Европа Чемпионлар Лигаси ярим финали йўлланмасини қўлга киритган 4 жамоа ичида энг кўп эътиборни тортгани «Монако» бўлди, десак муболағага йўйманг. Айниқса, тажрибали Радамель Фалькао ҳамда ёш истеъдод соҳиби Килиан Мбаппе етакчилигида «Манчестер Сити» ва «Боруссия» Д.ни мусобақадан чиқариб юборган монегаскларга кўпчилик ҳавас қилмоқда. Хўш, ушбу клубнинг ютуқлари замирида нима ётибди? Жавоб тайёр: «Монако»да ажойиб бош мураббий - Леонарду Жардим бор. Яқинда ушбу мутахассис хорижлик ҳамкасбларимизга интервью бериб, муваффақият қозониш сири билан ўртоқлашди.
- Мураббийликдаги дебютингизни 27 ёшлигингизда нишонлаган экансиз. Мазкур соҳада тўпланган тажриба фаолиятингизда асқотдими?
- «Камаш»да иш бошлашимдан олдин 13 ёшгача бўлган болаларни шуғуллантиргандим. Ўшанда эндигина 19 баҳорни қаршилагандим. Сўнгра 21 ёшимда бош мураббий ёрдамчисига айландим. Ишлашдан асло тўхтамадим. Бу эса кўпчиликка нотаниш нарса - ўн беш йиллик тажрибани тақдим этди. Аммо тажрибанинг ўз камлик қилади, билим олиш ҳам муҳим. Тажриба тўғри қарор чиқариш ва хатоларни камайтиришда асқотади.
- Ёш жиҳатидан ўзингиздан катта ўйинчилар олдида қандай обрў орттирдингиз?
- Ростини айтсам, бош мураббий сифатидаги ўн беш йиллик фаолиятим давомида катта муаммоларга йўлиқмаганман. Имкон қадар воқеалар ривожланаётган ерда пайдо бўлиб, мураккаб масалаларнинг жиддийлашишига йўл қўймайман. Ўйлашимча, кўпчилик шу муаммоларнинг туғилиши ва уларнинг катталашишига йўл қўйиб беришади. Футболда ҳамма нарса тез рўй беради. Миллионлар ўйини - бу эҳтирос, шундай экан, майда деталларни кўздан қочириш оқибатида кичик нуқсон катта муаммоларга айланиши турган гап.
- Мураббий учун шогирдлари ёнида туриш муҳимми?
- Менинг сирим шундаки, ҳамиша ўйинчи ва клуб ходимлари билан ёнма-ёнман. Иштирокка таъсир этувчи ҳар бир воқеада қатнашиш жуда муҳим. Бошқа томондан, мазкур ҳолат ўйинчилар билан ўта яқин бўлишни ҳам англатмайди. Бу мутлақо турлича нарсалар. Энг катта таваккал одамлар билан масофани қандай сақлашга боғлиқ. Ўйинчилардан узоқлашадиган мураббий уларнинг имкониятидан максимум фойдаланолмайди, деб ўйлайман.
- Мураббийлик услубингизни айрим обрўлилар феъл-атворига қараб мослаштирасизми?
- Бу жуда муҳим. Барчамиз бир хилмиз ва ўз навбатида, турличамиз. Берилган кўрсатма қайсидир футболчини ҳаяжонлантирса, бошқасини хотиржам қилади, учинчиси эса мазкур ҳолатда ниманидир кашф этади. Шу боис ҳар бир шогирдингиз ҳақида тўлиқ маълумот тўплашингиз даркор. Қўл остимдаги ўйинчиларнинг иштирокини яхшилаш учун кимгадир мотивация тақдим этишим, бошқасини танқид қилишим, керак пайтда улардан тўғри жавобни олишим керак. Ҳозирги пайтда саноат соҳасида бўлгани сингари футболда ҳам бу омил катта роль ўйнайди. Скаутлар ҳам шундай деталлардан воқиф этилади ва мен учун индивидуаллик ҳамда билимли бўлишнинг аҳамияти юқори. Агар ўйинчи шу икки сифатни ўзлаштирса, бошқа хусусиятларсиз ҳам муваффақиятга эришиши мумкин.
- Сизнингча, етакчи бўлмай туриб, юқори даражали мураббийга айланишнинг иложи борми?
- Етакчилик мен ва ишим учун жуда муҳим. Бу мураббийнинг энг асосий вазифаларидан бири. Бизнинг соҳада ўйинни тушуниш ва керакли уқувга эга бўлиш шарт. Шунингдек, тиббиёт бўйича билим орттириш ва ОАВ билан ишлаш салоҳиятини ҳам ўзлаштиришимиз лозим. Ҳар бир фаолият туридаги кўплаб жиҳатларни ўрганишимиз керак. Етакчилик эса бошқа нарса, усиз мураббийлик қилиш қийин. Футболдаги мураббийлик принциплари жамоадаги етакчилик, турли гуруҳларни бошқаришга асосланади. Ўз навбатида, ўзимиздаги ишончни раҳбарият ва ишқибозларга ҳам юқтиришимиз муҳим.
- Ушбу соҳадаги бошқа етакчиларни ҳам кузатиб борасизми?
- Фаолиятим давомида ўз услубимни турлича вазиятларга мослаштиришга интилдим. «Монако»да ишлаш «Камаш», «Шавеш», «Бейра-Мар», «Спортинг» ёки «Олимпиакос»ни бошқаришдан мутлақо фарқланади. Ҳар бир янги тажриба аввалгисига ўхшамайди. Етакчиликка шунчаки эришиб бўлмайди. Менинг етакчилигим фақат ўзимга боғлиқ. Ўйлашимча, кимнингдир услубидан нусха олиш нотўғри. Ҳар бир мутахассис ўзига қулай тарзда ишлаши лозим. Албатта, айрим мураббийлардан ниманидир ўрганаман ва ўз навбатида, мен услубини ўзлаштира олмайдиган мутахассислар ҳам бор. Қолаверса, бошқалар муваффақиятининг замирида нима ётгани бизга қоронғу, шунчаки, уларнинг қандай кўриниш беришидан хабардормиз, холос.
- Футболчилар билан яккама-якка суҳбатлашиб турасизми?
- Ҳа, деярли ҳар куни гаплашаман, аммо коммуникациянинг барча методлари муҳим аҳамият касб этади. Ўйинчилар, жамоа вакиллари, умуман, мазкур жараёнга тааллуқли барчага алоҳида мурожаат этишни йўлга қўйганмиз. Баъзан ўйин ва позициялар бўйича ҳимоячи, ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар билан яккама-якка суҳбатлашамиз. Айримлар билан гоҳ-гоҳида, баъзилар билан эса тез-тез мулоқотга киришаман. Ҳаммаси ўша ўйинчи ва унга қўйиладиган талабга боғлиқ.
- Фаолиятингиз бошида қўл остингизда тўп сурган футболчилардан фарқли ўлароқ, замонавий ўйинчиларни бошқариш қийинроқ бўлса керак?
- Ҳозирда ҳаммаси мураккаб. Кишилар турли соҳалар бўйича катта билимга эгалар ва ҳамиша янги маълумот илинжида юришади. Эндиликда ўйинчиларга авваллари мураббийлар қандай ишлашгани ҳақида ёлғон ахборот бериш мумкин эмас, зеро айни пайт футболчилар нима тўғри-ю нима нотўғри эканини яхши билишади. Мисол учун, ўттиз йиллар аввал жамоа устози футболчига қайси мева фойдали эканини айтса, ўша шогирди буни қонун сифатида қабул қиларди. Ҳозир эса ҳаммаси бошқача. Ўз навбатида, ОАВ, агентлар қуршовида эканимизни, ҳар бир ўйинчи ишқибозлар учун муҳим шахсга айланганини тушунишимиз даркор. Илгарилари бу каби муаммоларга йўлиқмаганмиз. Бугунги кун футболчиси аввалги йиллардаги ҳамкасбларидан фарқли равишда индивидуал, ўз имиджига эга. Фалькаонинг «Твиттер»даги саҳифасига йигирма миллион киши аъзо бўлган. Бу эса Лига 1даги аксарият клубларникидан кўпроқ.
- Ҳозиргача учта турли мамлакатда ишлаб улгурдингиз. Сизнингча, мураббий ўзи фаолият юритаётган давлатдаги маҳаллий тилни ўзлаштирмай туриб, муваффақиятга эришиши мумкинми?
- Бошқа мамлакатга кўчиб ўтишнинг энг мураккаб жиҳати шундаки, ўз ғоя ва фикрларингизни ишқибозлар ва ОАВ вакиллари онгига сингдириш осон эмас. Мазкур ҳолат ҳар бир клубда содир бўлади. «Монако» таркибида итальянлар, французлар, бразилияликлар, испанлар, португаллар ва бошқалар тўп суради. Мураббий ўз ғояларини жамоага сингдириш учун коммуникация кўникмаларига эга бўлиши керак. Чегара ортида муваффақиятга эришиш учун ўша ернинг маданиятини ўрганиш, маҳаллий тилда мустақил суҳбатлашишни ўзлаштириш даркор. Юқорида санаб ўтилган жиҳатлардан биттаси бўлмаса ҳам вазият қийинлашади. Футбол - бу эмоция, импульс. «Олимпиакос»да ишлаганимда, клуб президенти маҳаллий ўйинчиларни жалб этган, уларнинг ҳеч бири инглизчада суҳбатлашмасди. Грецияда таржимон хизматидан фойдаланишга мажбур бўлгандим. Тил билиш нафақат фикр ва ғояларни атрофдагиларга етказиш, балки ўз обрўйингиз учун ҳам жуда муҳим. Буни қуйидагича изоҳлашим мумкин. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида «Тоттенхэм» билан куч синашдик, жамоа бош мураббийи Маурисио Почеттинони жуда ҳурмат қиламан. Бу мутахассис фаолияти бошида таржимон ёрдамига эҳтиёж туйган, аммо ишончим комилки, у инглизчани билган. Аммо Почеттино ўз ғояларини етарли тарзда тушунтириб беришга етарли билимга эгамиди? Францияда таваккалга қўл уриб, илк кунларданоқ французчада гаплашишга уриндим. Албатта, аввалига қийинчиликларга учрадим. Шунга қарамай, тил билиш муҳим аҳамият касб этишини тушуниб етдим.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20