Хорижда тўп сураётган футболчиларимизга қарасак, ҳозирда Фозил Мусаев етарли ўйин амалиётига эга бўлаётганини кўрамиз. Хурсанд қиладиган томони, миллий жамоамизга номзод саналган ярим ҳимоячи Осиёдаги энг кучли чемпионатларидан бири - Япония J-лигасида бинойидек клуб - «Жубило Ивата» шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Газетамизнинг яқин ҳамкори - SPORTS.uz портали «кунчиқар юрт»даги ягона легионеримизни махсус суҳбатга чорлаб, унинг J-лигасидаги фаолияти ва илк таассуротлари билан қизиқди. Қуйида шу интервьюнинг қисқартирилган вариантини ўқишингиз мумкин.
- Фозил, суҳбатимизни биринчи мураббийингиз ва ҳаётдаги устозингиз ҳақида бошласак...
- Отам вақтида футбол билан шуғулланган ва кўриб турганингиздек, айнан унинг изидан бордим. Биринчи мураббийим сифатида ҳам отамни кўрсатаман. Кейинги мураббийим - Аҳмад Убайдуллаев. Маълум вақт Чиғатойдаги базада айнан шу мутахассис қўл остида шуғулланганман. Ўша даврни ҳеч қачон унутмайман. Ахир энди-энди футболдаги йўлни бошлаган пайтинг сенга ҳар томонлама кўмак берган инсонларни эсдан чиқариш мумкинми?
- Қайси ғалаба ва мағлубият хотирангизга алоҳида муҳрланиб қолган?
- Энг эсда қоладиган ғалабани Эрондаги фаолиятимда нишонлаганман. Чунончи, мамлакат чемпиони масаласи сўнгги турда ҳал бўлганди. Финиш маррасидан олдин «Тракторсози» ва «Нафт Теҳрон» жамоалари 1-2-ўринларни бўлишиб турганди. Менинг жамоам - «Сепаҳон» эса улардан кейинги поғонада эди. Охирги турда икки пешқадам ўзаро баҳс олиб борди. Хуллас, олтин медаль ютишимиз учун ўзимиз ғалаба қозонишимиздан ташқари, юқоридаги икки клубнинг ўзаро баҳсда дуранг қайд этиши талаб этиларди. Қарангки, ўша куни омад бизга кулиб боқди. Яъни «Тракторсози» ва «Нафт Теҳрон» дуранг натижада тўхтаб, «совға» улашди ва «Сепаҳон» ўз ўйинини ғалаба билан якунлаб, Эрон чемпиони бўлди. Энг ачинарли мағлубиятга келсак, Лондон Олимпиадаси саралаши доирасида кечган охирги ўйинни эслашга мажбурман. Эҳ, қандай омадсизлик... Ахир Ўзбекистон термаси сафида БАА олимпиячиларига қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, охирги дақиқаларда 2та гол қўйиб юборган ва якунда аламли мағлубиятга учрагандик - 2:3. Натижада Лондон Олимпиадасига бориш умидимиз чилпарчин бўлганди.
- Энди энг муҳими: Японияга қай тариқа бориб қолдингиз?
- Трансферим тарихи оддий, бунда қандайдир фантастик воқейлик йўқ. Аввалги мавсум «Насаф»да ўйнаган вақтдаёқ менда Япония чемпионатига кўчиб ўтиш имконияти вужудга келиши мумкинлигини билгандим. Кейинроқ «Жубило Ивата» вакиллари «Бунёдкор»даги ўйинлари билан танилган Сато Минорининг агенти - Тома Хирасава орқали алоқага чиқишди. Декабрь ойи бошида агентим Санъат Шарипов ҳамроҳлигида жаноб Хошикава ва клуб бош директори Хаттори билан учрашдик. Илк мусоҳаба чоғи деярли барча масалалар бўйича келишиб олдик. Шундан сўнг Японияга бориб, тиббий кўрикдан ўтдим ва шартнома остига имзо чекдим. Мана, ҳозир шу клуб сафида Осиёнинг энг кучли чемпионатларидан бирида ўйнаётганимдан бахтиёрман.
- Янги жамоага мослашиш жараёни қандай кечди? Жамоадагилар сизни яхши қабул қилишдими?
- Ҳар қандай футболчи янги муҳитга мослашишда маълум қийинчиликларни бошдан ўтказади - бу одатий ҳол. Худога шукр, менда бу босқич тез ва яхши ўтиб кетди. Жамоа ажойиб, футболчилар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Хуллас, биз ҳеч нима ҳақида ўйламаймиз. Шунингдек, клуб раҳбарияти, мураббийлар ва футболчиларнинг ишга муносабатлари ҳам маъқул тушди. Оддий айтсам, «Жубило Ивата» - аҳил оила.
- Осиёнинг энг кучли чемпионатларидан бири ҳисобланган J-лигасига йўл олган ўзбекистонлик биринчи футболчисиз. Хўш, Япония футболи Ўзбекистон ва Эронникидан нимаси билан фарқланади, шароитлар ўртасидаги тавофут нечоғли катта?
- 3та мамлакат чемпионатини ўзаро таққослаш тўғри эмас, менимча. Чунки ҳар бир мамлакатда ўзига хос урф-одатлар бор, хусусан, футбол ривожига улуш қўшадиган анъаналар ҳам. Фақат шуни айтишим мумкин, бу ерда футболчилар учун шароитлар ўта юқори даражада. Арзимас жиҳатларга ҳам эътибор қаратилганки, футболдан бошқа нарса ҳақида ўйламайсиз.
- Бугунги кунда «Жубило Ивата» олдига қандай мақсадлар қўйилган?
- Энг асосий вазифамиз - ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Рақибнинг қандайлиги муҳим эмас. Агар кучли тўртликка кирсак, келгуси мавсум ОЧЛда ўйнаймиз. Бир сўз билан айтганда, асосий мақсад шу.
- Ўзбекистон чемпионатини ҳам кузатиб боряпсизми? Сизнингча, жорий мавсум қайси жамоа чемпионлик учун асосий даъвогар?
- Албатта, бўш вақт топилса, чемпионат ўйинларини томоша қиламан. Жорий мавсум олий лигада кутилмаган воқеалар жуда кўп. Турнир жадвалига қарасангиз, кўзларингизга ишонмай қоласиз. Шу туфайли айни пайт фаворитларни ажратиб кўрсатиш қийин. Лекин шахсан мен «Насаф»га доимо ғалаба тилайман ва собиқ жамоамни чемпион сифатида кўришни истайман.
Қўшимча маълумот: Фозил Мусаевнинг катта футболдаги ютуқлари
«Насаф» сафида
Ўзбекистон вице-чемпиони: 2011
Ўзбекистон кубоги финалчиси: 2011, 2012
ОФК кубоги соҳиби: 2011
«Локомотив» сафида
Ўзбекистон вице-чемпиони: 2014
Ўзбекистон кубоги соҳиби: 2014
«Сепаҳон» сафида:
Эрон чемпиони: 2015
Фозил Мусаев «Жубило Ивата»нинг охирги 2та ўйинида майдонга тушмади. Ҳамюртимиз жамоаси бу баҳсларда аввалига Япония кубоги «А» гуруҳи 3-тури доирасида «Токио»ни 3:1 ҳисобида енгган бўлса, миллий чемпионатнинг 9-турида «Консадоле Саппоро» клубини меҳмон қилиб, 2:2 натижаси билан чекланди.
Земфира Яблокова суҳбатлашди
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20