Бу йил Наманган клуби кайфияти аъло даражада, жамоа мухлислариники ҳам. Ҳа, «Навбаҳор»нинг шашти мутлақо бошқача. Жамоа ўйинига мазмун кирган ва у лигадаги ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг курашмоқда. 4 май куни стадионга тушиб, «Локомотив»га қарши ўйинни кузатган мухлислар бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилишди.
Аслида учрашувнинг муросасиз руҳда кечишини олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди. Кутилганидек, илк дақиқаларданоқ ҳар икки жамоа вакиллари ҳужумларга зўр бериб, 3 очко олишни кўзлаётганларига ишора қилишди. Ўйиннинг 16-дақиқасига келиб, мухлислар билан тўлиб-тошган стадион ларзага келди. Бу вазиятда мезбонлар сардори Дилшод Жабборов бурчак тўпидан сўнг рақиб жарима майдонида юзага келган саросимадан фойдаланиб, ҳисобни очди. Табиийки, пойтахтликлар шундан сўнг ҳужум суръатини кўтаришди ва бўлим ўрталарида ўз мақсадларига эришишди. Аниқроғи, «Локо»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Сардор Мирзаев ўнг қанотдан узатилган тўпни боши билан Асилбек Омонов дарвозасининг пастки чап бурчагига аниқ йўналтириб, ўртадаги мувозанатни тиклади - 1:1. Боз устига, «темирйўлчилар» ҳисоб тенглашгач ҳам, тиним билишмади. Хусусан, шу ҳаракатлар эвазига тажрибали Марат Бикмаев танаффусга чиқишга оз фурсат қолган бир паллада жамоасининг иккинчи голини уриб, «темирйўлчилар»га ишонч руҳини бағишлади.
Иккинчи бўлим бошландики, «лочинлар» тезкор голни тантана қилишди. Азиз Турғунбоев рақиб ҳимоячилари хатосидан фойдаланиб, жарима майдони яқинида тўпни эгаллаб олди ва Маъмур Икромов билан деярли бирга-бир вазиятга чиқиб борди. Унинг якуний ҳаракати ҳам чиройли чиқди - 2:2. Қолган вақт давомида ҳар икки томон етарли даража хавфли вазиятлар яратган бўлсада, натижа ўзгармай қолди. Хуллас, жанговар руҳдаги кураш муроса билан хотима топди.
Факт. «Навбаҳор» ўз майдонидаги 5-ўйинда ҳам мағлубият кўчасига кирмади. Эътиборлиси, наманганликлар 1-турдан кейин бирор ўйинда 1тадан ортиқ гол уришмаганди. Улар бу сафар мухлисларга 2 марта гол қувончини тортиқ этишди. Аммо шунинг баробарида жорий мавсум ҳисобидан илк марта ўз дарвозаларидан 2 бора гол қўйиб юборишди.
Марат Бикмаев чемпионат доирасидаги кетма-кет 4-ўйинда гол урди. Умуман, 9та гол билан тўпурарлар пойгасида етакчилик қилаётган ҳужумчи жорий мавсум олий лиганинг 7та ўйинида ўз номини таблога ёздириб қўйди ва фақат «Шўртан»га қарши кечган баҳсда майдонни голсиз тарк этди.
«НАВБАҲОР» - «ЛОКОМОТИВ» - 2:2 (1:2)
4 май. Наманган. 16685 томошабин.
Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент)-9,0; А.Расулов (Тошкент)-9,0; Ж.Саидов (Тошкент)-9,0; Б.Юлчараев (Гулистон)-9,0.
Голлар: Д.Жабборов (16), А.Турғунбоев (47) - С.Мирзаев (24), М.Бикмаев (42).
«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 2. А.Саматов (10. М.Саидов, 69), 3. Ҳ.Эргашев (4. А.Отахонов, 46), 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев, 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 32. Ж.Меҳмонов, 77. А.Турғунбоев (20. А.Мирзаев, 89), 84. Н.Йованович.
«Локомотив»: 12. М.Икромов, 9. И.Алибоев (5. К.Махарадзе, 71), 10. М.Бикмаев (77. Д.Туропов, 67), 15. С.Мирзаев, 20. И.Тўхтахўжаев, 22. М.Бобожонов, 28. Ш.Муҳаммадиев, 29. Қ.Рўзиев (8. С.Қутибоев, 87), 33. О.Зотеев, 42. М.Коне, 99. Ж.Машарипов.
Огоҳлантиришлар: Д.Жабборов (17), А.Алиев (63) - Ш.Муҳаммадиев (55), М.Коне (65).
Энг яхши ўйинчилар: Ғ.Комилов - М.Бикмаев.
Назоратчи: И.Шарипов (Бухоро).
Комиссар: Б.Ҳайдаров.
Ўйиндан кейинги фикрлар:
Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Бугун жанговар ва қизиқарли ўйин гувоҳига айландик. 90 дақиқа давомида муросасиз кураш боргани мухлисларга ҳам ёқди, менимча. Ўйлашимча, биз 2 очко йўқотдик. Негаки, ҳисобда олдинда бораётиб, иккинчи бўлим бошидаги хато туфайли дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Қолаверса, танаффусдан кейин тўпни назорат қилиш бобида устунликка эришганимизга қарамай, гол уриш уддасидан чиқмадик. Тўғри, йигитларимиз ирода кўрсатиб, яхши ўйин намойиш этишди. Наманганда мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда ўйнаш ҳеч бир жамоага осон бўлмайди. Бугун 3 очко ололмаганимиздан бироз афсусландик. Лекин асосийси, олдинга интилмоқдамиз. Яна бир хурсанд қиладиган томони, мухлислар «Локо» ўйинларини томоша қилиш учун стадионларга келишмоқда. Шу сабаблими, сафар учрашувлари бироз оғир кечмоқда. Лекин бу ҳолатга ҳам кўникиб боряпмиз. Хуллас, чемпионат савияси ошмоқда. Шу ўринда, «Навбаҳор» раҳбариятидан майдонни яхшилашга эътибор қаратишни сўрардим. Савия ва ўйин сифатини ошириш учун майдон ҳолати яхши бўлмоғи лозим. Очиғи, жорий мавсум жамоамиз ўйнаган майдонлар орасида энг ёмони шу. Агар майдон сифати яхшиланса, аввало, «Навбаҳор», қолаверса, Наманганга келадиган меҳмон жамоалар янада чиройли футбол кўрсатади, деб ўйлайман.
Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Оғир учрашув. Машғулотларда стандарт вазиятлар устида кўп ишлагандик. Бугун биринчи голни айнан ўйлаган режамиз бўйича урганимиздан жуда хурсандман. «Локо»дек жамоадан очко олиш - биз учун шараф. 6та ўйиндан буён биттадан ортиқ гол уролмаётгандик. Мана, ушбу нохуш анъанага чек қўйдик. Лекин шунинг баробарида 2та гол ҳам қўйиб юбордик. Рақиб ҳимоядаги қўпол хатоларимиздан фойдаланди. Голлардан бирида дарвозабоннинг айби ҳам борлигини таъкидлашим зарур. Нима бўлган тақдирда ҳам, йигитларга раҳмат, улар ҳисобда ортда бора туриб, вазиятни ўнглаш уддасидан чиқишди. Қолаверса, бизни ажойиб тарзда тинмай қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимиздан бағоят миннатдорман. Ўйлайманки, таблодаги ҳисоб ўйинга мос бўлди. Ғалаба қозонишимиз учун нима етишмади? Бирозгина омад. Зеро, рақиб дарвозаси олдида кўплаб вазиятларни содир этдик. Азиз Турғунбоевнинг ўйини илиқ таассурот қолдирди. У аста-секин асосий таркибдан жой олмоқда ва келажаги порлоқ футболчилар сирасига киради.
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20