Қайднома

Қидирув

Олег ТЮЛЬКИН: «Динамо»да руҳий ҳолат жуда яхши»

Олег ТЮЛЬКИН: «Динамо»да руҳий ҳолат жуда яхши»

  06.05.2017 03:38
  0
  1074
Олег ТЮЛЬКИН: «Динамо»да руҳий ҳолат жуда яхши»

Жорий мавсум Самарқанднинг «Динамо» клуби олий лига баҳсларида ёрқин ўйин кўрсатмоқда. Яқинда жамоа Тошкентда «Бунёдкор» билан тўқнаш келди. Қизиқарли кечган баҳсда дуранг қайд этилди. Мазкур учрашувдан сўнг махсус мухбиримиз самарқандликлар устози Олег Тюлькин билан суҳбат уюштирди.

- Аксарият ёш мухлислар Олег Тюлькин ким эканлигини билишмайди. Дастлаб «Трактор», кейинчалик «Чилонзор» клубларида фаолият олиб борганингизни биламиз. Энг аввало, ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз...

- Тошкент трактор заводи - ТТЗ атрофида туғилиб, ўша ерда улғайганман. Маҳалладаги болалар билан футбол ўйнаб катта бўлганмиз. Хонадонимиз яқинида «Футболчилар уйи», йўлнинг уёғида эса стадион жойлашганди. Футболчиларнинг машғулотларини доимо томоша қилиб, уларга тўп ташлаб турардик. Кейинчалик машғулотларда бирга қатнаша бошладик. Болалар жамоасидаги биринчи мураббийим Василий Иванович Наконечний. Кейинчалик Валерий Николаевич Лёткин ўз қарамоғига олди. Айнан ундан ҳақиқий футбол сирларини ўргандим. Шу тариқа «Трактор»нинг ёшлар жамоасига йўл олдим. У ердан асосий жамоагача бордим. Таркибимиз анча яхши эди.

Ҳар йили кимнидир Республиканинг асосий жамоаси ҳисобланган «Пахтакор»га олишарди. Сергей Ковшов, Ҳусан Бойметов, Виталий Жилкинлар шулар жумласидан. Лёша Евстафеев, Гера Безденежних, Стас Кудряшовлар менга қўшни бўлишган. 1991 йили 2-лигада буфер зонага ўтиш имкониятини берадиган ўринни эгалладик. Бу минтақада 1-лигага чиқиш учун кураш олиб борсак бўларди. Бироқ кўп ўтмай чемпионат ҳам тўхтатилди. Ўша йили фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаб тургандим. Бироқ Биродар Абдураимовнинг қўнғироғидан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетди. У киши «Чилонзор»га ёрдам бер. Жамоага олий лигага чиқиш вазифаси қўйилган.

Майдон марказида сенга ўхшаган футболчи керак», деб қолди. Абдураимов ўшанда жамоа раҳбариятида эди. Шу боис ҳам жамоа учун жиддий қайғурарди. «Чилонзор»ни Рауф Инелеев бошқарарди. Лекин мен футболчилик фаолиятимни тугатмоқчи бўлганим боис, таклифни қабул қилишга шошилмадим. Бунинг устига «Трактор» ўринбосарларини бошқаришимни таклиф қилишганди. Тўғриси, ўйнаш истаги йўқолса, фаолиятни тугатиш керак. Бу ҳолат ўз бошимдан ўтгани учун айтяпман.

Тажрибали, кучли бўлишингиз мумкин. Лекин ёшлар ўйнашни истайди, қалби ёниб туради. Истаксиз майдонга тушиб, вақт ўтказишнинг кераги йўқ. Бундай ҳолатлар футболни «ўлдиради». Хуллас, таклифни қабул қилиб, жамоа йиғинига ташриф буюрдим. Бир-иккита назорат ўйинларида иштирок этгандан кейин, ўзимда қандайдир иштиёқни сездим. Шундан сўнг бутсани михга илишга ҳали эрта эканини англаб, ўйнашда давом этдим. «Чилонзор»га қўлимдан келганича ёрдам бердим. Жамоа олий лигага чиқди. Аммо таркибда мен йўқ эдим. Чунки футболни якунлашга қарор қилгандим.

- Футболчиликдан мураббийлик соҳасига ўтиш қанчалик қийин бўлади?

- Бу масъулиятли ва руҳий жараён. Кўп нарсани ўйинчилик пайтингиздагидан бошқачароқ қабул қилишга мажбурсиз. Мураббий футболчидан фарқли ўлароқ, фақат ўзи учун эмас, балки бутун жамоа учун жавоб беради. Ўйин, натижа, муҳит, футболчиларнинг кайфияти ва маиший ишлар шулар жумласидандир. Тўғри дам олган ўйинчи машғулотларни яхши ўтказади. Умуман олганда, ҳамма - ҳар хил. Шунинг учун ҳам ҳар бир футболчи билан алоҳида муносабат ўрнатиш керак.

- Мураббий Тюлькин қандай? У шогирдларига нисбатан қаттиққўлми ёки мулойим?

- Тўғрисини айтаман, ҳаммага нисбатан мулойим бўлиш имконсиз. Қайсидир пайтда ўта қаттиққўллик қилишга тўғри келади. Бизнинг ишимиз оғир жисмоний ва маънавий меҳнатдан иборат. Баъзан йигитларнинг ҳаракатлари, интилиши кишини қувонтиради. Айрим вазиятларда муҳитни яхшилаш учун уларнинг кўнглини кўтаришга уринасиз. Бугунги кунда футболчиларнинг бир-бирлари билан иноқлашишларига эришдик. Жамоадаги руҳий ҳолат жуда яхши. «Динамо» раҳбариятнинг саъй-ҳаракатлари туфайли муаммоларга йўлиқмаяпмиз. Вилоят раҳбарлари ва жамоамиз раҳбари Илҳом Шарипов ҳамиша биз билан бирга. Самарқандда жамоамизни қандай қўллаб-қувватлашларини кўрдингизми? Бундан жуда хурсандмиз. Шунингдек, мухлисларимиз сафар ўйинларида ҳам бизни ёлғиз қолдиришмаяпти. Мисол учун, «Бунёдкор»­га қарши кечган учрашувимизда самарқандлик ишқибозлар мезбонларниикидан кўпроқни ташкил қилди.

Дмитрий ПОПОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz