Қайднома

Қидирув

Марсель Десайи: «Россия термаси Греция-2004 қиёфасини олиши керак»

Марсель Десайи: «Россия термаси Греция-2004 қиёфасини олиши керак»

  04.05.2017 03:44
  0
  1076
Марсель Десайи: «Россия термаси Греция-2004 қиёфасини олиши керак»

Аввалги шанба куни Москвадаги Горький номли истироҳат боғи ҳудудида Конфедерациялар кубоги-2017 турнири хиёбони очилди. Тадбирга таклиф этилган мартабали меҳмонлар орасида яқин ўтмишнинг номдор футболчиси Марсель Десайи ҳам бор эди. Қулай фурсатдан унумли фойдаланишни истаган «СЭ» мухбири вақтида «Марсель», «Милан» ҳамда «Челси» клубларида муваффақиятли тўп сурган, шунингдек, жаҳон ва Европа чемпионатларида зафар қучган франциялик собиқҳимоячини дарҳол суҳбатга чорлади.

Ғалабалар ва фожиа

- Россия ЖЧ ва Конфедерациялар кубогидек муҳим мусобақаларни қабул қилиш арафасида турибди,-дея суҳбатга киришди Марсель Десайи. - Ўз мисолимда айтсам, Конфедерациялар кубогида 2 марта иштирок этганман ва улардан унутилмас таассурот-хотиралар қолган. Чунончи, мен қатнашган 2001 ва 2003 йилги турнирларда Франция терма жамоаси ғолиб чиққанди. Бу галги мусобақа бир қатор миллий жамоалар салоҳияти билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Жумладан, Россия ва Германия термаларига қизиқиш катта бўлса керак. Бундан ташқари, мусобақа баҳонасида мундиалга тайёргарлик жараёни ва жамоатчиликнинг футболга муносабати хусусида муайян хулосалар чиқариш мумкин.

- Умуман, шахсан сиз Конфедерациялар кубогига қандай баҳо берасиз: бу ЖЧ ташкилотчилари  учун ўзига хос репетициями ёки алоҳида йирик мусобақа?

- Масалани бу қадар кескин қўйиш шарт эмас. Ҳа, турнир ўйинлари иштирокчи жамоалар учун ЖЧ олдидан жиддий тайёргарлик босқичи вазифасини ўташи мумкин, яъни репетиция. Лекин ФИФА тизимида ўзига яраша нуфузга эга халқаро мусобақани шунчаки, тайёргарлик машғулоти сифатида қабул қилиш нотўғри.

- Дарҳақиқат, вақтида 2та Конфедерациялар кубогида Франция терма жамоасини сардори сифатида майдонга олиб тушгансиз ва ғалабани тантана қилгансизлар. Ўша мусобақаларда кузатилган қайси воқеани алоҳида таъкидлай оласиз?

- Тушунарлики, ҳар иккиси якунида бўйнимизга олтин медаль таққанимиз ўчмас из қолдирган, албатта. Лекин 2003 йили Франция мезбонлик қилган турнирда юз берган фожиани хотирадан ўчириб ташлаш қийин. Эсласангиз, Лион шаҳрида Камерун ва Колумбия терма жамоалари ўртасида кечган ярим финал беллашувида Марк-Вивьен Фоэ юрак хуружи туфайли ҳаётдан кўз юмганди. «Стад де Франс» аренасида ташкилланган финалда эса биз айнан камерунликлар билан куч синашдик. Учрашувдан аввал марҳум футболчининг хотирасига бағишланган тадбир уюштирилди - ҳар қандай инсон қалбини титратадиган лаҳзалар. Шунингдек, ярим финалдаги ўйинимизни ҳам яхши эслайман. Чунончи, бизга ўша давр юксак савияга кўтарилган Туркия терма жамоаси рақиблик қилган ва бутун учрашув давомида кескинлик пасаймаганди. 3:2 ҳисоби майдонда қандай кураш борганидан далолат. Ҳа, футболда кучлар нисбати тез-тез ўзгариб туради - айни пайт етакчи ўринларга бошқа жамоалар кўтарилган.

- Очиғи, Конфедерациялар кубоги-2001 ярим финалида Бразилия терма жамоаси дарвозасига урган голингизни тилга олишингизни кутгандик. Биринчидан, ўша гол жамоангизга ғалаба келтирганди. Иккинчидан, у сиз учун миллий жамоадаги энг муҳим голлардан бири саналади.

- Ҳаммаси тўппа-тўғри. Боз устига, миллий жамоа либосида кўп гол урган эмасман. Асосий факт шуки, Конфедерациялар кубоги баҳслари иштирокчилар қатори мухлисларга ҳам олам-олам ҳиссиётларни ҳадя этган. Чунки ҳар бир қитъанинг энг кучли жамоалари ўртасидаги ўйинларда кескинлик ва муросасизлик яққол сезилар ва умумий савия ЖЧникидан сира қолишмасди.

- Бу галги турнирда Франция термасининг иштирок этмаслиги сиз учун афсусланарли ҳолат бўлса керак...

- Ҳа, ватандошларимга озгина омад етишмади. Ваҳоланки, Евро-2016 финал ўйинида захирадан майдонга тушган Жиньяк ҳал қилувчи голни уришга жуда яқин келганди. Эҳтимол, шаклланиш жараёнини бошдан кечирган Франция термаси ўша пайт йирик ғалабага тўлиқ тайёр бўлмагандир... Хурсанд қиладиган томони, Евро-2016га мезбонлик қилиш таъсирида жамоамиз куч-қудратига ишонч туғилди. Россия мундиалида ана шу ижобий ўзгариш қўл келса, ажабмас. Эҳ, афсуски, Конфедерациялар кубогида Франция термаси эмас, португалияликлар иштирок этишади.

Франция футболисалоҳияти

- Хўш, Франция термасининг мундиалга боғлиқ режалари, имкониятлари қандай?

- Нокамтарликка йўймангу, мамлакатимиз миллий жамоаси ҳайратланарли салоҳиятга эга. Шахсий фикримча, ҳозирги таркиб бизнинг даврдаги жамоадан ҳам кучлироқ. Погба, Канте, Гризманн, Варан, Косьельни - ҳар бир чизиқда ўзига яраша ёрқин етакчи бор. Мана, бу йигитлар турли чемпионатларда яққол кўзга ташланмоқдалар.

- Демак, бугунги жамоани куч-салоҳият нуқтаи назаридан ЖЧ-98 ва Евро-2000да зафар қучган термадан устун қўясиз...

- Иқтидорлар даражасидан келиб чиқиб айтсак, шундай. Қаранг, Мбаппе, Бакайоко ва Дембеле каби йигитларимиз ҳали жуда ёш бўлишларига қарамай, юксак савияни намойиш этмоқдалар. Айни шу ноёб иқтидорлар энди терма жамоада ҳам каромат кўрсатишлари керак. Бу йигитчалар айни пайт одатий муҳит ва ўзларига мос услубда тўп суришмоқда. Терма жамоада эса улардан умуман бошқача вазиятдан муваффақият билан чиқиш талаб этилади. Нотаниш жамоадошлар билан тил топишиш ва терма жамоанинг оғир масъулиятига дош бериш осон эмас, албатта. Буларга кўникма ҳосил қилиш учун маълум вақт керак. Бироқ ёш ўйинчиларимизнинг ноёб иқтидорлари шундоқ кўриниб турибди. Бунгача ҳимоя чизиғи қанотларидан бироз хавотирда эдик. Лекин бахтимизга, «Монако»да Бенжамин Мендидек ишончли ҳимоячи етишиб чиқди.

- Қитъа биринчилиги финалидаги мағлубият болаликдан қадрдон дўстингиз саналган миллий жамоа устози Дидье Дешамга кучли зарба бўлгандир...

- Яна қандай зарба-я... Ахир биз доимо охиригача курашишга одатланган чинакам жангчилармиз. Албатта, 2-ўрин ҳам чакки натижа эмас, терма жамоамиз истиқболи рисоладагидек. Аммо Францияда ҳамма фақат чемпионликни кутганди. Афсус, орзу рўёбга чиқмади. «Вице» қўшимчасига кўникиш қийин. Хайриятки, Дешам тушкун кайфиятдан тезда халос бўлди ва жамоанинг техник-тактик маҳоратини маромига етказиш йўлида тинмай изланмоқда.

- Тарихга назар ташласак, ЖЧ-98 арафасида жамоангизнинг тож кийишига ҳеч ким ишонмаганди. Ҳозир Россия термасига ҳам ишонч йўқ. Унинг мундиалда чорак финалга чиқиши ҳам жасоратдек қабул қилинади, гўё.

- Чиндан ҳам, бу кўнгилдагидек натижа ҳисобланарди. Россия термасининг  охиригача курашадиган салоҳиятга эгалиги ҳанузгача сезилмаяпти. Жамоа Греция термасининг Евро-2004да кўрсатган кароматини такрорлашга интилса, зўр бўларди. Лекин таркибида ўта юқори савияли ўйинчилар йўқ, шекилли. Демак, жамоавий ҳамжиҳатликка умид боғлаш керак. Яна жамоанинг ўз кучига нисбатан ишончини кескин кўтариш талаб этилади.

- Дарҳақиқат, Россия терма жамоаси айниқса, сўнгги йилларда ниҳоят сустлашиб кетди...

- Мусобақалар - чинакам синов. Жумладан, Конфедерациялар кубогида жамоанинг ўзини қандай ҳис этаётгани намоён бўлади. Аввало, таркиб учун чинакам етакчиларни аниқлаб олиш керак. Умид қиламанки, Россия жамоаси Камерун термаси Африка миллатлар кубоги-2017да амалга оширган ишни уддалайди. Габонда ўтган ўша мусобақани бевосита кузатиб бордим. Аввалига камерунликлар таркибида етакчилар кўзга ташланмадилар - жамоанинг кўплаб таниқли футболчилари турли сабаблар билан турнирдан четда қолдилар. Бироқ жамоа уларсиз ҳам муваффақиятга эришишига ишонди. Назаримда, Камерун термасига айни шу ишонч ҳисси қўшимча куч берди.

- Португалия термасининг Евро-2016да қатъий ўйин интизоми эвазига муваффақиятга эришгани хусусидаги хулосага қўшиласизми?

- Бу жамоага бир неча омиллар уйғунлиги қўл келди. Биринчидан, унинг финалга чиқишини ҳеч ким кутмаганди. Иккинчидан, гарчи Португалия термаси ёрқин саҳифалар битмаган бўлсада, жамоавий руҳиятга эга. Қолаверса, португалларни етакчилар, хусусан, Криштиану Роналду руҳлантириб турарди.

- 7 йил муқаддам ЖАРдаги ЖЧ чоғи суҳбатлашганимизда, Ганада яшаётганингизни айтгандингиз.

- Ўша вақт Африка футболи учун жуда зарур саналган академия ва спорт инфратузилмаларини бунёд этиш лойиҳаси устида ишлаётгандим. Ҳозир эса яна Францияда истиқомат қилиб, BeIN Sport телекомпаниясида шарҳловчи-эксперт сифатида фаолият олиб боряпман.

- Яна бир дўстингиз Зайниддин Зиданнинг ҳам ҳозирги ишлари жойида. Футболчилик даври унинг «Реал»дек гранд жамоани бинойидек бошқаришга етадиган қобилияти ҳеч сезилганмиди?

- Йўқ. Зидан ўз мақсадига босқичма-босқич яқинлашиш орқали эришди: аввалига ўзини телешарҳловчи ролида синаб кўрди, бизнес билан шуғулланди. Кейин институтда таҳсил олди ва шундай хулосага келди: «Менга футбол етишмаяпти!» Натижада мураббийлик лицензиясини қўлга киритди ва «Реал» академиясида ишга киришди. Беқиёс обрўсига қарамай, ёшлар билан ишлашга кўнганининг ўзи унинг мураббийликка қатъий бел боғлаганидан далолат эди. Демоқчиманки, унда футболга нисбатан муҳаббат шахсий обрў-эътибор ва иззатталабликдан устун келди. Қолаверса, Зайниддин «Реал»да Карло Анчелотти қаноти остида ишлаб, бебаҳо тажриба ҳосил қилди. Шунда ҳам юқорига ошиқмади. Ниҳоят, Рафаэль Бенитес ўрнини эгаллаш фурсати келгач, «Реал»га ўз фалсафасини сингдириш ҳаракатини бошлади. Мана, Марсело ва Роналду каби йигитлар энди тўп билан кўпроқ муомала қилиш имкониятига эга бўлишяпти.

- Антонио Контенинг «Челси»даги муваффақиятли одимини ҳам алоҳида кузатиб боряпсизми?

- Аввало, Моуриньодек мураббийга жавоб беришдан чўчимаган Абрамовичга қойил қолиш жоиз. Конте эса дадиллик билан тактик услубни ўзгартирди ва ҳужумкор ўйинни йўлга қўйди. «Челси» энди чемпионликни қўлдан чиқармаса керак.

Содиқ  СОБИР  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz