Мана, ОЧЛ гуруҳ босқичи финишига 1та қолди. «Плей-офф» йўлланмасидан ҳали умид узмаган клублар орасида «Локомотив» ҳам бор. «Темирйўлчилар» 5-турда С.Арабистонининг ««Ал-Тавон»» клубини қабул қилиб, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқаришди - 4:4. Ушбу натижа «Локо»га қимматга тушиши мумкин.
Умуман, Мирко Йеличич жамоаси 5-турдан кейиноқ курашни давом эттириш имкониятини йўқотиши ҳеч гап эмасди. Хайриятки, Эроннинг «Истиқлол» клуби «Ал-Аҳли»- (БАА)га ютқазмади. Аммо ҳозир ҳам Ўзбекистон чемпионининг тақдири ўз қўлида эмас. 6-турда «Ал-Тавон»» зафар қучган тақдирда «Ал-Аҳли» устидан қозониладиган ғалаба ҳам «Локомотив»га ёрдам бермайди. Боиси, ўзаро ўйинлар ҳисоб-китобида саудлар «темирйўлчилар»дан устун. Хуллас, биз Тошкентдаги ўйинда «хет-трик»ка эришган Марат Бикмаевдан ОЧЛдаги иштирок хусусида интервью олдик.
- Марат, «хет-трик» қайд этганингиз - яхши. Ниҳоят, бир неча йил аввалги Бикмаевни қайта кашф этгандекмиз. Лекин якунда қимматли 2 очкодан маҳрум бўлганинглар - ёмон. Умуман, «Ал-Тавон»» билан ўйинда икки хил бўлим гувоҳига айландик. Бунинг сабаби нима?
- Ҳа, очиғи, голларим татимади. Ғалабани сақлаб қолганимизда эди. Афсуски, яна қўшиб берилган дақиқаларда гол қўйиб юборганимиз панд берди. Дарҳақиқат, биринчи бўлимда жуда яхши ҳаракатландик. Ҳаттоки, ҳисобни рақиблар очган бўлсаларда, тушкунликка берилмадик ва тезда жавоб голини урдик.
Хуллас, илк 45 дақиқаликда мураббийлар кўрсатмаларини тўлиқ бажардик. Шахсан мен гол қўйиб юборганимиздан кейин ҳам ««Ал-Тавон»ни енгишимизга шубҳаланмагандим. Афсуски, турли факторлар бир бўлиб, ғалабани қўлдан чиқардик. Ҳавонинг бирдан исиб кетгани, айрим футболчилар жароҳатдан энди қутулиб, сафга қайтишгани ҳам таъсир қилди, менимча.
Энг катта камчилигимиз - гол қўйиб юборишдан чўчиб тўп сураётганимиз. Негадир ҳисобда олдинга чиқиб олгач, устунликни сақлаб қолишга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Менимча, бу психология билан боғлиқ ҳолат. Ўзимга келсак, ўйиндан олдин майдонни голсиз тарк этмаслигимга ишонгандим. Бу - ички туйғу. Биринчи гол урилган вазиятни алоҳида таъкидлашим керак.
Машғулотларда бундай комбинация устида ишлагандик: Машарипов тўп узатди, мен дарвозани ишғол қилдим. Жалол пенальти ҳам ишлади. Ўзи сўнгги пайтлар иккимиз майдонда бир-биримизни тушуниб ўйнаяпмиз. Учинчи голда эса менга Диёр Туропов ёрдам берди. Афсуски, бу голлар жамоамга ғалаба келтирмади. Энг алам қиладигани ҳам шу...
- Танаффус чоғи мураббийлар қандай кўрсатмалар беришди?
- Биринчи бўлимдаги каби ҳаракатланишда давом этишимиз зарурлигини уқтиришди. Аслида иккинчи бўлимни ҳам ёмон бошламадик. Лекин ўта оддий ҳолатларда 2та гол қўйиб юбордик. Ўша вазиятларда меҳмонларга шунчаки, омад кулиб боқди. Менимча, бизга бироз хотиржамлик панд берди. Шунга қарамай, тўртинчи голни ҳам нишонладик. Аммо яна қўшимча дақиқалар ва яна аламли гол... Юқорида айтдим, бу руҳий ҳолатга боғлиқ камчилик.
- Ҳа, «Истиқлол»га қарши кечган ўйинда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Яъни ҳакам қўшиб берган дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқаргандинглар...
- Буни қандай тушунтириб беришни ҳам билмайман. Фақат битта фарқи бор, «Истиқлол» билан ўйинда натижани сақлаб қолишга уринмагандик. Яъни ҳисобни очганимиздан кейин ҳам ҳужумга зўр бергандик. Ўшанда гол қўйиб юборилган вазиятни олайлик: жарима майдонимизда атиги 3 нафар футболчимиз қолганди. Чунки деярли бутун жамоа бўлиб ҳужумга чиқиб кетгандик. «Ал-Тавон»» билан ўйин бироз бошқачароқ кечди. Эҳ, гуруҳдаги нисбатан кучсизроқ рақиб билан ўйинларда очко йўқотиш ва 4та гол урганча ғалаба қозонолмаслик алам қилар экан.
- «Локо» бахтига «Истиқлол» ҳам дуранг ўйнади. Агар «Ал-Аҳли» Теҳронда ғалаба қозонганида, охирги ўйин сизлар учун расмиятчиликка айланарди...
- Бу учрашувни телевизор орқали томоша қилдим. «Ал-Аҳли»нинг ғалаба қозонолмагани натижасида имкониятимиз сақланиб қолди. Энди шу кичиккина имкониятдан максимал даражада фойдаланишимиз шарт. Демакки, БААга фақат ғалаба илинжида борамиз. Лекин ўйин осон кечмайди. Имконият бор экан, сўнгги дақиқаларгача курашамиз.
- Хўш, «Ал-Аҳли»ни ниманинг эвазига енгиш мумкин?
- Кучли иштиёқ ва жамоавий ўйин эвазига. Майдоннинг рақибга тегишли ярмида кучли прессинг қўллашимиз ҳам талаб этилади. Табиийки, омад ҳам керак. Ёдингиздами, Тошкентдаги учрашувда «Ал-Аҳли»га ҳеч қандай имконият қолдирмагандик. Ўйлайманки, БААда кечадиган жавоб баҳсида ҳам шундай қила оламиз.
- Мабодо, «Локо» гуруҳдан чиқолмаса, бу катта омадсизлик саналадими ёки...?
- Ўтган йили ярим финал остонасига қадар етиб боргандик. Қолаверса, Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири «Ал-Ҳилол»ни мағлубиятга учратган эдик. Шуни ҳисобга олсак, гуруҳда қолиб кетиш - чинакам муваффақиятсизлик сифатида баҳоланиши тайин. Лекин яхши ният қилайлик. Зеро, ҳали вазиятни ижобий томонга ўзгартириш имкони бор.
- Чемпионат ўйинида эса «Шўртан»га ютқаздинглар. Бу кутилмаган натижами ёки ўша куни ғузорликлар ростдан ҳам, кучли ўйнашди?
- Тасодифий натижа. Шунчаки, омад мезбонлар томонида бўлди ва улар саноқли вазиятларнинг 2тасидан самара чиқаришди. Биз аксинча, қулай имкониятларни кўкка совурдик. Ваҳоланки, рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун кўплаб хавфли ҳужумлар уюштиргандик.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20