Қайднома

Қидирув

Диёр Туропов: «Ғалаба қозониб, байрамга совға тайёрламоқчимиз»

Диёр Туропов: «Ғалаба қозониб, байрамга совға тайёрламоқчимиз»

  09.05.2017 17:46
  0
  218
Диёр Туропов: «Ғалаба қозониб, байрамга совға тайёрламоқчимиз»

Бугун «Локомотив» ОЧЛ-2017 гуруҳ босқичининг сўнгги 6-тур учрашувини ўтказади. Ҳамон «плей-офф»га чиқиш имкониятини сақлаб турган «темир-йўлчилар» Дубайда «Ал-Аҳли» клуби меҳмони бўлишади. Афсуски, Ўзбекистон чемпионининг тақдири ўз қўлида эмас. Агар параллель равишда кечадиган ўйинда «Ал-Тавон» «Истиқлол»ни енгса, сўнгги турдаги ғалаба ҳам Мирко Йеличич шогирдларига ёрдам бермайди. Боиси, Саудия жамоаси ўзаро баҳсда вакилларимиздан устунликка эришган. Биз бугунги ўйин олдидан «Локомотив» футболчиси Диёр Туроповдан интервью олдик.

- Диёр, олдинда сизларни муҳим учрашув кутиб турибди. Мазкур баҳсга тайёргарлик қандай кетяпти?

- Мураббийлар бу ўйинга алоҳида режа ишлаб чиқишган. Назарий машғулотларда рақиб жамоа иштирокидаги учрашувларни томоша қилиб, «Ал-Аҳли»ни яқиндан ўрган-япмиз.

- Рақибни ниманинг эвазига мағлуб этиш мумкин?

- Бўлажак баҳсда кучли иштиёқ ва ғалабага ишонч бўлса, албатта, 3 очко қўлга киритилади. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларигача бир маромда ҳаракат қилсак, мақсадимизга эришамиз, деб ўйлайман.

- «Локомотив»га осон бўлмаслигини ҳозирдан тахмин қилиш мумкин. Руҳий томондан учрашувга тайёрмисизлар?

- Ҳа, гуруҳнинг сўнгги ўйинидаги ғалаба биз учун жуда муҳим. Чунки нимчорак финалга чиқиш тақдири ҳал бўлади. Мураббийларнинг кўрсатмаларини бекам-у кўст бажаришга интиляпмиз. Футболчилар руҳий томондан баҳсга тайёр. Ўйлайманки, олдимизга қўйилган вазифани бажариб, мухлисларимизни чиройли ғалаба билан хушнуд этамиз.

- «Истиқлол» ва «Ал-Тавон»га қарши Тошкентда кечган ўйинларда қимматли очколар бой берилди. Йўл қўйилган хатолардан тегишли хулосалар чиқарилдими?

- Тўғри, ўйинни ютиб туриб, якунда рақибга очко тақдим этганимиз алам қилди. Ўша иккала учрашув видеоёзувларини қайтадан кўриб чиқиб, хатолардан тегишли хулосалар чиқарилди. Умид қиламанки, навбатдаги ўйинга мукаммал даражада тайёргарлик кўра оламиз.

- Омадсизликнинг сабабини ўрганиб, таҳлил қилиб кўрдингларми?

- Шахсан мен буни омадсизлик, демаган бўлардим. Барчасига ўзимиз сабабчимиз. Энди хатоларимизни тўғрилашимиз керак.

- «Локомотив»нинг тақдири иккинчи ўйинга ҳам боғлиқ. Нариги жуфтликда «Истиқлол» «Ал-Тавон» майдонида ютқазмаслиги шарт. Бу учрашув барибир, хаёлнинг бир четини эгалласа керак?

- Саудия Арабистонида ўтказиладиган гуруҳимизнинг иккинчи ўйини ҳам диққат марказимизда бўлади. Лекин биз мазкур учрашув натижасига таъсир ўтказа олмаймиз. Шу боис ҳам биринчи галда ўзимиз ғалаба қозонишга интиламиз. Кейин «Истиқлол»га мухлислик қиламиз.

- Бу йилги ОЧЛнинг савияси ҳақида нима дея оласиз? Кўпчилик айнан «Локомотив» жойлашган гуруҳни энг кучлиси деяпти...

- Мусобақанинг савияси жуда ҳам юқори. Ушбу турнирда қитъамизнинг энг кучли жамоалари жамланишган. Табиийки, клублар сафида ўйнаётган футболчиларнинг савияси ҳам баланд. Умуман, ҳар бир гуруҳнинг ўзига яраша мураккаблиги бор. Биз жойлашган квартет энг кучлиси деёлмайман. Акс ҳолда, бу бошқа жамоаларга ҳурматсизлик бўлади. Бошқа томондан, гуруҳимиздаги тўртта жамоада ҳам сўнгги тургача кейинги босқичга чиқиш имконияти сақланиб қолган. Назаримда, бу ҳам кўп нарсадан дарак беряпти.

- Мабодо, «Локомотив» гуруҳдан чиқолмаса, бу жамоа учун катта йўқотиш ва омадсизлик сифатида қабул қилинадими?

- Жамоамиз ўтган йили чорак финалда ўйнаганди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бу нафақат «Локомотив», балки Ўзбекистон футболи учун ҳам катта йўқотишга айланади. Сабаби, гуруҳдан ҳеч бўлмаса битта жамоамиз «плей-офф» босқичига чиқиши шарт. Акс ҳолда, клубларимизга ажратиладиган ўринлар янада камайиши мумкин.

Насиб қилса, чиройли ғалабага эришиб, мухлислар ва футболсевар халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Ўйинимиз 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилади. Бунда ҳам ўзига яраша рамзий маъно бордек. Ўйлайманки, ғалабамиз ҳамюртларимизга байрам совғаси бўлади.

- Диёр, олий лигада кутилмаган натижалар кузатиляпти. Турнир жадвалидаги ҳолат фикримизни тасдиқлаши мумкин. Сизни ҳам бу ажаблантиряптими?

- Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Кутилмаган натижалар ҳар бир турда кузатиляпти. Чемпионлик учун курашиши кутилган жамоалар турнир жадвалининг ўрта қисмидан жой олиб туришибди. Балки, бу вақтинчалик ҳолатдир?! Ҳар қандай вазиятда ҳам интрига ва рақобатнинг кучайиши тарафдориман. Бу олий лигамизга бўлган қизиқишни янада оширади.

- «Локомотив»нинг «Шўртан»га ютқазиши тасодифми?

- «Шўртан» ўша баҳсда жуда яхши ўйин намойиш этди. Юзага келтирилган камсонли хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олди. «Локомотив» эса аксинча, кўплаб голга тортадиган ҳужумларни кўкка совурди. Начора, ўша кун бизнинг кунимиз эмас экан.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz