Қайднома

Қидирув

От изини той босади ёҳуд Зидан ўринбосарлари ҳақида

От изини той босади ёҳуд Зидан ўринбосарлари ҳақида

  08.05.2017 02:11
  0
  315
От изини той босади ёҳуд Зидан ўринбосарлари ҳақида

Шу пайтгача оилавий сулолалар ўртасида қандайдир халқаро мусобақа ёки танлов ўтказилмаган. Лекин бундан буёғига шундай тадбирлар уюштирилган тақдирда, биз ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз - Зиданлар оиласи ғолиб чиқишига ишончимиз комил. Зеро, ҳозирда «Реал»дек номдор жамоага устозлик қилаётган футбол афсонасининг бир эмас, нақ тўрт нафар дилбанди айнан ота изидан боришга қарор қилишган. Та­биий­ки, улар ёш бўлганликлари боис, катта саҳнага кўтарилиб улгуришмаган. Шу сабабли сизларни избосар Зиданлар билан таништиришни лозим топдик.

Энцо Зидан Фернандес

Уругвайлик буюк касбдоши - Энцо Франческолига бўлган ҳурматини Зайниддин Зидан ўзининг тўнғич фарзандига унинг исмини бериш орқали изҳор этди. Энцо ҳали 3 ёшга чиқиб улгурмай «Ювентус» мактабида шуғуллана бошлади ва 2000 йилгача ўша ерда таҳсил олди. Кейинчалик Франция ва Испаниядаги футбол мактабларида малака ошириб, ниҳоят «Реал» тизимидан жой олди. Мана, 13 йилдирки, Энцо Мадридда футбол сирларини ўрганиш билан машғул. Зиданлар сулоласининг тўн­ғич вакили профессионал фаолиятини 2014 йили «Реал»нинг учинчи жамоасида бошлади.

Бироқ тўртинчи дивизионда иштирок этадиган бу жамоалар бир йилдан сўнг тарқатиб юборилди. Кейинчалик Энцо отаси бошқарувидаги «Реал Кастилья»га ўтди. Зайниддин фарзандининг ўз жамоасидаги фаолиятига қуйидагича изоҳ берганди: «Бу жамоага ўтиши ва мунтазам майдонга тушишида менинг алоқам йўқ. У ўз меҳнати эвазига талаб даражасида тўп сурмоқда. Тўғри, бу мен учун осон эмасди, лекин унга барча футболчиларга бўлганидек муносабатда бўлиш учун астойдил ҳаракат қиляпман. Уйда албатта, ўғлимга айланади. Унинг ўзи ҳам шуни истайди.

Эҳтимол, унга нисбатан янада талабчанроқ бўлаётгандирман?! Унинг ҳозиргидан кўра самаралироқ ўйнай олишини яхши биламан». Энцо Фернандес икки мамлакат - Франция ҳамда Испания паспортига эга. Вақти келиб қайси терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш масаласи кўтарилса, танлаш ҳуқуқи ўғлининг ихтиёрида. Ҳозирда Энцо «Реал Кастилья» сафида учинчи лигада тўп сурмоқда.

Асосий позициялари - сўл қанот ва марказий ярим ҳимоя. Жорий мавсум 31 марта майдонга тушиб, 5та гол ва шунча самарали узатмани амалга оширди. Мавсум арафасида футболчини ижарага олиш учун «Мидлсбро» ва Испаниянинг бир қатор клублари уриниб кўришганди. Лекин келишув амалга ошмай қолди. Майдондаги ҳаракатлари ва натижаларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, Энцодаги жиззакилик Зайниддинни эслатади: мавсум давомида олинган 7та сариқ ва битта қизил карточка ҳужумкор ярим ҳимоячи учун кўплик қилади.

Айтганча, буюк афсонанинг ўғли эканлиги футболчига бироз халақит ҳам беради. Уни шунчаки Энцо Фернандес, деб чақиришларини ёқтиради. 22 ёшли ярим ҳимоячи «Реал»нинг асосий таркибидаги дебютини 2016 йил 30 ноябрда Испания кубоги доирасидаги «Култураль Леонесу» клубига қарши баҳсда нишонлади. Энцо танаффусдан кейин Иско ўрнига майдонга тушди ва 18 дақиқадан сўнг Мариано Диас томонидан узатилган тўпни голга айлантирди. «Сантьяго Бернабеу»даги учрашув «Қироллик клуби»нинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Люка Зидан

Зизунинг иккинчи фарзанди номаълум сабабларга кўра дарвозабонликни танлади. Унинг «Кастилья»­даги фаолияти ҳам отасининг даврида бошланди. Лекин тараққиёти акасиникидек шиддатли эмас. Дарвозабон мезонига нисбатан олганда, Люка унчалик бўйдор эмас (181 см.). Мураббийларнинг фикрича, оёқлари билан яхши ўйнайди, тўпга чиқишда ишончли ҳаракатланади. Мутасаддиларнинг 18 ёшли иқтидор соҳибидан умидлари катта. Люка халқаро ареналарда Франция шарафини ҳимоя қилиш ниятида. 2015 йили Болгария мезбонлигида ўтган (U-17) доирасидаги турнирда қитъа чемпионлигига эришган. Аммо жорий мавсум унчалик омадли чопмаяпти. Люка ички чемпионатнинг бир қатор учрашувларини ўтказиб юборди. Ёшлар ўртасидаги ЕЧЛда анча тажриба тўплади. Жорий мавсум «Кастилья» дарвозасини 15та учрашувда ҳимоя қилиб, 23та гол ўтказиб юборди, 2та беллашувни «қуруқ» якунлашга эришди.

Тео Зидан

Мутахассисларнинг фикрича, 14 ёшли Тео ўйин услуби бўйича отасига акаси ва укасидан кўра яқинроқ. Ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида тўп сурувчи Теони «Реал»нинг расмий сайти жамоа учун ўйнайдиган футболчи сифатида эътироф этган. Ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларни мунтазам кузатувчи мухлислар уни отасининг нусхаси дейишади. Ҳозирда 14 ёшли Тео бўй-басти бўйича отаси ва акаларига етиб олган. Унинг катта футболдаги дебютини сабрсизлик билан кутишяпти.

Элиас Зидан

Зидан сулоласининг кенжатойи эндигина 11 ёшга чиқди, у ҳам ҳужумкор ярим ҳимоячи амплуасини танлаган. Яқинда Элиас «Барселона» (U-12) жамоасига қарши  кечган «класико»да майдонга тушиб, мадридлик мухлисларни фантастик голи билан хушнуд этди. Митти мерган ижросидаги мўъжизани минглаб мухлислар You Tube орқали қайта томоша қилдилар. Ҳозирча бу кенжа Зиданнинг энг буюк голи. Келажакда Элиас исмини тез-тез эшитишингиз аниқ. Ҳар ҳолда, мутахассислар шундай фикрни илгари суришмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz