Қайднома

Қидирув

Бабаян даври ортда қолди, энди «Пахтакор»да янги давр бошланади

Бабаян даври ортда қолди, энди «Пахтакор»да янги давр бошланади

  08.05.2017 04:20
  0
  12856
Бабаян даври ортда қолди, энди «Пахтакор»да янги давр бошланади

«Пахтакор» футбол клуби атрофида анчадан буён гап-сўзлар урчиётганди. Ўтган ҳафта ниҳоят янгилик эшитдик: клуб томонидан раҳбариятда ўзгаришлар қилингани ҳақида расман маълумот берилди. Унга кўра, «Пахтакор» вице-президенти лавозимига Бобур Кабулович Шодиев тайинланди, бош директорлик эса Умид Маҳамаджонович Аҳмаджонов зиммасига топширилди. Хўш, бу янгилик нимадан далолат?

ЭСКИ ДАВР

«Пахтакор»да бутун бошли давр ортда қолди. Кимларнингдир таъбири билан айтганда, «Бабаян даври». Бу даврга «олтин эра» нисбатини беришни маъқул кўрадиганлар ҳам бор, албатта. Умуман, ҳар ким ўзига ёққан таърифни қўллаш ҳуқуқига эга. Муҳими, икки нисбатни илгари сурувчилар ҳам ҳақ бўлиб чиқишади.

Зеро, бу давр дарҳақиқат, Самвел Бабаян бошқарувида ўтди. У 2001 йилдан эътиборан аввалига вице-президент, кейин менежер ва якунда, яъни Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувини қўлга олиши олдидан бош мураббий сифатида ишлади. «Пахтакор» бу вақт давомида қатор ғалабаларга эришди, 2008 йилга қадар чемпионликни қўлдан бой бермай келди ва ОЧЛда ҳам дастлабки 2 мавсумда ярим финал раундига чиқди. Бу ғалабаларнинг кимгадир ёққани-ю, айримларга ёқмагани бош-қа масала. Зотан, 2001 йилдан сўнг «Пахтакор» бутун мамлакат бўйлаб «ов»га чиқиб, энг кучли футболчиларни ўз таркибига жамлашни бошлади. Айнан шуниси табиийки, кўпчиликка ёқмади.

Ахир рақибларни кучсизлантириш эвазига чемпионликка эришиш билан мухлис орттириб бўлармиди? Шу тариқа «Пахтакор» бир вақтлар ҳақли равишда олган «халқ жамоаси» мақомини йўқота бошлади. Ҳарқалай, 15 йил муқаддам ҳам бу эътирофга эътироз билдирадиганлар кўп топилмасди, энди эса «Пахтакор»га нисбатан «халқ жамоаси» мақомини ишлатиш кулгули.

Зеро, жамоани суймайдиган мухлисларни нафақат вилоятлар, балки пойтахтнинг ўзида ҳам учратиш мумкин. 25 йил муқаддам бунақаси тасаввурга ҳам сиғмасди. Ҳозир эса юртимизда «Пахтакор»нинг антимухлислари кўпроқдек, бир қарашда. Мана, ғалабаларга бой шу давр ортда қолиб, «Пахтакор» янгиланиш сари юз тутди. Туб ислоҳотлар қандай манзара касб этади? Энди шу ҳақда...

ЯНГИ ДАВР

Ҳозир янги «Пахтакор»га боғлиқ тасдиқланган маълумотлардан кўра, тасдиқланмагани кўпроқ. Албатта, улар орасида ҳақиқатга мос келадигани қатори мутлақо ақлга сиғмайдиганлари ҳам бор. Баъзилари ҳаттоки, афсона мисоли. Йўқ, «Пахтакор»ни ким сотиб олганини муҳокама қилмоқчи эмасмиз, зеро, бу ҳақда фақат расмий хабар берилсагина билиб оламиз. Аммо шунинг баробарида клубни катта ўзгаришлар кутиб турганини бемалол тахмин қилиш мумкин. Асосийси, кўзда тутилган ислоҳотлар барча жабҳаларни қамраб олади. Хуллас, яқин орада мураббийлар штаби, таркиб ва ҳаттоки, стадион масаласида ҳам янгиликлар кетма-кетлиги узилмаса керак. Мана, илк ўзгариш  аввало, мураббийлар штабидан бошланди.

МУРАББИЙ

Ҳар қанча оғир бўлсада, тан олиш лозим, охирги йилларга қарасак, «Пахтакор»да 3-4 нафар мураббийнинг алмашиб иш юритиши одат тусига кирганди. Хусусан, яқиндагина бош мураббий ролига таклиф этилган ва кўп ўтмай истеъфога чиқарилган Равшан Ҳайдаровнинг «шерлар» бошқарувини қайта-қайта қўлга олганини биламиз. Шунингдек, узоқ вақт Виктор Жалилов мураббийлар штабининг доимий аъзоси бўлиб келгани ҳам маълум. Клуб мухлислари ўзгаришлар шамоли эса бошлагач, аввало, шу тизимга барҳам берилишини истагандилар.

Мана, янги раҳбарият биринчи навбатда, Равшан Ҳайдаровни истеъфога чиқаришни маъқул кўрди. Унинг ўрнида вақтинча бош мураббий мақоми остида Жасур Абдураимов ишлайди. Таъкидлаш жоиз, айни вақтдаги шароитдан келиб чиқиб, ушбу қарорни энг оптимал танлов сифатида тилга олиш мумкин. Чунончи, ҳозир дарров яхши савияли мураббий топиш амри-маҳол. Шундай экан, клуб ички захираларидан фойдаланган ҳолда, оғир вазиятдан чиқиб кетиши лозим. Унутманг, «Пахтакор» олий лига турнир жадвалида сира ўзига ярашмайдиган жойда бормоқда. Бундай ҳолатда хориждан талаб даражасидаги мутахассис олиб келиш қийин.

Зеро, таклиф этиладиган мураббий олдига жиддий вазифалар қўйилиши шарт. Ўзини ҳурмат қиладиган мутахассис эса жадвалнинг иккинчи ярмида бораётган жамоани чемпионлик сари етаклаш учун қабул қилиб олмаслиги турган гап. Агар кимдир шундай ваъда билан ишлашга киришса, билингки, унинг мақсади бошқа - молиявий манфаат. Ахир ҳозирда «Пахтакор» учун бу ишни бажариш деярли имконсиз бўлиб улгурди-ку. Шундай экан, бош мураббий ваколатини вақтинча жамоани яқиндан биладиган кишига топшириш тўғридир.

Жасур Абдураимов эса бу ишга энг муносиблардан бири эди. Ҳар ҳолда, у «Пахтакор» ўринбосарлари билан анча вақт бирга ишлади. Оғир вазиятда қолган жамоани ўринбосарлар устози ёки ёрдамчи мураббийга топшириш Европа ва жаҳон футболи амалиётида ҳам учрайдиган воқеа саналади. Масалан, «Челси» раҳбарияти Андре Виллаш-Боашни истеъфога чиқариб, Роберто ди Маттеога ишонч билдирган ва бу билан адашмаганди. Ахир лондонликлар ўша мавсум ЕЧЛда ғолиб чиқишди.

Яна бир мисол ўрнида «Лестер»да рўй берган охирги  ўзгаришларни олайлик - Клаудио Раньери ўрнини эгаллаган Крейг Шекспир оғир вазиятни бирданига бартараф этишни уддалади. Демакки, Жасур Абдураимовдан ҳам нимадир кутишга ҳақлимиз. Вазият тақозосига кўра, ёш мураббий олдида катта футболда яхшигина имконият туғилган экан, у бундан максимал даражада фойдаланишга уриниб кўриши тайин. Эҳтимол, вақти келиб, «Пахтакор» бош мураббийи ролида хорижлик номдор мутахассисни ҳам кўрармиз... Абдураимов эса шунга қадар нималарга қодирлигини кўрсатиши керак.

ТАРКИБ

«Пахтакор» яқин 15 йил давомида катта ғалабаларни қўлга киритди ва бунда 2001 йили жамланган таркибнинг роли салмоқли. Ўша йили кўзга кўринган энг кучли футболчилар «Пахтакор» қаноти остида бирлаштирилди. Қолаверса, клуб Ўзбекистон миллий жамоаси базасига айлантирилди ва бу сиёсат 5-6 йил давом этди. Фақат «Қурувчи» номи билан саҳнага кириб келган «Бунёдкор» туфайли бундай ёндашувга чек қўйилди. Тўғри, бу клуб ҳам аввалига энг кучлиларни ўз сафига чорлаш йўлидан борди. Яъни, «Пахтакор»да чемпионликка эришган йигитлар «Бунёдкор»га йўл олишди. Қарангки, улар кейинчалик «Локомотив» таркибини тўлдиришди. Хўп, майли, янгича ривожланиш йўлини танлаган «шерлар» раҳбарияти энди қандай услубда иш олиб боради?

Ҳозирча билганимиз шуки, «Пахтакор» Осиё даражасида кучли клуб мақомини олишни мақсад қилган. Бу вазифанинг кучли ижрочиларсиз бажариб бўлмаслиги ўз-ўзидан тушунарли. Шундан келиб чиққан ҳолда, тахмин қилсак, клуб миллий чемпионатдаги кўзга кўринган футболчиларни ўз сафига қўшиб олишни истайди. Бироқ «Локомотив», «Бунёдкор», «Насаф» ва бошқа жамоалар раҳбарлари эндиликда етакчи йигитларни осонгина қўйиб юбормасалар керак. Ҳар ҳолда, бу иш худди 2001 йилдаги каби силлиқ кечмаслиги айни ҳақиқат. Зеро, ўшанда ҳамма чора-тадбирлар Ўзбекистон миллий жамоаси манфаати йўлида амалга оширилганди. Бироқ тажриба шуни кўрсатдики, термага номзод футболчиларни битта клубда ўйнатиш самара келтирмас экан.

Демак, «Пахтакор»нинг энди бошқа йўлдан боришига тўғри келади. Истардикки, клуб аввалгидек рақобатчиларни кучсизлантириш эмас, балки ўз таркибини кучайтириш орқали мақсад сари интилсин... Айни шу сабабга кўра, бизни маҳаллий футболчилардан кўра, легионерлар масаласи кўпроқ қизиқтиради. Борди-ю, илгари кузатилганидек, Қозоғистон чемпионатидан ўзига клуб тополмаган ва бошқа мамлакатлар қуйи лигаларида тўп сурган легионерларга эътибор қаратилаверса, «Пахтакор»нинг юқорига кўтарилиши қийин масала. Бундай хорижликлар янгича қарашларга эга клубга мос келмайдилар. Ҳар ҳолда, номига легионер саналган футболчилар билан ОЧЛда ғолиб чиқадиган жамоа тузиш имконсиздир.

Шундай экан, буёғига дейлик, Сербия, Украина ёки Молдовадан келадиган ҳар қандай футболчи етакчи жамоаларимизда тўп суриб кетавермаслиги керак. Балки «Пахтакор» Ривалдо даражасидаги юлдузни чақирмас, бироқ ўз ихтиёридаги истеъдодларга нимадир беришга қодир ва маҳаллий футболчилардан дарҳақиқат, бир бош устун турадиган легионер кутишга ҳақлимиз. Акс ҳолда, шунча ўзгаришдан давомий наф чиқишига ишониш қийин. Муҳими, мухлислар кимнингдир ўйинини томоша қилиш учун стадионга талпинишсин!

Магарки 35 минг кишилик аренага 3,5 минг мухлис ҳам кирмаётган экан, билингки, ҳозир «Пахтакор»да бундай «оҳанрабо» футболчи йўқ. Жамоада чин етакчи кўзга ташланмаётган экан, яна нима дейиш мумкин? Хулоса шуки, янги раҳбарият биринчи навбатда, ўз ўйини ва хатти-ҳаракатлари билан жамоани олға бошлайдиган, мухлисларни стадионга чорлайдиган етакчи топиши зарур. Майли, «Олтин тўп» соҳиби келмасин, аммо ўз номига эга футболчини кўрайлик.

СТАДИОН

«Пахтакор»нинг яқин ўтмиши давомида инфратузилма учун кўп ишлар амалга оширилди, майдон майсаси тўлиқ янгиланди. Бироқ тан олиш лозим, ўтган асрнинг ўрталарида ҳашар йўли билан қурилган стадионнинг умумий ҳолатини янада яхшилашга эҳтиёж бор, барибир. Замонавий ареналар бугунги кунда нафақат спорт нуқтаи назаридан, балки шаҳар кўринишини очадиган интерьер сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Айтайлик, «Бунёдкор» стадиони айнан шундай таърифга жуда мос келади. «Пахтакор» ҳақида эса бундай фикр билдиролмаймиз. Умуман, билмаганлар яқинига боргунга қадар шаҳар марказида шундай стадион борлигини пайқашлари ҳам қийин.

Клубдаги янги ўзгаришлар силсиласи айнан шу масалани ҳам қамраб олиши лозим. Яқин вақтлар ичида «Пахтакор» стадиони тўлиқ реконструкция қилинади. Ҳозирча иш кўлами қай даражада бўлишини билмаймиз. Балки яна капитал таъмирланар, эҳтимол, худди МҲСК аренаси билан бўлганидек, тўлиқ қайта қурилар. Бугунми ёки эрта, қачондир шундай ишга қўл урилиши тайин.

Чунончи, пойтахтимиз борган сари тобора чирой очмоқда ва «Пахтакор» аренаси ҳам шаҳар кўркига айланиши лозим. Ҳозирча аниғи шуки, стадион бўйича режалар амалга оширилганидан сўнг мухлислар учун қулайликлар даражаси янада оширилади. Кейин энг муҳим ишга навбат келади - янгиланган стадионга мухлисларни келишга кўндириш. Жамоа келажаги асосан айни шу ишнинг қай даражада муваффақиятли бажарилишига ҳам боғлиқ. Ахир шунча ишларнинг асл моҳияти, маъноси мухлисларни жалб этиш эмасми?

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz