Қайднома

Қидирув

Россия мундиалида «сенсацион чиқишлар» кўрамизми?

Россия мундиалида «сенсацион чиқишлар» кўрамизми?

  04.05.2017 06:21
  0
  1858
Россия мундиалида «сенсацион чиқишлар» кўрамизми?

Озарбайжон, Панама, Буркина-Фасо каби бир қатор миллий терма жамоалар ЖЧ-2018 йўлланмаларига жиддий равишда даъвогарлик қилмоқда. Ҳа, Россия мундиалида ўзига хос «сенсацион чиқиш» ҳосилаларига гувоҳ бўлсак, ажабмас. Championat.com сайти ижодкорлари бундай имкониятга эга жамоалар қаторида Ўзбекистон термасини тилга олишмади. Майли, зарари йўқ, жамоамиз йўлланмани қўлга киритиб, чемпионатнинг ўзида «сюрприз» улашса, бас. Яхши ният, нима дедингиз...? 

ЕВРОПА

Болгария

Турнир жадвалидаги ҳолати: «А» гуруҳида 3-ўрин

Туланинг «Арсенал» клуби сафига қўшилган янги футболчи Михаил Александровнинг айтишича, айни пайт Болгарияда мамлакат миллий жамоасига нисбатан танқидий муносабат шаклланган. Яъни ҳеч ким футболчиларни аямайди. Мухлислар хусусан, маҳаллий даражада бош юлдуз саналган Ивелин Попов қадрига етишмаяпти. Ваҳоланки, болгарлар саралаш босқичида 3та ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишди. Шунинг баробарида гуруҳ етакчилари - Швеция ва Франция жамоаларидан нақ 7та гол қабул қилиб олишди. Хуллас, Болгария термасида тўплар нисбати ҳамон минус ҳолатида. Муҳими, жамоа 2-ўриндаги шведлардан атиги 1 очко ортда қолмоқда.

Қаҳрамон: Ивелин Попов

Яна ким бўлиши мумкин? «Спартак» ярим ҳимоячиси кучли танқидий қарашларга дуч келаётган бўлсада, миллий жамоани ўз ортидан эргаштиришни уддалаяпти. Унинг голлари Люксембург ва Беларусь термаларини енгишда жуда қўл келди. Айтганча, ўтган йилнинг ноябрида Ивелиннинг Болгариянинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишдики, бунда ғайриоддий жиҳати йўқ.

Истиқбол

Ҳозирча Болгария терма жамоаси ўйинлари юзасидан саволлар етарли. Жамоанинг ЖЧ финал раундига чиқиш имкониятига ҳаммасидан ҳам ҳимоядаги мутлақо бетартиб ҳаракатлар салбий таъсир ўтказиши мумкин. Статистикага қарасак, Петар Хубчев шакллантирган жамоа саралаш доирасидаги ўйинларда 10та гол қўйиб юборишга улгурди. Бу ўртача ҳисобда ҳар 45 дақиқага 1тадан гол демакдир. Болгарларнинг айниқса, камтарингина  Люксембург дружинасидан 3та гол қабул қилишгани вазият дарҳақиқат, жиддийлигини кўрсатиб турибди. Айтиш ўринли, митти мамлакат вакиллари саралашда атиги 6та гол уришган ва 12та қўйиб юборишган. Умуман олганда, Болгария жамоаси аввало, ўз ўйинларида имкон қадар кўп очко йиғиши зарур, қолаверса, Швеция ва Голландия термаларининг дам-бадам йўқотишга дуч келишини кутишга мажбур.

Шимолий Ирландия

Турнир жадвалидаги ҳолати: «С» гуруҳида2-ўрин

Бу гуруҳдаги Германия терма жамоасининг жаҳон чемпионатига 1-ўрин орқали чиқишига ҳеч ким шубҳаланмаяпти. Ахир Йоахим Лёв шогирдлари ортда қолган 5та ўйинда 20та гол уриб, 1тагина қўйиб юборишди. Умуман, бундестим Европа ҳудудидаги саралашда 100 фоизли натижага эга 2та жамоадан бири бўлиб турибди. Гуруҳдаги 2-поғонани эса айнан Шимолий Ирландия термаси эгаллаб турибди. Аммо иккинчи бўлиш учун ҳали жиддий кураш бориши тайин. Чунончи, шимол ирландлари 10 очкога эгалар, яқин таъқибчи - Чехия миллий жамоаси эса ҳозиргача 8 очко ишлади. Қолаверса, анча ривожланган Озарбайжон жамоасини ҳам унутмаслик керак.

Қаҳрамон: Кайл Лафферти

Бутун Шимолий Ирландиянинг тан олинган қаҳрамони - бу ҳужумчи Уилл Григг. Дейлик, мухлислар унинг Озарбайжон термасига қарши баҳсда майдонга тушишини ўзгача нишонлашди. Умумий олганда эса, ҳозирги таркибда бошқа бир ҳужумчи - Кайл Лафферти муҳим ўрин тутмоқда. У ЖЧ йўлидаги ўйинларда ўз ҳисобига 3та гол ёзиб қўйди. Яна «Вест Бромвич» ҳимоячиси Жонни Эванснинг роли ҳам катта. Жамоанинг 5та ўйинда 2тагина гол қўйиб юборганида бу футболчининг хизматлари беқиёс. Умуман, ирландлар ҳозиргача фақат Германия термасидан гол қабул қилишди, холос.

Истиқбол

Юқорида таъкидланди, Шимолий Ирландия термаси 2-ўрин учун асосан чехлар ва озарлар билан кураш олиб боради. Шимолликлар кейинги турда айнан Озарбайжонда меҳмон бўлишади. Ана шу ўйин натижаси «С» гуруҳининг 2-поғонаси учун кечаётган курашга маълум даражада таъсир қилиши аниқ. Ғалаба қозонган томон ўз имкониятини сезиларли даражада яхшилаб олади. Бордию, Бокуда дуранг қайд этилса, унда Чехия термасининг саралашдаги истиқболи анча ёрқинлашиши мумкин.

Озарбайжон

Турнир жадвалидаги ҳолати: «С» гуруҳида4-ўрин

Озарбайжонликлар 26 март куни немисларни қабул қилиб 1:4 ҳисобида имкониятни бой беришди. Улар шу учрашувдан олдин гуруҳда 2-ўринда бораётган Шимолий Ирландия термаси билан тенг миқдорда очко олишган, фақат тўплар нисбати бўйича 3-поғонада эдилар. Машҳур хорват Роберт Просинечки қўл остидаги жамоа бунгача Сан-Марино ва Норвегия термаларини минимал ҳисобда енгишдан ташқари, чехлар билан дуранг ўйнади - 0:0. Аммо асосий рақиблардан бири Шимолий Ирландия термаси майдонидан қуруқ қайтди. Тан олиш керак, Озарбайжон жамоасининг имконияти анча паст. Лекин биттагина ғалаба Просинечки шогирдларини руҳлантириб юбориши ҳеч гап эмас.

Қаҳрамон: Камрон Агаев

Голкипер Камрон Агаев миллий жамоадаги кўплаб шерикларидан фарқли ўлароқ, хорижда фаолият юритаётгани билан мақтана олади. У оддий чемпионат эмас, бинойидек рақобат борадиган Португалия примероси вакили «Боавишта» шарафини ҳимоя қилмоқда. Жамоанинг яна бир аъзоси - собиқ «спартакчи» Эмин Маҳмудов ҳам айнан шу клубда тўп суради. Шунингдек, Озарбайжон миллий жамоаси «заявка»сида мамлакат фуқаролигини қабул қилган асли россиялик Рамиль Шейдаев ҳам бор. Уларнинг ҳар иккиси аста-секин асосий таркибдаги мавқеини мустаҳкамламоқда.

Истиқбол

Ҳозирдан дадил гапириш мушкул. Озарбайжонликлар кейинги турда Шимолий ирландияликларни енгиш уддасидан чиқишса, уларда қўшимча иштиёқ пайдо бўлади, акс ҳолда... Қолаверса, жамоани олдинда Германия сафари ҳам кутмоқда. Хуллас, озарлар ҳам асосий урғуни ирландлар ва чехларга қарши кечадиган ўйинларга қаратиш баробарида шу жамоаларнинг тез-тез очко йўқотишини кутишга мажбурлар.

Черногория

Турнир жадвалидаги ҳолати: «Е» гуруҳида 2-ўрин

Бу гуруҳда ҳам 5та турдан сўнг 1-ўрин масаласи анча ойдинлашиб қолди - Польша термаси 13 очко билан яқин таъқибчиларидан анча ўзиб кетишга улгурди. Лекин 2-ўринга нақ 4та жамоа «кўз» олайтирмоқда». Дания термаси худди черногорияликлар каби 7та очко тўплаган бўлса, Руминия ва Арманистон жамоалари ҳисобида 6тадан очко бор. Болқон ҳудуди жамоаси ҳозирда маҳсулдорлиги билан ажралиб турибди - 5та ўйинда 10та гол. Айтиш жоиз, черногорияликлар охирги ўйинда гуруҳ пешқадами - польшаликларни анча қийнаб қўйишдию, якунда 1:2 ҳисобида ютқазишди, барибир. Агар улар Подгорицада лоақал дуранг қайд этишганида, ҳаттоки, 1-ўрин учун кураш олиб бориш имкониятини ҳосил қилишарди.

Қаҳрамон: Стеван Йоветич

Черногория бош жамоаси таркибида ҳозирча бошқа юлдуз кўзга ташлангани йўқ. «Интер» захира ўриндиғида ўтираверишдан зериккан Стеван авваллари  миллий жамоалар ўйини туфайли юзага келадиган танаффусни интиқ ҳолда кутар ва черногорияликлар таркибида оёқлари чигалини ёзишга уринарди. Энди вазият ўзгарди - у «Севилья»да етарли ўйин амалиётига эга. Шундай бўлсада, ўз ватани жамоасига нисбатан муносабати заррача ўзгарган эмас. Унинг саралаш доирасидаги 5та ўйинда 3та гол уришдан ташқари, яна 2тасига асс2истентлик қилгани барчасини кўрсатиб турибди. Олдинги чизиқ бўйича шериги - Фатос Бечирай ҳам чакки эмас. «Динамо» (Москва) вакили 2та голидан бирини Дания термасига қарши кечган муҳим учрашувда урди ва у болқонликларга 3 очко тақдим этди. Англия чемпиони ва жорий ЧЛ ярим финалчиси Каспер Шмейхель Россия биринчи дивизионида тўп сураётган ҳужумчи ижросидаги эффектли зарба олдида шунчаки, ожиз қолди.

Истиқбол

Черногорияликлар ҳужумда яхши ҳаракатлана олишларини тўла-тўкис исботламоқдалар ва бу уларнинг Россия мундиали чиптасини ютиб олишларида асосий омил вазифасини бажариши мумкин. Ҳарқалай, гуруҳда 2-ўринни кўзлаётганлар орасида ўта жиддий рақиб йўқ. Бошқача айтганда, Черногория миллий жамоаси савия бобида ҳозирги Дания, Руминия ва Арманистон термаларидан сира қолишмайди. Жамоа фақат ҳимояни ҳам бироз тартибга солиб, барқарорликка эришса, бас. Яна худди Ереванда бўлгани каби кутилмаган йўқотишларга йўл қўймаслиги ҳам муҳим.

ОСИЁ

Саудия Арабистони

Турнир жадвалидаги ҳолати: «В» гуруҳида  2-ўрин

Биласиз, ОФК миқёсидаги квалификация жараёни 3та босқичдан иборат. Биринчисида рейтинг бўйича энг кучсиз 12та жамоа 6та жуфтликка бўлиниб, «плей-офф» тизимида ўзаро куч синашди. Иккинчи раунд эса 8та гуруҳда олиб борилди. Саудия Арабистони миллий жамоаси бу босқични муаммосиз босиб ўтди. Яъни «А» гуруҳида 1-ўринни эгаллади. Мана, саудлар ҳал қилувчи раундда ҳам чакки таассурот қолдирмаяптилар. Берт ван Марвейк томонидан бутунлай ўзгартирилган жамоа Япония термаси билан тенг миқдорда очко тўплаган ҳолда, иккинчи бўлиб турибди. Энг яқин таъқибчи - Австралия миллий жамоаси ҳозирда 3 очко орқада. Муҳими, араблар ҳужумкор ўйинлари билан яққол ажралиб турибдилар - 13та гол.

Қаҳрамон: Берт ван Марвейк

Саудия Арабистони термаси - мутлақо маҳаллийлар жамоаси. Яъни унинг таркибида мамлакат ташқарисида тўп сурувчи бирор футболчи йўқ. Шунинг учун ҳам, юлдуз футболчилари жаҳон миқёсида таниқли эмаслар. Ҳозирги жамоадан бирданига 3 кишини ажратиб кўрсатиш мумкин. Улардан бири жорий саралаш циклида 15та гол урган Муҳаммад ал Саҳлавийдир. Тўғри, футболчи шундан 8тасини ҳаваскорлардан йиғилган Шарқий Тимор термасига қарши ўйинларда нишонлади. Иккинчи юлдуз ал Саҳлавийнинг ҳужумдаги шериги - Наваф ал Обид. Чаққон ва техник салоҳияти юқори бу футболчи учинчи квалификацион раунд баҳсларида бир қатор муҳим голларга муаллифлик қилди. Хусусан, Таиланд термаси дарвозасига ғалаба тўпини киритди (биринчи давра ўйинида), ироқликларга 2та гол «улашди» ва БАА вакилларини ҳам «насиба»сиз қолдирмади. Ниҳоят, учинчи қаҳрамон - Берт ван Марвейк. Айнан голландиялик бош мураббийни асосий роль ижрочиси сифатида таърифлаш учун асослар етарли. У Саудия жамоаси бошқарувини 2015 йили қўлга олган бўлса, шундан буён маҳаллий ўйинчилар миясига ҳужумкор ва ёрқин футбол услубини сингдирмоқда. Муҳими, болаликларида Ар-Риёд кенгликлари ва мамлакатнинг бош-қа шаҳарларида эрмак учунгина тўп суриб юрган йигитлар айнан голланд мутахассиси таъсирида мақсад сари интилишни ўрганишди, ўз кучларига ишончни мустаҳкамлашди.

Истиқбол

Айни ҳолатда Саудия Арабистони жамоаси имкониятларини баҳолаш анча мушкул. Тақвимга қарасак, саудлар қолган 3та ўйиндан 2тасини меҳмонда ўтказишади - узоқ Австралия ва БААда. Қолаверса, охирги тур баҳси гуруҳ етакчиси Япония термасига қарши кечади. Хуллас, ван Марвейк жамоасини олдинда ўта мураккаб синов кутмоқда. Ҳозирда саудияликлар 3-ўриндаги Австралия термасидан 3 очко олдиндалар. Ке-йинги турда эса айнан «яшил қитъа»га сафар уюштиришади. Хуллас, шу ўйинда лоақал 1 очко олсалар, унда Россия мундиали йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритиш имкониятини анча яхшилаб олишади.

АФРИКА

Буркина-Фасо

Турнир жадвалидаги ҳолати: «D» гуруҳида 1-ўрин

Африка ҳудуди жамоалари ЖЧ-2018 саралаши ҳал қилувчи раунди доирасида 2тадан ўйин ўтказишди. Камтариндек туюлган Буркина-Фасо жамоаси уларда 4 очко ишлади ва айни пайт ўз гуруҳида ЖАР ва Сенегал термаларидан олдинда турибди. Тўғри, Жанубий африкаликлар ҳам 4 очкога эгалар, фақат тўплар нисбати Буркина-фасоликларда яхшироқ. Сенегал дружинаси ҳисобида эса 3 очко бор. Хуллас, камтарин жамоа ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионати финал босқичига чиқишни хоҳласа, ҳозирги пешқадамлик мавқесини сақлаб қолиши керак.

Қаҳрамон: Бану Диавара

ЖАР термасига қарши кечган ўйин Диавара учун юлдузли дамларни тортиқ этди. ЖАР термасининг энг машҳур ва тажрибали ўйинчиси Жонатан Питройпа (у вақтида Германия ва Франция майдонларида жавлон урган) илк дақиқаларда пенальтидан фойдаланолмади. «Челси»га тегишли ёш иқтидор Бертран Траоре ҳам ўйин охирларида шундай омадсизликка учради. Бундан бир неча дақиқа олдин Дин Фурман ЖАР термасини ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Мисрнинг «Смуха» клубида ўйнайдиган Бану Диавара эса асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда аниқ зарба йўллаб, Буркина-Фасо жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди ва ўйиннинг чин қаҳрамонига айланди. У шунингдек, Кабо-Верде термаси билан кечган иккинчи ўйинда ҳам ўзини кўрсатиб, ҳисоб 2:0 бўлишини таъминлади.

Истиқбол

Африка вакиллари саралаш баҳсларини август ойи охирида давом эттиришади. Олдинда ҳали 4тадан ўйин бор. Буркина-фасоликлар учун ҳар бир учрашув ҳал қилувчи аҳамият касб этиши тайин. Кўп нарса кузда Сенегал термасига қарши кечадиган 2та ўйин натижасига боғлиқ бўлиши мумкин.

ЖАНУБИЙ АМЕРИКА

Эквадор

Турнир жадвалидаги ҳолати: гуруҳда 6-ўрин

КОНМЕБОЛ ҳудудидаги саралаш босқичи анча мураккаблиги ҳеч кимга сир эмас. Дейлик, ҳозирда жами 10та иштирокчидан нақ 8таси йўлланмалардан умид узган эмас. Ваҳоланки, 18та турдан 14таси ортда қолди. Ўз ўрнида 10та жамоа учун нақ 4,5та йўлланма ажратилганини ҳам айтиш жоиз. Яъни гуруҳда 4-ўринни эгаллаган жамоа ҳам мундиал чиптасини қўлга киритади, бешинчи бўлгани эса Океания вакили билан «плей-офф» ўйинларида қатнашади. Демакки, КОНМЕБОЛнинг 5-вакилида ҳам Россия-2018 иштирокчисига айланиш имконияти чакки эмас. Ҳозирги ҳолатга қарасак, Эквадор термаси 20 очкога эга. Эквадорликлар ҳаттоки, 2-ўриндаги Колумбия термасидан ҳам атиги 4 очко ортдалар, холос. Уругвай ва чилиликлар 23тадан, аргентиналиклар эса 22та очко йиғишган. Ўз навбатида, 7-8-поғоналардаги Перу ҳамда Параг-вай миллий жамоалари ҳисобида 18тадан очко бор. Курашнинг қизғинлик даражасини шунга қараб, баҳолайверинг...

Қаҳрамон: Фелипе Кайседо

Бу йигит кўпчиликка яхши таниш, айниқса, россиялик мухлисларга. Ҳа, вақтида «Локомотив» (Москва) футболкасида етарлича гол урган Кайседо саралаш босқичи орқали Россияга қайтиш учун борини бермоқда. Тўғри, у бу сафар миллий жамоаси футболкасида келмоқчи. Эквадорликлар 14та учрашувда 23та гол уриб, қитъада маҳсулдорлик бобида 4-ўринда боришяпти. Шунча голдан 7таси айнан Кайседога тегишли. Шунинг баробарида Фелипенинг ҳужумдаги шериклари ҳам чакки эмаслар. Россия чемпионати вакиллари - Кристиан Нобоа ва Кристиан Рамиреснинг хизматлари ҳам салмоқли.

Истиқбол

Эквадор термаси ҳар қандай ўйинда ташаббусни ўз қўлига олиши мумкинлигини исботлаб улгурди, ҳаттоки, савия бобида анча баланд саналувчи рақиблар олдида ҳам ўзини тетик ҳис қилмоқда. Аммо жамоанинг охирги ўйинлари жуда мураккаб. Хусусан, Бразилия ва Чили термалари синовидан ўтиши керак.

ШИМОЛИЙ АМЕРИКА

Панама

Турнир жадвалидаги ҳолати: гуруҳда 3-ўрин

Панама термаси Россия мундиали йўлидаги курашни КОНКАКАФ зонасидаги тўртинчи саралаш раундида бошлади ва «В» гуруҳида Коста-Рика жамоасидан кейин 2-ўринни эгаллади. Якуний - бешинчи раунд 6та жамоани ўз ичига олган яхлит гуруҳда олиб борилмоқда. Айни пайтгача 4та тур ортда қолди ва панамаликлар 1та ғалабаю, 2та дуранг эвазига 5 очкога эгалар. 2-ўрин - Россия мундиали чиптасини тақдим этадиган позиция ҳисобланади. Аммо АҚШ ва Гондурас термаларини ҳам унутмаслик керак. Улар панамаликлардан атиги 1 очко кам жамғаришган, олдинда эса ўйинлар ҳали кўп.

Қаҳрамон: Хайме Пенедо

Еврофутболнинг ўртача даражадаги мухлиси бу футболчи ҳақида ҳеч нарса билмаса керак. Бироқ Хайме Пенедо Шимолий ва Жанубий Америка спорт оламида анча таниқли «фигура» ҳисобланади. Панаманинг ўзида эса шунчаки, афсона. 35 ёшли фахрий миллий жамоада ҳамон биринчи рақамли голкипер бўлиб турибди. У сўнгги саралашнинг 4та ўйинида атиги 2та гол қўйиб юборди. Муҳими, Пенедо КОНКАКАФ ҳудудидаги энг мустаҳкам ҳимоялардан бирини ишонч билан бошқармоқда. Фахрий кипер шунинг баробарида бош мураббий Эрнан Гомесга яқиндан кўмаклашмоқда.

Истиқбол

Ҳа, панамаликлар жуда кам гол уришяпти (4та ўйинда атиги 2та) ва бу ҳозирда Эрнан Гомес учун асосий муаммодир. Олдинда яна 6та тур бор ва уларда ҳар нарса рўй бериши мумкин. Пенедо ҳамда ҳимоячиларнинг жамоа дарвозасини имкон қадар қуруқ сақлашга уринишлари табиий. Аммо ҳужумда самарадорлик оширилмас экан, Панама термасининг ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионати финал раундига йўл олиши қийин, барибир.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz