Қайднома

Қидирув

Евро-2016 қаҳрамони қандай қилиб «сўнгани» ҳақида

Евро-2016 қаҳрамони қандай қилиб «сўнгани» ҳақида

  07.05.2017 11:02
  0
  136
Евро-2016 қаҳрамони қандай қилиб «сўнгани» ҳақида

Евро-2016 йилнинг норасмий мадҳияси бағишланган форвард Уилл Григг «сўнди» ва Англия чемпионатида сентябрь охиридан бери гол ураолмаяпти.

Шимолий Ирландия терма жамоаси ўйинчиси Уилл Григ Францияда ўтган Евро-2016да бир дақиқа бўлса-да майдонга тушмади, аммо энг таниқли фигурага айланди. Зеро, унинг исми турнирнинг бошқа иштирокчиларига нисбатан кўпроқ тилга олинарди. Григг - Европа чемпионатининг норасмий мадҳияси қаҳрамони саналар ва бу гимн Шимолий ирландиялик мухлислар томонидан ҳар бир баҳсда куйланарди.

Эслатиб ўтамиз, Уиллга интернет-буюклик 2015Ғ16 йиллар мавсуми охирида, Европа чемпионати бошланишига оз қолган вақтда келганди. Ҳужумчи «Уиган» сафида ажойиб тарзда тўп сурди - 40 баҳсда 25 гол уришдан ташқари, жамоасига Лига-1дан Чемпионшипга чиқишга ёрдам берди. Ўшанда «Уиган» мухлиси Шон Кеннеди YouTubeга қўшиқ киритиб, уни айнан мана шу бомбардирга бағишлади. Кеннеди 1990-йилларда хитга айланган Галл Риццато ижросида айтилган қўшиққа ўз сўзларини киритиш орқали бу ишни амалга оширганди. «Will Grigg`s on fire, your defence is terrified» деб айтиладиган нақоратни эса («Уилл Григг формада, сизнинг ҳимоянгиз эса ночор») тезда бутун Европа ўзлаштирди. Дастлаб, оддийгина қўшиқни «Уиган» ва Шимолий Ирландия фанатлари куйлашди, алал-оқибат эса ҳатто рақиблар ҳам бу билан «касалланди».

Масалан, Евро-2016да Шимолий ирландияликлар билан учрашган «Бавария» ва Польша футболчилари кийим алмаштириш хонасида «Will Grigg`s on fire»ни куйлашаётгани тасмага туширилган ведиени оммага намойиш қилишди. Германия термаси ҳимоячиси Матс Хуммельс бўлса матбуот анжуманида жилмайганча бугун Уилл Григ формадалигини билиш-билмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди, немислар бу ҳужумчидан қўрқиш-қўрқмасликларини айтди.

Умуман олганда, Европа чемпионатининг норасмий мадҳияси «Уиган» ҳужумчисини юлдузга айлантирди. Францияда ўтган турнирда нисбатан муваффақиятли иштирок этган Шимолий Ирландия термаси ватанга қайтгач эса мухлислар билан учрашув ташкил қилди ва унда айнан Григгни ҳаммадан кўра кўпроқ олқишлашди. Фақатгина бош мураббий Майкл О`Нилгагина Уилл мавзуси ёқмаган бўлса керак - «Учрашувга таркибни мен танлайман ва асло мухлислар қўшиғидан келиб чиқиб эмас», - деди у нима учун кўпчилик мухлисларнинг суюклисига майдонда бирор дақиқа ҳам тўп суришга имкон яратмаганлиги тўғрисидаги танқидларга жавоб қайтараркан.

Жорий мавсум эса О`Нилнинг ўшандаги қарорини тасдиқлаётгандай. Аслида ҳам Григгнинг номи бор-йўғи 2-3 ойда кўпчиликнинг тилига тушганди. 25 ёшли Шимолий ирландиялик  ёздаёқ «Уиган»ни нисбатан кучлироқ клубга алмаштириши мумкин эди. Англия дивизионларининг кучлилиги жиҳатидан 3-ўринда турган жамоанинг энг яхши бомбардири сифатида, албатта. Жарангдор реклама ҳам ўз ишини қилди. УЕФА томонидан ўтказилган журналистлар сўровига кўра, Уилл Европада мавсумнинг энг яхши футболчилари орасида 25-ўринни банд этди - Поль Погба ва Жорджо Кьеллини ҳам шунча овоз тўплашганди. «Гамбург» мухлислари эса ҳатто клуб раҳбариятига мазкур футбол фольклорининг ёрқин персонажини сотиб олиш талаби билан ҳам чиқишди. Шунга қарамай, Григг «Уиган»да қолди - ўзи учун қадрдон бўлган масканда, «лэтикс»га чемпионшипда мустаҳкамланиб олишга ёрдам беришни ихтиёр этди.

2016Ғ17 йиллар мавсуми старти ҳам ҳужумчи учун омадли бошланди. Дастлабки 10 турда Уилл «Блэкбёрн», «Ноттингем Форест», «Шеффилд Уэнсдей» ва «Вулверхэмптон» дарвозаларига 5та гол киритди, шунингдек 2 самарали тўп оширишни амалга оширди. Эртак давом этаётганди. Григг ўзи ҳақидаги мавзу кун тартибидан тушмаганлигини ва янги босқичга чиққанини  исботлаётганди. Аммо 27 сентябрдан кейин, «Уиган» голеадори чемпионшипда сўнгги бор дарвозани аниқ нишонга олганидан сўнг, ҳаммаси тушга айланди. Рақиблар Григга нисбатан эҳтиёткорроқ ўйнай бошлашдими ёки эмоционал бўшлиқ юзага келдими, у «тинчиб қолди». Октябрь бошидан буён ўтказилган 23 баҳсда Шимолий ирландиялик ўз ҳисобига Англия чемпионати доирасида бор-йўғи биргина самарали тўп узатишни ёзиб қўйди, холос. Уилл «Уиган» асосий таркибидан тушиб қолди, шундай учрашувлар ҳам бўлдики, у бор-йўғи 1 дақиқагина майдонда тўп сурди, бошқача айтганда, уни мухлисларни хурсанд қилиш учунгина майдонга туширилган кунлар ҳам бўлди.

Тўғри, ҳужумчидаги муаммолар бир томондан жамоадаги инқирозга ҳам бориб тақалади. Клуб чемпионшипдаги рақобатга бардош бера олмай қолди. Финишга 5 тур қолганда, «Уиган» турнир жадвалида 23-ўринни банд этиб турибди ва бу хавфли зона демакдир. Демак, вазият ўта жиддий. «Уиган»ни 21-ўрин билан 7 очко ажратиб турибди. Мавсум давомида, «лэтикс»да икки бор бош мураббий алмашди: Гари Колдуэлл ва Уоррен Жойс истеъфога чиқарилишди, ҳозир эса, бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида Грэм Бэрроу ишлаяпти. Гол уриш «Уиган»га осон бўлмаяпти, жамоа бу борада лигадаги энг ёмон кўрсаткичга эга. Григг эса 5та тўп билан клуб бомбардирлари сафида етакчилик қиляпти. Мана бир ойдирки, ҳужумчи тиззасидан олинган жароҳат боис майдонга тушмаяпти.

«Уилл яна формада бўладими? Умид қиламанки, у тезда қайтади. Бизга эса фақат кутиш  ва назорат қилиш қоляпти, холос. Туннел охирида ёруғлик борлигига умид қиламан», - дейди Бэрроу.

Уилл учун энг оғири, форманинг йўқотилиши ва жароҳат боис миллийдаги ўрнини йўқотиш бўлгани аниқ. Евро-2016дан сўнг Григг Шимолий Ирландия сафида 2 учрашувда иштирок этди, холос - ЖЧ саралаши доирасида Озарбайжонга қарши кечган ўйинда ва Хорватияга қарши баҳсда. Ўша учрашувларда у тўп киритмади, балки майдонда кам ҳаракат қилгани бунга сабабдир.

Нима бўлган тақдирда ҳам, Григг қўшиғида мусиқа йўқолди. Шон-шараф оғушидаги футболчи ҳамон лига-1 ўйинчиси бўлиб қоляпти. Биз Шимолий Ирландия ЖЧ-2018 йўлланмасини нақд қилган тақдирда ҳам Уиллни мундиалда кўра олишимиз гумон. Ёки мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши О`Нилни «Уиган» ҳужумчисини «заявка»га қўшишга мажбур қилар, аммо бунинг учун ҳам Григг ҳеч бўлмаса «учқунланиши» лозим-да.

И.ОБИДОВ тайёрлади.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz