д.Эрматов, 21. М.Убайдуллаев, 23. А.Абдулҳақов, 26. О.Исроилов, 55. Д.Комаровский.
«Олмалиқ»: 46. Х.Хўжаев, 2. А.Ҳожиакбаров, 5. Д.Жўраев, 8. Ш.Григалашвили, 15. Ф.Мусабоев, 17. К.Мурзоев, 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 55. Р.Бердимуродов, 88. И.Йелич, 90. В.Косминин.
Огоҳлантиришлар: Ш.Ҳакимов (81), М.Мамазулунов (90, Н.).
Энг яхши ўйинчилар: Ҳ.Каримов - Ш.Муллажонов.
Назоратчи: С.Эрматов (Тошкент).
Комиссар: А.Фролов.
Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - Тайёр ғалабани сақлаб қололмаганимиздан афсусдаман. Бундан ташқари, тезкор қарши ҳужумларни амалга оширолмадик. Аммо бир неча бор гол уришга яқин келдик. Балки мухлислар кутган даражада ўйин кўрсатолмагандирмиз, чунки ҳар икки жамоа фақат очко учун майдонга тушганди. Айтиш керак, «Олмалиқ» бунгача Фарғонада кечган барча учрашувларда ютқазган ёки дуранг қайд этган. Демак, бу анъанани бузолмадик... Аслида икки томон ҳам ғалабани кўзлаганди ва майдонда жанговар кураш борди. Шундай экан, ўйин натижасига жанговар дуранг сифатини берсак бўлаверади.
Мурод Исмоилов («Нефтчи» катта мураббийи): - Ўйиндан аввал видеоёзувлар орқали «Олмалиқ»ни обдон ўрганиб, жамоанинг яхши шаклланганига иқрор бўлгандим. Бугун ўша хулосаларим тўлиқ тасдиқланди. Меҳмонлар айниқса, ҳимояда ўта тартибли ҳаракатланишди. Қолаверса, учрашув давомида стандарт вазиятларга кўпроқ урғу қаратиб, айнан уларнинг бирида гол уришни уддалашди. Ўйлайманки, рақибдан ҳеч бир жабҳада қолишмадик. Хусусан, кўпроқ ҳужум уюштиришга уриндик, аммо рақибнинг бақувват ҳимоячилари имконият беришмади. Муҳими, ҳисобда ортда бора туриб, ўйинни қутқара олдик. Тўғри, мухлислар жамоамиздан фақат ғалаба кутишганди. Яна нима дердим, энди кейинги баҳсларда ғалаба қозонишга зўр берамиз.
Тур Статистикаси
Ўйин: 8
Гол: 25 (ўртача: 3,12...)
Томошабин:31336 (ўртача: 3917)
Мезбонлар ғалабаси: 3
Меҳмонлар ғалабаси: 2
Дуранг: 3
Йирик ҳисобли ғалаба:1 («Локомотив» - 7:0)
Энг сермаҳсул ўйин: «Локомотив» - «Обод» (7та гол)
Огоҳлантириш: 24 (ўртача: 3)
Четлатиш:-
Энг «қўпол» ўйин:«Машъал» - «Бунёдкор» (7та «сариқ»)
Энг кўп томошабин кирган ўйин:«Динамо» - «Сўғдиёна» (12805)
Пенальти: 6 (1таси самарасиз)
«Дубль»: 3 (А.Сафаров, «Динамо», М.Бобожонов, Ж.Машарипов, «Локомотив»)
«Хет-трик»: -
Автогол:2 (Ғ.Комилов, «Навбаҳор»; М.Музаффаров, «Нефтчи»)
1 Локомотив 7 6 0 1 20-4 18
2 Қўқон-1912 8 5 2 1 14-8 17
3 Динамо 8 4 2 2 13-7 14
4 Машъал 8 4 2 2 10-5 14
5 Навбаҳор 8 4 2 2 7-5 14
6 Насаф 7 4 1 2 11-6 13
7 Бухоро 8 4 1 3 11-9 13
8 Пахтакор 8 3 1 4 6-10 10
9 Бунёдкор 7 2 3 2 5-5 9
10 Қизилқум 8 2 3 3 6-8 9
11 Шўртан 8 3 0 5 10-13 9
12 Олмалиқ 8 2 3 3 5-10 9
13 Сўғдиёна 8 2 2 4 7-14 8
14 Нефтчи 8 1 3 4 5-10 6
15 Обод 8 1 2 5 4-14 5
16 Металлург 7 1 1 5 5-11 4
Тўпурарлар
Марат Бикмаев («Локомотив») - 8та (3та - пен.)
Драган Черан («Насаф») - 6та (1та - пен.)
Филипп Рейевац («Қўқон-1912») - 5та
Зафар Тўраев («Машъал») - 4та
Келгуси ўйинлар
3 май (чоршанба)
Бунёдкор - Металлург
4 май (пайшанба)
Навбаҳор - Локомотив
6 май (шанба)
Сўғдиёна - Машъал
Бухоро - Шўртан
Қўқон-1912 - Пахтакор
Олмалиқ - Динамо
Насаф - Нефтчи
Обод - Қизилқум
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20