Қайднома

Қидирув

«Қўқон-1912»: ғалаба бўлмаса дуранг

«Қўқон-1912»: ғалаба бўлмаса дуранг

  08.05.2017 15:17
  0
  696
«Қўқон-1912»: ғалаба бўлмаса дуранг

Олий лига 9-тури доирасидаги энг муҳим, энг қизиқарли ўйинлардан бири Қўқонда кузатилди. Унда мавсум кашфиёти - «Қўқон-1912» кескин ўзгаришларга қўл урган «Пахтакор» билан куч синашди.

Тан олиш керак, ҳозирги «Пахтакор» 2-3 йил олдинги важоҳатга эга эмас. Буни яхши билган қўқонликлар илк дақиқалардан ўз омадларини ҳужумдан қидиришди ва тўғри қилишди. Зеро, натижа ўзини узоқ куттиргани йўқ: 5-дақиқадаёқ фахрий ҳужумчи Носир Отақўзиев юзага келган биринчи имкониятдан самара чиқариб, ҳисобни очди. Кейинги ҳужумлар биринчи бўлим охирига қадар натижасиз якунланди. 50-дақиқада эса Акбар Исматуллаев «Пахтакор» ва унинг янги бош мураббийи Жасур Абдураимов жонига ора кирди. Чунончи, ҳимоячи томонидан рақиб дарвозаси сари йўналтирилган тўп қўқонликлар вакили Мурод Холмуҳаммедовга тегиб, тўрга «илинди». Умуман, ўйин охиригача майдонда кураш шиддати сўнгани йўқ, мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам ғалабани ўз томонларига оғдириш учун астойдил ҳаракат қилишди. Аммо «қайсар» тўп дарвозага бошқа киришни «истамади», шунчаки. Натижада икки томонга 1 очкодан насиб этди. Эҳ, қўқонликлар агар ғалаба қозониш йўлини топишганидами, турнир жадвалининг якка пешқадамига айланишарди.

Факт. «Қўқон-1912»нинг жорий мавсумдаги мағлубиятсиз серияси 8та ўйинга етди. Нўъмон Ҳасанов жамоа­си 1-турда «Насаф»га имкониятни бой берганидан сўнг кейинги 8та учрашувда 5та ғалаба ва 3та дуранг қайд этди. Оддий айтганда, ғалаба бўлмаса, дуранг, аммо мағлубиятга ўрин йўқ.

«ҚЎҚОН-1912» - «ПАХТАКОР» - 1:1 (1:0)

6 май. Қўқон. 10320 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Бобомуродов (Навоий)-8,0; Р.Фозилов (Наманган)-7,7; М.Мажидов (Наманган)-8,2; Д.Жалимов (Тошкент вил.)-8,0.

Голлар: Н.Отақўзиев (5) - А.Исматуллаев (50).

«Қўқон-1912»: 12. А.Ашуров, 4. Б.Акрамов, 5. Ж.Кимсанов, 9. Н.Отақўзиев (17. А.Маматхўжаев, 90Қ3),

19. С.Бердиев, 23. А.Мерзляков, 24. И.Раҳимов

(7. Ж.Ҳасанов, 73), 55. Д.Гожкович, 77. М.Холмуҳаммедов, 97. О.Рустамов, 99. Ф.Райевац.

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 4. А.Ораховац, 5. А.Исматуллаев, 7. А.Аҳмедов, 8. Ш.Каримов (27. О.Иброҳимов, 85), 10. Ж.Искандеров, 20. Ж.Ҳакимов (11. И.Сергеев, 46), 21. К.Тожиев, 24. Д.Ҳошимов, 28. С.Андреев,

30. Ю.Бульят (29. В.Козак, 30).

Огоҳлантиришлар: Д.Ҳошимов (60), А.Аҳмедов (64), Ш.Каримов (77, П.).

Энг яхши ўйинчилар: Н.Отақўзиев - Ш.Каримов.

Назоратчи: А.Ҳотамов (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Ўйиндан кейинги фикрлар:

Жасур Абдураимов («Пахтакор» бош мураббийи в.б.): - Аввало, таъкидлаш жоиз, ўйин жанговар руҳда ўтди. Стадионни мухлислар билан тўлгани ҳам ёқимли ҳолат. Муҳими, ишқибозлар қизиқарли баҳс гувоҳига айланишди. Ҳар икки жамоа футболчилари майдонда борларини беришди. Қўқон жамоасининг пешқадамлар орасида эканлиги ва маҳаллий мухлислар ҳайқириғи ўйинчиларимизга қўшимча босим юклаганини инкор этолмайман. Лекин такрор айтаман, икки клуб аъзолари ҳам бор имкониятларни ишга солишди. Иккинчи бўлимда ташаббусга эришганимиз сабаби шуки, бу вақт­да босимни енгиб, муҳитга мослашиб олдик. Футбол - эҳтиросларга бой ўйин. Шундай бўлгач, учрашув давомида турли ҳолатлар юзага келиши тайин. Жамоа бир оила сифатида шаклланмас экан, яхши натижаларга эришиш мушкул. Мураббийнинг асосий ютуғи айнан футболчиларни бирлаштира олишидир.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Бугун мамлакатимизнинг энг номдор жамоаси билан тенгма-тенг ўйнадик. 2та бўлимда икки хил ҳолат гувоҳига айландик. Менимча, учрашувда 2 очко йўқотдик. Эҳ, Райевац гол урганида, ҳаммаси бошқача бўларди. Жамоамиздаги йўқотишлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ҳарқалай, турли сабабларга кўра, бир қатор етакчи ўйинчилар хизматидан фойдаланолмадик. Олдин ҳам айтганман, «Қўқон-1912» фақат мухлислар учун ўйнайди. Бош мақсадимиз - чиройли ва мазмунли футбол билан уларни қувонтириш.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz