Қайднома

Қидирув

Бернарду Сила (куч), э-э, йўғе, Сильва!

Бернарду Сила (куч), э-э, йўғе, Сильва!

  03.05.2017 09:52
  0
  674
Бернарду Сила (куч), э-э, йўғе, Сильва!

Леонарду Жардим «Монако»да янги тактик схемани амалга татбиқ этганидан кейин нафақат клубнинг ўйин услуби, балки футболчилар, уларнинг профессионал ишга нисбатан муносабат-ёндашувлари ҳам кескин ўзгарди. Натижада князлик жамоаси ҳам ички чемпионат, ҳам ЕЧЛдек нуфузли, рақобатбардош турнирда бирдек муваффақиятли тўп сурмоқда. Хусусан, Бернарду Силва янги тактик чизмаларга осонгина мослашди ва ҳозирда ўз сўзини баралла айтмоқда. Мисол учун, бош мураббий Леонарду Жардим «Ренн»га қарши учашувда илк марта 4-2-2-2 тактик схемасига мурожаат этиб, уни синовдан ўтказганди.

Жорий мавсум барчани лол қолдираётган мутахассис кейинги турда ёш ярим ҳимоячи Бернарду Силвага ҳам имконият берди. Бу футболчи учун Франция олий дивизиони доирасидаги 6та тур ичида 3-марта позиция алмаштириш эди. Хуллас, португа-лиялик ярим ҳимоячи бунгача чап қанот вингери ва «10-рақам» (4-2-3-1 тактикасида) ролини бажариб кўришга улгурганди. Мураббий унинг олдига 4-2-3-1 тактик чизмасидан фойдаланилганда, кўзга ташланган камчилик-лар - тўпни тез-тез йўқотиб қўйиш ва керагидан ортиқ ушлаб қолиш ҳолларига барҳам бериш вазифасини қўйди. Мана, жамоа Жардим йўлга қўйган янги услубга дахлдор кўрсатмаларни рисоладагидек бажариш эвазига турли камчиликлардан фориғ бўлди, Силва эса схеманинг муҳим бўғинига айланди.

Хуллас, Бернарду ўзининг севимли ролини эгаллаб, плеймеркер позициясида тўп сура бошлади. Оддий айтганда, унинг қаршисида азалий орзуси - майдондаги эркинлик ва кенглик юзага келди. Ўсмирлар жамоасида Силвага устозлик қилган мураббий Хелена Кошта унинг ўйин услуби хусусида шундай деганди: «Бернарду ажойиб ўйин услубига эга. Бу шогирдимни қанот вакили эмас, балки «10-рақам» ролида тасаввур қиляпман. У дейлик, Роналдудан фарқли ўлароқ, анча босиқ, хотиржам тўп суради.

Хусусан, кўпроқ ўз ўрнида қолишга мойилки, бу тактик ишланмаларни маромига етказишда жуда муҳим саналади». Энди жаҳон футболидаги энг илғор агентлардан бири Жорже Мендешнинг футболчи ҳақидаги фикрларига эътибор қаратинг: «Бернарду жисмоний кўрсаткичлар нуқтаи назаридан айнан «Барселона» услубига жуда мос тушади. Тўғри, у ҳозирча ўз хатти-ҳаракатларини тўлиқ назорат қилиш қобилиятига эга эмас. Шунингдек, статистик кўрсаткичлари ҳали анча паст». Ҳа, таниқли агентнинг мулоҳазаларига қўшилмасликнинг иложи йўқ.

Фақат шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, Силва жорий мавсум ўзи истаган услубда ҳаракатланмоқда. 4-2-2-2 тактик чизмасининг ўзига хос томони бор: ҳаракат йўналишлари режадагидек бўлиши таъминланса, рақибнинг ҳимоя ва таянч ярим ҳимоя чизиқлари ўртасида сезиларли бўшлиқ юзага келади. Яъни ҳимоячилар 2 нафар ҳужумчини, таянч ҳудудидан жой олганлар эса марказ орқали олға интиладиганлар йўлларини ёпиш билан шуғулланишади. «Монако»да Тома Лемар кўпинча Силвадан орқароқда ўйнамоқда.

Шу тариқа чизиқлар ўртасидаги кенгликни ёлғиз португалияликнинг ўзи назорат қилмоқда. Жозе Моуриньонинг фикрига кўра, вертикал футбол тактикасида тезкор футболчилар самарадорлигини ошириш учун ўрта зонадаги ўйинчилардан бири тўпни ўзида ушлаб туриши ва керакли пайт аниқ узатмани амалга ошириши керак. Табиийки, бунинг учун алоҳида иқтидор талаб этилади.

Агар шундай футболчи топилса, жамоанинг барча чизиқлари ўртасида уйғунлик таъминланади. Португалиялик мутахассис мисол тариқасида Хуан Матани тилга олганди. Князлик клубида эса бу ролни айнан Бернарду шараф билан бажармоқда. Жамоа таянч ярим ҳимоячиси Фабиньо ҳам айнан шу ҳолатни таъкидлаганди: «Бернарду ўйин услубимизга ижобий ўзгаришлар киритмоқда, у тўпни хотиржам қабул қилиш учун доимо энг мақбул позицияга чиқиш иқтидорига эга».

Албатта, ярим ҳимоячи тўпни эгаллаб олганидан кейин бир қатор вариантлардан фойдаланиши мумкин. У истаса, тўпни қанотлар ёки марказга узатиш орқали кескинликни оширади. Бунинг учун қулай вазият юзага келмаган тақдирда эса, Лемар билан комбинация уюштириши мумкин. Умуман, Бернарду яқин масофаларга қисқа тўп узатишлар баробарида қарама-қарши қанотлар томон диагонал узатмаларни ҳам аниқ бажариш ҳадисини олган. Леонарду Жардим мазкур услубни ҳам жорий мавсумда йўлга қўйди.

Дейлик, ЧЛ чорак финали доирасида Дортмундда «Боруссия»га қарши кечган учрашувни шу ислоҳот самараси сифатида келтириш ўринли. 3:2 ҳисобида князликлар фойдасига ҳал бўлган ўйинда Бернарду ўнг қанот орқали тезкор қарши ҳужумни бошлаган вақт Килиан Мбаппе ва Радамель Фалькао ҳам ўша ҳудуд томон интилдилар. Натижада «Боруссия» ҳимоячилари уларни таъқиб қилишга мажбур бўлдилар, бу пайт ҳужум чизиғига яқинлашган Сильва тезликни бироз пасайтирганча қарама-қарши қанотдан олдинга интилган Лемарнинг яхши ҳолатга чиқишини кутди. Воқеаларнинг кейинги ривожи оддий: рақиб ҳимоячилари табиий равишда Лемар томон ошиқдилар. Айни шу ҳолатни кутган футболчи эса диагонал узатма орқали бўш қолдирилган Мбаппени тўп билан таъминлади ва ҳужумчи дарвозани осонгина забт этди.

Португалиялик ярим ҳимоячи бош-қа амплуадошларидан кўра, тўпни орқароқда кўпроқ ушлаб туради. Унинг рақибларни алдаб ўтиш бўйича кўрсаткичи ҳам нисбатан паст: ички чемпионатда ўртача ҳисобда 1,9 марта, ЕЧЛда эса 3,0 марта. Аммо футболчи майдон марказидан амалга оширилган узатмалар сони бўйича энг яхши натижага эга. Хуллас, тўп узатиш ва дриблинг кўрсаткичлари ўртасидаги фарқ шуни кўрсатмоқдаки, Силва доимо ўзи учун қулай позиция излайди. Яъни ўйин назоратини қўлга олиш жараёнида тўпсиз ҳаракатланишни ҳам маромига етказади. Энг қизиғи, у битта ўйинга ўртача тўғри келадиган тўп узатишлар сони бўйича жамоада атиги 13-натижага эга (1та ўйинда ўртача 31,4та «пас»).

Бернарду ижросидаги аксарият голлар ҳам унинг қулай позиция излашдан тўхтамаслигига далолат. Ҳар ҳолда, португалиялик асосан айнан бўш ҳудудлардан зарба йўллаш орқали гол урмоқда. Бунда ҳам 4-2-2-2 схемаси Силвага жуда қўл келмоқда: рақиб ҳимоячилари ҳужумчилар дуэтини қўриқлаш билан овора бўлган пайт таянч ярим ҳимоячилари Монегаск клубининг сон жиҳатдан устунлигини йўққа чиқариш мақсадида марказга яқинлашишдан ўзга чора тополмайдилар. Қарабсизки, Бернарду яна бўш қолади. Португалиялик футболчи чемпионат доирасида «ПСЖ»га қарши кечган баҳсда мувозанатни худди шу тариқа тиклаган, «Марсель» дарвозабонини ҳам айнан мана шундай ҳаракатлар натижасида ранжитганди.

Силванинг тўп учун кураш бўйича натижалари ҳам чакки эмас - ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 2 марта рақибидан кўра, чаққонроқ ҳаракатланмоқда. Қолаверса, у ҳимояда ҳам ўта фаол. Зеро, Моуриньо фалсафасига амал қиладиган Жардим ҳар бир шогирдидан шуни талаб қилади. Статистик рақамларда айтсак, Бернарду жорий мавсумда тўпни рақиблардан нақ 24 марта тортиб олди.

Улар томон узатилган тўпни эса 19 марта ўзиники қилди. Яна 23та ҳолатда узатма йўлини кесиб қўйди. Қисқаси, футболчи тобора «очилиб», мукаммалроқ тўп суришга одатланмоқда. Хусусан, аввалроқ камтарона мулоҳаза билдирган Жорже Мендеш ҳам унинг ўсиш даражасини очиқчасига тан олди: «Силвани ҳозирда бемалол Франция 1-дивизионидаги энг яхши футболчи сифатида таърифлаш мумкин. У жамоанинг муҳим аъзосига айланиб улгурди». Ҳа, у тўла ҳақ.

Маълумот УЧУН

БЕРНАРДУ МООТА ВЕЙГА ДЕ КАРВАЛЬЮ-и-СИЛВА

Фуқаролиги: Португалия

Ёши: 22

Амплуа бўйича: ҳужумкор ярим ҳимоячи, ўнг қанот ярим ҳимоячиси

Ўйнаган клублари: «Бенфика» (Португалия) - 2012-2014; «Монако» (Франция) - 2014-...

Ютуқлари: Португалия чемпиони (2013|2014); Португалия кубоги соҳиби (2013|2014); Португалия Лига кубоги соҳиби (2013|2014); Евро-2015 (U-21) турнири кумуш медали соҳиби

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.