Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонлик мухлислар Россияга боришдан умидворлар

Ўзбекистонлик мухлислар Россияга боришдан умидворлар

  02.05.2017 21:14
  0
  1577
Ўзбекистонлик мухлислар Россияга боришдан умидворлар

Муҳтарам мухлис! Рухсатингиз билан бу сафар мулоҳазаларимизни «Бавария»ни олқишлашдан бошлаймиз. Браво, «Бавария»! Навбатдаги чемпионлик муборак! Майдон узра шиддатингдан айрилма!

Мамлакатимиз футбол мухлислари ҳамиша сенинг шиддатингдан ҳайратланишади, аниқлик фоизи юқори бўлган ўйин услубингни қадрлашади. Мана шу шон-шавкатингдан ҳеч қачон айрилма!

Халқимиз Маҳтумқули сўзи билан айтиладиган «Айрилма» қўшиғини хуш кўради, тилидан қўймайди. «Ўз юртингдан айрилма, ўз қадрингдан айрилма, устозингдан айрилма...»,-дея хиргойи қилади қўшиқ сеҳрлаганда. Ўзимизга раво кўрганни «Бавария»га ҳам илиндик. Бундеслига чемпиони шундай илтифотга арзийди. Зеро, Мюнхен гранди вақтида «Боруссия» Д.

Ўзига муносиб рақобатчи сифатида шаклланиши учун зарур чораларни амалга оширганди. Муносиб рақобатчисиз қолишдан чўчиган жамоа таҳсинга сазовор. «Бавария»нинг бу ишидан наинки «Боруссия» Д., балки бутун бундеслига ва  немис футболи манфаатдор. Шу муросасиз рақобат натижасида Роберт Левандовски каби моҳир ҳужумчи истеъдоди сайқалланди.

Бугун у - «Бавария»нинг кескин қиличи. ЕЧЛ ярим финал учрашувлари арафасида мухлислар «Реал» ва «Бавария» ўртасидаги чорак финал тўқнашувларини қайта-қайта эслашмоқда. Чунончи, «Бавария» жавоб учрашувининг асосий вақтида «Реал»га муносиб қаршилик кўрсатди ва мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Айни шундай қарама-қаршиликлар сабаб, мухлислар футболни соғинаверишади, ундан мўъжизалар кутаверишади. Ишончимиз комил, ЕЧЛ ярим финал баҳслари ҳам мухлисларга янги мўъжизаларни тортиқ этади.

«Атлетико» - «Монако» тандеми «Реал» - «Ювентус» жуфтлигига қарши ўзгача тиш қайрамоқда. Ҳар икки баҳсда ҳам футбол хуморини босадиган томоша таъминланишига шубҳа йўқ. Хатолардан холи ҳисобланаётган «Юве» ҳимояси «Аталанта» ҳужумларидан ҳолсизланди. Даниэль Парехонинг пурвиқор голидан гангиган «Реал»ни эса Марсело қутқарди. «Эль-класико»нинг сўнгги лаҳзаларидан афсусланган Зайниддин Зидан бу сафар чинакамига завқланди.

Ҳа, футболчи ва мураббий сифатида «Реал» муҳитига бирдек сингган Зидандек улкан истеъдод ҳам «Қироллик клуби» қудратини охиригача англаши мушкул. Қудрат ўзининг имконларини намойиш этишини истаб қолса, ўртамиёналар беихтиёр четга сурилишади. Шунинг учун беқиёс Зизу «Реал»нинг сўнгги дақиқаларда гол уриш қудратидан ҳайратланаверади, аммо бу ҳол сабабини тўла-тўкис тушунмайди. Тушуниши шарт ҳам эмас. Ахир бу нарса инсон зотининг ақлий имкониятларидан ташқаридаги алоҳида воқеликдир.

Хуллас, ЕЧЛ ярим финал баҳсларидан аввал фаворитлар қийин имтиҳондан ўтишди ва назаримизда, эсларини йиғиб олишди. Биз ўз навбатида, 4та жамоага ҳам «Майдон узра шиддатингдан айрилма!» деймиз яна бир бора. Ахир «Реал» мухлиси учун «Валенсия» эмас, балки «Атлетико» устидан қозонилган ғалабанинг таъми тотлироқ. «Барселона» мухлисларидан мадад олаётган «Атлетико» учун эса «Реал»ни енгиш қиёси йўқ шон-шарафдир. Икки улуғ мақсад тўқнашувидан эса футбол осмони узра янги юлдузлар шуъласи сочилади ва бўлажак истеъдодлар онгу-шуурини ёритиб юборади.

Йўқ, бу бемисл футбол жанглари аҳамияти ва таассуротини, борки маҳобати ва салобатини бир мулоҳаза асосида ифодалаш қийин. Элит даражага мансуб бундай ўйинлар ҳақида ўйласанг, ўз-ўзидан кўз ўнгингда баланд-баланд футбол чўққилари гавдаланади. Хаёлан ва руҳан ўша чўққиларга тенглашади киши беихтиёр ва пастга тушгиси келмайди сира. Лекин тушмоқ жоиз, юрт футболига юзлашмоқ - бурч...

Мулоҳазаларимиз шу тахлит охиригача юқори руҳ билан ёзилиши мумкин эди. Афсуски, телефоннинг безовта жиринглаши хаёлимизни бўлди. Пойтахтлик фидоий футбол мухлиси Азизбек! Йўқ, унинг орзулари ва мулоҳазаларини борича қоғозга туширолмаймиз. У айтади: «Минг-минглаб мухлислар миллий жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Қатарга бормасликлари, боролмасликлари мумкин, бироқ Россияга йўл олишдан умидворлар.

Ўзбекистонлик қайсидир мухлисда умри бўйи бир мартагина жаҳон чемпионати ўйинларини стадионда томоша қилиш имкони мавжуд. Бу имкон рўёби учун яккаю ягона шарт - бош жамоамиз қўлга киритадиган йўлланма! Мураббийлар ва футболчилар шуни юрак-юракдан ҳис қилишса, бас!» Очиғи, мамлакатимиз футбол осмони бу каби ёруғ умидларга тўлиб кетди.

Самвел Бабаян ҳам шу осмон остида яшаяпти, оромбахш орзуларга тўйинган футбол ҳавосидан нафас олмоқда. Демак, ҳаммаси унга аён ва Эрон термасини енгиш зарурлигини бошқалардан ортиқ тушунадики, асло кам эмас. Азизбек билан бу хусусда ҳам узоқ суҳбатлашдик. У яна айтади: «Терма жамоамиз аъзолари, журналистлар ва мухлислар ўртасида очиқ мулоқот ташкиллаш керак.

Дейлик, ўртоқлик учрашувида алдамчи тактика қўллаб, рақибни чалғитиш мумкин...». Ҳаммаси тушунарли. Бу каби мулоҳазаларнинг охири кўринмайди. Амалда эса барчаси бошқача. «Энг кичик заррадан Юпитергача ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!» деб ардоқли шоиримиз Ғафур Ғулом бежиз ёзмаган. Энг кичик зарра ниманинг рамзи? Юпитерчи? Самвел Бабаян футбол тилида бу тушунчаларни қандай изоҳлайди? Билмадик, унинг қараши бизга ноаён. Билганимиз шуки, терма жамоамизнинг ғалабасини таъминловчи арзирли лойиҳа-режалар ҳозирча қулоққа чалинмаяпти.

Вақт эса жуда оз қолди. Боз устига, терма жамоамиз асосий таркиб аъзолари ўз имконлари даражасида тўп суришмаяпти. Энг аламлиси ва хавотирлиси, форсларга қарши кечадиган учрашувга оддийгина баҳо берилаётгандек. Гўёки, навбатдаги ўйин ҳам ўткинчи ел каби из қолдирмайдигандек. Бўрон, довул, виқор нафаси сезилмаяпти тайёргарлик жараёнида. Балки Бабаян бу тўғрида оғиз очишни истамаётгандир. Эҳ, қани энди шундай бўлса?! Табиийки, мухлисларга мавҳумлик эмас, балки ёрқин хулосалар ёқади. Ана, «МЮ» - «Суонси» учрашувида Гильфи Сигурдссон жарима зарбасини тепишга ҳозирланар экан, россиялик шарҳловчи гол бўлишини башорат қилишдан чарчамади.

Уэйн Руни худдики, пенальти тепилаётгандек ташвишланди. Нега? Негаки, исланд футболчисининг «стандарт» тепкиси голга айланиши зукко мухлисларга ҳам яхши маълум. Биз эса «Бунёдкор»нинг ОЧЛдаги ғалабасини кутмагандик, аниқроғи, ишонмагандик. Қарангки, «қалдирғочлар» ниҳоят, ғалабани тантана қилишди. Шунда ўйладикки, уларнинг чин парвози энди бошланди. Таассуфки, бундай бўлиб чиқмади: аввалги мулоҳазаларимиз ўз тасдиқини топди ва Сергей Лушаннинг тактик парвози Муборакда тинди... Кўриниб турибдики, футболимиз беором, безовта. Безовта ва беором футбол хусусида эса якуний хулоса айтиш нақадар оғир ва ножоиз...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz