Қайднома

Қидирув

Кутилган ўзгариш

Кутилган ўзгариш

  08.05.2017 14:58
  0
  964
Кутилган ўзгариш

Аввалги ҳафта «Бунёдкор» стадиони анжуманлар залида махсус, ўзига хос таништирув маросими бўлиб ўтди. Унда «Бунёд­кор»нинг янги бош директори Мурод Алиев ва янги бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этишди. Аслида Қосимовга нисбатан «янги» иборасини ишлатиш сал эриш туюлади. Боиси, Миржалол Қўшоқович шу билан 3-марта «қалдирғочлар»ни бош мураббий сифатида қабул қилиб олди. Жамоага у билан бирга Александр Волков ва Шуҳрат Мақсудов ҳам келишди. Кеча бўлиб ўтган ОЧЛнинг сўнгги ўйинида «Бунёдкор»­ни Виктор Карпенко мураббий сифатида бошқарди. Яъни Миржалол Қосимов ҳужжатларни расмийлаштиришга вақт қолмагани сабаб, БААга бормади. 

Мурод Алиев: - «Бунёдкор»нинг сўнгги салбий натижалари сабаб, ўзгаришга қўл урилди. Жамоанинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнига ҳавас қилиб бўлмайди. Шу боис, Миржалол Қосимовни қайтариб, унинг зиммасига жамоанинг аввалги мавқесини тиклаш вазифасини қўйдик. Ўйлайманки, бу тўғри қарор ва Миржалол Қўшоқович ишончни оқлайди. Ўзи бундай кўркам стадион эгасига салбий натижалар ярашмайди. Шахсан биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов лойиҳаси асосида бун­ёд этилган стадионга мухлисларни қайтаришимиз керак. Олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири шу. Бунинг учун натижани яхшилаш керак. Ўйлайманки, ҳамжиҳатликда иш олиб борсак, бу мақсадга эришамиз.

Миржалол Қосимов: - Бу ерда журналистлар билан қайта учрашиб турганимдан хурсандман. Жамоа мен учун бегона эмас. Аввало, Сергей Лушанга миннатдорчилик билдираман. Истеъфо - футболнинг ажралмас қисми, мураббийлар қисмати. Лушаннинг академияда самарали иш юритишига ишонаман. Мурод Бакиевич айтганидек, биринчи галда, мухлисларни стадионга қайтариш керак. Бунинг учун бор маҳоратимизни ишга соламиз. Футболда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Ҳаммаси худди ҳаётдагидек - пасту баландлик. Шундай вазиятда журналистлардан илтимос, имкон борича футболчиларни қўллаб-қувватланглар. Ижтимоий тармоқлар ёки газеталардаги танқидий фикрлар футболчи руҳиятига салбиқ таъсир қилади. «Бунёдкор» ОЧЛ 6-туридан ўрин олган «Ал-Айн»га қарши сафар ўйинини ўтказиб қайтгач, бор эътиборни олий лига ва кубок баҳсларига қаратамиз. Келаси йили ОЧЛ­да қатнашиш учун кубок турнири ёки чемпионатда зафар қучиш шарт. Таркибимизда ёшлар кўп, аммо уларнинг ёнига тажрибали ўйинчиларни қўшиш керак, барибир. Шу боис, давралар оралиғида селекция ишларини олиб бориб, таркибни кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Ахир ёшлар кимгадир интилишлари, тажрибали футболчилардан ўрганишлари лозим. Футболчиларда шижоат йўқолишига йўл қўймаслик муҳим. Европада энг юқори даражали футболчилар ҳам хато қилишади. Лекин мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида хатони унутиб, яна яхши ўйин кўрсатаверишади. Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларни «Бунёдкор»ни қўллаб-қувватлашга чақираман.

- 2 йил мобайнида ҳеч қаерда ишламадингиз. Шу вақтда нималар ҳақида ўйладингиз, қандай режалар туздингиз?

Миржалол Қосимов: - Мухлисларни соғинтириб қайтдим (кулади). Аввало, саломатлигимни тикладим. Лекин футболдан узоқлашиб кетмадим. Терма жамоамиз ва клубларимиз иштирокидаги ўйинларини кузатиб бордим. Хуллас, куч тўплаб, қайтдим. Энди «Бунёдкор» мавқесини кўтариш асносида ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Ҳозирги илк вазифамиз - натижаларни яхшилаб, чемпионатда етакчилар қаторига қайтиш. Тақвим ва айни ҳолатга қарасак, «Бунёдкор» учун биринчи даврадаги охирги ўйинлар мураккаб. Футболчилар билан бу борада гаплашдик. Ортда қолган давр - тарих. Жамоа янги саҳифа очиб, аввалги шонли даврини қайтариши лозим. Муҳими, ихтиёримизда югуришни биладиган футболчилар бор. Ҳозир бир жойда туриб, футбол ўйнаб бўлмайди. Ички муҳит қандайлигини ҳали билмайман. Четдан қараганда,  осон, лекин ички муҳит билан танишиш керак. Асосийси, яхши футболчилар бор ва улар билан ишлаб, ўйинни кучайтирамиз.

- Клуб сиёсати тайин - ёшларни ўйнатиш. Бу сиёсатга амал қиласизми? Таркибда янги футболчиларни кўрамизми?

Миржалол Қосимов: - Биринчи даврада янги футболчилар олишнинг иложи йўқ. Давралар оралиғида трансферлар амалга оширилади. Чунки истаймизми-йўқ, ёшлар тажрибали футболчилар олдида тобланишади. Шундай экан, ҳар бир чизиқ учун тажрибали ўйинчи зарур.

- Айни пайт пешқадам билан ўртадаги тафовут 9 очкога тенг. «Бунёдкор»ни чемпионлик пойгасига қайтара оласизми?

Миржалол Қосимов:- Адашмасам, 2012 йили «Бунёдкор» таъқибчилардан 7 очко ўзиб кетган, лекин якунда «Пахтакор» чемпион бўлганди. Футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Муҳими, футболчиларда иштиёқ барқ урса, бас. Умуман, ҳали имконият бор. Энди 8та тур ортда қолди. Лекин айтишим керак, биринчи давранинг сўнгги ўйинлари жуда оғир ўтади. Қолаверса, бизни «Насаф»га қарши қолдирилган учрашув ҳам кутиб турибди. «Шўртан» «Пахтакор», «Навбаҳор», «Қўқон-1912» ва «Локомотив» билан бўладиган ўйинлар ҳам мураккаб кечиши тайин. Шунга қарамай, майдонга яхши ният билан тушиб, олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.

- Сергей Лушан клуб тизимида қоладими?

Мурод Алиев: - Унинг амалда шартномаси бор. Режага кўра, Лушанга академиянинг қайсидир ёш тоифасидаги жамоасини берамиз. Агар яхши ишлаб, ишончни оқласа, унда жамоада олиб қоламиз. Умуман олганда, академияда ҳам катта ўзгаришлар бўлади. Хусусан, ҳар бир мураббий ишини алоҳида кўриб чиқамиз. Академия директори ҳам бош­қатдан сайланади.

- Сергей Лушан сўнгги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «Бун­ёдкор»нинг молиявий ҳолати яхши эмаслигини таъкидлади. Айтингчи, молиявий шароит олий лига талабига мосми?

Мурод Алиев: - Ҳа, футболда молия муҳим масала ҳисобланади. Ўйлайманки, бизда бу борада муаммо туғилмайди. Футболчилар маоши оддий халқникига нисбатан кўпроқ. Чунки спортчилар фаолиятининг давомийлиги қисқа. Бутун дунёда шундай. Айтмоқчиманки, «Бунёд­кор»да маошлар юзасидан муаммо чиқмайди. Кеча янги раҳбарият футболчилар маошини ўтказиб берди. Легионерлар масаласини Миржалол Қўшоқович билан кўриб чиқамиз. Ҳозир легионерлардан бири ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида майдонга тушяпти. Иккинчиси эса умуман захирада ўтирибди. Савол туғилади, олдинги раҳбарият нимага қараб, легионер танлаган? Хориждан футболчи чақиришда бу жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Лекин легионерларга эҳтиёж бор.

- Ўзи чемпионатимиздаги деярли барча жамоаларда 20 дақиқалик легионерлар ўйнашяпти. Кучли футболчи олиб келиш учун бирор компания билан шартнома асосида ҳамкорлик қилиш керакдир...

Мурод Алиев: - Жуда тўғри савол. Албатта, шундай режа бор. Клуб бош директори лавозимида илк бора ишга киришяпман. Режа ва лойиҳаларимиз бисёр. Уларни босқичма-бос­қич амалга оширамиз. Адашмасам, ҳозирги кунда клубларимизда 30 нафарга яқин легионер бор. Аммо уларнинг қай даражада маҳаллий футболчилардан устун эканликларини ҳамма кўриб турибди. Бу масалага жиддий қараш шарт. Ахир легионерларга тўланаётган пул - Ўзбекистон маблағи. Улар маошни оқлашяптими? Шуни кўриб чиқиш керак. Хуллас, имкон қадар харажатни қоплайдиган футболчиларни жалб этмоқчимиз.

К. АЛИМОВ ёзиб олди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz