Қайднома

Қидирув

Мессидан «Олтин бутса»ни «тортиб» олишга интилаётган форвард ким у?

Мессидан «Олтин бутса»ни «тортиб» олишга интилаётган форвард ким у?

  07.05.2017 06:07
  0
  3543
Мессидан «Олтин бутса»ни «тортиб» олишга интилаётган форвард ким у?

Футболчилик фаолиятини Голландиянинг кичик шаҳрида бошлаган Бас Дост аста-секин маҳаллий чемпионатни забт этиб, ҳозирда Португалия биринчилигининг супертўпурарига айланиб олди. Қуйида Лионель Мессидан «Олтин бутса»ни «тортиб» олишга интилаётган форвард ҳақида сўз юритамиз.

«Эммен» клуби Голландия олий дивизионида бирор марта қатнашмаган, яқин келажакда бундай шарафга эришиши ҳам даргумон. Аммо маҳаллий академия ўз тарбияланувчилари билан ҳар қанча фахрланса арзийди - бу ерда Бас Дост камол топган. «Эммен»нинг пиар-менежери Марк Тиммер шундай ҳикоя қилади: «Бу ерда ҳамма у ҳақида гапиради. Ўсмирлик чоғларида голеадорлик хислатларини намоён этмаган Бас Дост ҳозирда кўпчиликни лол қолдирмоқда. Барча унга омад тиламоқда». 2007|2008 йиллар мавсумида ҳужумчи асосий жамоада дебютини нишонлади. Қишда Финляндиянинг РоПС клуби уни ўз сафига қўшиб олиш ҳаракатида эди, зеро ўша кезлари «Эммен»нинг собиқ техник директори Том Сенфье фин­ларга устозлик қилаётганди. Бироқ келишув амалга ошмади. Ёзда форвард 300 минг евро эвазига «Хераклес»га ўтди.

Янги шарт-шароитларга тезда кўниккан форвард ёрқин ўйинлар намойиш этгач, унинг харидорлари қаторига «Аякс», «Твенте» ва «Херенвен» қўшилишди. Ўйинчининг агенти ушбу рўйхатдаги учинчи жамоани танлаш бўйича тавсия берди ва бу қарор ўзини оқлади. Дастлабки йили Бас клубнинг энг яхши ҳужумчиси бўлди, бир-икки йилдан сўнг 32та гол билан чемпионатнинг тенгсиз тўпурарига айланди. Шу тариқа «Вольфсбург» эътиборини торт­гач, 2012 йилнинг ёзида бундеслигага йўл олди.

Голландиялик иқтидор эгаси ке­йинги тўрт йилни Германияда ўтказди. «Бўрилар» 4-2-3-1 тактик схемасини танлашгани боис Дост жиддий рақобатбардошлик бўйича Крузе, Энрике ва Путародан асло қолишмади. Гарчи асосий таркибга муқим ўрнашолмаган бўлсада, қаҳрамонимиз 85та ўйинда 36та гол урди. Бў­йининг узунлиги (192 см.) ҳамда бош билан ўйнаш салоҳияти, қолаверса, унчалик кучли бўлмаган, аммо аниқ зарбалари асқотди.

Дост Германияда кўп ишлади, бироқ юлдузлик даражасига чиқмади ва шу боис кетишга қарор қилди: «Мазкур жамоада тўрт йил тўп сурдим. Ушбу муддат давомида ўсиш ва пасайиш даврини бошдан кечирдим. «Вольфсбург» ҳужумчи харид қилмоқчи (кейинчалик унинг Марио Гомес экани ойдинлашди), демак ўйин амалиётига эга бўлиш имкониятим яна пасаяди». Бас вазиятга қараб иш тутди. Вариантлар кўп эди. Биринчиси - жонажон юртига қайтиш, у ерда футболчини «Аякс» кутаётганди. Амстердам жамоаси форвардни «Хераклес»да тўп сураётган кезлариданоқ кузатиб келаётганди. Иккинчидан, Португалиядан диққатга молик таклиф тушди: тўпурарлик қобилиятига эга форвардга «Спортинг» 12 млн. беришга тайёр эди. Шу тариқа Дост примейра томон отланди.

«Спортинг» бош мураббийи Жорже Жезуш янги ҳужумчини дарҳол бошланғич таркибга жойлади. Таъкидлаш жоизки, португалиялик мутахассис кенг танлов имкониятига эга эмасди: сўнгги пайтларда ўйини қовушмаётган Жоэль Кэмпбелл Дост ҳамроҳлигида самарали тўп сура бошлади. Одатга кўра, Жезуш 3-5-2 тактик схемасини танлайди. Бу услуб футболчидан жўшқинлик ва позицияни тўғри танлай билишни талаб этади - голландиялик ҳужумчи эса айнан шу тоифага мос тушарди.

«Спортинг» ЕЧЛда омадсизликка учради, гуруҳ босқичида ҳаттоки, «Легия»дан ҳам паст ўринни эгаллаб, ўз квартетида тўртинчи бўлди. Натижада жамоа бор эътиборини ички чемпионатга қаратди, Дост эса деярли барча учрашувларда рақиблар дарвозасини ишғол қилмоқда. 25та ўйинда 27та гол (жамоа киритган умумий тўпларнинг 49 фоизи) ва Бас «Олтин бутса» учун кечаётган курашда Лионель Мессининг асосий рақобатчисига айланди. Мазкур ҳолатда аргентиналик юлдузнинг нисбатан кўпроқ ўйинда майдонга тушганини инобатга олиш даркор. Шундай экан, бир ўйинда ўртача гол уриш бўйича Достнинг кўрсаткичи юқорироқ. Бас Португалия чемпионатининг 31-турида «Брага» дарвозасини ҳам уч марта ишғол қилди.

Голландиялик ҳужумчи жамоасини ЕЧЛ сари етакламоқда: «шерлар» ички биринчиликда учинчи ўринда боришмоқда. «Спортинг» назарий жиҳатдан ҳамон чемпионлик имкониятини сақлаб турибди - «Бенфика» саккиз очко олдинда. Дост март ойида лиганинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Ушбу воқеа рўй берган ҳафта Бас «Боавишта» дарвозасига уч марта йўл топди. Вазиятни янада аниқлаштириш учун келтириб ўтсак, тўпурарлар рўйхатида голланддан кейинги ўринни эгаллаб турган Соарешнинг ҳисобида 19та гол бор.

Жезуш голеадор шогирди манзилига илиқ фикрлар йўллади: «У шу қадар камтарки, ҳатто пенальти тепиш ҳуқуқини шерикларига бериб, уларнинг ҳам гол уришларини хоҳлайди. Дост мавсум бошидаги ҳолатига қараганда анча ўсишга эришди». Жамоа устози бу билан футболчидаги дадиллик ва қатъиятнинг ошганини таъкидлади. Энг асосийси, Бас ҳамманинг ишончини қозонаётгани, ортидан ёмон фикр билдирадиганлар йўқлигини ҳис этиб турибди. Айни вазиятда рақобатнинг йўқлиги мўъжиза яратиши мумкинлигини кўриш мумкин. «Энг муҳими - бош мураббий ва бутун жамоа менга ишонмоқда», - дейди Дост мамнунлигини яширмай. 27 ёшли ҳужумчи ҳақиқий «голландиялик Варди»га айлана олди, демак унинг учун ҳали ҳаммаси олдинда.

Абдуллохон тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz